Чорасизлик

Шаҳар чеккасидан ўтган, қурилиши давом этаётган катта айланма йўлнинг овлоқ, кимсасиз, ҳар замонда битта-иккита адашган автоуловларнинг ўтишини айтмаса, доимий жимжит манзилида секин, имиллаб бораётган машина туйқус силкиниб тўхтади.

Ҳайдовчи йўл четидаги жилғинзорга ниманидир отди.

Орқа эшик очилиб, тарғил ит сакраб тушди ва ўзини йўл чеккасидаги жилғинзорга урди.

Машина шиддат билан олдинга жилди. Суяк тишлаб олган ит катта йўлга чиққанида, соҳибининг машинаси аллақачон ундан анча олислашиб кетган эди.

Ит аввалига нима бўлганини тушунмагандек, бир лаҳза йўл ўртасида қозиқдай қотди ва бирдан оғзидаги суягини ташламай, машина ортидан чопди.

У шунчалар тез югурдики, ён ойнадан қараганми, соҳиби ҳам машинани янада тезроқ ҳайдай бошлади.

Ит эса жон-жаҳди билан — оёғи ерга тегиб-тегмай чопиб борарди; бирдан ит эгасининг машинаси секинлади ва кутилмаганда “ғийқиллаган” овоз чиқариб тўхтади.

Ёзги енгил, оппоқ кўйлакдаги пакана одам автоулов эшигини очди, лекин улгурмади; ҳансираб, тиллари осилиб қолган ит уни тушишга ҳам қўймай ялаб-юлқай бошлади.

— Тўхта, тўхта, Тўрткўз, тўхта!!!

Итнинг бироз тинчиганидан фойдаланиб, у машинадан сирғалиб чиқди ва қучоғини очиб, чўнқайди.

Ҳали-ҳамон ҳансираб турган ит унинг бағрига отилди.

Соҳибининг димоғига таниш ҳид урилди. У итни шунчалар қаттиқ қучоқладики, дукурлаб урилаётган ҳайвон юрагининг олатасир зарбидан дийдаси бўшаб кетди.

Ҳозиргина уни тийиқсиз бир меҳр билан ҳидлаб, айланиб-ўргилаётган ит эса унинг қулочлари орасидан чиқиш учун орқа оёғига тиралиб, тисарилишга чоғланди.

Лекин соҳиби уни қўйиб юборишни истамасди; кўзларидан жимиллаб чиққан ёш юзини ҳўл қилиб, чўзинчоқ ияги бўйлаб сидирилиб, митти бир томчига айланди ва итнинг қулоғига томди.

— Тўрткўз!.. Нима қилай, анави алвасти сени… сени қаерларгадир йўқ қилиб келмасам, “ёшим элликда бўлса ҳам бу ҳовлида бир кун ҳам турмайман, уйда сиз бўлмаган кун бу уйнинг эгаси шу сассиқ ит, намозшомдан тонг отгунча овози тинмайди, бу дардисар итнинг дастидан қўни-қўшнилар ҳам бу уйга кирмайдиган бўлди”, деб шаллақилик қилса, мен нима қилай?!

Мен унинг нима ниятда юрганини биламан, Тўрткўз!..

Энди неварали бўлганимда сени деб ажрашайинми? Кейин эл-юрт нима дейди, Тўрткўз?!

Ит эгасининг бу дард ва изтироб тўла овозини зарра тушунмай, унга доимгидек эркаланиб, бўйин ва қулоқларини ҳидлар эди…

Темирпўлат ТИЛЛАЕВ

 

Бировнинг омонати

Мол бозоридан чиққан Дилмурод муаллим оёғи тагида ётган тугунни кўриб, эгилиб олди. Пулга ўхшади, кимдир тушириб қолдирган бўлса керак.

Муаллим тракторнинг панасига ўтиб, тугунни очди. Ҳа, пул экан, нақ тўрт ярим миллион.

Дилмурод муаллим чойхона томон юрди ва чойхоначига пул топиб олганини, кимдир йўқотган бўлса, уйда бўлишини тайинлаб жўнаб кетди.

Эртасига мактабдан қайтаётган муаллим дарвозаси ёнида турган икки йигитни кўриб, ҳойнаҳой, ўша пулларнинг эгаси бўлса керак деб ўйлади ва улар билан кўришди. Билганидай, йигитларнинг новчароғи деди:

— Домла, бозорда пул топиб олибсиз, манови Туроб қассобнинг ўғли, иккита эчки сотиб, пулларини йўқотиб қўйди.

— Пуллар қанча эди?

— Икки миллион эди, қора салафан халтага ўрагандим…

Дилмурод муаллим йигитларнинг ёлғон сўзлаётганини сезди.

— Мен топган пуллар сизларники эмас, бориб, бошқа бировни лақиллатинглар!

Ёлғон даъволари фош бўлган йигитлар индамай кетишди.

Муаллим ҳали йигирма ёшга ҳам кирмаган йигитларнинг бунчалик паст кетишини кўриб, бироз аччиқланди.

Эртасига мактабда янгиликлардан доим биринчи бўлиб хабар топадиган Ашир муаллим бир гап айтди:

— Туроб қассобнинг кенжа ўғли бозорда қимор ўйнаб, иккита эчкининг пулини ютқазибди…

Муаллимни шундан кейин ҳам “пулини йўқотганлар” безовта қилиб турди.

Ҳатто тузуккина одам деб юрган Шавкат таксичи ҳам бир куни дов тўкиб келди-ю, аммо “имтиҳон”дан ўтолмай қайтиб кетди.

Ниҳоят, орадан бир ой ўтиб, муаллимнинг уйига мотоцикль минган икки одам келди. Даштлик экан. Бири кексароқ, иккинчиси ўғли бўлса керак, ёшгина.

Муаллим меҳмонларни уйга таклиф қилди.

Дастурхон устида кекса киши бозорда қўй сотгани, пулларни қизил гарди рўмолга ўраганини, пуллар тўрт ярим миллион эканини айтди.

Дилмурод муаллим омонатнинг ҳақиқий эгаси топилганидан хурсанд бўлди, гўё унинг елкасидан тоғ ағдарилгандек эди. У шкафдан тугунни олиб, меҳмоннинг олдига қўйди.

Меҳмонлар эса қўярда-қўймай уч юз минг сўм пулни суюнчи деб дастурхон четига ташлаб кетишди.

Хайрлашаётиб, кекса киши муаллимнинг елкасига қоқди.

— Ҳалол, иймонли одам экансиз, барака топинг!

Меҳмонларни кузатиб қўйган муаллимнинг ёнига невараси Шоҳида югуриб келди.

— Бува, суюнчи беринг, энам ўғил чақалоқ туғди!

Муаллим янгиликдан қувониб кетди, энди унинг ўғил невараси бор…

У — дастурхон четидаги пулни неварасига узатаркан, бу хушхабарни Яратганнинг инояти билиб, шукроналар қилди.

Ўролбой ҚОБИЛ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 2 =