Ҳаёт мактаблари

ёки Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салоҳиддин МУҲИДДИНОВ ҳузурида

2025 йил ёз узоқ давом этгандек таассурот қолдирди. Билмадим, бу йилги ёз жуда иссиқ келганидандир, эҳтимол. Кузга етти кун қолганда эрта тонгда қадрдонимиз Шуҳрат ака Жабборовга қўнғироқ қилиб:

— Хўп десангиз, устоз Салоҳиддин Муҳиддиновни бир йўқлаб келайлик, — деб таклиф қилдим.

Шуҳрат аканинг бундай савобли ишларга шижоати баланд.

Сокин дарё

Салоҳиддин ака бизни кўриб хурсанд бўлиб кетди. “Ташқарида ўтираверайлик”, дейишимизга қарамай, ичкарига — меҳмонхонага таклиф қилди.

Тўрт кам тўқсонга кирса ҳам, у киши худди етмиш ёшлар чамасида кўринади. Сўзимнинг аввалида айтиб қўя қолай: Салоҳиддин акада камдан-кам ижодкорларга насиб этадиган фазилатлар бор. У ниҳоятда вазмин ва яна энг муҳими, камгап инсон. У етти ўлчаб эмас, етмиш ўйлаб бир кесади. Воқеликни тафаккур қилиш борасида ҳам илғор.

— Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвонини қачон олгандингиз, устоз? — дедим суҳбатга қўр ташлаб.

— Салоҳиддин ака мендан бир йил аввал — 1999 йили олган, — деб саволимга Шуҳрат ака жавоб бериб қўйди.

— Табиатан сизчалик оғир-босиқ ҳамкасбни учратмадим, бу фазилат кимдан ўтган?

— Раҳматли Фазлиддин дадамдан ўтган бўлса керак. Умрида бировга ёмонлик соғинмаган, дардини барчага достон қилмайдиган, сабр-қаноатда ҳам ибрат олса бўладиган киши эди. Эҳтиросга берилганини ҳеч кўрмаганман. Дадам элда обрў-эътибори баланд муаллим бўлган. Сўзида собит, маърифатли киши эди. Маориф соҳасида юқори вазифаларда ишласа-да, дунёвий фириб-найранглардан ўзини парҳез қилиб юрарди.

— Сиз ҳам сўзлашдан тинглашни афзал биласиз. Шунинг учун сизга ҳавасим келади.

Чиндан ҳам ўйлаб қарасам, Салоҳиддин ака гўё сокин дарё мисоли экан…

* * *

— Иккинчи жаҳон уруши пайтига тўғри келиб, болалигингиз болаликдай ўтмаган экан-да?

— Уруш пайтида тилим чиққан экан, — дея Салоҳиддин ака болалик хотираларини ҳикоя қила бошлади. — Саксон йил аввал болалигимда еганим зоғора ноннинг, толқоннинг таъми ҳалиям оғзимда қолган. Маҳалладагиларнинг “Даданг қачон келади?” деган саволига “Дадам Гитлер ўлганда келади”, деб жавоб берган эканман. Отам урушдан қайтди, Гитлер ҳам ўлди. Аммо дадамнинг оёғидан олган қаттиқ жароҳати умр бўйи урушни эслатиб турди.

Саккиз фарзандни вояга етказишда, ўқитиб-ундиришда раҳматли Мукаррамхон онамнинг айтиб адо қилиб бўлмайдиган хизматлари бор. Онам ниҳоятда тўғрисўз ва адолатли, қариндош-уруғлар, маҳалла-кўй орасида ўрни ва обрўси баланд аёл эди.

Дадамнинг китоблари кўп эди. Дадам ҳам, онам ҳам кўп китоб ўқиган инсонлар эди. Айниқса, онам укаларимга, сингилларимга алла айтганида ширали овозига, биз анча катта бўлиб қолган бўлсак-да, маҳлиё бўлиб қолардик.

Дадам билан онамнинг оиладаги ҳаёти бизларга ибрат мактаби бўлган. Дадам онамни жуда ҳурмат қиларди. Онам дадамни “домла” деб эъзозлар эди. Унинг соғлиғига ғамхўр бўлиб, парваришлаб юрган. Ҳар икковлари ҳам одамлардан заррача яхшилик кўрган бўлсалар, асло унутишмаган.

Оталик, оналик вазифалари, масъулияти ва  одоблари бизларга мерос бўлиб қолган…

Имтиҳон

Журналистлар ҳақида ёзар бўлсам, беихтиёр берадиган саволим бор. Салоҳиддин акадан касбига қандай қизиқиб қолгани ҳақида сўрадим.

— Уйимизга ўндан ортиқ газета келарди, — деди у. — Дадам ҳар куни бир-икки соат газета ўқир эди. Шундай газеталарда ишлашни тасаввур қилишнинг ўзи одамни бошқача қилиб юборарди. Дадамнинг газеталарини ўқиб юриб, журналист бўлишга қизиқишим пайдо бўлган, шекилли. Дастлабки мақолаларим районлараро чиқадиган газетада босилиб турди. Мактабдош дўстим Рихсивой Муҳаммаджонов билан (ҳозир у Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби) “Гулхан” журналига бордик. Журналнинг ўша вақтдаги бош муҳаррири Юнусов биз билан суҳбатлашиб бўлгач: “Хонободдан келиб-кетишнинг ўзи бўлмайди. Уйларингга транспорт борадими?” деб сўради. Кейин Саида Зуннуновага бизни таништирди. Саида опа жудаям вазмин ва меҳрибон аёл эди. Орадан кўп ўтмай, журналда Рихсивой икковимизнинг биттадан шеъримиз чиқди.

Мактабни олтин медалга битирганим учун мени университетга суҳбатга чақиришди. Агар суҳбатдан яхши ўтсам, имтиҳонсиз талаба бўлар эканман. Озод Шарафиддинов мен билан бир соату йигирма дақиқа суҳбатлашди. Озод ака: “Қандай қилиб шунча нарсани ёдлагансан, ҳеч нарсада янглишмадинг?” деб сўраб қолди. Мактабда ўқиган чоғларим велосипедда Сергелига сут олиб бориб сотиб келардим. Йўлда ўқиганларимни қўшиқ қилиб такрорлаб кетардим. Озод ака жавобимни эшитиб, совет адабиётидан беш, ғарб адабиётидан тўрт қўйди. Шу тариқа имтиҳонсиз талаба бўлдим. Менга ўхшаб суҳбатдан ўтган ўн бир нафар талаба Бўкага ғўза чопиққа кетдик…

Адолатга садоқат

Салоҳиддин ака бир неча дақиқага меҳмонхонадан чиқиб, қўлида бир даста газета билан қайтиб кирди. Бу “Hurriyat” газетаси экан. Кейинги пайтларда газетамизда чиққан ўнлаб мақолалар ҳақидаги яхши фикрларини айтди. Имтиёзли обуна қилиб бергани учун Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига миннатдорчилик билдирди.  Шу жумладан, камина ёзган уч-тўртта мақоламни олқишлаб  баҳо берди. Айниқса, “Дўсти содиқлар” сарлавҳали мақоламиз жуда маъқул бўлибди. Мақтов кимга ёқмайди, яширишга не ҳожат, шу тобда ўғли ҳақида яхши гап эшитган отадек хурсанд бўлдим.

Салоҳиддин акадан содиқ дўстлари ҳақида ҳам сўрадик.

— Қайси бирини айтай, назаримда, дўстларим кўп, — деди у сокин бир оҳангда. — Саволингиз узоқ йиллар бирга ишлаб, ўтиб кетган ҳамкасбларимни ёдимга солди. Устозларимиз Мақсуд Қориев, Холбек Ёдгоров, Нўъмон Насимов, ҳамкасбларимиз Эътибор Охунова, Ўткир Абдуазимов, Жўра Холқосимов, Муҳиддин Жалолов, Тожибой Унабоев, Маъруф Назаров, Абдукарим Набихўжаев, Болтабой Юсупов, Тўлаган Нажмиддинов, Жўра Саъдуллаев, Рафиқ Турсунов, Саъдулла Ҳаким ва бошқа фидойи журналистлар ҳақида соатлаб гапиришим мумкин. Ҳар бири бир дунё эди. Содиқ дўстларимдан, умрлари узоқ бўлсин, Миршароф Муҳсимов, Михли Сафаровни алоҳида айтсам бўлади. Михли Сафаров ҳар қандай кунда дўстига ҳам, адолатга ҳам садоқат кўрсата оладиган инсон. Оилавий борди-келдимиз бор. Ўғиллари ўғлим билан дўст. Елкамни елкасига тутса бўладиган дўст.

— Ярим асрдан кўпроқ умрингиз журналистика оламида ўтди, газетачилик заҳматларини бошингиздан кечирдингиз, ёшларга касб сирларини ўргатдингиз, шогирдлар орттирдингиз, икки оғиз шулар ҳақида ҳам айтсангиз?

— Эллик йил аввалги даврдаги газетанинг навбатдаги сонини чиқариш учун йигирма тўрт соат узлуксиз ишлаганларимиз, саҳифадаги ҳар бир ҳарф қўрғошинда терилиши ҳақида гапирсак, худди эртак айтаётганга ўхшаймиз, — деди у. — Ахборот технологиялари йил сайин ақл бовар қилмайдиган даражада ривожланиб бораётган ҳозирги даврда мақола ёзишга ҳам бир пайтлардагидек жиддийроқ қараш йўқолиб қолди. Газета ўқиш эса йил сайин қийин юмуш бўлиб бормоқда. Шундай шароитда ҳам ўзлигини йўқотмай, газетачиликка, журналистлик касбига садоқат билан хизмат қилаётган шогирдларим бор. Ҳозир ўнлаб шогирдларимнинг ўзлари устоз бўлишган.

Устоз отангдан улуғ

— Мен ҳам Салоҳиддин аканинг шогирдиман, — дейди Шуҳрат ака унга қараб. — 2000 йил бошида Президент девонидан “Халқ сўзи” газетаси таҳририятига Салоҳиддин Муҳиддиновнинг ўрнига бош муҳаррир ўринбосари бўлиб боргандим. Биргаликда аҳил ишлашдик. Тушунмаган жойларимни устоздан сўрардим. Ҳар қандай инсон йиллар мобайнида тажриба орттириши мумкин, лекин ўша тажрибани ёшларга ҳамма ҳам ўргатавермайди. Салоҳиддин ака ёшларга ёрдами тегса, хурсанд бўладиган инсон.

Яна бир воқеа эсимга тушиб кетди, — деб Шуҳрат ака сўзини давом эттирди. — Салоҳиддин ака таҳририятда ишлаш билан бир пайтда Хонобод маҳалла фуқаролар йиғинида раис ҳам бўлган. Ёш бир йигит ҳузурига киради: “Ака, мен “Халқ сўзи”га ишга кириш учун мақола ёзгани келдим”. Бу гапга жавобан Салоҳиддин ака: “Сиз бу маҳалла ҳақида ёзолмайсиз”, деганда, ҳалиги йигит сабабини сўрайди. “Чунки мен “Халқ сўзи”да ишлайман”, деб изоҳ беради. Унга маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ҳақида мулоҳазали мақола ёзишни маслаҳат беради. Ёш мухбир яхши мақола ёзиб, мақсадига эришади. “Халқ сўзи” газетасига ишга қабул қилинади. Шу йил касб байрамимиз арафасида у Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист бўлди. Ўша журналист йигит кимлигини айтайми? У бугун “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров эди.

— Одатда, биров ўтирган вазифага бошқа биров келса, ораларида ҳар хил ғийбат гаплар бўлади, — деди Салоҳиддин ака. — Шуҳратжон икковимизнинг орамизда бирор марта кўнгилхиралик бўлмади. У бош муҳаррир ўринбосари, мен адабий котиб вазифасини бажариб юравердик. Аллоҳ қувват бериб, етмиш уч ёшгача газетада ишладим. Ундан кейин ҳам анча йиллар маҳалла фуқаролар йиғинини бошқардим.

Суҳбатимиз чоғи Салоҳиддин ака уни устоз деб юрадиган ўнга яқин таниқли ижодкорлар номини тилга олди. Ушбу суҳбатимизни қоғозга тушираётиб, “Халқ сўзи” газетаси масъул котиби Юсуфжон Ҳамидовдан устози ҳақида сўрадим. У қуйидаги дил сўзларини ёзиб юборибди:

— “Халқ сўзи” газетасида иш бошлаганимда эндигина йигирма икки баҳорни қаршилаган пайтим эди. Университетнинг иккинчи курс талабаси учун бу нуфузли даргоҳда фаолият юритиш катта бир омад бўлса, Салоҳиддин Муҳиддиновдек устозлардан касб сир-асрорини ўрганиш тақдирнинг бизга кўрсатган катта инояти эди. Ҳафтада беш марта чоп этиладиган газетада иш ҳамиша қизғин кечади. Баъзан тонгни ишхонада кутиб олган пайтларимиз бўлган. Шунда ҳам хушҳол ва очиқ чеҳрада уйга қайтардик. Салоҳиддин акадан биз нафақат журналистика илмини, балки ҳаётга теран назар ташламоқни ўргандик. Дўстларга меҳр-муҳаббатни ўргандик. Шу маънода, бугун фахр билан айта оламанки, биз нафақат университет, шу қаторида устоз Салоҳиддин Муҳиддинов мактабини ҳам ўтаганмиз.

Устоз жуда ҳушёр, ҳар қандай мушкул вазиятда энг тўғри қарорни қабул қила оладиган, оқил киши. Бирга фаолият юритганда унинг бу фазилатлари таҳририят ишини тўғри ташкил этиш, газетанинг ўқишли чиқишида асқатган.

“Устоз отангдан улуғ”, дейди халқимиз. Йиллар ўтган сайин Салоҳиддин акадек инсонлар тимсолида бу ҳикматнинг нақадар ҳаётийлигини ҳис қилиб бораверамиз”. Салоҳиддин ака “Халқ сўзи” газетасига келгунига қадар отахон газеталардан бири “Совет Ўзбекистони” ҳозирги “Ўзбекистон овози”да узоқ йиллар самарали меҳнат қилган.

* * *

Устоз Салоҳиддин ака ҳақида сўз айтсаг-у,  унинг укаси, раҳматли Зоҳириддин Муҳиддиновнинг яхшиликларини эсламасак, виждон қийналади.

Бу воқеага ўттиз йилдан ошибди. Ўшанда “Жигули” автомобилини сотиб олиб, бошим осмонда юрган пайтлар эди. Ички ишлар вазирлиги ва Республика давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси фаолияти ҳақида ҳуқуқий мавзуда таҳлилий мақолалар ёзадиган журналистлардан бири бўлганман. У даврлари биз каби журналистлар тўғридан-тўғри ДАН бошқармаси бошлиғи ва унинг раҳбар ходимлари олдига кириб,  саволларига ўша пайтдаёқ жавоблар олиб кетаверарди. Газеталарга маълумот ва ахборот олиш учун ҳозиргидай сунъий тўсиқлар,  расмиятчи матбуот котибларию ахборот хизматлари йўқ эди. Автомобиллар учун чиройли давлат рақамлари ҳам ҳозиргидай аукционда учқур отларнинг баҳосида сотилмасди. Зоҳириддин акадан автомашинамга чиройлироқ рақам олишда ёрдам сўраб ёнига кирдим.

— Сиз соҳамизни кўп ёритадиган фаол  журналистсиз, чиройли рақам тақишга лойиқсиз. Қайси йилда туғилгансиз? — деб сўради у киши.

1962 йилда туғилганимни айтдим. “00-62” рақамини берса бўларкан,  деб масъул ходимга айтганди.

Сирдарё вилоятида ДАН – ҳозирги ЙХҲБ бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаганида ҳам унинг жамоаси ютуқлари ҳақида кўп эшитганман. Шу нарсага амин бўлдимки, Зоҳириддин ака ҳам акасига ўхшаб ҳақиқатпарвар, қалбида ижодкорларга меҳри баланд инсон эди. Унинг маданиятли табиати ва кулиб турган нигоҳи хотирамда қолган.

* * *

— Отам раҳматли “Қарс икки қўлдан чиқади” деган мақолни кўп ишлатарди, сизни шундай навқирон кўришимизда келинойимизнинг ҳам ҳиссаси каттадир, — деб Салоҳиддин акага ҳазил-чин сўз қотдим суҳбатимиз якунида.

— Раҳима ҳожи аянгиз билан эллик икки йил бирга яшадик. Ғам келганда сабр, бахт келганда шукур қилиб, қўшганимиз билан қўша қарияпмиз. У ўзбек тили ва адабиёти фанидан муаллималик қилди. Ҳозир фарзанду зурриётларимизни дуо қилиб яшаяпмиз.

Қайтар чоғимиз Салоҳиддин ака бизларга “Умр мазмуни” деб аталган чиройли китобни совға қилди. Ушбу биографик эссе қаҳрамонимизнинг укаси, таниқли журналист, тажрибали раҳбар, бағридарё инсон Фатҳиддин Муҳиддинов қаламига мансуб.

Ростини айтсам, китобни ўқиб таъсирландим. Фазлиддин ота Иккинчи жаҳон уруши даврида Ленинград қамалида тўлиқ қатнашган экан. Раҳматли Кенжабой отам ҳам эллик йил Ўшнинг турли мактабларида ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берган, тўққиз юз кун Ленинград қамали даҳшатларини бошдан кечирган эди. Уруш, қамал даҳшатлари ҳақида сўзлаб берар эдилар. Фатҳиддин аканинг китобини ўқиб, беихтиёр отамнинг қамалда ўтган кунлари ёдимга тушиб кетди…

Ўтиб кетган оталаримизнинг, оналаримизнинг жойлари жаннатда бўлсин! Бугун ҳаёт бўлганларининг эса умрлари узоқ бўлсин!

…Салоҳиддин аканинг хонадонидан қайтар эканмиз, ҳамкасбимиз, таниқли ижодкор, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборовга разм солдим. У киши ҳам жим, сукутда эди…

Устозлар йўли, ибратли ҳаёт мактаби ҳақида ўйлаб кетаётгандир Шуҳрат ака ҳам. Чунки устоз ҳамкасбимиз билан суҳбат нафақат мароқли, ҳар бир инсон ҳаёт деб аталмиш мактабда ўз ўрни, баҳосини олиши, бунинг учун одамларга яхшилик, эзгулик улаша билиш фазилатларига эга бўлишини дилдан ўтказдик.

Бизнинг қадрдон акамиз Салоҳиддин Муҳиддинов бир умр матбуот соҳасида меҳнат қилиб, неча юзлаб мақолалар, очерклар ёзган. Аммо энг муҳими — инсоний фазилатлари кўпчиликка ибрат бўлиб келмоқда. Ҳақиқий инсоний бахт шундадир, балки…

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × one =