“Ишдаги ишқ”

Бу сарлавҳани танлашимизга кўп йиллик меҳнат фаолиятига эга бўлган тележурналист устозларим Ҳабибулло Абдуллаев ва уларнинг умр йўлдошлари Инобат Абдуллаевалар сабаб бўлди, десам, ишонаверинг. Чунки бу оддий ва самимий инсонларга шогирд бўлган кўплаб журналистлар қаторида биз каминаларнинг ҳам борлигидан фахрланаман.
Бу инсонларнинг тақдир йўллари гўёки барчамизга жуда таниш ва севимли бўлган “Ишдаги ишқ” бадиий фильмининг ҳаётий давомига ўхшайди. “Қандай қилиб?” дейсизми?
Устозим Инобат Абдуллаева билан мулоқотда уларга юзланиб: “Устоз, телевидениеда салкам қирқ йил ишлаш сизга нима берди?” деб савол билан мурожаат қилдим. Улар ўзларига хос камсуқумлик ва самимий табассум ила: “Очиғини айтадиган бўлсам, ижодда омад, ҳаётда бахт берди”, деди. “Қандай қилиб?” десам: “Бир умрлик йўлдош, касбдош, сирдошимни шу манзилда учратганман”, — деди кулимсираб.
Бундай жавобдан қизиқишим ортиб, батафсилроқ билиш илинжида уларга ҳайратомуз қараб қолдим.
“Ҳа, шундай. “Қиз бола палахмон тоши, қаерга бориб тушса, ўша ерда униб-ўсиб, туб қўйиб, палак ёзади”, дейишса, ёшликда унча аҳамият бермаган эканман, бугунги кунга келиб, ўзим бу гапларнинг нақадар ҳақиқат эканлигига амин бўляпман.
Телевидениега ишга келганимда, ҳамкасб жуфтликлар Эргаш ака ҳамда Роза опа Каримова, Мели ака ва Тамара опа Маҳкамовалар, Дияз Раҳманов ва Нзия Раҳманова каби инсонларга ҳавас билан қараган эканманми, билмадим, лекин тақдир менга ҳам шундай ҳаётни насиб этди.
Мен “Ёшлик” студиясида катта муҳаррир, Ҳабибулло ака мусиқий кўрсатувлар бўлимида муҳаррир бўлиб ишлар эди.
Танишувимиз бошида йўлимдан чиқиб қолсалар: “Инобат, ишдан кейин уйингизга кузатиб қўйсам бўладими?” деган таклиф билдириб юрдилар.
Кейинчалик эса “ёзган ҳажвий миниатюраларимни кўриб беринг”, деб баҳона топишга ўтдилар.
Мен яхши билган, менга ботиниб дил изҳорини айта олмаган йигитлар: “Ҳабибулло, ўйлаб иш қил, бу қизга кўпчилик йигитларнинг тиши ўтмаган, яна кулги бўлиб қолмагин”, дейишган бўлса, синфдош дўстлари эса: “Бу даргоҳда яхши қизлар ишламайди, деб эшитганмиз, эҳтиёт бўл”, дейишганини кейинчалик гапириб берганлар.
Охир-оқибат улар ишхонадаги дўстлари билан баҳс бойлашиб: “Мана, кўрасизлар, шу қизнинг муҳаббатига сазовор бўламан”, деб ҳаётда сўзларининг устидан чиқиб, муҳаббатларига содиқ бўлиб келяптилар.
Мен роса қайсарлик қилиб: “Аҳмоққа Тўйтепа нима йўл?” дейишади, келиб-келиб, сизни танлайманми?” деб икки-уч ой ўзимча ноз қилиб юрганман. Ўзим Қибрай туманининг қизи эдим-да.
Ҳамкасбимиз, қўшиқчи шоир, катта муҳаррир (охиратлари обод бўлсин) Анвар ака Исроилов менга алоҳида ҳурмат билан шеърларимни кўриб бериб юрганликлари учун танишувимиздан хабар топиб: “Инобатхон, Ҳабибулло укамиз яхши йигит, бизниям, сизниям ишончингизни оқлайди. Худо хоҳласа, осмонга чиқсангиз оёғингиздан, ерга тушсангиз қулоғингиздан тортиб, тўйларингизни ўзим олиб бораман”, десалар, ҳазилга йўйиб, аҳамият бермай қўя қолган эдим. Шу гапларга фаришталар “омин” деган эканми, тўйни Анвар ака Исроиловнинг ўзлари олиб борганлар.
Ёши улуғларимизнинг “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир” дейишлари бежиз эмас экан”.
Камтарин ва камсуқум, ўша самимий бўлган устозим Ҳабибулло ҳожи ота суҳбатга аралашар экан: “…Айниқса, матбуот ва оммавий ахборот воситалари байрами куни бўлиб ўтган ажойиб бир воқеани эсламай иложи йўқ”, деб қолдилар…
“Ҳар йили мана шу касб байрамимиз нишонланадиган 27 июнь санасида Инобат ҳожи она устозингизга бир даста оқ атиргул совға қилар эдим.
Бу йил эса жарроҳлик операциясидан сўнг, мана, икки йилга яқинлашиб қолди, икки оёғим ишламай, ногиронлар аравасига михланиб қолдим.
Эҳ аттанг, атиргулларни олиб келишни кимдан илтимос қилсам экан, деб турсам: “Ассалом, Ўзбекистон!” кўрсатуви бошловчиларидан бири, энг содиқ шогирдим бўлган Фахриддин Самадов телевидение раҳбарияти бизга атаб жўнатган қимматбаҳо совғалари билан Инобатхонга бир даста оқ атиргул олиб келганини кўриб, кўзларим қувонч ёшлари билан намланди.
Яхши ният яхши-да. Орада шунча масофа бўлишига қарамай, Тошкент ва Нурафшон (аввалги Тўйтепа) оралиғида менинг кўнглимдан ўтган ўй-хаёл шогирдимнинг дилига қандай етиб борди экан-а? Гул бозордан бошқа гуллар эмас, айнан оқ атиргулларни олибди, қаранг!
Шогирдимни бағримга босиб сўрашар эканман, гулдастани олиб, Инобатхонга узатдим. Унинг кўзларидаги севинч ёшларини кўриб, Фахриддин ҳайрон бўлиб қолди. Уни тинчлантириб: “Ҳечқиси йўқ, бу чин дилдан севинганлари. Ҳар йили шундай гулдастани ўзим совға қилардим. Бу юролмай қолган оёқларимга сиз оёқ бўлиб кўтариб келганингизга лол бўлиб йиғлаяптилар”, дедим”.
Умр, тақдир деганлари шу экан. Икки устозимизнинг оила қурганларига ҳам салкам 50 йил бўлибди.
50 йил — ярим аср демак. Бу давр оралиғида устозларим ҳаётида хилма-хил баланд-пастликлар, йўқотиш-у топишлар кўп бўлган.
“Ишдаги ишқ” натижаси ўлароқ, улар бугунги кунда икки қиз — Дурдонахон ва Нодирахон, ўғиллари Зафаржонларнинг севимли ота-онаси, ўндан ортиқ шириндан-шакар набираларнинг эртакчи бобожони-бувижони бўлиш билан бирга, дуогўй ҳожи ота ва ҳожи она мақомига эга бўлиб, умргузаронлик қилиб келишяпти.
80 ёшни қоралаб қолган бу устозларим ҳали-ҳамон инсонларга меҳр улашишда, ёшларга ҳаёт жумбоқларини тўғри ечишда туман ва шаҳар ҳамда маҳалланинг хайрли ишларида бош-қош бўлишяпти.
Умр — оқар дарё, ҳаёт эса ортга қайтмайди. Улар босиб ўтган тақдир йўлларига бир назар ташлар эканман, Ҳабибулло Абдуллаев севиб, елиб-югуриб, меҳр билан тайёрлаган “Даврамизга марҳабо!”, “Марҳабо, талантлар”, “Ёшлар куйлаганда”, “Назм ва наво”, “Ғазал оқшоми”, “Дутор ва танбур тароналари” ҳамда ҳафтанинг ҳар жума куни тонгида эфирга узатиладиган “Ассалом, Ўзбекистон!” кўрсатувлари кино лентаси каби кўз ўнгиларидан ўтишини ёдга олиб ўтдилар.
Инобат Абдуллаеванинг эса “Қизлар давраси”, “Студентлик — олтин даврим”, “Ғазалхон ёшлигим”, “Эъзоз”, “Онамнинг ўгитлари”, “Қишлоқ ёшлари”, “Одамлар ва тақдирлар” кўрсатувлари, шунингдек, уларнинг “Қувноқлар ва зукколар” беллашуви муаллифлик кўрсатувининг олийгоҳлар талабалари ўртасида ўн иккита сонини тайёрлаб, эфирга узатганликлари, бу кўрсатувни тайёрлашга туртки бўлган “КВН” китобини ўқиб, унинг ҳар бир ҳарфига шеър ёзиб, талабаларнинг бадиий саҳналарини ҳам ўзлари ёзиб берганликлари, ҳозирда уни “ўзиники” қилиб олган Олимжон Худойназаровнинг бунга ҳеч қандай дахли йўқлигини сўзлаб бердилар.
Улар бугунги кунда ҳам ижоддан тўхтамаган ҳолда “Онамнинг ўгитлари”, “Ҳаж хотиралари”, “Ҳаёт жумбоқлари”, “Ихлос — халос” китобларини ёзиб, сиз азиз мухлисларга тортиқ қилиш билан бандлар.
“…Яна бир муҳим гапни айтишни унутишимга бир бахя қолибди, — дея суҳбатга нуқта қўйишга йўл бермай, гапира кетдилар Инобат ая. — “Устоздан ўзмаган шогирд — шогирд эмас”, деганларидек, шогирдим — “Шуҳрат” медали ва “Олтин қалам” соҳиби, кўплаб китоблар муаллифи Саодат Ўрмонова ҳам мен сабабчи бўлиб, бир умрлик жуфти ҳалоли, спорт кўрсатувлари режиссёри Анваржон Ўрмонов билан тақдир ришталарини боғлаган.
Шу тариқа Қўшоқова қизимиз Ўрмонова бўлдилар. Икки ўғил ва бир қизни дунёга келтириб, кўплаб набираларнинг бобо-бувижонлари бўлиб яшаб келишмоқда”.
Шоира УМРЗОҚОВА,
журналист.