Устозга эҳтиром
Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.
Ҳазрат Навоийнинг бу сўзларида ҳеч қандай муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларнинг шогирдлар олдидаги ҳақи беқиёс. Инсон ким бўлишидан қатъи назар, қайси соҳа вакили бўлмасин, билим олиш учун устозга муҳтож.
Устозга ҳурмат, эҳтиром тушунчаси юксак миллий қадриятларимиздан ҳисобланиб, бунда асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидаларга амал қилиб келинади. Азалдан халқимизда ота ўз ўғлини устозга шогирдликка бераркан, “Эти сизники, суяги бизники”, дея лутф қилган. Бу билан устозга ўғлининг келажак тақдирини бус-бутун ишониб топшираётганини билдирган.
Аждодларимиз устоз ва муаллимларнинг ҳаққини яхши билганлар, уларнинг қадри нечоғлиқ баланд эканлигини яхши ҳис этиб, шунга кўра муомала қилганлар.
Улуғ муҳаддис, ҳофиз Шайх Айдарус ибн Умар ал-Ҳазрамий: “Кимга Аллоҳ таоло устозлардан таълим олиш неъматини насиб этса, унга уларни доимо ёдда тутиш, уларнинг фазилатлари ва фойдаларини оммага етказиш, ҳақларига дуо қилиш, Аллоҳдан улар учун розилик сўраш каби ишлар билан шукр бажо келтириш лозим бўлади. Бу — шогирд зиммасидаги энг муҳим вазифалардандир. Зотан, устоз унга отаси бергандан кўра афзалроқ бўлган абадий саодатга етказувчи нарсани тақдим этгандир. Бинобарин, устознинг ҳурмати отанинг ҳурмати каби, балки ундан-да юксакроқдир. Шу боис ҳар бир толибдан устози ва унга тааллуқли барча нарсаларни эҳтиром қилиши, улуғлаши ва унга нисбатан уламоларимиз баён қилган одоблар билан муносабатда бўлиши талаб қилинади”, дейди.
Улуғларимиз бу борада фақатгина назарий кўрсатма ва тавсиялар тақдим этибгина қолмай, юксак даражадаги амалий намуналарни ҳам кўрсатиб берганлар. Улуғ саҳоба, етук олим Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу буюк мартаба билан Расулуллоҳга қаробат соҳиби бўлишига қарамай, Устози Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга отининг узангисини тута туриб: “Устозларимизга шундай эҳтиромда бўлишга амр қилинганмиз”, деганлар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч ҳам оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди”, деган эканлар.
Буюк бобомиз Амир Темур ҳам устозини улуғлаб, ўзини унинг пойига дафн этишларини васият қилганлигидан ҳам устозга бўлган буюк эҳтиромни кўриш мумкин. Тарихнинг олтин саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилган бу битиклар афсона эмас, балки айни воқеий ҳақиқатдир.
Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,
Агар устоз рози — Тангри розидур.
Алишер Навоий ҳазратларининг бу ҳикматлари юқоридаги фикрларга айнан мос тушади. Буюк бобомизнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асари 18-фаслида ҳам устозлик меҳнати машаққати хусусида шундай дейилади: “Унинг иши одам тугул, ҳатто девнинг ҳам қўлидан келмайди. Бир кучли киши бир ёш болани сақлашга ожизлик қилар эди, у эса бир тўда болага илм ва адаб ўргатади. Лекин шуниси ҳам борки, болалар орасида фаҳми идроки озлари бўлади. Муаллим бу каби ҳолларда юзлаб машаққат чекади. Шу жиҳатдан олганда, болаларда унинг ҳақи кўп, агар шогирд улғайгач, подшоҳлик мартабасига эришса ҳам унга (муаллимга) қуллуқ қилса арзийди”.
Аммо минг афсуски, бугунги кунда устозларнинг буюк хизматини унутиб қўяётганлар ҳам орамизда учрамоқда. Ҳатто баъзи мактабларда устозига қўл кўтараётган бетарбия ўсмирлар, ўқитувчини дўппослаётган жоҳил оталар ҳақида эшитиб ёқа ушлайсан киши.
Шуни унутмайликки, жамиятнинг келажаги бўлмиш авлодларни тарбиялашдек улуғ вазифани зиммасига олган ҳазрати инсон — устозлар ҳар қанча эъзозга, ҳар қанча эҳтиромга лойиқдир.
Орзигул БЕГАНЧОВА,
Бухоро шаҳридаги
13-умумий ўрта таълим
мактабининг олий тоифали
ўзбек тили ўқитувчиси,
Вазир жамғармаси
устамаси соҳибаси.