Ватан деган Ватан бўлажак

Фарида АФРЎЗ

 

Муаллиф ҳақида:

Фарида АФРЎЗ — 1956 йили Қўқон шаҳрида туғилган. Қўқон давлат педагогика институти (ҳозирги Қўқон давлат педагогика университети)да таҳсил олган. “Қирқ кокиллигим”, “Изтироб кўйлаги”, “Тунлар исёни”, “Кўзим маним…”, “Ўзимдан ўзимгача”, “Ушшоқ”, “Тасбеҳ”, “Ўша кун бугундир” сингари қатор китоблари нашр этилган. Шеърлари рус, турк, инглиз, немис, француз, форс, уйғур, озарбайжон, гагауз, хитой, корейс каби хорижий тилларга таржима қилинган.

1999 йили “Шуҳрат” медали, 2017 йили “Дўстлик” ордени, куни кеча “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланди.

 

* * *

Даланинг қоқ ўртасида,

саратон мавжида, тут соясида,

гўдагини бағрига босган

жувон —

менинг Ватаним.

 

Ғўзасининг гулларин ўпиб,

ҳар эгатга жон терин тўкиб,

пахтасининг кулганин кўриб,

кўзларига ёш олган

деҳқон —

менинг Ватаним.

 

Ёз чилласи дошқозонида

қовурдоқдек қовуриб, гармселда совуриб,

шимолга ҳам шафтоли тутган

боғбон —

менинг Ватаним.

 

Қиш-қировли тунлари бедор,

қашқирларга бермай омонлик,

қўзичоғин қўйнига солиб,

хиргойиси дарани тутган

чўпон —

менинг Ватаним.

 

Бобосининг белбоғин

адолатнинг байроғи қилиб,

“Ҳалол, ҳалол, ҳалол!” дея

рақибининг курагини ерга босган

полвон —

менинг Ватаним…

 

Миллатим, юртим — ориятим деб,

тинчлик муддаомдир, пок ниятим деб,

темурий тулпорин миниб,

кўкрагини ўққа тутган,

ялангтўш султон —

менинг Ватаним!

 

МАҚОЛНОМА ШЕЪР

Яхши номинг ёмон қилган

Дўстларингдан дўст чиқмас,

Етти ўлчаб бир бор кессанг,

Лахтагингдан кўст чиқмас.

 

Кеча-кундуз сенга ошно

Бўлса агар бир дониш ёр,

Эл оғзига элак тутар,

Ҳеч ножўя сўз чиқмас.

 

Қилган ишинг режали гар,

Босган изинг хайри қутлуғ,

Қош қўярсан ва лек аммо,

Асло-асло кўз чиқмас.

 

Фурсат шошар, вақт ғанимат,

Сўроқларга жавобинг бор,

Дилинг эзгуликка шайдирки,

Ноланг ҳам суст чиқмас.

 

Фарид Афрўз, фикринг тузат,

Фикр дунёнинг меҳвари,

Айтарларинг мағзи тўқ гар,

Минг чақса ҳам пуч чиқмас.

 

* * *

Бахтнинг қуши қўнди, элим, бошингга,

Ҳар ёнда тантана қилар адолат.

Энди дунёлар ҳам келар қошингга,

Юртбошинг файз берса, гуллагай давлат.

 

Яна нима керак сенга, биродар,

Масжидлар дуода, мақбара уйғоқ.

Асло тош отолмас ҳеч бир дарбадар,

Юртбошинг мард бўлса,

номардлар йироқ.

 

Энди сен чин сўйла, яшагин рўйрост,

Хиёнат қилма, бас, ўзбек, ўзликка.

Садоқат кўрсатиб аждодларга хос,

Юртбошинг поклаган ҳалол тузлуққа.

 

Ватанни сев чиндан, онанг ахир у,

У отанг эмасми, қонингда оққан!

Бешикда жилмайган боланг ахир у,

Юртбоши жонида оловлар ёққан.

 

Элим, ўз бахтингни танисанг бўлди,

Адашма, чалғима, ҳушёр, зукко бўл.

Кўксинг эрк қуёши нурига тўлди,

Юртбошинг қадами — жаннатларга йўл.

 

        УЧИНЧИ РЕНЕССАНС —

         УЧИНЧИ ТЎЛҚИН

 

Менинг томиримда қоним мусаффо,

Буюклар сурури, руҳи оқади.

Тарихдан сўз очсанг, мудроқ танингда,

Аждодлар шарафи олов ёқади.

 

Оламни ёритди илм, фасоҳат,

Юсуф Хос Ҳожибдан бошланган билиг.

“Маъмун” устунлари айтади алла,

Хоразмий ясаган тебранар бешик.

 

Форобий ғижжаги башорат берар,

Яссавий тақвоси, ҳикматларидан.

Дунёни уйғотиб садолар келар,

Беруний кашф этган хилқатларидан.

 

Термизий, Фарғоний, Замахшарийлар,

Тош қалблар қаърига битдилар битик.

Қоронғу кўнгиллар ёришди бирдан,

Фикрлар тирилди, тафаккур тирик.

 

Товонда қон билан Имом Бухорий,

Жонларга ҳадисни нақшиндай ўйди.

Ибн Сино келди, ҳайратда жаҳон,

Дунё ярасига малҳамлар қўйди.

Йиллар ўтди, кураш, жанглар, истило,

Кимлар келмади ахир қиличин қайраб.

Соҳибқирон Темур — адолат тонги,

Гўё қуёш чиқди нурларин тараб.

 

Сўз мулки султони — ҳазрат Навоий,

Шоири уламо, шоири бақо!

Бобурий нафосат, бобурий ҳикмат,

Асрлар сўнмайди, берар акс садо.

 

Мустабид замонлар, энди хайр-хўш,

Элим озод, ҳурдир, юрт эса обод.

Ҳар лаҳза яшамоқ бахт энди бунда,

Ниятлар гўзалдир, гўзалдир ҳаёт!

 

Бугун наъра тортар учинчи тўлқин,

Томирда кўпирар аждодлар шахти.

Бугун омон бўлсин илму фан ишқи,

Ҳақнинг инояти — салтанат тахти!

 

* * *

Устознинг

қўлидан

сув ичганларнинг

Кўкайи боғ бўлар, боғистон бўлар.

Бу чаман бағрида ҳар қуш донишманд,

Ҳар чечак бир ҳикмат, дилистон бўлар.

 

Устознинг

меҳрида

ҳаёт мужассам,

Томирда нур оқар, олов тафаккур.

Бу рангин дунёнинг камалаклари

Жонингга жон берар, беради сурур.

 

Устознинг

излари

жаннатга бошлар,

Беҳиштнинг ифори тутар ҳар ённи.

Биз ахир инсонмиз, ҳазрати инсон,

Биз учун яратмиш жумла жаҳонни.

 

Устознинг

кўзи-ла

боқсанг оламга,

Юрагинг кенгаяр, ой, қуёш бўлар.

Нигоҳинг сипқорар коинотларни,

Ер шари кафтингда бир тўптош бўлар.

 

        ИҚРОР

Устоз Хуршид Дўстмуҳаммадга

 

Йўлингга чироқлар тутади,

Келмасинг билса ҳам кутади,

Қадрсиз, қадрингга етади,

Дунёнинг энг яхши одами.

 

Йўғингдан борлиқлар ясайди,

Шонингга ёрлиқлар тўшайди,

Кафтлари отангга ўхшайди,

Дунёнинг энг яхши одами.

 

У борки, тоғларинг кўркамдир,

У борки, ҳар кунинг кўкламдир,

Дарбадар кемангга елкандир,

Дунёнинг энг яхши одами.

 

Шамолда тебранган анордек,

Ёрилиб тинглайди ёрондек,

Сояси минг йиллик чинордек,

Дунёнинг энг яхши одами.

 

Юрганда майсалар куларлар,

Сўз айтса, қумрилар тинарлар,

Кўксига ин қурган турналар,

Дунёнинг энг яхши одами.

 

Дарё у — ирмоқлар шошгувчи,

Тўлқиндир қирғоқдан тошгувчи,

У ишқдир — ҳаддидан ошгувчи,

Дунёнинг энг яхши одами.

 

Руҳингга қувват ҳам ўшадир,

Энг жонон суҳбат ҳам ўшадир,

Топганинг ҳикмат ҳам ўшадир,

Дунёнинг энг яхши одами.

 

* * *

Ўйлабманки,

Бошимда порлаган отам

Қуёш қанча турса, тураверади.

Ўйлабман,

Онамнинг жони қирқтадир,

Ёнимда биттаси юраверади…

 

Ўйлабманки,

Болалик кунлар тугамас,

Мангу далаларда чопавераман.

Ўйлабман,

Гўшангам осмону фалак,

Булутларни тўшаб ётавераман.

 

Ўйлабманки,

Ёргинам ёрлик қилади,

Ташлаб кетолмайди ўлмасдан аввал.

Ўйлабман,

Жигарлар озор бермайди,

Болаларим бахти тўкису тугал.

 

Ўйлабманки,

Фурсатим ихтиёримда,

Вақтни қувсам, албат, етиб оламан.

Ўйлабман,

Тақдирни ўзгартиб бўлар,

Ғамдан кечаман-у ишқ-ла қоламан.

 

Ўйлабманки,

Ҳаётнинг тутгани шарбат,

Заҳарлар ичмайман дўстим қўлидан.

Ўйлабман,

Орзулар — учқур чавандоз,

Ҳасаднинг итлари чиқмас йўлидан.

 

Ўйлабманки,

Армоннинг манзили бошқа,

Мен билан туташмас йўллари асло.

Ўйлабман,

Айрилиқ бизга хос эмас,

Яқинларим ўлмас, бўлмайман жудо.

 

Ўйлабманки,

Ташвишлар тугар бир куни,

Кўнглим-ла кетаман кўнгилзорларга.

Ўйлабман,

Дарёдай юрагим билан

Ҳайқириб кираман кўкси боғларга.

 

Ўйлабманки,

Эгнимда шоирлик тўни

Авлиё ёпинган хирқапўш мисол.

Ўйлабман,

Сўзларим эшитар дунё,

Тинглангани каби ҳазрати Билол.

 

Ўйлабман… Йўқ!

Ўйимга етмадим бугун,

Ки титраб турса ҳам кафтимда олам.

Ўйлабман…

Тушундим, ё, Тангрим, кечир,

Одамлик қилибман, мен нодон Одам!

 

        КЕЧА ЭДИ У,

        БОЛА ЭДИМ МЕН…

 

Гулқоғоздан варраклар ясаб,

Далаларда тинмай чопардим.

Атиргулнинг очишин пойлаб,

Гул тагида ухлаб қолардим…

Кеча эди у, бола эдим мен…

 

Опам айтган эртаклар ичра

Семурғ билан кўкда учардим.

Мен ўзимча Ойбарчин, Зумрад,

“Ёрил тош”ни бориб қучардим…

Кеча эди у, бола эдим мен…

 

Қовоғари уясин ковлаб,

Чўпак санчиб, бузиб қочардим.

Капалакнинг холларин санаб,

Мен ўзимча дунё очардим…

Кеча эди у, бола эдим мен…

 

Бойчечакдан гулчамбар ясаб,

Сигиримнинг шохин безардим.

Қум далада оёқлар куйиб,

Мисли сайёҳ, жаҳон кезардим…

Кеча эди у, бола эдим мен…

 

Бугун эса…

Бугун эса…

Боламан ҳамон…

Юзларда ажин, сочлари оппоқ.

Юрак эса, ҳа, ўша-ўша!

Кунлар эса… Ғурбати кўпроқ!

Бу ғурбатлар залворин кўриб,

Ҳатто шамол эркин елмайди.

Қизиқ, онгим улғайган сайин

Сира катта бўлгим келмайди!

 

Менинг кўнглим фасли баҳордир,

Гул рангида, ишқнинг рангида.

Ҳали умр узундан-узоқ,

Ҳали булбул сайрар тонгида!

 

Минг айланса бу чархи даврон,

Яна бола бўлмоқ мушкулдир.

Аммо сенга, Эй, Қодир Эгам,

Бола кўнглим учун шукурдир!!!

 

МАДҲИЯМИЗГА МАДҲИЯ

 

Қадим-қадим замонларда

Юртга келган ҳар бир дониш,

Энг аввало, шу миллатнинг

Қўшиғини тинглаганмиш.

 

Магар эли фаровондир,

Магар озод ва ҳурлик ёр.

Қўшиғида куйлар халқи,

Қўшиғида бахти бисёр.

 

Алла айтар оналари,

Қут-барака тилар юртга.

Ёр-ёр дейди ёрларини,

Жўмардлари қайтмас ортга.

 

Мадҳ этади бор-будини,

Кўнгилни ҳеч алдаб бўлмас.

Ватан — обод, Ватан — эркли,

Қўшиқлари маҳзун ўлмас.

 

Кел, эй, дунё, кел, эй, жаҳон,

Мадҳиямиз тингла бир бор.

Ўзбекларнинг бошида тож,

Ўзбекистон деган диёр!

 

* * *

Бургут бўлсанг, самовий парвозингда уч,

Оҳумисан, тоғу тош қояларинг қуч,

Эй, сен, фитна, разолат — хаёллари пуч,

Билгинки, ғолиблар таҳлил қилинмас.

 

Сен магарки шамолсан, ортингга қайтма,

Қуёш бўлсанг, шафақнинг қўшиғин айтма,

Мардмисан, жўмардлик тахтидан кетма,

Билгинки, ғолиблар таҳлил қилинмас.

 

Майдасанки, чил-парчин бўлишинг тайин,

Тегирмонда янчарлар янчилган сайин,

Эй, дунёси хароба, умри бетайин,

Билгинки, ғолиблар таҳлил қилинмас.

 

Зўрмисан, гар, зўрлигинг кўрсатиб ўтгил,

Ғўрмисан, бас, пешонанг қисматга тутгил,

Ночормисан, ночорлик шаробин ютгил,

Билгинки, ғолиблар таҳлил қилинмас.

 

Чумоли не қилар филлар жангида,

Муз ёнмагай асло олов рангида,

Тун кезмагай, илло, омад тонгида,

Билгинки, ғолиблар таҳлил қилинмас.

 

Аслида-ку, ғолиблик Ҳақдан иноят,

Ҳар не ишга қўл урар, бўлар каромат,

Бу ҳам битта ҳидоят, ажиб синоат,

Билгинки, ғолиблар таҳлил қилинмас.

 

Кузак ўтиб, қиш келди, келади Наврўз,

Ҳар бир майса, ҳар чечак айтар ғолиб сўз,

О, мағлублик сенгамас, Фарида Афрўз,

Билгинки, ғолиблар таҳлил қилинмас.

 

* * *

Миллат бўлса, байроқ топилур,

Кўтаргувчи билак топилур.

Виждон урса қалб ичра туғён,

Ватан деган юрак топилур!

 

Элни деган энгашиб қолмас,

Дониш киши кенгашиб толмас.

Ватан деган Ватан бўлажак,

Сувда чўкмас, ҳеч ўтда ёнмас!

 

Ватан борки, соғинч сўзи — ғам,

Юрт деганда кўзларида нам,

Сен бошимда порлаган қуёш,

Эй, мушфиқим, муштипар онам!

 

Қайтар бир кун азалий шукуҳ,

Қайтар ғурур, о, покиза руҳ,

Қадри баланд бўлса гар одам,

Қадар бўлар бошидаги туғ!

 

Момо замин, о, бобо тупроқ,

Вужудимни титратган титроқ.

Сени, билсанг, кўзимдай севдим,

Киприкларим очмоқда япроқ!

 

Томиримда оққан қоним сен,

Миллат туққан, онам — шоним сен,

Дунёларга даҳолар берган,

Аёл бошим — қирқта жоним сен!

 

                    ЎЗБЕК

“Ўзбеклар қандай одамлар?”

(хорижликнинг саволига жавоб)

 

Ғўзасининг гулларини ўпади ЎЗБЕК,

Қўзичоғин кўзларини ўпади ЎЗБЕК,

Фарангиваш сатангларнинг

бармоқларинмас,

Отасининг ўнгирини ўпади ЎЗБЕК.

 

Тол экади, тут экади, экар тераклар,

Уй қуради боласининг болаларига.

Қуш боқади, қурт боқади,

чарчамас ЎЗБЕК,

Хиргойиси бўзтўрғайнинг нолаларига.

 

Алдамайди, айтган сўзи —

ҳадисдай холис,

Гарчи Қуръон ёдлаганмас,

борлиғи — иймон.

Пайғамбарин,

пошшосини танийдими, бас,

Тавбаси бор Аллоҳига, қасамлари — нон.

 

Шукр қилар, ҳар лаҳзаси, тинчлик онига,

Бедапоя сайилгоҳи, пайкаллар, боғлар.

Дон хирмони кўшки эрур,

минбар, мартаба,

Ҳар гиёҳнинг тилин билар,

дилдан диллашар.

 

У ҳар йили даҳо туғар, авлиё, шоир,

Буюкларни бераверар жаҳонга бот-бот,

Ва индамай яшайверар, қилмай иддао,

Томирида оқаверар мурувват, сабот.

 

Ҳей, сен, дунё, танимасанг таниб ол уни,

Ҳа, бу шундай ўлка эрур, олтин тупроғи.

Ер шарида бир юрт борки,

мангу, муқаррар,

Эли эса ўзига бек, мардлик байроғи!

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =