Юнеско вакилини ўкситган хароб мадраса

Тошкентимизнинг таниқли донишманди Ҳофиз Кўҳакий (у зот Ҳофиз Кўйкий, Ҳофиз Тошкандий номлари билан ҳам эъзозланганлар) таърифига машҳур муаррихлардан ўтказиб сўз айтолмаслигимизни билганимиз учун уларнинг таърифларини келтирамиз. Ҳинд тарихчиси Абдулқодир Мулукшоҳ Бадавоний ўн олтинчи асрдаёқ ёзганди: “Ҳофиз Кўҳақий зўр донишманд бўлиб, айниқса, араб тили ва адабиётини яхши билган. Мавлоно Асомиддиннинг шогирди бўлиб, ўз даврининг ҳамма илмларидан яхши баҳраманд бўлган олимдир. Ўз даврида Мовароуннаҳрда яшаган олимлар унинг бузурглигини тан олган эдилар”.
Тошкент тарихининг зукко билимдонларидан бири бўлган Муҳаммад Солиҳ Раҳим Қорахўжа ўғли 1888 йили ёзиб тугаллаган “Тарихи жадидаи Тошканд” (“Тошкентнинг янги тарихи”) китобида унинг таърифига шундай сўзларни битган: “Мавлоно Кўҳакий ақлий ва нақлий илмларда зўр олим бўлган. Баҳс ва жадал илмининг қоидаларини аъло даражада етказган. Ҳофиз Кўҳакий Тошкент аҳолиси ва олимларининг ифтихори бўлиб, Дашти Қипчоқ, Фарғона, Мовароуннаҳр, Бухоро, Эрон ва Хуросонда кенг шуҳрат қозонган олимдир”.
Ҳофиз Кўҳакийга олимлар, зиёлиларгина эмас, султонлар ҳам ҳурмат-эҳтиром кўрсатганлар. Фикримизни Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асаридаги 1528 йили Аграда бўлган тўй воқеаларига бағишланган қуйидаги сўзлар тасдиқлайди: “Улуғ ош тортилган кейин… Ҳофиз бошлиқ била келганларга чакмонлар кийдурулди… Ҳофиз Тошкандий ва Мулла Фарруҳ бошлиқ Хожанинг мулозимларига… олтундин, кумушдин таркаш била инъомлар бўлди” (Заҳириддин Муҳаммад Бобур. “Бобурнома”. Т.: Юлдузча, 1989. 323-324-бетлар).
Юқорида зикр этилган ҳинд тарихчиси Абдулқодир Мулукшоҳ Бадавоний ўзининг “Мунтахаб ат-таворих” (“Сайланган тарихлар”) китобида Ҳофиз Кўҳакий 1569 йили иккинчи марта Ҳиндистонда бўлгани тўғрисида ёзган. Уни Бобур Мирзонинг набираси Акбаршоҳ Деҳлидан бир кунлик йўлга чиқиб кутиб олган ва бобом билан суҳбат қурган табаррук зот дея иззат-икром кўрсатган, совғалар тортиқ қилган. Ўша китобда ёзилишича, Ҳофиз Кўҳакий Ҳиндистондан Маккага, кейин Туркияга борган. Уни турк султони ҳам тантана билан кутиб олган ва вазирлик лавозимига таклиф қилган. Лекин у таклифни рад этиб, Тошканд сари йўлга тушган.
Ҳаёт ҳақиқатлари бадиий адабиётда ифодасини топади. Паркентда вояга етган севимли ёзувчимиз Хайриддин Султоновнинг “Саодат соҳили” қиссасида Ҳофиз Кўйкийнинг Ҳиндистонга боргани, Бобур Мирзо билан учрашиб суҳбат қургани ва унга хаттот шогирди кўчирган Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” китобини туҳфа этгани, Бобур Мирзо китобни варақлаб бир муддат мутолаа қилгани ва улар ўртасидаги суҳбат қуйидагича ифодаланган:
— Алишербек беназир зот эрди, — деди Бобур китобдан бош кўтариб. Қийиқ кўзларида ҳорғин қувонч учқунлари чақнар эди. — Ҳар сафар ҳайрат қиламанки, туркий тилда ҳеч ким ашъорни ул Ҳазратдек кўп ва хўб айтқон эмас.
— Яхши китоб — киши руҳининг жон озиғи, — деди Ҳофиз Кўйкий уни қувватлаб.
— Ҳар қандай кишининг эмас, — дея бирдан эътироз билдирди Бобур.
— Албатта, олампаноҳ. Лекин яхши китобни ўқиган кишига ҳам яхшилик шарофати юқмоғи шубҳасиздир.
— Ўқиганга юқмайдир, мавлоно! — Бобур Мирзонинг қайсар қошлари мардона чимирилди. — Уққанга юқадир.
— Ҳақ сўз, олампаноҳ.
(Хайриддин Султонов. Саодат соҳили. Т.: Ғафур Ғулом номидаги НМИУ. 2005. 95-бет).
Бироздан кейин Бобур Мирзо меҳмондан ташрифи сабабини сўрайди. Ҳофиз Кўйкий тавозе билан ундан сарой кутубхонасида мутолаа қилишига рухсат беришини сўрайди.
— Бизнинг ҳузуримизга не-не муҳтарам зотлар ганжи давлат тилаб, кутбайи унвон тилаб қадам ранжида қилдилар, — дея сўзида давом этди Бобур. — Лекин шу вақтгача китоб излаб, маърифат излаб келганини кўрганимиз йўқ эди. Шукур Тангригаким, алҳол иноят айлаб, ҳақиқий кўз тутган кишимизнинг дийдорига етиштирди (Ўша китоб, 98-бет).
Китобдан иқтибослар келтиришдан мақсадимиз шавкатли аждодларимиз Бобур Мирзо ва Ҳофиз Кўйкийнинг ибратли фазилатларини эслаш эди. Ҳофиз Кўйкийнинг қанча тоғларнинг хатарли сўқмоқларидан ошиб, йўлда қароқчиларга таланиб Ҳиндистонга боришдан мақсади Бобур кутубхонасидаги китобларни мутолаа қилиш бўлган. Бундай эзгу мақсадни фақат ҳақиқий олимларгина олдига қўйишлари мумкин. Шубҳасиз, Бобур Мирзо унинг сарой кутубхонасида мутолаа қилишига рухсат беради. Ўша китобда келтирилишича, Ҳофиз Кўҳакий ноёб ҳисобланган Иброҳим ибн Адноннинг ўнинчи асрда форс тилида ёзилган “Тарихи Туркистон” китобини айнан Бобур кутубхонасида ўқиган ва кейинчалик туркий тилга таржима қилган. Эндиликда биламизки, Ҳофиз Кўҳакий китобнинг сўзма-сўз таржимаси билан кифояланмаган. Туркий халқлар ва мамлакатлар ҳақида катта билимга эга бўлгани учун хато жойларини тўғрилаган ва керакли ўринларда янги маълумотлар билан тўлдирган.
(Ишонамизки, зукко китобхонларимиз “Саодат соҳили” асарини ўқишган ва Бобур Мирзо, Ҳофиз Кўйкийга оид кўплаб маълумотларни биладилар).
Султон Муҳаммад Ҳофиз Кўҳакий 1490 йили Паркентда улуғ алломамиз ва султон Мирзо Улуғбекнинг шогирди бўлган Али Қушчининг ўғли Мирзо Камолиддин хонадонида дунёга келди. Унинг томирида зиёли бобоси ва отасининг қони жўш ургани учун болалигидан илм олишга ихлос қўйди. Ўғлининг иқтидорини кўрган отаси бироз улғайгач, билимини мустаҳкамлаши учун Тошкентга йўллаган. Шу ўринда эслашимиз лозим, Бобур Мирзо 1502 йиллар атрофида Паркентнинг Сомсарак ва Заркент қишлоқларида бўлган. Бобур Мирзодай шахснинг Али Қушчининг ўғли бўлган Камолиддинни йўқламаслигини кўз олдимизга келтира олмаймиз. Балки ўша даврда Бобур Мирзо илмга ташна ўсмир Султон Муҳаммад билан учрашган бўлса ажаб эмас.
Тошкентда Султон Муҳаммад Мавлоно Асомиддин ва бошқа устозлардан таҳсил олиб, араб ва форс тиллари, мантиқ, фиқҳ ва бошқа фанлар бўйича теран билимга эга бўлади. Ўзи битган рисолаларга Кўҳакий тахаллусини қўяди. Кўҳ — тоғ, кўҳакий — тоғлик дегани. У тоғли Паркентда туғилганини эслатиб туриши учун шу тахаллусни танлагандир. Аввал Тошкентнинг Қўйлиқ мавзесида, кейин эса Сағбон кўчасининг ўнг томонида, бозорга яқин жойда истиқомат қила бошлайди. Манбаларда шаҳарлик Собира исмли қизга уйлангани, бир ўғлининг исми Абдуллоҳ бўлгани тўғрисида маълумотлар учрайди. Ҳовлисида ўз маблағи эвазига мадраса қурдирган ва шу нурли масканда мударрислик қилган. Кейинроқ унинг раҳбарлигида масжид барпо этилган. Ҳозирги кунда бу жой Ҳофиз Кўҳакий маҳалласи дея номланади.
У умри давомида Хитойдан Мисргача бўлган мамлакатларда сафар қилган ва халқларнинг урф-одатларини ўрганган, албатта, мавжуд китобларни ўқиб билимини оширган, ўз асарларига манбалар тўплаган. Ҳофиз Кўҳакий ўндан зиёд асарлар ёзгани маълум. Айниқса, “Тарихи Тошканд” (“Тошкент тарихи”), “Тарихи оли Чингиз” (“Чингиз авлоди тарихи”), “Рисола фи фанн ат-тафсир вал усул вал фуру вал мантиқ вал калом” (“Тафсир, фиқҳ асослари ва тармоқлари, мантиқ ва калом илми ҳақида рисола”), “Шарҳи одобул мунозара” (“Одоб ва ахлоқ тўғрисида мунозара”), “Фавоид зиёия” (“Мунаввар фойдалар”) каби асарлари машҳур бўлган. Бундан ташқари Жомий, Асомиддин каби таниқли шахсларнинг асарларига шарҳлар ёзган. Биз юқорида Иброҳим ибн Адноннинг икки жилдлик “Тарихи Туркистон” (“Туркистон тарихи”) китобини туркий тилимизга таржима қилгани тўғрисида тўхталгандик.
Фахр билан таъкидлашимиз керак, Ҳофиз Кўҳакий қурдирган мадраса ва унинг таълими довруғи узоқ-узоқларга кетган. Ҳиротлик олим Муҳаммад Тоҳир узоқ йўл босиб, Самарқанду Бухоролардан ўтиб, 1564 йили Тошкентга келади ва Ҳофиз Кўҳакийдан шогирдликка олишини сўрайди. Айнан шу мадрасада устозидан таҳсил олади, турли фанлар бўйича билимини мустаҳкамлайди ва ўз юртига қайтиб теран асарлар битади. Албатта, Ҳофиз Кўҳакий мадрасасида таълим олган бундай толиби илмлар кўп бўлган.
Ҳофиз Кўҳакий 1584 йили пири бадавлат ёшда вафот этади ва маййити Тошкентдаги Қаффол Шоший мақбараси кираверишининг ўнг томонига дафн этилди. Ул табаррук зотнинг пири бадавлат ёшга етиши ва барчанинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлишининг сабаби — бир умр бузург Баҳоуддин Нақшбанднинг “дилинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин” нақлига қатъий амал қилиб яшаганида!
Афсуски, нурли илм маскани бўлган мадраса юртимизда 130 йил давом этган мустабид тузум даврида турли ташкилотларнинг омборларига айлантирилди ва хароб аҳволга келтирилди. Мустақиллик шабадаси эса бошлаган даврда “Ҳофиз Кўҳакий” номли маҳалла аҳли ҳашар йўли билан масжидни тиклади, лекин шу масжид яқинидаги мадраса қаровсиз ҳолда қолиб кетди. Тўғри, кейинги йилларда маданий меросни асрашга ва тиклашга мутасаддилар бу жойга келиб кетишди. Ҳар бири ваъдалар ҳам беришди, лекин аҳвол ўзгармади. Бу жойни кўришга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг маориф, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти (ЮНЕСКО) вакили ҳам келди ва мадрасанинг хароб аҳволини кўриб, ошкора хафа бўлди. Ўзимизнинг маданий меросни асрашга масъул мутасаддилар ҳануз жим.
Хароб ҳолдаги масжидни кўздан кечирар экансиз, хонадаги устун ва тўсинлар эътиборни тортади. Улар беш аср илгаригидай сақланиб қолган. Букилмаган, ёғоч қуртлари ҳам кемирмаган. Чунки улар эҳтимол Ҳофиз Кўҳакий ва бошқа устозларнинг маърузаларини, илми толибларнинг қизғин баҳсларини тинглаганлари учун асл ҳолида турибди. Балки улар Ҳофиз Кўҳакий ва шу жойда таълим олган илми толиблар ҳурмати учун бизни асраб қолинглар дея бонг ураётгандир, фақат биз бу бонгни эшитмаётгандирмиз. Лекин ишончим комил, бу бонгни эшитадиган ва мадрасани таъмирлайдиган, тиклайдиган маданий меросни асрашга масъул мутасаддилар бор.
Аслини олганда, Ҳофиз Кўҳакий маърифатимиз устунларидан бири эди. Унинг меросини, ибратли турмуш тарзини ўрганиш ва тарғиб этиш, у бўлган жойларни обод қилиш, номини абадийлаштириш барчамизнинг бурчимиздир.
Сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз томонидан қанчадан-қанча обидалар, қадамжолар обод қилинди, шубҳа йўқки, ушбу зиёратгоҳга ҳам эътибор қаратиладиган кунлар яқин.
Асрор МЎМИН,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист.