Ўзбекча шеър — қорақалпоқча қўшиқ

Шеърнинг қадри ва баҳоси одамлар юрагидаги оғриқни, уларнинг дардини – умумбашарий ижтимоий мавзуларни қай даражада бадиий тасвирлагани билан белгиланади. Одамлар бахти-саодати учун фидойилик қилган шоирларгина “Башарият қўшиғи”ни куйлай олади.

Атоқли шоир Ўткир Раҳматнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Адабиёт” нашриёти томонидан нашр этилган “Мангу овоз” номли шеърлар ва достонлар тўпламида бугун замондошларимизни изтиробга солаётган, дунёни безовта қилаётган муаммолар ҳақида бонг урилган. Китоб дебочасида берилган сўзбоши мақолада Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид Ўткир Раҳмат давримизнинг долзарб мавзуларини маҳорат билан қаламга олганини муносиб эътироф этади:

“Ўткир аканинг матбуотда эълон қилинган, замину замоннинг огоҳлик бонги янглиғ жаранглаган “Мангу овоз” номли янги достонида, жумладан, устозлар овози ҳам назарда тутилганки, бу ўлмас садолар одам болаларини яхшилик ва тўғриликка чорлаб тураверади.

Демакки, ҳақ овоз дилдаги баёт,

Унинг билан уйғун ҳаттоки тақдир.

Дунёда овозни бахтдир танимоқ,

Дунёда овозга айланмоқ бахтдир.

Ўз халқини шеърларида севиб ардоқлаган шоирни нафақат ўз халқи, балки бошқа халқлар ҳам севиб ардоқлайди, асарларни ўз она тилига таржима қилади, китобларини нашр этади. Ўткир Раҳматнинг “Оянсаңшы, таң атты, ақыр” (“Уйғонсанг-чи, тонг отти, ахир”) номли шеърлар ва достонлар китоби қорақалпоқ тилида чоп этилгани адабий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди.

Китоб Ўзбекистон халқ ёзувчиси Кенгесбой Каримовнинг “Қосықларда табият реңлери” сарлавҳали мақоласи билан очилади. “Шоирнинг шеърларида табиат манзаралари муттасил ҳаракатланиб туради. Ушбу ҳаракатлар тизими эса шоир юрагини беихтиёр тебрантиради. У кўз ўнгимизда содир бўлаётган ҳаракатлар силсиласини юрагимиздан ўтказиб, умуминсоний кўринишларга айлантиради. У сийқаси чиққан фалсафий фикрларни олға сурмайди, ақл ўргатмайди, чақириб жар солмайди, шеър сатрларидан панд-насиҳат, ҳикматли даъватлар овози ўз-ўзидан чиқиб келаверади”. Кенгесбой Каримовнинг ушбу сўзлари китобнинг ғоявий-бадиий мазмунини аниқ-тиниқ ифодалайди.

“Уйғонсанг-чи, тонг отди, ахир” номли китобда қорақалпоқ мавзуси, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар тасвирланган шеърлар ва достонларга кенг ўрин берилган. Уларнинг асосий қисмини Кенгесбой Каримов таржима қилган. Истеъдодли шоирлар Жуманияз Ўтениязов, Бахитли Сарибаев, Анар Жақсимуратова таржималари ҳам тўпламдан ўрин олган.

“Орол соғинчи” балладасини ўқир экансиз, Кенгесбой Каримов таржимаси орқали қорақалпоқча сўзнинг жозибасини ҳис этасиз:

Нурлы күн сәўлеси кѳксинде жанар,

Кѳксинде қозғалар әрманлар сеңи.

 

“Нурафшон кунларга йўл олган секин, Кўнглига минг турли орзулар жойлаб” сатрлари қорақалпоқ тилида Оролнинг кўксида кун шуъласининг ёниши, юрагида армон сенги – армон музларининг эриб қўзғалиши образлари билан жонли ва таъсирли ифодаланган.

Шеър ўқиб, қўшиқ куйлаганида, сўзлаганида туркий халқларнинг, айнан қорақалпоқларнинг тилини тушунамиз, бироқ бадиий матнни қорақалпоқчадан ўзбекчага ёхуд ўзбекчадан қорақалпоқчага таржима қилиш анчайин мураккаб ижодий меҳнат эканини алоҳида таъкидлаш зарур. Айниқса, фонетик фарқлар, халқона иборалар ва бошқа лисоний хусусиятлар янги қофиялар топишни, шеър композициясини ўзгартиришни талаб қилади. Ана шу жараёнда таржимоннинг бадиий маҳорати, топқирлиги, айнан халқ тилини чуқур ва мукаммал билиши зарур бўлади. Бу иш анча-мунча таржимонларнинг қўлидан келмайди.

Солиштирамиз.

Ногаҳон авзойи бузилди кўкнинг,

Бирдан етиб келди дарғазаб шамол.

Эртаю бугундан умиди йўқнинг

Ўйин бошлагани шудир, эҳтимол.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шеър туркий тилларнинг биридан иккинчисига таржима қилинганда “йўқ”ни “жўқ”, “ой”ни “ай”, “бўстон”ни “бўстан” шаклида ўгириб, сартлардаги сўзларни жой-жойида қолдириб, айнан сўзма-сўз таржима қилиш билан иш битмайди. Сўзма-сўз таржима бадиий таржима ҳисобланмайди. Масалан, “Нагаҳан қыялы бузылды кѳктиң, Бирден жетип келди дарғазап самал. Ерте ҳәм бүгиннен үмити жоқтың Ойын баслағаны солдур итимал”, деб қорақалпоқ тилига ўгирсак, бу таржима сифатида тан олинмайди.

Юқоридаги матн ўзбек тилидан қорақалпоқ тилига қуйидагича таржима қилинган:

Тосыннан түнерди әжайып аспан,

Қайдан жетип келди қутырған самал?

Бултлар дизилисип кѳшти қай таман,

Саҳраның ғазеби қозды итимал.

Осмоннинг тунариши – тунд бўлиши, шамолнинг қутуриши орқали алғов-далғов ҳолат бўрттирилиб тасвирланади. “Қутырған самал” фразеологик бирикмаси шеър бадиийлигини кучайтирган. “Бултлар дизилисип кѳшти қай таман”, “Саҳраның ғәзеби қозды” сатрлари эса таржимон топилмаси. Таржимада шеърнинг мазмуни ва руҳи чиройли ифодаланмоқда. Қофияларнинг “аспан”, “таман” шаклида ўзгариши янги образлар яралишига асос бўлган.

Шу дам хаёлимда жонланар мозий,

У ҳам шулар ҳақда ўй сурар чоғи:

Чангалин солдими ғаламис осий,

Қайларга йўқолди яшил гулбоғи?

Шеъриятда кўчим номли сеҳрли ҳодиса бор. У метафора деб ҳам аталади. Ана шу санъатнинг афсуни билан жонсиз нарсаларга жон битади, гапирмайдиган ўсимликлар, сувлар ва бошқа нарсалар гапиради. “Орол соғинчи” балладасида ҳам ана шундай бадиий ҳодисалар бор. Улар таржимон маҳорати билан қорақалпоқ тилига ниҳоятда гўзал ва бетакрор кўринишда кўчган.

Сонда қыялымда ѳтмис жанланар,

Магар Аралдағы ой сүрер тағы:

Сырқыраған яңлы ески жаралар,

Ядына түскендей жасыл гүлбағы.

Аслиятда биринчи сатрдаги “мозий” сўзи билан учинчи сатрдаги “осий” сўзи, иккинчи сатрдаги “чоғи” сўзи билан тўртинчи сатрдаги “гулбоғи” сўзи қофияланган. Таржимада аслиятдаги тўртинчи сатрдаги сўнгги сўз “ гулбағи” қолган, холос. Қолган сатрларда қофиялар ўзгарган, сатрлар янгиланган. Таржимон топган “Сырқыраған яңлы ески жаралар” деган сатр одамнинг юрагини ўртаб юборади. Мана, таржимон маҳорати нималарга қодир.

Оролнинг тўлиб-тошиб оққан замонлари тасвири билан бирга ишоралар воситасида ёвуз замон ҳақидаги ижтимоий фикрлар ҳам ифодаланади:

Бир пайт мовий эди, қандай зўр эди,

Мавжланган тўлқини сачрар осмонга.

Бироқ ҳардамхаёл, анча ғўр эди,

У сиғмай қолганди манфур замонга.

Бу сатрлар қорақалпоқ тилида ўзига хос сўзлар, халқона иборалар ва оҳанглар билан таржима қилинган:

Бир ўақ бул атирап кўк тенгиз еди,

Ақбас толқинлари тийген аспанға.

Базда қиялпараз, сал тентек еди,

Базда сиймай қалди сол тар заманға.

Аслиятда биринчи сатрдаги “зўр” сўзига учинчи сатрдаги “ғўр” сўзи қофия қилинган, “эди” сўзи қофия ортидан такрорланиб келган. Демак, “эди” сўзи қофия ҳисобланмайди. Қорақалпоқча матнда ҳам “еди” сўзи аслиятдагидек такрорланади. Унда биринчи ва учинчи сатрларда “еди” сўзидан аввал келган “тенгиз” ва “тентек” сўзлари шаклан қофиядош бўлмайди.

Бироқ бу икки сўз бир-бирига мантиқан боғланади. Денгизни тентак денгиз деб сифатлаш жўяли бўлади. Шунга қарамай, таржимадаги “Ақбас толқынлары тийген аспанға” сатри тасаввурни завқлантириб, шуурни кенгайтириб юборади. Тентак денгизнинг тор замонга сиғмай қолиши иборасида ҳам гўзал сифатлар, сўзнинг маъно товланишлари мужассам.

Шўрлик йиғлаб-йиғлаб яна кичрайди,

Аҳволин сўрарга кимса бўлмади.

Бахтсизнинг йўлида ким ҳам учрайди,

Қирғоғи чекинди, вале ўлмади.

Ушбу сатрлар таржимасида таржимоннинг яна бир бетакрор маҳорати, сўз бойлиги ва тажрибаси намоён бўлади. У биринчи сатрдаги “кичрайди” сўзининг мазмунини тўртинчи сатрга олиб ўтиб, шеър руҳига сингдириб юборади.

Теңиз толқып-толқып шегине берди,

Дадын еситиўши кимсе болмады.

Шексиз айдынлары кѳмиле берди,

Киширейип қалды, бирақ ѳлмеди.

Бир қарасанг, ҳеч нима ўзгармагандек, ҳамма сўз ўрни-ўрнида қолгандек тушунарли, аниқ ва ёрқин. Санъаткорона таржима қилинган ва қайтадан яратилган образли ифодалар ва тасвирларга назар ташласангиз, бир ҳофиз қўшиқ айтаётиб, авжига чиққанда тингловчилар “Войдод!” деб ҳайратга тушган ҳолатдагидек ҳаяжонланасиз. “Шексиз айдынлары кѳмиле берди, Киширейип қалды, бирақ ѳлмеди” – денгизда сув тўлқинланиб, поёнини кўз илғамас чексиз кенгликлар ойдинлар деб аталади. “Айдинлар” қўшиғидаги “Айдинлар, айдинлар, шалқар айдинлар” деган манзара денгизнинг бепоён сатҳини тасвирлайди. Оролнинг ана шундай чексиз ойдинлари қумларга кўмилаверди, деган ифода билан таржимон денгиз фожиасини яққол ифодалайди, аламдан кўзларга ёш келади.

Мардум орасида бордир бегона,

Бу фитнани ана шулар чиқарди!

Бир кунда минг ёшга қариди она,

Бир кунда отанинг сочи оқарди.

Ушбу сатрларни балладанинг энг таъсирчан, кульминацион нуқтаси дейиш мумкин. Ушбу тўртликда Орол фожиасига табиат эмас, одамларнинг ўзи сабабчидир, деган фикр бадиий ифодаланган. Бу сатрларнинг ғоявий-бадиий мазмуни теран. Ватан, халқ бошига тушган кулфатларнинг асосий сабабчиси халқ орасидан чиққан сотқинлардир. Озодлик йўлида қурбон бўлган ватанпарвар ота-боболаримизнинг ҳам бошини еган шулар. Миллат бошига тушган бу синовлар қорақалпоқ халқини ҳам четлаб ўтмаган. Бу дард қорақалпоқ тилига шундай таржима қилинган:

Бийгана бармекен кѳп арасында,

Магар бир питнени олар шығарды?

Бир күнде мың жасқа қартайды ана,

Бир күнде атаның шашы ағарды.

“Бийгана бармекен кѳп арасында” деган образли ифода халқоналиги билан кўнгилдан жой олади. Оҳангнинг ўзгариши, шубҳа-гумоннинг мантиқий тасдиқланган маъносининг берилиши шеъриятдаги “билиб билмасликка олиш” – “тажоҳилу орифона” санъатининг ажойиб ифодасидир.

Асарда замон руҳининг акс этиши бадиий тасвир санъатининг муҳим ва энг зарур талабларидан биридир. Замон руҳи бор асар доимо янги ва замонавий бўлиб қолаверади. Орадан неча йиллар ўтса ҳам, бу асар долзарб мазмун касб этаверади. Қуйидаги сатрларга сингдирилган замон руҳи ўтмишга ҳам, бугунги кунга ҳам, келажакка ҳам дахлдор.

Эй дўстим, огоҳ бўл, йўлингда тузоқ,

Чалғитиб қўймасин ғаним тиккан ғов.

Ўзингни асрагин, қадрдон Мўйноқ,

Кўк қадар юксалгин, азиз Бўзатов.

Кенгесбой Каримов Ўткир Раҳмат шеърлари ҳақида алоҳида таъкидлаб айтган “ҳикматли даъватлар овози”, яъни огоҳликка чорловчи нидо қорақалпоқ тилида шундай янграйди:

Ҳей достым, абайла, жолыңда дузақ,

Адастырмағай-де жолыңнан бир жаў.

Ѳзиңди қолға ал, қәдирдан Мойнақ,

Гүлленип бара бер, жаным Бозатаў.

“Адастырмағай-де жолыңнан бир жаў”, “Гүлленип бара бер, жаным Бозатаў” сингари сатрлар самимийлиги, беғубор кўнгилнинг ҳароратли изҳори билан таъсирчан.

“Мангу овоз” “Мәнгилик ҳаўазы” деб, “Нидосини тинглай олдингизми ҳеч” “Аҳыў-зарын тыңлап кѳргенсиз бе ҳеш”, “Акс-садо берар” “Жаңғырық береди” деб таржима қилинган. Ушбу сўзларнинг ранги, жилоси ва оҳанги ўқувчини ром этади.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқимизнинг ардоқли шоири, устоз Абдулла Орипов Ўткир Раҳмат шеърларидаги табиатга муҳаббат мавзуси ҳақида шундай таъриф берган эди: “Шоир табиат билан бамисоли қадрдон дўсти каби сирлашади, энг муҳими, у табиат билан тил топиша олади. Шу сабабли у том маънода “табиат ошиғи” сифатида фикр уйғотади”.

Лирик қаҳрамоннинг ҳассос юраги, унинг табиатга бўлган оташин муҳаббати  “Оянсаңшы, таң атты, ақыр” китобида қорақалпоқ тилида ҳам яққол намоён бўлади.

Бевақт увол бўлган меваларга куйган кўнгил яраси суви қуриган Оролни кўриб, ўртанган юрак жароҳати билан бир хил:

Қурт дарыған алмалар жерде –

Жараланған – жатар ѳксинип.

Табиат манзараларининг фусункор тасвири, ўзгача ташбеҳ ўқувчи кўз ўнгида шарқироқ ирмоқларни намоён этади:

Жылан киби жылжып ағар суў…

Фасллар алмашинувининг тасаввурдаги тасвири руҳни яйратади:

Бәҳәр жасыл кѳйлек кийдирип,

Шешиндирип жибереди гүз.

Сувни қисмлаб тутиб бўлмайди, шамолни ҳам ҳовучлаб элтиш мумкин эмас, лекин шоирона тасаввур ва хаёл қучи билан жазирама ёз табиатни бармоқлари билан қисимлаб сиқувга олади, ўшанда соялар ҳам бир тутамгина бўлиб қолади:

Саратан ҳәм алар қысымға,

Саялар да бүгин бир тутам.

Осмонни сулув аёлга ўхшатиш кимнинг ҳам хаёлига келибди, дейсиз? У сочларини силкитса, шовуллаб ёмғир ёғар эмиш:

Шашларын бир силкитсе аспан,

Жамғыр болып шуўылдар бирден.

Қорақалпоқлар шудрингни “шық” дейди. “Юзини шабнамга ювар субҳидам” ибораси қорақалпоқ тилида ҳам нафис ифодаланган:

Жүзин шыққа шаймақта саҳар…

Умуман, табиат ҳодисаларининг тасаввурдаги манзаралари жонлантириш, сифатлаш, ўхшатишлар билан тасвирланиши бадиий сўз ҳарорати, кучини намоён этади. Баҳор осмонида момақалдироқ гумбурлаб, яшин чақнаши сўз билан қуйидагича чизилади:

Тѳменлеген аспан жүзинен

Шашырап-шашырап кетеди отлар.

Жалт-жулт еткен жасын изинен

Жанып кетер қап-қара бултлар.

“Тѳменлеген” пастга тушган, пасайган, ерга энгашган деган маъноларни англатади. Пасайган осмоннинг юзидан сачраб-сачраб кетар аланга, деб ўгиради таржимон. Такрорлар, жуфт сўзлар, товушлар уйғунлиги ифодани янада ёрқинлаштирган. “Жанып кетер қап-қара бултлар”…

Биз қорақалпоқча матнларни Кенгесбой Каримов таржималаридан олдик. Бошқа таржимонлар ўгирган шеърларда ҳам мисол келтириб, мақтайдиган образли тасвирлар бор эканини эътироф этамиз.

Шеърни қозоқлар “ўлан”, қорақалпоқлар “қўшиқ” деб атайди. Шоир шеърлари жозибаси, таржимонларнинг маҳоратидан келиб чиқиб, Ўткир Раҳматнинг ўзбекча шеърлари қорақалпоқча қўшиққа айланган, дейиш айни ҳақиқат.

Рустам МУСУРМОН,

Қорақалпоғистон халқ шоири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + six =