Зўравонлик ҳолатлари нега ортиб бормоқда?

(“Ҳимоя ордери”ни олиш тартиби ва ундаги имкониятлар ҳақида)

Ҳимоя ордери оилада эридан жабрланган ёки учинчи шахсларнинг зулмига учраган аёлларга, ота-онаси ёки бошқа шахсларнинг зулмига дуч келган (вояга етмаган) қизларга, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликларда жабр кўрган, кўчада, ишда, ўқишда тазйиқ ёки шилқимликка учраган, ҳуқуқбузарлик ё жиноят қурбони бўлган хотин-қизларга берилади.

2025 йил 30 июль куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тақдим этилган статистик маълумотларда қайд этилишича, 2025 йилнинг январь-июнь ойларида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 41 051 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери расмийлаштирилган. Шунингдек, 4 006 нафар хотин-қизга бирламчи кўмак хоналарида ижтимоий ёрдам кўрсатилди.

“Gazeta.uz” интернет нашрида эълон қилинган хабарда таъкидланишича, 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 48,3 минг зўравонлик ҳолати қайд этилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 121 фоизга кўп. Энг кўп ҳолатлар Тошкент (9414), Бухоро (5612), Қашқадарё (5268) ва Андижон (4808) вилоятларида қайд этилган. Шу даврда 930 нафар аёлга такрорий ҳимоя ордери берилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 июнь куни қабул қилинган тегишли қарори билан “Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизмат кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланган.

Амалдаги тартибга кўра, тазйиқ ҳолатлари бўйича мурожаатларни рўйхатга олиш қуйидаги 5 хил босқичдан иборат бўлади:

Жабрланган шахслар, бошқа шахслар ёки ташкилотлар “Инсон” марказларига, профилактика инспекторларига, “102” ёки “112” қисқа рақамларга ва “1146” ишонч телефонига мурожаат қилиши мумкин. Сўнгра, “Инсон” марказлари мурожаатни рўйхатга олиб, профилактика инспекторига юборади.

Профилактика инспекторининг мурожаат келиб тушгандан бошлаб 24 соат ичида амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатлари қуйидагича бўлади:

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган фуқаронинг ўзидан ташқари, яқинлари, қўшни ёки қариндошлари ҳам ордер олиш учун мурожаат қилиши мумкин. Ҳолат ҳақида хабар берган фуқаролар ҳамда тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларнинг шахсга доир маълумотлари амалдаги қонунчилигимизга асосан сир сақланади.

Мурожаатдан сўнг, профилактика инспектори жабрланган шахсларга ҳимоя ордерини расмийлаштиради. Шунингдек, 18 ёшга тўлмаган жабрланувчи ҳам ордер олиши мумкин. Аммо унинг аризаси қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органининг вакили билан биргаликда кўриб чиқилади.

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати 30 кун бўлиб, тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланса, 24 соат ичида расмийлаштирилади ва ўша вақтдан эътиборан кучга киради.

Шуни инобатга олиш жоизки, 2020 йил октябрда “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга 2061-модда киритилиб, “Тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг ҳимоя ордери талабларини бажармаслик” нормаси билан тўлдирилди. Агар зўравон шахс ҳимоя ордери талабларини бажармаса, зўравонликда гумонланган шахслар БҲМнинг 3 бараваригача жарима тўлаши ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси билан жазоланиши белгиланган.

Бундан ташқари, зарур ҳолларда, профилактика инспектори бирламчи кўмак хоналарига жойлаштириш учун тегишли далолатнома тайёрлаши мумкин. Бунда тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар бирламчи кўмак хонасига жойлаштирилади.

Бирламчи кўмак хонаси нима? Мазкур хона тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга биринчи тез ёрдам сифатида мослаштирилган, камида тўртта ўриндан иборат бўлган ҳамда гигиена талабларига мос жиҳозланган хона ҳисобланади. Тазйиқдан жабрланганлар ушбу хонада узоғи билан 3 сутка муддатга жойлаштирилади. Бирламчи кўмак хонасида қандай ёрдамлар кўрсатилади? Қонунчилигимизда бирламчи кўмак хонасида шошилинч тиббий ёрдам, психологик кўмак, озиқ-овқат, шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш ишлари амалга оширилади.

Ҳар бир соҳада назорат қилувчи ташкилот бўлгани каби ҳимоя ордерини бериш тартибини белгиловчи қонунчиликни назорат қилувчи ташкилот ҳам мавжуд. Шикоят қилиш ва хизмат сифати назорати Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция томонидан амалга оширилади.

Сирожиддин Отажонов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция Тошкент шаҳар бошқармаси бош мутахассиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + seventeen =