Жасорат ва шижоат — ҳаёт мазмуни
Оҳангарон водийси жуда қадим–қадимдан нафақат ўзининг гўзал табиати ҳамда бебаҳо қазилма бойликлари, балки эл-юрт хизматига камарбаста, фидойи инсонлари билан ҳам маълум ва машҳурдир.
Эл-юрт ишига сидқидилдан ёндашиб, ҳалол меҳнати билан мамлакатимизда танилган асл инсонлардан бири, шубҳасиз, Абдуҳошим Муталовдир.
Зеро, куни кеча муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиздаги касаба уюшма фаоллари ва фахрийлари билан учрашувда “Ҳар бир ташкилот ва муассаса тарихини ўрганиш, уларда меҳнат қилган инсонларни ёдга олиш, эзгу ишларини келажак авлодларга етказиш барчамизнинг бурчимиз”, деб ҳақли равишда таъкидладилар.
Абдуҳошим Муталов 1947 йил 27 апрелда Оҳангарон туманининг Тошариқ қишлоғида оддий деҳқон оиласида дунёга келди.
Мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ ўқувчилар орасида ўзининг тиришқоқлиги, ўқишга, билим олишга чанқоқлиги билан алоҳида ажралиб турарди.
Оиладаги иқтисодий танглик унга пойтахтда олий таълим олишга имкон бермади ва шу сабаб 1965 йили дастлаб Тошкент нон комбинатида оддий новвой бўлиб ишлади.
Бу орада у ҳарбий хизматга чақирилди ва хизматдан сўнг яна Тошкент нон комбинатида ишини давом эттирди. Абдуҳошим нима бўлса ҳам олий маълумот олишга интиларди. Шу мақсадда Москвадаги Бутуниттифоқ сиртқи озиқ-овқат саноати институтига ўқишга кирди ва 1976 йили мазкур олий таълим юртини тугаллади.
Аввалига у Тошкентдаги дон маҳсулотлари комбинатида ишлади. Ўша пайтлардаёқ ишчанлиги, ташкилотчилиги ва билимдонлиги билан кўзга ташланиб қолган Абдуҳошим Муталовга Ўзбекистон ССР дон маҳсулотлари вазири бўлиб ишлаётган Раҳим Хушвақтович Қўйбоқаровнинг назари тушиб қолди.
Оҳангарон шаҳридаги дон маҳсулотлари комбинати ташкил топган кунданоқ ишлаб чиқариш ўта суст бўлиб, ҳар йили маҳсулот тайёрлашда мунтазам қолоқликка йўл қўйилаётганди ва бу корхонани зукко, билимдон ва талабчан кадрлар билан мустаҳкамлаш мақсадида вазир 1979 йили Абдуҳошим Муталовни Оҳангарон дон маҳсулотлари комбинати директори вазифасига тайинлайди.
Ёш директор ишни аввало меҳнат интизомини мустаҳкамлашдан бошлади, ташмачиликка кескин барҳам берди, ишлаб чиқариш технологияларини таъмирлади ва унинг ўзи доимо корхонанинг ишлаб чиқариш цехларида ва ишчилар орасида бўлар, кўпинча иш бисёрлигидан комбинатда тунаб қоларди.
Мазкур мақола муаллифи, яъни мен ҳам ўша пайтларда “Оҳангарон” газетасида масъул котиб бўлиб ишлардим ва кўпинча саноат корхоналари мавзусида қалам тебратаётганлигим боис, кунлардан бирида шаҳарда пешқадамлар сифатида анча танилиб қолган Оҳангарон дон маҳсулотлари комбинатига мақола ёзиш учун бордим.
Номим улуғ, супрам қуп-қуруқ бўлиб юрган пайтларим, завод сари яёв кетдим…
Тан олиш керак, ўша кезларда матбуот ходимларининг мавқеи анча юксак бўлиб, Оҳангарон шаҳридаги деярли барча йирик корхоналарнинг салобатли раҳбарлари ҳамиша мухбирларга катта эътибор ва ҳурмат кўрсатишарди.
Директор Абдуҳошим Муталов мени яхши кайфият ҳамда ёруғ чеҳра кутиб олди ва дарров кабинетига эмас, балки корхонанинг ишлаб чиқариш цехларига олиб бориб, технологик жараёнлар ва ишчилар билан таништирди.
Корхона жамоаси янги директорга ишонч ва умид билан қараётганини сездим.
Сўнг директор кабинетида суҳбатимиз давом этди ва Муталов мени корхонанинг тўпланиб қолган муаммолари ва келгусидаги режалари билан батафсил таништирди.
Мен боя айтганимдек, корхонага пиёда келгандим ва редакция билан комбинат оралиғи салкам тўрт километр эди. Буни Муталов сездими, у корхона ҳовлисига чиқиб кузатаркан, мени қоп-қора зулукдай Газ-24 “Волга” енгил автомашинасига солиб жўнатиб юборди.
Шу кезлари мен атиги йигирма саккизларда бўлсам ҳам ҳали бунақанги ҳашаматли машинага ўтирмаган эдим ва Муталовнинг оддий ижодкорларга бўлган олийжаноб муносабатидан ғурурланиб, гердайганча машинанинг орқа ўриндиғига ўтириб олиб, хурсанд ҳолда редакцияга кириб келдим.
Абдуҳошим Муталов 1986 йилда Ўзбекистон ССР дон маҳсулотлари вазирининг ўринбосари, 1987 йилда республика дон маҳсулотлари вазири, 1991 йил Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси муовини ва 1992 йил 13 январдан Ўзбекистон Республикасининг биринчи Бош вазири этиб тайинланди.
Зотан, Абдуҳошим Муталов тўғрисида ҳар қанча гапирсак ҳам оз.
Жорий йилнинг 18 октябрь куни Оҳангарон шаҳридаги 6-сон болалар мусиқа мактабининг фаоллар залида уч авлод учрашуви доирасида меҳнат фахрийси Абдуҳошим Муталов билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирни Нуронийлар жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раиси Абдусамад Носиров олиб борди.
Сўзга чиққан мустақил республикамиз Олий судининг биринчи раиси бўлган ва шу кунларда ўзининг тўқсон йиллик юбилейини нишонлаган Убайдулла Қурбонович Мингбоев қуйидагиларни сўзлаб берди:
— Биз Биринчи Президентимиз раҳбарлигида мустақил давлатимизнинг дастлабки қонунларини бирга яратишда ўша пайтдаги Бош вазиримиз Абдиҳошим Муталовдан кўпгина муҳим ва зарур маслаҳатларни олганмиз. Бу кишининг ўта камтарлиги, чуқур билими мени доимо ҳайратга солиб келган. Ҳозир ўша кунларни фахр билан эслайман.
— Мен ўшанда Муталовга муовин эдим, — деди сўзга чиққан Қаюм Жалилович Ҳаққулов. — Ҳа, жуда-жуда қийин кезлар эди. Муталов Бош вазир этиб тайинланганда, биласизми, Ўзбекистонда бир ҳафтага зўрға етадиган ун захираси қолиб, очарчилик хавфи туғилганди. Бош вазиримизнинг уддабуронлиги ва тезкорлиги туфайли бу муҳим масала ижобий ҳал бўлди. Шунингдек, Абдуҳошим Муталов билан бирга Тошкент вилоятининг туманларини газлаштириш масаласини ҳам муҳокама қилиб, қисқа муддатда олис қишлоқларга ҳам табиий газ етиб келишига эришдик. Мен Муталов билан бирга ишлаганимдан чексиз фахрланаман…
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Раҳматилла Шералиев, техника фанлари доктори, профессор Абдурашид Ҳасанов, таниқли шоир Барот Исроил, юридик фанлар номзоди Фахриддин Комилов, “Нуроний” жамғармаси Оҳангарон шаҳар бўлими раиси Шавкат Комилов ва бошқалар меҳнат фахрийси, давлат ва жамоат арбоби Абдуҳошим Муталовнинг давлат ва халқ олдидаги буюк хизматларини эътироф этиб, унга узоқ умр тиладилар.
Пировардида Абдуҳошим Муталов сўз олиб, бугунги маънавий-маърифий тадбир ташкилотчиларига чуқур миннатдорчилик билдирди.
Пешиндан сўнг маънавий- маърифий тадбир қўшни Олмалиқ шаҳрига кўчди.
Меҳмонларни Олмалиқ кон- металлургия комбинати акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Абдулла Хурсанов кутиб олди.
Меҳмонлар муҳташам металлурглар саройидаги археология музейини диққат ва катта қизиқиш билан кўздан кечирдик.
Мазкур музейда Оҳангарон водийсининг қадим тарихи, олис Илоқ давлати ва унинг пойтахти Тункент шаҳрига ҳамда Суюрлитепа ёдгорлигига оид экспонатлар тўпланганларда катта тассурот қолдирди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати мис бойитиш фабрикаси қурилишига 2024 йил октябрь ойида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев старт берганди ва мана шу қисқа муддат мобайнида бу жойда улкан қурилишларни кўриб, давлатимизнинг қудратига тан бермай илож йўқ.
3-мис бойитиш фабрикаси Ўзбекистон рангли металлургия саноатида энг муҳим ва энг йирик инвестиция лойиҳаларидан биридир ва унинг лойиҳа қуввати йилига 60 миллион тонна рудани ташкил этади, бу эса минглаб қўшимча иш ўринлари яратилишига замин бўлади.
Комбинат бошқаруви раиси Абдулла Хурсановнинг айтишича, бугунги кунда корхонада 36 минг киши ишлайди ва уларнинг ўртача иш ҳақи салмоқли бўлиб, қатор ижтимоий кафолатлар яратилган.
Тадбир сўнгида Абдулла Хурсанов сўзга чиқиб, Оҳангарон тумани ва шаҳар фаоллари ҳамда меҳнат фахрийларининг ташрифидан ғоят мамнун бўлганлигини айтиб, барчага чуқур миннатдорчилик билдирди.
Дарҳақиқат, ўтган шанба кунидаги ажойиб тадбир ҳаммамиз учун жуда мазмунли ва жуда унутилмас кун бўлди.
Озод ХУШНАЗАРЗОДА
