Нурга йўғрилган умр

Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, 44 ёшида ЎзФА мухбир аъзоси этиб сайланган, филология фанлари доктори… Босиб ўтган йўлларига назар ташлаш ҳам жуда мароқли: Тошкент давлат университети талабаси, мактабда ўқитувчи, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти аспиранти, шу ерда кичик, сўнг катта илмий ходим, илмий котиб, бўлим бошлиғи; Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали бош муҳаррири, Жамоат фикрини шакллантириш бўйича Ўзбекистон миллий ишчи гуруҳининг раҳбари…

Жуда кўп китоблар, монографиялар, дарсликлар, адабиётимизнинг у ёки бу ҳодисалари, долзарб муаммоларига бағишланган икки юздан ортиқ адабий-танқидий мақолалар муаллифи. Турли халқаро анжуманларда ўқилган пурмазмун маърузалар таърифи эса алоҳида…

Бахтиёр Назаров жуда зукко, билимдон, истеъдодли ва нозикфаҳм олим эди, жуда кўп ўқирди, изланарди. Олим адабиётда пайдо бўлган ҳар бир асарни синчковлик билан кузатиб борар, айтиш мумкинки, ҳеч бири унинг назаридан қочмас, дарҳол муносабат билдирар, ҳар бири ҳақида ўзининг қатъий ва муқим фикрига эга эди.

Асарни тушуниш деган гап бор. Тушунганда ҳам, асарнинг тўлиқ моҳиятини англаш, чуқур мулоҳазалардан сўнг адолатли баҳо бериш, мақталганда ҳам, танқид қилинганда ҳам ёзувчини авайлаш, ижодкор билан ўқувчи орасида самимий боғловчи вазифасини адо этиш, унга тушунтирувчи йўлланма-тавсия бериш олимдан катта инсоф ва сезгирликни талаб этади. Бахтиёр Назаров бу жиҳатларни бағоят чуқур англарди. У академик Матёқуб Қўшжоновнинг шогирди эди, у кишидан ижодкорга холис, беғараз ёндашишни ўрганар ва устоз ҳақида кўп эсларди.

Ижодий дўстлик ва инсоний дўстлик — бу бир-бирига яқин тушунчалар.

1996 йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги Ўзбекистонда ва жаҳонда кенг нишонланди. Парижда Соҳибқиронга бағишланган йиғинлар бўлиб ўтди. Бу катта воқеа бўлганди. Дунёнинг кўп мамлакатларидан келган таниқли темуршунос олимлар Тошкентда Амир Темурга бағишланган халқаро анжуманда иштирок этдилар. Тақдир тақозоси билан анжуманда каминага ҳам “Амир Темур сиймоси тарихда ва адабиётда” номли маъруза билан қатнашиш насиб этди. Бахтиёр Назаров анжуманда ўзбек адабиётида Амир Темур мавзуси ҳақида маъруза қилди. Ўшанда у каминанинг “Сарбадорлар” роман-дилогиясига тўхталди ва биринчи марта ўзбек адабиётида (роман 1990 йилда “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинганди) насрда Соҳибқирон Амир Темур образи яратилганини айтиб, қўллаб-қувватлаб гапирди.

Ижодий дўстлигимиз бора-бора қалин инсоний қадрдон дўстликка айланиб кетди. Бахтиёр шеърлар ёзарди, яхши, пишиқ шеърлар. “Буларни эълон қилиш керак экан”, десам, “Йўқ… Бу ўзим учун ёзилган шеърлар…” деб ён бермасди.

Бахтиёрнинг хотираси бағоят кучли эди. Кўп бор гувоҳ бўлганман. Ажойиб воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. 2013 йилда йигирма йилдан бери ёзаётган “Улуғ салтанат” роман-эпопеясининг тўртинчи китоби — “Шоҳрух Мирзо” романига ниҳоят нуқта қўйилди. Ёзувчилар уюшмасида романнинг муҳокама куни аниқланди. Бахтиёр Назаров, Қозоқбой Йўлдошев, Исломжон Ёқубов, Адҳамбек Алимбеков, Омонулло Бўриев ва бошқа тарихчи, ёзувчилар тўпландилар. Бахтиёр Назаров бош маърузачи қилиб белгиланган эди…

Бирдан муаммо чиқди: шу куни юз берган кутилмаган воқеа билан чалғиб, Бахтиёр… муҳокамага ўқилган роман қўлёзмасини унутиб уйда қолдириб келибди! Уйга бориб келишга эса вақт кетади… Одамлар йиғилган…

— Йўқ, уйга бориб юрмаймиз! — деди бирдан Бахтиёр ҳаммани ҳайрон қолдириб. — Қўлёзмасиз ҳам маъруза қилавераман. Роман, белгиларим ҳаммаси эсимда турибди…

Тўрт юз бетдан ошиқ романни ёдда сақлаш, саҳифаларда қилинган тузатишлар, мулоҳазалар, таклифлар, фикрларни эсда тутиш… жуда мушкул.

Ҳамма Бахтиёр Назаровга ҳайрат билан тикилди.

Бахтиёр хотиржам маърузасини бошлади, романнинг ютуқлари, унинг катта эпопеянинг якунловчи қисми эканлиги, адабиётимизда биринчи роман-эпопея экани ва бошқалар ҳақида сўз юритди. Қўлёзмани синчиклаб ўқиганини намойиш қилди! Романнинг охирида келтирилган сирли “69” рақами (Муҳаммад Султон кўчираётган Қуръони каримнинг 69-Ал-Ҳаққа” сурасида тўхтагани, Соҳибқироннинг шу пайт 69 ёшда экани, яна Соҳибқирон тушида кўкка қараб чиқиб бораётганда нарвоннинг 69-поғонада йўқ бўлиб қолиши…) ҳақида мулоҳаза юритиб, ажабо, “69” рақамини ўнгидан ўқиса ҳам, терсдан ўқиса ҳам ўзгармаслигига диққатни қаратган эди. Қўлёзма ҳақида танқидий мулоҳазалар тўғрисида сўз кетганда, у: “Мен буни саҳифада ёзиб қўйганман”, “Фалон бобида шуни айтганман”, “Буни ҳам белгилаганман…” — деб изоҳлар эди.

“Улуғ салтанат” роман-эпопеясининг 4-нашрига (2019) Бахтиёр Назаров “Тарих ва бадиий талқин” номли теран мазмунли салмоқли сўзбоши ёзиб берди ва унда роман-эпопея жанри, талаблари ҳақида сўз юритди. Мазкур сўзбоши эпопеянинг 2024 йилда амалга оширилган ўзбекча ва русча нашрларида ҳам эълон қилинди.

Бахтиёр Назаров ниҳоятда самимий инсон, бағрикенг, ҳазилкаш, чинакам дўст эди. Сафарларда кўнгил тилагандай ҳамроҳ, суҳбатдош… Айниқса, 2017 йилда бир гуруҳ дўстлар Сурхондарёга сафар қилганимизда, Бахтиёржон давранинг гули бўлиб бориб келганди.

Бахтиёр Назаровнинг илм, маърифат ва адабиёт фидойиси экани яхши маълум. Умрининг охирларида дард уни тўшакка ётқизиб қўйган паллалар ҳол сўрагани борганларимда, адабиёт, ижод ҳақида кўп суҳбат қурардик. Ниятлари катта эди.

Бир сафар у қизиқиб, ҳозир қандай асар ёзаётганим ҳақида сўраб қолди. Иттифоқо, шу пайт аждодимиз, миллий қаҳрамонимиз Спитамен қизи Апаманинг ўнинчи авлоди, Миср маликаси Клеопатра ҳақидаги романни ёзиб тугатган эдим. У эшитиб, бундай деди: “Жуда ажойиб! Романни… қийин бўлмаса, менга ўқиб берсангиз бўладими?.. У ҳақда мақола ёзаман. Токи мақола роман журналда эълон қилиниши билан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилиб чиқсин!.. Чингиз Айтматов шундай йўл тутарди, эсингиздами? Янги қиссаси “Новый мир” журналида бугун чиқса, эртасига “Литературная газета”да унга бағишланган мақола эълон қилинарди…”

Мен дўстимнинг кўнглини овлаб, ноутбукни кўтарганча Бахтиёржоннинг хонадонига бораман. Ёнида ўтириб, “Клеопатра” романини ўқишга тушаман. Бахтиёржоннинг меҳрибон рафиқаси Муҳаррамхон чой дамлаб берадилар, биздан хабар олиб турадилар. Бахтиёр диққат қилиб тинглайди, идроки тиниқ, ақли равшан, хаёли тоза, асло дарднинг асорати сезилмайди. Йўл-йўлакай романни яхшилаш борасида ўз мулоҳазаларини айтади, сўзлар тавсия қилади, мен барини дафтарга ёзиб оламан… Чарчаб қолмаслик учун ҳар куни икки-уч боб ўқиймиз.

“Клеопатра” романи йигирма саккиз бобдан иборат эди. Йигирма беш бобини мутолаа қилдик. Жуда мароқли бўлди. Бор-йўғи уч боб қолди… Афсуски, мана шу уч бобни ўқиб тугатиш, роман ҳақида ўзи ният қилган  мақолани ёзиш Бахтиёр дўстимизга насиб этмади, беомон тақдир ҳукми ўзгача бўлди…

Академик Бахтиёр Назаровнинг умри илм-маърифат, ижод-адабиёт нурига чулғанган эди. У етук адабиётшунос олим, она адабиётимизни, ижод оламини, бадиий маҳорат сирларини пухта ўрганган машҳур алломалар Матёқуб Қўшжонов, Иззат Султон, Азиз Қаюмов, Бегали Қосимовлар қаторида турадиган сиймодир.

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 − one =