Ўзбекистон радиоси унинг умр мазмуни эди

ёки таниқли ёзувчи, машҳур журналист Жонрид Абдуллахонов ҳаёт йўлига бир назар

Тарихимиздан маълумки, ўттизинчи йилларнинг бошларида халқимиз энг оғир кунларни бошидан кечирган, турмуши ўта ночор аҳволда эди. Айримлар катакдай ҳовлисидаги бир қарич ерида етиштирган арпа ёки жўхориси билан бола-чақасини аранг боқишарди. Шунга қарамай, улар илмга ўта чанқоқ бўлишган. Ўша йиллари Фарғона водийсининг шаҳар ва қишлоқларида саводсизликни, шунингдек, чаласаводликни тугатиш ҳаракати бошланиб, мактаблар ташкил этишга киришилган. Бу мактаблар хонадонларда, бойларнинг катта ҳовлисида очилиб, СБ, ЧБ мактаблари деб аталар эди. Қолаверса, бу мактабларда маърифатчи зиёлилар юртдошларининг савод чиқаришларига яқиндан ёрдам беришган.

Наманган шаҳрининг Ҳожибой совунгузар маҳалласида бойлардан бирининг катта ҳовлисида ана шундай мактаб ташкил қилиниб, кундуз кунлари аёллар, кечки пайтда эркаклар ўқишган. Эркакларга Муҳиддин Абдуллахонов, аёлларга у кишининг умр йўлдошлари Шаҳрибону дарс беришган. Дарслар янги “Алифбе” бўйича олиб борилган. Бу икки зиёлига Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий билан бир кунда халқ ўз шоири деб билган Муҳаммадшариф Сўфизода, таниқли маърифатпарвар шоирлар Рафиқий, Холиқий, Маорифий, Олим Шамши каби зиёлилар тез-тез келиб, кўмак беришган, Тошкентдан ташриф буюрган маърифат, маданият ва санъат ходимларини таклиф қилиб, мактабда қизиқарли учрашувлар уюштиришган. Айниқса, машҳур шоир Муҳаммадшариф Сўфизода бошлиқ кўплаб маърифатпарварлар Абдуллахоновлар оиласида бўлиб, узоқ суҳбат қуришар, дутор чалиб, қўшиқ айтишар, жўровоз бўлиб “Чаманзор”, “Йўл бўлсин”, “Омон ёр” сингари ўша давр қўшиқларини куйлашарди.

Муҳтарам ўқувчи, мен ҳикоя қилмоқчи бўлган ажойиб инсон ана шундай оилада, қизғин маданий жараёнда ўсиб, камолга етди. У ана шу кезларда эндигина мактабнинг бошланғич синфига қадам қўйган, аллома-отахонларнинг гурунгидан баҳраманд бўлган бола эди. Зийрак болакай йиғилган маърифатпарварларга дастёрлик қилиб, чой ташир, қўлига обдаста, чилопчин, елкада сочиқ билан уларнинг қўлларига сув қуяр, икки қулоғи эса уларнинг ҳар бир сўзларини диққат билан тингларди.

Кунларнинг бирида устоз Сўфизода ташаббуси билан миллатпарвар, илм аҳлининг жонкуяри, зукко шоир Элбек (Машриқ Юнусов) Абдуллахоновлар оиласида меҳмон бўлади. Катталарга мулозамат кўрсатиб, бийрон тили билан салом-алик қилиб юрган чаққон болажон алломанинг диққатини тортади.

— Бу ёққа кел-чи, кимнинг ўғлисан?

— Дадамнинг.

— Даданг ким бўладилар?

— Дадамнинг отлари Муҳиддинхон.

— Э-э-э! Баракалло, ўзимизнинг Абдуллахоновнинг ўғлиман дегин.

Элбек домла мамнун Сўфизодага кўз ташлайди. Ёши ҳаммадан улуғ бўлган устоз шоир болакай ҳақида сўзлаб кетади:

— Бу Муҳиддинхоннинг учинчи фарзанди, Жуҳут маҳалласидаги 21-бошланғич мактабда ўқийди. Ўзиям аълочи, ҳозирдан шеърлар машқ қилади.

— Баракалло! Исмингни айт-чи, яқинроқ танишиб олайлик.

— Отим Жонрид, — ийманиброқ жавоб қилади болакай.

— Ие, сенга бу исмни ким қўйди?

— Билмадим.

— Бу исмга камина ҳам бироз айбдор, — дея устоз Сўфизода аниқлик киритади. — Ўша пайтда америкалик ёзувчи Жон Риднинг Наби Алимуҳамедов таржима қилган “Ер юзини титратган ўн кун” китоби чоп этилган эди. Шу китобни ўқиш учун Муҳиддинхонга совға қилган кунлари унинг хонадонида ўғил туғилади. “Устоз бу китобни бекорга бермаган, бир хосият бўлса керак”, деган ўй билан ўғлига шу исмни қўйган экан.

Элбек домла бу гапдан ранжиб: “Чакки қилибсизлар, ўзимизда ажойиб исмлар бор-ку! Исм-шариф ҳам кишининг қайси миллатга мансублигини англатиб туради. Ранжишимнинг боиси шуки, бу ном болага кўп озор етказиши мумкин. Москопда ўтирган даҳо (Сталин демоқчи)га бу ном ҳеч қачон хуш келмаган. Ҳа, майли, ўқигин, мактабни битириб, Тошкентга боргин. У ерда таълим олиш билан бирга адабиёт аҳлига қўшилсанг, ниятингга етасан, — дея бошини силаб-сийпаб ўгит беради.

Йигирманчи асрнинг қирқинчи йиллари фараҳбахш онлар завқ-шавқи билан яшаётган бу оила бошига тўсатдан қайғули кунлар тушди. Иккинчи жаҳон урушининг кулфатлари барча қатори Абдуллахоновларни ҳам четлаб ўтмади. Кўплаб ёшларга таълим бераётган ва саводсизликни тугатишга катта ҳисса қўшган оиланинг қўрғонбошиси Муҳиддинхон ҳам жангга отланди. Орадан кўп ўтмай, почтачи бу хонадонга “қора хат” кўтариб келди. Унда отаси Курск остонасидаги жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлгани тўғрисидаги шум хабар битилган эди. Оила ташвиши, икки ўғил ва бир қизнинг тарбияси муштипар Шаҳрибону ая елкасига тушади.

Ўша йилларда бошланган етишмовчиликлар онахоннинг ҳам тинкасини қуритди. Уч нафар бола онасидан ҳам жудо бўлиб, куни кеча гавжум бўлиб турган кенг ҳовли ҳувуллаб, ўзлари етим бўтадек кўзларида шашқатор ёш билан қаерга боришини билмай қолишди. Зийрак ва тийрак бўлиб ўсган, ўрта мактабни эндигина тугатиб, иссиқ-совуқнинг фарқига борадиган Жонрид опасига йиғлаб ўтиришдан нажот чиқмаслигини, ҳар ким ўз йўлини топиш учун курашмоғи кераклиги тўғрисида маслаҳат  солди. Етимларга ҳам оталик, ҳам оналик қилаётган опаси унинг  маслаҳатларига қулоқ солди. Ёш болакай елкасига халта-хуржунини ташлади-да, таваккал қилиб йўлга тушди. Поезд йўли ёқалаб боши оққан томонга кетаверди. Куз ойлари қаҳратон қиш кунларига уланди. Сарсон-саргардонликда уч ойдан зиёд йўл босди. Яхши инсонларнинг бир бурда нонидан баҳраманд бўлиб, йўл юрса ҳам мўл юриб, азим Тошкентга етиб келди.

Ўша кезлари қадимий шаҳарда ҳам аҳвол ночор эди. Бироқ унинг тақдирига Ўзбекистон радиоси ёзилган экан, шу ердан паноҳ топди. Бу Иккинчи жаҳон уруши ниҳоясига етаётган, одамлар бир бурда нон учун дўконлар ёнида эрта тонгдан кечгача навбат кутаётган очарчилик ва қаҳатчилик авж олган кунлар эди. Бироқ ўзбекчиликда оғир кунларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган меҳр-оқибат Жонриднинг жонига ҳам ора кирди. Радионинг жонкуяр ходимлари ўзларининг одамгарчиликларини дариғ тутмадилар. Норасида Жонридни бағирларига олиб, мурувват ва саховат кўрсатдилар. Ўз навбатида Жонрид ҳам уларнинг хизматини қилди, катталарнинг меҳрини қозонди. У радиода ишлаб юриб, 1950 йили САГУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика бўлимида таҳсил ола бошлади. Кунларнинг бирида машҳур хонанда Файзихон опа Мирзажонова Жонриднинг аҳволидан хабар топиб, уни уйида яшашга таклиф этди. Опанинг таклифи қувонч билан кутиб олинди.

Жонрид Абдуллахонов бу хонадонда яшаган йилларини мамнуният билан эслар эди.

— Файзихон опа менга оналарга хос меҳр билан қарарди, — дея бот-бот тилга олар эди у. — Бу хонадон доимо буюк санъаткорлар, машҳур ёзувчилар билан гавжум бўлиб, адабиёт, санъат, Ўзбекистонимизнинг келажаги ҳақида суҳбатлашар ва уларнинг гурунглари ярим тунгача давом этарди. Бундай учрашувларда Юнус Ражабий, Дони Зокиров, Ҳалима Носирова, Комил Яшин, Берта Давидова, Миртемир домла, Уйғун, Туроб Тўла ва бошқа адибу санъаткорлар иштирок этар эди. Ҳатто устоз Абдулла Қаҳҳор ҳам қадам ранжида қилиб, суҳбатларга жон киритганларини кўрганман. Шунинг учун бу хонадонни яшаш кулбаси эмас, бадииятга йўлланган мўътабар даргоҳ деб ҳисоблайман. Ахир мурғак қалбимда куртак отаётган ижодиётимнинг ғунчалашига ҳамда гуллашига бундай алломаларнинг суҳбатлари катта туртки бўлган-да! Ўша даврда болалар газетасида босилган биринчи шеърим — “Менинг моделим” ҳам устоз Абдулла Қаҳҳор назаридан ўтган.

Ж.Абдуллахоновни катта адабиёт йўлига чорлашда болалар учун эшиттиришлар таҳририятининг бош муҳаррири ва унинг асосчиси Ҳаким Назирнинг хизматлари ҳадсиз, беқиёсдир. Беназир ёзувчи унинг Намангандан Тошкент радиосига кириб келган кунидан бошлаб оталик меҳрини кўрсатди, қалам тебратиш йўл-йўриқларини ўргатди. Ҳатто наманганча шевада сўзлашларини ҳам тўғрилашга эришди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси болаларбоп асарларини радиоинценировка қилдириб, унга атайлаб Жонрид Абдуллахоновни иштирок этишга жалб қиларди. Радионинг илк режиссёри, устоз Неъмат ота Дўстхўжаев Валентин Катаевнинг “Полк ўғли” қиссасини инценировка қилади. Бу асар Ҳаким Назир ва Ҳибзиддин Муҳаммадхонов таржимасида Жонрид Абдуллахонов, эндигина ўн уч ёшдан ошган Фарҳод Мусажонов ва бошқа иқтидорли болалар иштирокида инценировка қилинган эди. Бу ҳам бўлғуси қалам соҳибларига ижобий таъсир кўрсатган.

Ж.Абдуллахонов машҳур халқ ёзувчисининг илм-маърифатидан қонган, файз-фазилатлари, фасоҳатидан баҳра олган ҳамда ёзувчиликка ҳавас уйғотган устози сифатида умрининг охиригача унинг номини мамнуният билан тилга олиб ўтди.

1956 йили Тошкент телевидениеси ташкил бўлармиш, деган гаплар тарқалди. Ўша йиллари Марказқўмда Заҳро Раҳимбобоева котиба бўлиб ишларди. Унинг бошчилигида телевидениеда ишлаш қобилияти бўлган ёшларнинг танлови ўтказилди. Унда Жонрид Абдуллахонов биринчилардан бўлиб масъул муҳаррирликка қабул қилинади. Унинг тележурналистика сир-асрорларини эгаллашида талабчан, табиатан босиқ, бироқ меҳр-оқибатли инсон Мирсолиҳ ака Мираъзамовнинг хизматлари беқиёс бўлган. Мирсолиҳ ака бу мўъжизавий даргоҳнинг биринчи раҳбари эди. Унинг бошчилигида Ж.Абдуллахонов ҳаётида катта ўзгаришлар юз берди.

Телевидениега радио ва театрларда кўп йиллар ишлаган тажрибали режиссёрлар, техниклар, муҳаррирлар таклиф этилди. Телевидениенинг биринчи масъул муҳаррири Ж.Абдуллахонов дастлабки кунларданоқ ташкилотчилик ишларида ҳам фаол иштирок эта бошлади. Унинг елиб-югуришлари билан телевидениенинг дастлабки дикторлари ҳам топилади. Кўрик-танловда иштирок этган юзлаб қизлар орасида Тошкент тиббиёт  институти (ҳозирда Тошкент давлат тиббиёт университети)нинг талабаси Иқболхон Олимжонова ғолиб топилиб, Тошкент телевидениесининг биринчи дикторига айланади. Рус тилида кўрсатувлар олиб боришга навниҳол Юнона Столярова, кейинроқ Галина Мельникова қабул қилинади.

Бўлғуси адибнинг камолотга етишида телевидениенинг ҳиссаси катта бўлди. У ўша даврларда республикамизга раҳбарлик қилган муҳтарам зот Шароф Рашидов ва бошқа ўнлаб адибларнинг ёрдамларидан баҳраманд бўлди.

— Менинг Намангандан Тошкентга юзлаб чақирим йўлни пиёда босиб, азоб-уқубатлар чекиб пойтахтда макон топишим, элга танилишимда энг аввало Ўзбекистон радиоси ва унинг саховатли ходимларидан  миннатдорман ҳамда улардан қарздорман, — деган сўзларни устоз адибимиз кўп таъкидлар эди. — Етим норасидага меҳр, олий ҳиммат ва марҳамат кўрсатган Шароф Рашидовга, онамдек иссиқ бағрига олган Файзихон опа Мирзажоновага, биринчи романим — “Йўл”ни таҳрир қилиб, йўл-йўриқ кўрсатган Саид Аҳмад ва Саида Зуннуновага, ёзувчиликнинг катта даргоҳига етаклаб кирган Абдулла Қаҳҳор, сўз иқлимининг хоқони Мақсуд Шайхзода, ҳақиқий “Ҳазрати инсон” Раҳмат Файзий, радиода оталик ва устозлик қилган Ҳаким ака Назиров, Неъмат ота Дўстхўжаев ва бошқаларга кўрсатган меҳр-оқибатлари, ёрдамлари учун миннатдорчилик сўзларимни айтишдан чарчамайман. Уларнинг ётган жойлари нурга тўлсин. Ахир Шароф ака туфайли паспорт эгаси бўлиш, Абдулла Қаҳҳор Ёзувчилар уюшмасига аъзо қилиб, Москвадаги Олий Адабиёт курсида ўқитгани, мен учун сўз санъатининг султони, илмда ҳам, шеъриятда ҳам камолот дарёсининг қимматбаҳо инжуси ҳисобланган устоз Мақсуд Шайхзода эса ёзган китобларимга дил тортадиган номлар топиб берганларини унутиб бўладими?! Лекин мен учун энг улуғ маскан бу — радиодир. Радио — бу нур деганидир. Нур эса оддийгина шуъладан бошланиб, бир авлод ҳаётича давр ичида асрларнинг ҳокими бўлиб қолган. Нур сўзи ҳақиқат, бахт, эрк, озодлик маъносини бериш билан бирга шу азиз куррамиз, коинот ва ниҳоят инсоният рамзи сифатида янграйди. Бу нур, такрор айтаман — радиодир. Бу муқаддас ва мўъжизавий даргоҳ миллионлаб одамларга нур, маърифат тарқатмоқда. Менинг бахтим, онам ҳам шу қадрдон Ўзбекистон радиосидир.

Халқимизда “Бир кун туз ичган жойингга қирқ кун салом бер”, деган мақол бор. Жонрид Абдуллахонов азиз ва мўътабар даргоҳи — Ўзбекистон радиоси ва телевидениесига қирқ кун эмас, балки умрининг охиригача садоқатли фарзанд бўлиб қолди. У шўро даврида ҳам, мустақиллик йилларида ҳам ўзининг очерк ва лавҳалари, бадиий  асарлари билан радио таҳририятларининг эшиттиришларида фаол қатнашиб турди. Радио ва телевидениедаги фаолияти, устоз ва ҳамкасблари ҳақида хотиралар ёзиб, чоп эттирди. Унинг радио ва телевидение таҳририятлари ҳамда бўлимлари ходимларининг иш жараёнлари, таниқли кишиларнинг суратларини жамлаб, рангли тасвирда чоп эттирган китоби — “Оҳ, ўша кўзлар” номли ҳикоялар, хотиралар, ҳангомалар жамланмасида юқорида айтган фикрларимиз ўз ифодасини топган.

Шунингдек, адибнинг “Тўфон”, “Борса келмас”, “Орият”, “Хонадон”, “Суиқасд”, “Тергов”, “Тарки дунё” романлари, икки роман ва бир неча ҳикояларни жамлаган икки жилдлик “Сайланма”си, “Гулчеҳра”, “Азизахон”, “Афсонага тенг умр” номли қиссалари, бир неча ҳикоялар тўпламлари чоп этилиб, китобхонларга туҳфа қилинган. Бу асарларнинг аксарияти Россия, Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Украина, Албания, Болгария, Вьетнам ва бошқа хорижий давлатларда ҳам таржима қилиниб, нашр қилинган.

Ж.Абдуллахоновнинг таржимонлик фаолияти тўғрисида ҳам айтиб ўтиш ўринлидир. Д.Граниннинг “Изловчилар”, Аббат Превонинг “Кавалер де Гриё ва Манон Леско қиссалари”, “Юнон қизининг қисмати” сингари романларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган.

Радионинг содиқ фарзанди Жонрид Абдуллахонов фақат насрдагина эмас, балки драматургия, шеърият, публицистикада ҳам ижод қилган кўп қиррали адиб эди. Унинг кўп йиллик ижодий фаолияти юксак қадрланиб, 1999 йили Президентимиз фармонига кўра “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

Наманганда таваллуд топиб, ҳаётининг турли қийинчилик ва бахтли онларини бошдан кечирган таниқли адиб умрининг сўнгги нафасигача радиога ошифта бўлиб яшади. У саксон беш ёшдан ошиб, фоний дунёни тарк этди. Унинг асарлари, порлоқ чеҳраси кенг китобхонлар ҳамда шогирдлари хотирасида тоабад сақланади.

Абдусамад ИСОҚОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − five =