Янги имкониятлар сари дадил қадам

Фарғона давлат тeхника унивeрситeти талабалари Жанубий Корeяда бўлиб қайтди

2025 йил менинг ҳаётимда унутилмас из қолдирди. Чунки мен илк бор Жанубий Кореяга бориш бахтига муяссар бўлдим. Бу сафар менинг ҳаётимда янги бурилиш нуқтаси бўлди. Фарғона давлат техника университети талабаси сифатида 40 нафар иқтидорли тенгдошларим билан Жанубий Кореяга бордик. Бизнинг сафаримиз нафақат илмий-амалий мақсадларни, балки ҳаётий сабоқларни ҳам ўзида мужассам этди. Улсан университетидаги ёзги мактаб биз учун билим, маданият ва янги имкониятлар эшигини очди.

Мен ўша кунларда бир нарсани чуқур ҳис қилдим: орзу қилган одам учун дунёда ҳеч нарса имконсиз эмас экан. Кореяда ўтказган беш кун ҳаётимдаги энг ёрқин саҳифага айланди. Чунки янги билимлар, янги дўстлар ва энг муҳими, ўзимга бўлган ишончим кучайди. Бу сафардан фақат мен эмас, барча тенгдошларим ҳам қувончли хотиралар билан қайтишди. Ҳаммамизнинг кўзимизда бир хил чақнаш — келажакка ишонч, Ватанимиз учун хизмат қилишга бўлган иштиёқ ортди.

Шу йил март ойларида Жанубий Кореянинг Улсан метрополитен шаҳри мэри Ким Ду Гём бошчилигидаги делегация Фарғонага, жумладан, Фарғона давлат техника университетига ташриф буюрган эди. Ана шу ташриф натижасида университетимизнинг иқтидорли талабаларидан ташкил топган жамоа Улсан университети томонидан ажратилган грант асосида ёзги мактабда иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Мен ҳам ана шу омадли талабалар сафида эдим.

Сафаримиз аввалида бизни шахсан Улсан метрополитен мэри Ким Ду Гём кутиб олди ва самимий суҳбат қурди. Ёзги мактаб давомида эса дунё миқёсида машҳур “Hyundai”, “ЭСCА” ва бошқа йирик компаниялар, шунингдек, Улсан университетининг замонавий лабораториялари, инновацион технологиялари ва таълим жараёнлари билан яқиндан танишдик.

Бу сафар қалбимда унутилмас хотиралар ва янги мақсадлар сари интилиш ҳиссини янада оширди. Энди мен билимимни янада ошириш, хорижий тилларни мукаммал ўрганиш ва халқаро лойиҳаларда фаол иштирок этишни ҳаётий вазифам деб ҳисоблайман.

Бу каби дастурлар нафақат Ўзбекистон ва Корея алоқаларини мустаҳкамлаш, балки биз каби ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Шу боис тенгдошларимга ҳам стартап-лойиҳаларда, халқаро дастурларда фаол иштирок этишни тавсия қиламан. “Имконият берилганда, уни чексиз куч ва фидойилик билан оқлаш керак!” Ҳа, ўзим каби тенгдошларимга шуни айтмоқчиманки, орзу қилишдан тўхтаманг! Чунки орзу қилган инсоннинг йўли доим очиқ бўлади.

Моҳинур РЎЗИЕВА,

Фарғона давлат техника университети

3-босқич талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + 16 =