Умр дафтаридаги безаклар

Оила — жамиятнинг энг муҳим ва бирламчи бўғини. Эр ва хотин эса муҳаббат ва садоқат деб аталмиш икки оламнинг ўзаро иттифоқидан иборат қўрғондир. Айни шу муқаддас риштада Андижон ва Ўшни бирлаштирган бир муҳаббат тарихи мени доим ўзига тортади.

Эслайман, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини 7-синф пайтимда ўқигандим. Ўшанда мен асардаги Кумуш ва Отабекнинг муҳаббатига қойил қолган, Офтобойимга меҳр қўйиб, Юсуфбек ҳожига чексиз ҳурмат билан қараганман. Орадан йиллар ўтди. Севимли асарим қаҳрамонларини ҳаётда ҳам учратдим. Мана шунгаям қарийб ўттиз йилга яқин вақт бўляпти.

Қаҳрамоним — Кумушбибига қиёс қилганим Зумрадхон Абдуллаева асли ўшлик.  У болалигидан китобга меҳр қўйди. Кўзлари тийран, нигоҳлари ўткир, фикрлари маъноли Зумрадхоннинг кўнгли ўзи каби гўзал, қуввайи ҳофизаси юксак эди.

Оналар кўнгли олисларни кўра олади. Мунисхон ая қизи Зумрадхондаги истеъдодни илғай олди, ундаги ижодга бўлган қизиқишни ҳурмат қилди. Отаси ҳам аёлидаги ишончни қўллаб-қувватлади ва неки шароит бўлса, қизи учун яратиб берди. Мактабда эса илк устози — она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Улфатхон Ибрагимова ҳам янги булоқ кўз очди, дея унга алоҳида эътибор қаратди. Мактабда бўладиган турли тадбирларда Зумрадхон шеър ўқиб, барчанинг олқишига сазовор бўлар эди. “Қизим, сендан яхши шоира чиқади. Албатта ўқигин, мен сенга ишонаман”, дея ўқувчисига умид бағишлади. Зумрадхонни вилоятдаги “Ўш садоси” (собиқ “Ленин йўли”) газетаси қошида очилган “Илҳом” тўгарагига олиб борди. Уларни болалар ёзувчиси Турсунбой Адашбоев қарши олди ва унинг болаларча машқларини эринмай ўқиб чиқди ва қизни тўгаракка қабул қилди. Зумрадхон шу кўйи ушбу тўгаракка олти йил қатнади. Унинг биринчи шеъри ҳам бешинчи синфда ўқиётганида “Ўш садоси” (собиқ “Ленин йўли”) газетасида чоп этилди.

Ўқувчилик йилларидаёқ мактабда бўлиб ўтган тадбирлар ҳақидаги ахборотлар, кичик ҳикоя ва шеърлари билан вилоят газетасининг кичик мухбири, бўлажак журналист сифатида танила бошлади. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, 1978-1983 йилларда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олди.

Китобдан бош кўтармайдиган, дарс қолдирмай, доим вазифаларни ўз вақтида бажарадиган, табассуми самимий, муомаласи ёқимли Зумрадхон талабаликнинг илк йилларидаёқ кўпчилик йигитларнинг эътиборига тушди. Улар орасида эса андижонлик чапдаст ва чапани йигит Ғолибжон ғолиб келди, Зумрадхоннинг кўнглига йўл топди, эътиборини қозонди. Уларга ҳамма ҳавас қилди, иккисининг муҳаббати юракларга мустаҳкам жойлашди, бу гўзал ишқ қиссаси 1984 йилнинг ёзида никоҳ билан мустаҳкамланди.

Ўш шаҳрида туғилган Зумрадхон Абдуллаева тақдири илоҳий сабаб Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида ҳурмат топган зиёли хонадонга келин бўлди. Қайнонаси фермер, пахтакор, ғаллакор, меҳнатнинг конида яшаб, элда азиз бўлган машҳур деҳқон — Ўзбекистон Қаҳрамони Сиёсатхон опа Абдуллаева эди. Она ўғлидан умр йўлдош танлашда адашмаганлиги учун қувонди. Зумрадхонни келин эмас, қиз деб қабул қилди. Бахт қўрғони ишонч билан бунёд бўлган бўлса, муҳаббат мевалари — фарзандлар Элёрбек, Зилолахон, Ҳуснорахон ва Юлдузхонлар билан мукаммаллашди.

Зумрадхон опа катта оилага келин бўлган илк кунлари қайнонаси фарзандларига таништираркан: “Ғолибжон тўнғич ўғлим бўлса, Зумрадхон сизларга энди опа бўлади”, деди. Мана шунга ҳам қирқ йилдан ошяптики, ҳамон ўша хонадоннинг опаси бўлиб иззат-ҳурматда яшамоқда. Қайнотаси — шифокор Толибжон аканинг оқ халатини, қайнонаси — фермер Сиёсатхон опанинг дала этигини доим озода тутди, уларга меҳрли сўзи, ширин таомини илинди, хизматларини қилиб чарчамади. Ўша меҳнатлари сабаб бугун элда азиз бўлганлиги бежиз эмасдир.

Зумрадхон опа Ғолибжон ака билан 40 йилдан буён биргаликда ҳаёт кечириб, ҳурмат ва иззатда яшаб келмоқда. Икки ижодкорнинг оилада сўзи, қарашлари бир хил бўлса-да, ижод борасида Ғолибжон ака дадил фикрли, ҳақиқатга тик қарай оладиган, ноҳақликка бардош қилмайдиган, кескир бўлса, Зумрадхон опа маънавиятли, оғир-босиқ, андишали, меҳрли ва самимийлиги билан элга танилди.

Дастлаб иш фаолиятини Олтинкўл туман газетасида мухбирликдан бошлаган қаҳрамонимиз кейинчалик вилоят хотин-қизлар нашри бўлган “Иқбол” газетасида мухбир, масъул котиб, муҳаррир ўринбосари бўлиб фаолиятини давом эттирди. Шу йиллар мобайнида “Оила ва жамият” газетасининг вилоят бўйича мухбири сифатида фаолият олиб борди. Унинг “Ҳалоллик сабоғи”, “Болангиз бой бўлмоқчи”, “Ёрдам пулига ёрдам керакми?”, “Билимимни пулга сотмайман”, “Кўникишми… ёки лоқайдлик?”, “Эркак кишига эркакча иш ярашади”, “Аёлларни уйга қайтариш керакми?”, “Муқаддас салтанат”, “Мен ҳам уйда ўтиргим келади” каби долзарб мақолалари муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлди.

Сўздан дур ясаб, Андижон халқининг эъзозига эришган қаҳрамонимизнинг меҳнатлари муносиб баҳоланди ва кўплаб танловлар ғолиби бўлди, қатор китоблар муаллифига айланди.

“Моҳларойим издошлари”, “Қалам учидаги жозиба”, “Мафтункор сиртмоқ” каби жамоатчилик тўпламларида шеър ва ҳикоялари чоп этилди. “Ўш тоғига қорлар тушганда” ва “Юрагимда яшаган дунё” китоблари муаллифи Зумрадхон Абдуллаева Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси ҳамдир.

Шунингдек, фаолияти давомида ижодкорлар ўртасида ўтказилган “Аёл ва жамият”, “Ўткир қалам”, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Қадри баланд бўлсин ўзбек аёлин!” каби вилоят, республика танловларида 1-ўринни эгаллаган бўлса, вилоят Хотин-қизлар ҳамда Республика Хотин-қизлар қўмитасининг “Фахрий ёрлиқ”лари ва “Ташаккурнома”лари билан ҳам тақдирланди.

Мен ўзим билган, кузатган, ўз “мен”ини асрай олган, виждонини байроқ қилиб яшаётган фидойи, замондош аёлларимиздан бири, Андижоннинг суюкли келинига айланган, моҳир журналист, қаламида кўнглини акс эттирган ижодкор Зумрадхон Абдуллаева ҳақида сўз айтдим.

Қаҳрамоним аёллик вазифаларини садоқат билан адо этиб, Ғолибжон ака билан биргаликда яхши фарзандларни вояга етказдилар. Ўғли Элёрбек иқтисодчи, келини Ҳуснорахон мактабгача таълим фидойиси, Зилола ота-она изидан бориб, журналист бўлди. Ҳуснорахон эса тумандаги 42-мактабда инглиз тили фани ўқитувчиси бўлса, Юлдузой 12-мактабда компьютер сабоқларидан дарс беради. Бу оила тўрт нафар фарзанд, бир келин ва уч нафар куёв билан мустаҳкамланди, ўн бир нафар набира билан сайқалланди.

Аслида, инсонлар ҳам, жамият ҳам оила мустаҳкамлиги тарафдори. Турли шароитда ўсган икки инсоннинг жуфт бўлиб яшаши кишидан сабр ва жуда катта меҳнатни талаб қилади. Бунинг учун, керак бўлса, одам ўзини бутунлай ўзгартиришига тўғри келади, ҳатто орзуларини қурбон қилишга рози бўлади.

Биз танглайи яхши сўз, тарбия билан кўтарилган халқмиз. Овоз етган жойгача оиланинг муқаддаслигини, фарзандлар камоли жамиятимиз келажагини белгилашини такрорлашдан, Зумрадхон опа каби оилани кафтида, жамият ишини елкасида кўтарган фидойи инсонларни ибрат қилиб кўрсатишдан чарчамаймиз.

Феруза ОРИПОВА,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × five =