Гулжаҳон

Гулжаҳон билан танишганимга ҳам етти-саккиз, балки, ўн йиллар бўлиб қолди-ёв… Аслида бадииятга бўлган озгина қизиқишим боис унинг номини газета-журнал саҳифаларида учратганимга эса қарийб ўттиз-қирқ йилдан ошди.

Дастлаб туманимиз газетасида мактабнинг юқори синф ўқувчиси бўлган қизнинг бир саҳифа шеърлари эълон қилинганида: “Насиб бўлса, шу қизчадан бир нима чиқади”, деган ўй-хаёл ўтгани эсимда. У йилларда марказий матбуот тугул, ҳатто туман газетасида ҳам шеър чоп эттириш ҳамманинг қўлидан келадиган иш эмасди. Кейин эса, аниқроғи, 1989 йилнинг август ойида пойтахтда чоп қилинадиган ёшлар газетасида Гулжаҳон Мардонованинг “Алпомишни билган борми?” номли каттагина шов-шувли мақоласи эълон қилинди. Нега шов-шувли дедингизми? Келинг, ана шу мақоладан бир парча ўқиб кўрайлик:

“Дам олиш кунларининг бирида ўғлим билан шаҳримиздаги Пушкин майдонига туташ ерда жойлашган “Эртак шаҳарча”сига келдик. “Шаҳарча”га Дархон томондан кирсангиз, бир қўлида найза, иккинчи қўлида қалқон тутган рус “шоҳ”лари сизни қарши олади. Ёғочдан ишланган уйчалар тепасига “Олтин хўрозча”нинг акси туширилган. Фаввора ўрнатилган пастликда эса “Олтин балиқ ва балиқчи чол ҳақида эртак”нинг (А.Пушкин) қаҳрамонлари — ношукур кампир ва беозор чол. Бир қарашда ўзингизни эртак ичига кириб қолгандек ҳис қиласиз. “Шаҳарча” ота-оналар ва болалар билан гавжумлигидан кўпчиликка бу жой маъқул бўлса керак, деган фикр уйғонади кишида.

— Йўқ, бу жой бизга ёқмайди, — дейди ўзини Шавкат Аҳмадов деб таништирган йигит.

— Яна нима кам, деб ўйлайсиз?

— Бирорта ҳам ўзбек халқ эртакларининг қаҳрамонлари қўйилмаган…

— Қандай эртакларни биласан? — деб сўрадим етти ёшли Шаҳноза исмли қизчадан.

— “Олтин балиқча”, “Олтин хўрозча”…

— Алпомишни эшитганмисан?

Ҳа, Алпомишни билишмайди. Унинг кучи билагига сиғмаслигини, дўсти деганда жонидан кеча олишини билишмайди… Агар болалар боғчалари ёки кафелари шу ном билан аталганда эди, танишарди, қизиқишарди, билишарди… Шаҳримиздаги хўрандалар билан ҳамиша гавжум кафеларга “Буратино”, “Колокольчик”, “Золотой петушок” деб ном қўйиб ташланган”.

Шўро салтанатининг куч-қуввати тўла даврида (гарчи қайта қуриш даври бўлса-да) бундай мақола ёзиш ва чоп эттириш ҳамманинг ҳам қўлидан келадиган иш бўлмаган. Қолаверса, мақолада кўтарилган муаммо бугун ҳам бартараф этилгани йўқ, балки, инглизча, хитойча ва яна бошқа ажнабий сўзларда шакли ва шамойилини бироз ўзгартирган, холос.

Мен эса Гулжаҳонни аввал яхшигина шоира дея таниган бўлсам, матбуотдаги долзарб мавзудаги мақолалари боис куйинчак публицист-журналист сифатида кашф этдим.

* * *

Ҳар қандай ижодкорнинг шаклланишида у вояга етган оилавий муҳит муҳим аҳамиятга эга. Гулбаҳорнинг отаси Омон Мардонов тумандаги таниқли зиёлилардан бўлса, онаси Хадича Худойқул қизи фикри тоза, оҳори ўчмаган мақол ва маталларни, алла-ю халқ қўшиқларини маромига етказиб айтадиган ёдкаш аёл эди. Гулжаҳондаги маърифатга, адабиётга бўлган меҳр ота-онаси туфайли пайдо бўлган, десак, адашмаган бўламиз. Яна бир гап. Ижодкор қаерда яшамасин, у болалиги ўтган макондан узоқлашиб кетолмайди. Шукур Холмирзаев Бойсун, Мурод Муҳаммад Дўст Галатепа, Назар Эшонқул Терсота, Нурилла Чори Қизғалдоқ, Темирпўлат Тиллаевлар учун Элсарой қандай аҳамият касб этса, Гулжаҳон Мардонова учун ҳам чор-атрофи қир-адирлар билан ўралган Бадахшон қишлоғи ҳам ана шундай сир-синоатга тўла маъводир…

Албатта, олис қишлоқдан катта орзу ва умидлар билан Тошкентдай шаҳри азимга келиб, ўз ўрнини топиш осон кечмади.

Гулжаҳон Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлагач, нашриётларда, “Ёшлик” ва “Саодат” журналларида меҳнат қилди. Сўнгра Ўзбекистон радиосида катта муҳаррир, “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Спорт” телеканалларида муҳаррир, бўлим бошлиғи лавозимларида ишлади.

Бугун эса у Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги илм-фан ва инновациялар бўлими бошлиғи сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

У тадқиқотчи сифатида аллаларнинг тарбиявий имкониятлари, ижтимоий-психологик хусусияти масалаларини чуқур тадқиқ этиб, 2019 йилда “Оилада болаларни алла воситасида маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг педагогик имкониятлари” мавзуида педагогика фанлари бўйича фалсафа докторлиги диссертациясини ёқлади. 2024 йили эса “Ўзбек никоҳ тўйи маросими фольклорининг генезиси, жанрлар тизими ва поэтикаси” мавзуида филология фанлари доктори деган қутлуғ номни ҳимоя қилди.

Гулжаҳон учун юқоридаги илмий натижалар осонгина қўлга киритилган эмас. У шахсий экспедиция ташкил этиб, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм, Бухоро, Навоий, Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикасидаги юзлаб қишлоқ ва овулларни пою пиёда кезиб, халқимизнинг ўлмас бойлиги бўлган фольклор намуналарини тўплади.

* * *

Донолар илм билан машғул бўлишни игна билан қудуқ қазишга менгзашган. Дарҳақиқат, шундай. Айниқса, ўша илм соҳиби аёл киши бўлса-ю, унинг каттагина рўзғори, уч нафар фарзанди бўлса… бу ёғини ўзингиз англаб етаверинг.

Бахтига, умр йўлдоши Исломжон тушунадиган йигит чиқди. Мушкул пайтлари қўллаб-қувватлади, елкадош бўлди. Қолаверса, унинг ўзи ҳам жаҳон адабиёти дурдоналарини севиб ўқийдиган зукко китобхон, Агата Кристи асарлари мухлиси ва таржимони бўлса… Яқинда Исломжон Германия ва Кавказ, Эрон адабиётшунослари ўртасида муаллифи қайси миллатга мансуб эканлиги тортишувларга сабаб бўлиб келаётган Қурбон Саиднинг “Али ва Нона” романини маҳорат билан ўзбек тилига ўгириб, нашриётга топширди.

Гулжаҳон эса фольклор намуналарини тўплаш, уларни тарғиб қилиш баробарида ўндан ортиқ ижтимоий-сиёсий нашр, рисолалар, методик қўлланмалар ва юзга яқин мақолалари билан халқ оғзаки ижодининг умрига умр қўшмоқда. Унинг халқ оғзаки ижоди, урф-одатлар, миллий меросимиз тарғиботига бағишланган мақолалари фольклор жанрлари асосида этнопедагогик аҳамиятга ҳам эгадир. Гулжаҳон Мардонова муаллифлигида тайёрланган қатор китоблар фольклоршунослик, этнопедагогика, фалсафа, тарих, педагогика соҳасида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар учун қимматли манба ҳисобланади. Унинг “Нур тўла уй” китоби Европа ва Россия давлат кутубхоналари олтин хазинасидан жой олди. Ушбу тўплам Гулжаҳон Мардонованинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳузуридаги Ҳоди Зарипов номли фольклор архивига топширган 10-тўплами ҳисобланади. Бундан ташқари, у илмий фаолияти давомида ўзбек аллалари ҳамда жаҳон оналари куйлайдиган аллаларни қиёсий таққослаб, уларнинг ижтимоий-психологик хусусиятлари, тарбиявий имкониятлари билан боғлиқ масалаларни ойдинлаштиришга, халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари ва этнопедагогик қарашлари таҳлилига ҳам катта эътибор қаратди. Мамлакатимиз вилоятлари билан боғлиқ халқ қўшиқлари, урф-одатлар, маросимлар, миллий ўйинларни ёзиб олиш, тарғиб қилиш билан боғлиқ самарали фаолияти учун Ўзбекистон Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмалари ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолигига қабул қилинган.

У “Йил аёли — 2019” миллий танловининг “Йилнинг энг фаол ижодкори” номинацияси ғолиблигини қўлга киритган. Халқ оғзаки ижоди жанрларини тўплашга тарғиб қилиш, умрини узайтиришга қўшган ҳиссаси учун халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг васийлик кенгаши қарорига кўра “Олтин мерос” медали, жамият ҳаётидаги фаоллиги учун “Мўътабар аёл” кўкрак нишони, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги кўкрак нишони, 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

* * *

Гулжаҳон Мардонова қаламига мансуб “Алла айтай, жоним болам”, “Хушрўйлик сирлари”, “Фарзандингизга ўйинлар”, “Ўзбек халқ қўшиқлари”, “Онам айтган аллалар”, “Ори қўшиқ бўлган юрт”, “Миллий-маънавий қадриятлар ва комил инсон тарбияси”, “Оилада болаларни алла воситасида маънавий-ахлоқий тарбиялаш”, “Истиқлолдан яшнаётган юрт”, “Эртага қуёш чиқади”, “Қуёшим — энам” каби асарлар аллақачон мухлислари мулкига айланди. Шунингдек, ижодкор синглимизнинг газета-журналларда, энциклопедияларда (ўзимизда ва хорижда) чоп этилган мақолалари ҳам анчагина…

Яқинда Гулжаҳон ўзи туғилиб вояга етган Бадахшон қишлоғида Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказилган тадбирда иштирок этиб, падари бузруквори Омон Мардонов номида таъсис этилган ва ҳар йили энг аълочи ёшлар ҳамда устозларга топшириладиган махсус диплом ва пул мукофотларини ғолибларга топширди. Мазкур мактабни бу йил 36 нафар ўқувчи тамомлаган бўлиб, шулардан 21 нафари мамлакатимизнинг нуфузли олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди. Гулжаҳон Мардонова юқори натижага эришган ёшлардан 1 нафарини 1-ўрин, 2 нафарини 2-ўрин ва 3 нафарини 3-ўрин соҳиблари сифатида рағбатлантирди. Шунингдек, мактабнинг фаол ва ташаббускор 2 нафар ўқитувчиси ҳам эсдалик диплом ва моддий рағбатлантирувчи мукофотларига сазовор бўлди.

— Бу йил мукофотланганлар сони уч нафарга кўпайди. Келгусида мукофот нуфузини янада ошириш ниятим бор. Бу ташаббус ёшлар ва устозлар учун катта рағбатлантирувчи куч бўлишига ишонаман, — деди Гулжаҳон ўз ишидан мамнун бўлиб.

Яна бир гап: куни кеча “Гулжаҳон Мардонова “Кўкка учган тулпорлар” номли янги роман ёзиб, нашрга топширибди”, деган хушхабарни эшитиб, кўнглим тоғдек кўтарилди.

Ҳа, Қамашининг чекка Бадахшон қишлоғида туғилиб вояга етган, етук журналист, адиба ва олима ижодкорнинг қўлидаги қалами юртимизни ва унинг қалби қайноқ одамларини мадҳ этишдан асло тўхтамасин, дея ният қилиб қоламиз.

Ўролбой ҚОБИЛ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × four =