Дафтарларда қолган сатрлар
Халқимиз таниқли шоир, камтарин инсон, устоз Саъдулла Ҳакимни яхши билади. Таниқли ижодкорнинг “Ҳамал тонглари”, “Сен кутган баҳор”, “Ёз оқшоми”, “Она сўз”, “Кўнгил юзи”, “Кўҳна нақл” сингари китоблари юртдошларимизнинг севимли асарларига айланган.
Қуйида шоирнинг ҳали матбуотда эълон қилинмаган бир нечта шеърларини ҳавола қилмоқдамиз.
Саъдулла ҲАКИМ
РАЙҲОН
Ақли кириб, хонаки гуллар
Бола каби турса оёққа —
Сўзсиз жўнаб кетарди улар
Боболари яшаган ёққа.

Эркинликни соғинар мазлум,
Бошқаларнинг келмас ўйига.
Ялпизлар ҳам ўтмайин бир зум
Кўчар эди ариқ бўйига.
Голландларнинг неча хил тури —
Пушти, сиёҳ ранг лолалари
Учоқларда навбатда туриб,
Парвоз сари шошарди бари.
Ўзимизнинг ол лолалар ҳам
Иссиқхона эшигин очиб,
Ҳаммаёғи асфальт шаҳардан
Тоғу тошга кетарди қочиб.
Фақат… фақат бир кўчат сипо,
Олам аҳлин этарди ҳайрон:
Ўзбекойим ўтирган супа
Теграсидан кетмасди райҳон.
Шу учун ҳам азиз момолар
Қошу кўздай қадрлаб доим,
Чеккасига тақиб юрарлар,
Юксакдадир райҳоннинг жойи.
Кўнглимга завқ берар ушбу ҳол,
Тилимга тот берар бир баёт:
Райҳон таққан Ўзбекойимга
Ўхшаб кетар хушрўй бу ҳаёт!
20.08.2020
БУ ТОҒЛАР
Минг йиллардан достон айтар бу тоғлар,
Билиб-билмай зору нолон айлама,
Сен чўққини бундай осон айблама,
Минг йиллардан достон айтар бу тоғлар.
Бағри тош деб дашном берма чўққига,
Сув ҳам совуқ рутубатдан муз бўлар,
Аччиқ-аччиқ кўз ёшлари туз бўлар,
Бағри тош деб дашном берма чўққига.
Чўққилар ҳам одамлардай йиғлайди,
Қиш забтига етмас сабр-бардоши.
Милдир-милдир оқиб ётар кўз ёши,
Чўққилар ҳам одамлардай йиғлайди.
Баҳор келса, чўққилар ҳам гул очар,
Ёмғирларда яйраб-яйраб чўмилар,
Минг хил гиёҳ ифорига кўмилар,
Баҳор келса, чўққилар ҳам гул очар.
15.09.2020
КЎНГЛИ ЗОР
Кўнгли зор билгай кўнгилнинг зорини,
Этмагай ёр дарду ғамга ёрини.
Қилмаса ишқ гар кўзин кўр, ҳеч киши
Севмагай мендек ўшал айёрини.
Дардга малҳам уч маҳал аччиқ дори,
Мен шифо билдим санам озорини.
Икки гул барги тилим этди чучук,
Бол бериб ёздим дилим хуморини.
Энди не бўлгай десам, ул айтдики,
Бол шимиб, бол бирла боққай ёрини.
Мен дедим, томирда шарбат нашъаси
Оқмаса очгайми гул узорини?
Бори гап шулми дея, ёр, инжима,
Бўлмади айтиб Саъдулло борини!
ИШҚИНГ ЎТИДА КУЙДИМ
Эй ёр, сенинг ишқингда ишқинг ўтида куйдим,
Суйдим кул бўлиб, яна гулдай кўкариб суйдим.
Ҳар сўзинг ёмғир каби малҳам бўлди дилимга,
Эшитган борми, ташна десаки, ичиб тўйдим.
Сендан кўзим узмоққа қиймади кўзим, шундан
Ўзгаларнинг кўзидан ҳаргиз кўзимни қийдим.
Рўзадор борки, ўзни тийгуси ёмон сўздан,
Сенинг номингдан ўзга сўздан мен ўзни тийдим.
Тилим тотли бўлсин деб бол ялайди одамлар,
Мен тилимга бол каби сенинг номингни қўйдим.
Куз қуёш соғинчида кийган каби заъфар тўн,
Ҳижрон чопоним бўлди, соғинчдан дўппи кийдим.
