Онаизор

Хадичахон КАРИМОВА

Муаллиф ҳақида:

Хадичахон Каримова – Фарғона вилоятида туғилган. Узоқ йиллар Қўштепа тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Истиқбол йўли” газетасида фаолият юритган. 2001 йилда “Шуҳрат” медали, 2022 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган. Муаллифнинг “Тилакларим қалбимда бис­ёр”, “Мен ўзбек қизиман”, “Ҳайрат” сингари ўнга яқин китоблари нашр этилган.

Бугун ая ўзгача кайфиятда уйғонди. “Ие, бомдод вақти кириб қолибди-ку”. Ўрнидан ҳар кунгидан енгил қўзғалди, битта-битта юриб дераза олдига келиб, самога қаради. Субҳидам пардаси ортидан осмонда юлдузлар милтирайди. “Улуғ айём тонгига етказганингга шукур! Кунимни хайрли, баракотли қилгин, Аллоҳим”.

Ая намозолди тадоригини кўраркан, кўнглида ажиб бир ҳис уйғонди: бугун соғингани — катта ўғли албатта йўқлаб киради, ахир ҳовлиси бир маҳаллада. Учинчи қаватдан шундоққина кўриниб туради. Дийдорлашмаганига ҳам бир ҳафта бўлибди. “Соғинтирмасанг бўларди, болам. Наҳотки умрини сенга бағишлаган онангни кун-кунора бир йўқлаб қўёлмайсан?” дейишга меҳр отлиғ туйғуси парда бўлди чоғи. Ва ана шу туйғу: “Унгаям осон эмас: иморат қуряпти, кичигини уйлантириши керак, бир ёқда усталар, бир ёқда иши бор. Аёли ҳам ўзига етарли. Муборак Ҳайит айёмини унутмаса керак ахир”, дея кўнглига таскин беради.

Ибодатдан сўнг аянинг телефони жиринглаб қолди. “Бўлса-бўлмаса, ёнимдаги каттам”, кўнглидан ўтказди ая. Хиралашган кўзлари кимданлигини кўрмади, “Эшитаман, ўғлим”, дея қулоғига тутди.

— Ўзимнинг онажоним, ассалому алайкум! Улуғ айёмингиз муборак бўлсин! — Ўғли Умид қўнғироқ қилаётган экан. — Ёлғизликда қийналмаяпсизми? Келинингиз ҳам иш орқасидан Тошкентга келиб қолганимиздан хурсанд эмас. Ҳар куни сиз ҳақингизда гаплашамиз. Набираларингиз бир ой бўлмай соғиниб қолишди. Худо хоҳласа, бугун байрамни ҳаммамиз олдингизда, бир дастурхонда ўтказамиз. Йўлга чиқяпмиз, онажоним.

Ая астагина: “Раҳмат, ўғлим!” дея олди-ю, юрагининг туб-туби жизиллаб кетди…

Ўшанда каттаси ҳали ўн ёшга етмаганди. Эрта тонгда эшик ортидан чақалоқнинг “инга”си эшитилиб қолди. Қизиқ, саҳарлаб боласи билан ким келди экан, дея шоша-пиша эшикни очди. Не кўз билан кўрсинки, шундоққина остонада йўргакланган чақалоқ турарди. Она эмасми, юраги қинидан чиқаёзди, қўшниларни чақирди. Эмизикли келиндан Аллоҳ учун она меҳридан маҳрум болага кўкрак тутишни илтимос қилди. Ички ишларга хабар берилиб, ҳолат бўйича ўрганишлар бўлди… Натижа чиқмади. Гўдаклар уйига олиб борилган чақалоқни асраб олиш бўйича барча расмиятчиликларни адо этиб, ёлғиз она бўлса-да, имконияти борлигини айта-айта: “Бу менга Аллоҳнинг марҳамати, онаси бежиз менинг эшигим тагига ташламагандир”, дея уни фарзандликка олди. Ўшанда ая қирқ ёшларда, турмуш ўртоғи автоҳалокатга учраб, вафот этганига саккиз йиллар бўлганди. Болага Умид деб исм қўйишди.

Умид Хуршид қатори онаизор меҳри оғушида бўлди. Аммо Хуршиднинг назарида онаси Умидни кўпроқ яхши кўраётгандай туюлаверди. Кунларнинг бирида: “Нимага боққан болангизни туққанингиздан яхши кўрасиз?” деб ўдағайлаганида, Умид иккинчи синфда ўқирди. Зеҳнли, ҳушёр эмасми, одамлар доим: “Нимага акангга ўхшамайсан?” дейишларининг мағзини чақди. Чақди-ю, онаизорига меҳри ўн чандон ортди. Нимагадир унга янада қаттиқроқ боғланиб қолди. Ҳар гал она қўйнига сингиб, унинг меҳрига қониб-қониб оларди ва бу, албатта, Хуршиднинг ғашини келтирарди.

Йиллар оқар дарёдай ўтарди. Ёшлигидан хушсурат, келишган аёл бўлган ая тақдир чорраҳаларида йўлиққан “харидорлар”га рўйхушлик бермади. Буни ўзига эп билмади. Ахир икки ўғлига ҳеч ким ўз отасидай бўлмайди-да. Кундузи ишга чопса, кечаси дўппи тикди: болаларим кам бўлмасин, деди-да. Хуллас, бутун ёшлиги, меҳри, куч-қуввати — борини икки ўғил камолига пойандоз қила олди ая.

Хуршид ҳунарманд, Умид ўқиб, анчайин билимдон ҳуқуқшунос бўлди. Каттасини уйлади. Топиш-тутиши чакки эмас, маҳалласига ҳовли-жой қилиб чиқиб, укасига уй бўшатди. Умид ҳам ўзига лойиқ-муносибига уйлантирилди. Мана, икки фарзандли ҳам бўлишди. Аммо иши Тошкентга кўчирилгани…

Бугун уйи меҳмонга тўладиган онаизорнинг кўнгли тўлиб, энтикиб, деразадан каттаси томон боқади. Мана ҳозир-ҳозир икки набирали бўлишга улгурган Хуршид ўғли уларни етаклаб, дарвозадан чиқади. Билади, чеваралари катта бувижонисини яхши кўришади. Қўлидан чиқиб, бу томонга чопадилар. Хира тортган кўзлари икки қўлида бола етаклаб келаётган одамга тушди. Ҳа, бу Хуршид ва ниҳоят, дийдорлашади! Шоша-пиша эшикни очиб, билмасдан зинанинг иккинчи поғонасига қадам қўйиб, думалаб кетди. Хаҳ, эшик олдида кутаверса бўлмасмиди-я, интизорлик ҳам шунчалар бўладими?!

Онаизор шифохонада кўзини очиб, Хуршиднинг дийдорини ғира-шира кўрди. Кўкимтир тортган лаблари: “Шукур, дийдор қиёматга қолмади, болам!” дея шивирлаганини боласи ё англади, ё англамади. Охирги нафасда бор кучини тўплаб: “Уканг келяпти, яхши кутиб олгин, уни асло ёлғизлатма”, дея олди. Онаизорнинг лаблари сассиз пичирлади, калима ўгирди чоғи. Ва… меҳр тўла кўзлари мангу уйқуга кетди.

— Онажо-о-н, бизни ташлаб кетманг! — Хуршиднинг овози борлиқни тутиб кетди…

Умид, ҳартугул, онасининг совуқ дийдорини кўриб қолди. Бел бойлаб, тобутнинг олдида бораётган бири-биридан келишган, каттаси бўйдор, кичиги ўртабўй ўғилларнинг қулоқларига одамларнинг: “Маҳалламизнинг ибратли, болажон аяси эдилар. Шунинг учун ҳам мангу манзилларига улуғ кунларда сафар қиляптилар”, деган сўзлари эшитиларди.

“Яхши амалларингиз, менга берган меҳрингиз учун ҳам мангу манзилингиз нурларга тўлсин, онагинам!” — бу тилакни дил-дилидан такрорларкан, қанчалар жиддий одам бўлмасин, Умид қуйилиб келаётган кўз ёшларини ичига ютолмасди…

Хуршиднинг кўзлари жиққа ёшга тўлган эди…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × one =