Ҳаромдан ҳазар
Дунёда ёмон касблар бўлмайди. Агарда ҳалол ризқ учун меҳнат қилинса, ҳар қайси касб — ҳурматга лойиқ. Аммо унга ёмон муносабатда бўлгувчилар бор. Қассоблик ҳам ана шу янглиғ элга манзур касблардан бири. Аллоҳ уни ҳаромдан ҳазар этгувчи, ҳалол ва покдомон кишиларга тирикчилик манбаи сифатида тортиқ этган.
Урганч туманида истиқомат қилувчи Олим Ботиров, аслида, бу касбнинг этагини тутган бандалар тоифасидан эмас. Бироқ шу касб орқасидан бойиб, беҳисоб мол-мулк орттириш йўлларини беш бармоқдай билади. Қанийди, ҳар киши одамийликка, ҳалол ва пок амалларга суянган ҳолда бойиса! Йўқ. Ундай бўлмади. Қассоблик йўлида бутун мусулмон олами қаттиқ қоралайдиган ўта жирканч амалга қўл урди. Ҳаттоки айтишга ҳам тил бормайдиган қабиҳ иш – эшак гўшти савдоси билан шуғулланди. “Қассобхона”ни ўз уйида очди. Ҳар куни сўйилиб, гўшти узоқ-яқиндаги улгуржи мижозларга етказиб берилган эшаклар сони, тегишли ҳужжатларда қайд этилганидек, 5-6 дан 20-25 тагача етди. Ана шундай машъум кунларнинг бирида…
…Бу воқеа ўтган йили рўй берди. Олимнинг жирканч ҳунаридан хабар топган урганчлик Тоҳир Қўшназаров, Мурод Полиёзов, Рустам Жумабоев, Азизбек Қодиров, Улуғбек Раҳимов уни тузоққа тушириш ва катта миқдордаги пулини шилиб олиш ниятини кўнгилга жо этдилар. Шу аснода О.Ботировнинг уйида эшак сўйиш билан шуғулланувчи Бобир Матниёзовни тазйиқ ва қўрқитув йўли билан ўз измига солдилар. Зиммасига О.Ботировнинг ўз уйида эшакларни сўйиб сотиш фаолиятини видеотасвирга олиш ва шу жирканч қилмиш билан боғлиқ маълумотларни ўзларига тўхтовсиз етказиб туриш мажбуриятини юкладилар. Айни пайтда О.Ботировнинг уйи уни жиноят устида “фош” этиш ниятини дилига жо этган ясама изқуварлар тарафидан пинҳоний равишда кузатувга олинди. Улар кутган воқеа эса ўтган йилнинг 29 сентябрь куни рўй берди.
Ёлланма қассоб Б.Матниёзов шу куни бир йўла 24 та эшакнинг бўғзига пичоқ тортди. Сўнгра уларнинг суягини суякка, гўштини гўштга ажратган ҳолда мол эгасининг илкига топширди. Суякдан ажратилган гўштнинг вазни нақ 530 кило тош босди. Қассоб уйни кузатаётганларнинг қатъий топшириғи асосида ими-жимида ҳаракат қилиб, эшакларни сўйиш ва гўштга ажратиш жараёнларини баҳоли қудрат тасвирга олди.
Алқисса, гўшт эгаси ҳам режани пухта тузди. Тайёр ҳолдаги эшак гўштларини мижозларга тўхтовсиз етказиб бериш учун махсус ҳайдовчи ёллади. Ҳайдовчи Акбар Абдуқодиров ушбу вазифани адо этиш фарзини зиммасига олди. У бошқарган “Cobalt” машинаси ўша куни соат 19 лар чоғи янги сўйилган 530 кило эшак гўштини ўз гарданига ортган ҳолда Урганчнинг Чаккашоликор қишлоғидан пойтахт Тошкент сари йўлга чиқди. Лекин узоққа кета олмади. Т.Қўшназаров, М.Полиёзов, Р.Жумабоев, А.Қодиров, У.Раҳимовлардан иборат “изқуварлар” гуруҳи машина Амударё кўпригини ортда қолдириб, Қорақалпоғистон кенгликлари сари йўл олган чоғ унга етиб олишди. Ҳайдовчи А.Абдуқодировдан автоуловдаги юк ва унинг дарагини сўрашди. Киракаш ҳайдовчи ўз мижозининг сўровига биноан пойтахт Тошкентга гўшт олиб кетаётганини айтди. Гап эшак гўшти мавзусига кўчди. Ҳайдовчи номаълум йўлтўсарларнинг бу ҳақдаги даъвосини кескин рад этди. Ўз машинасига ортилган юк, аслида, эшак гўшти эканлигини тан олмади. Ҳатто лунжига сўлақмондай мушт тушса-да, машинага қандай гўшт ортилганидан хабари йўқлигини пеш қилишда давом этди. Аммо унинг йўлини кесиб чиққанларнинг қўлида машинадаги юк эшак гўшти эканлигини тасдиқловчи ишончли далиллар: ҳайдовчи ва унинг мижози томонидан содир қилинган машъум қилмишга оид видеотасвирлар бор эди. “Гап тамом. Гўшт эшакники. Ҳаммаси суратга олинган. Уни интернет орқали бутун оламга тарқатиб, башарангни фош этамиз. Машина эса ортга қайтади”, деди Акбарбекнинг сўзини чўрт кесган ҳолда “фош этиш” тадбирини бошқараётган Улуғбек.
…Акбарбекнинг галдаги сафари шу ерда қариди. Унинг машинаси келган йўлига қайтди. Бошқалар ҳам ортга қайтишди. Равон йўл уларнинг барини орадан беш-ўн дақиқа ўтмаёқ Урганч шаҳри чеккасидаги Охунбобо қабристони ёқасига элтди. Акбарбекнинг машинасини ортга қайтарганлар вақтни бекорга ўтказишмади. Уни сўроққа тутишди. Қилмишининг мудҳиш қидирмиши ҳақида огоҳлантириб, масаланинг жўн ечимини таклиф этишди. У ва унга мижоз бўлмиш Олим Ботировнинг жинояткорона кирдикорини бутун юртга фош этмаслик, бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар бермаслик эвазига нақ 200 миллион сўм миқдорида пул талаб қилишди. Ҳаром иш – бошқа бир ҳаром чигалли муаммони келтириб чиқармоқда эди. Лекин айбидан тонган одам уни пул билан босди-босди қилишга рози бўлармиди? Хуллас, Акбарбек тўлов ҳақидаги талабга рўйхушлик бермади. Унинг юк ортилган машинасини ишончли қўриқчи билан шу ерда қолдиришди.
Гал юк эгаси Олимни дараклашга етди. У Улуғбек томонидан қилинган телефон қўнғироғига “лаббай” дея жавоб берди. Бироқ “изқуварлар”нинг ҳафсаласини пир қилганча уйида эмаслиги, ўз юмушлари билан Хивага келганини маълум қилди. Хайрият, Хива сафарида эканлигини дастаклаган Олимни орадан 10-15 дақиқа ўтмаёқ ўзининг Чаккашоликор қишлоғидаги уйидан топишди. У 200 миллион сўмлик тўлов ҳақидаги дағдағали талабни бажо келтиришдан бош тортмаган бўлса-да, айни дамда бунча миқдордаги пулни топишга кўзи етмаётганини айтди. Акбар Абдуқодировнинг машинасидаги юк чиндан ҳам эшак гўшти эканлиги ошкор этишдан ор қилмади. Лаҳм эшак гўшти Тошкентдаги ҳайвонот боғида асралаётган йиртқич ҳайвонларга емиш сифатида олиб кетилаётганини маълум қилди.
Бари равшан. “Изқуварлар” муддаога кўчишди. Эшакни сўйиш мусулмон олами учун кечирилмас айб, гуноҳи азим, жирканч жиноий кирдикор эканлигини айтиб, сўз оҳангини дўқ-пўписа томон буришди. У ва жиноий шериги А.Абдуқодиров томонидан содир қилинган машъум қилмиш тафсилотлари, бир неча ҳафталик кузатувлар натижасида тўпланган далил-исботлар, эшак қассобхонаси ва унда сўйилган гўштни гарданига ортганча пойтахт Тошкент томон йўл олган “Cobalt” машинасидан олинган видеотасвирларни блогерлар кўмагида ҳадемай ижтимоий тармоқлар орқали бутун юртга ёйиб, бу қалтис қилмишга қўл урганларни шармандаи шармисор этиш, сўнгра устидан жиноий иш қўзғатиш ва қаматиб юборишга сўз беришди. Товламачилик, тамагирлик, фирибгарликнинг совуқ турқи ана шу тариқа намоён бўлди.
Аммо можаро бу билан ҳам якун топмади. Чақирилмаган меҳмонлар тўловни айни шу топда, ҳаялламасдан адо этишни талаб қилган бўлишса, Олим бунча миқдор пулни атиги бир-икки соат ичида топа олмаслигини рўкачлашдан нари ўтмади. Начора, томонлар “ўйин”ни давом эттиришди. Можаро А.Абдуқодировнинг машинаси қолдириб кетилган муқаддас макон — Охунбобо қабристони яқинидаги очиқ майдонга кўчди. Олим ва Акбарни жиноий қилмиш устида қўлга туширганлар айтганида туришди. Блогерликни касб қилган Ю.Давронов ва Ф.Рўзимов орадан кўп ўтмаёқ уларнинг таклифига мувофиқ можаро майдонига етиб келишди. Лекин бу ерда кечаётган ғайриқонуний воқеалар ҳамда уларнинг мазмун-моҳиятини англаш қийин бўлмади. Блогерлар тарозини тенг тортишди. Ҳеч кимга ён босишмади. Муқаддас қўнимгоҳ яқинида кечаётган ғайритабиий ва ғайриинсоний воқеалар тафсилоти ҳақида зудлик билан тегишли ҳуқуқ-тартибот идорасига хабар беришди.
Товламачилик ва фирибгарликни касб қилган бандаларнинг ҳақиқий, аммо жирканч қиёфаси, қилмиш-кирдикорлари кўлами ана шундан сўнг ўтказилган тафтиш-тергов тадбирлари асносида янада равшанлашди. Ҳайдовчи А.Абдуқодиров ўзи тан олмай, ўзгалар қилмишини фош этиш мазмунида Ички ишлар идорасига ёзган аризасида қайд этилганидек, тамомила беайб ва қўй оғзидан чўп олмаган бандалар сирасидан бўлиб чиқмади. Мижози Олим Ботировнинг сирли “юк”ларини тегишли ҳақ эвазига у айтган манзилга бир эмас, бир неча бор етказиб берганига оид факт ва далиллар ўз тасдиғини топди. Бу янглиғ жирканч қилмишни 2022 йилдан буён мунтазам содир этиб келгани унинг айбига қисман иқрорлиги остида берган кўрсатмасида ўз ифодасини топди. Суд ва тергов айни пайтда жиноий гуруҳ тарафидан мазкур иккала шахсга нисбатан ўтказилган тазйиқ ва таҳдидларни ҳам назарда тутди. Улар бир пайтнинг ўзида ҳам айбланувчи, ҳам жабрланувчи мақомида эътироф этилдилар.
Бунга қарама-қарши маррада турган кимсалар эса анойилар сирасидан эмас. Пихини ёрган товламачи-рэкетчилар — айнан шулар ва ҳар бирининг гарданида залворли айб юки бор. Улуғбек Раҳимов уларнинг каттакони, норасмий сардори. Воҳада содир этилган бошқа талай жиноий кирдикорларда унинг ҳам қўли бор. Феъли ғализ ва ғалати: таниганлар олдида ўзини кўпинча тадбиркор, танимаганлар олдида эса милиция ёки ДХХ ходими қилиб кўрсатади. У суд тергов органи тарафидан жами миқдори миллиардларча сўмни ташкил этувчи 10 дан кўп фирибгарлик ва товламачилик ҳолатлари бўйича унга қўйилган айбларни турли асосларга кўра тан олмади. Аммо суд икки нафар фуқарога етказилган жами 1 миллиард 945 миллион сўмлик зиённи қоплаш мажбуриятини унинг зиммасига юклади.
Судга айбланувчи мақомида жалб қилинган Тоҳир Қўшназаров эса ўзини емаган сомса учун пул тўлашга маҳкум қилинган ўта беозор ва беайб бандага менгзади. Ўзини ҳеч нарсани кўрмаган-билмаганга олди. Айтишича, эшак гўшти можаросига, иттифоқо, ўша куни Охунбобо қабристони ёнидаги катта йўлдан ўтиб кетаётган маҳал тасодифан дуч келган, воқеага бор-йўғи гувоҳ бўлган. О.Ботиров ва А.Абдуқодировга қарши уюштирилган фитна қатнашчиларининг биронтасини ҳам танимайди. Унинг бу айтганлари чўпчак бўлиб чиқди. Тоҳирбой гуруҳга бош қўшганларнинг нафақат таниши, балки ишонган шериги экани суриштирувлар натижасида аён бўлди. Суд ва терговга жалб қилинганларнинг гувоҳлик кўрсатмаларида қайд этилишича, Т.Қўшназаров О.Ботировга қарши ишга солинган товламачилик ҳаракатида фаол иштирок этган, шу аснода Обул Пончи лақабини орттирган. Бу жараёнда Олимнинг кушхонасида қассоблик қилган Б.Матниёзовнинг зиммасига дўқ-пўписа асносида эшак сўйиш ва тайёр гўштни машинага ортиш жараёнларини тасвирга олиш топшириғини юклаган. Иложсиз қолган қассоб бу ишни бир нави адо этган. Т.Қўшназаров О.Ботировнинг ўзини ҳам сўроққа олган. Башарти талаб этилган пул жиноий фаолият қатнашчиларига қўшқўллаб тутқазилмаса, эшак гўшти савдоси билан боғлиқ қилмишини ижтимоий тармоқларга ёйиш билан қўрқитиб, воқеа жойига блогер Ю.Давроновни бошлаб келган. Унинг ҳақиқатни хаспўшлаш, айбидан тониш, уни яширишга қаратилган нохолис нияти ана шу тариқа саробга дўнди.
Таассуфки, жиноий гуруҳнинг бошқа қатнашчилари: Мурод Полиёзов, Рустам Жумабоев, Азизбек Қодиров ҳам манаман деб турган айбга иқрорлик билдирмадилар, ойни этак билан ёпиш пайида бўлдилар. Лекин қилмишнинг иситмаси барибир ошкор тортди. Юқорида зикр қилингани янглиғ жиноий кирдикорлар, чунончи, пировардида айбланувчи-жабрланувчи мақомида эътироф қилинган О.Ботировдан 200 миллион сўм миқдорида пул ундириш борасидаги ҳийла-найранглар, унга қарши ишга солинган товламачилик ва фирибгарлик амаллари, ножоиз ва номақбул тарздаги кузатув ҳамда тасвирга олиш тадбирлари айнан ана шу кимсаларнинг фаол иштироки остида кечганлиги фош бўлди. Ишни судда кўриш асносида айбланувчи Т.Қўшназаров муқаддам 2 марта, М.Полиёзов 4 бора, Азизбек Қодиров 5 марта, Улуғбек Раҳимов ва О.Ботировнинг ҳар бири 1 мартадан жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди.
Мутахассис фикри:
Судда Хоразм вилояти Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази директори Х.Қуриёзов, Урганч туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходими Х.Абдоловнинг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди. Неажабки, уларнинг гапи жуда ғалати бўлди. Эмишки, эшак гўштини умуман олганда истеъмол қилиш мумкин эмиш. Лекин мусулмончиликда ҳаром қилинган экан. Бу нима алаҳсираш бўлди? Ахир, бизнинг халқ мусулмон-ку! Ҳаром қилинган бўлгандан кейин яна қандай қилиб “истеъмол қилавериш” мумкин бўлар экан?!
Ҳайвонот боғларида сақланаётган жонзотларнинг емиши ҳақидаги масалага ҳам аниқлик киритилди. Гувоҳларнинг таъкидлашича, бу ердаги ҳайвонларга аталган гўшт маҳсулотлари четдан олиб келинмаслиги, аксинча, шу ерда тайёрланиб, махсус текширувдан ўтказилиши, шундан сўнггина истеъмол учун тақдим этилиши керак. О.Ботировнинг қассобхонасидан чиқарилган эшак гўшти эса 723-сонли ветеринария хулосасига кўра, ҳайвонлар истеъмоли учун яроқсиз, ҳатто зарарли бўлиб чиққани, ачитувчи ва бижғитувчи бактериялар инсон ҳаёти ва саломатлиги учун зарарли токсинларни вужудга келтиргани маълум қилинди.
Ҳукмингизга ҳавола этилган шу ва шу сингари ҳолатлар содир қилинган қилмиш юки анча оғир жиддий эканлигидан далолат беради. Суд буларнинг барини назарда тутди. О.Ботиров ва А.Абдуқодировга қарши амалга оширилган жиноий кирдикорнинг барча қатнашчиларини Жиноят кодексининг товламачилик ва фирибгарликка оид 165- ҳамда 168-моддалари турли қисм ва бандлари бўйича айбдор деб топди. Уларга нисбатан мазкур кодекснинг адолат, бағрикенглик ва кечиримлиликни ифодаловчи 57-моддасини қўллаш баробарида жазо чоралари бирмунча юмшатилди. Шунга кўра, айбланувчи Т.Қўшназаров ва Р.Жумабоевларнинг ҳар бири 5 йил, М.Полиёзов 6 йил-у 1 ой, У.Раҳимов 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Яна бир судланувчи А.Қодировнинг тақдири анча ачинарли кечди. Суд муқаддам 5 бора жиноий жавобгарликка тортилиб, шунча бор муқаррар жазога рўпара келган, икки бора беш йил ва ундан зиёд муддатга озодликдан мосуво қилинган бу кимсанинг қилмишини алоҳида баҳолади. Айбланувчи 6 йил-у 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Шу билан бирга 5 йил ва ундан кўп муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси судланувчига нисбатан муқаддам 2 бора қўлланилгани, бу галги жазо муддати ҳам шунча миқдорга етгани, боз устига, охирги қилмиши учун тайинланган жазо муддати тугамай туриб, яна қалтис жиноий кирдикорга қўл ургани жиддий айб сифатида эътироф этилди. Маҳкум Жиноят кодексининг 34-моддаси 3-қисми “а” бандига биноан ўта хавфли рецидивист деб топилди. Судга бир йўла ҳам судланувчи, ҳам жабрланувчи мақомида жалб қилинган О.Ботиров ва А.Абдуқодиров эса қонун талабига мувофиқ озодликда қолдилар. Уларнинг қилмиши мазкур кодекснинг хавфсизлик қоидаларига жавоб бермайдиган товарларни ишлаб чиқариш, сақлаш, сотиш, ташиш ва ўтказишга доир 186-моддаси 1-қисми бўйича малакаланди. Ҳар иккала судланувчи муайян муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига маҳкум қилинди. Ушбу ҳукм кейинчалик апелляция ва тафтиш босқичи судларида ҳам муҳокама қилинди. Бироқ уни жиддий равишда ўзгартириш учун асослар топилмади.
Қонун билан ўйнашган, бу ҳам камлик қилгандай, бутун халқнинг хоҳиш-иродасига қарши борганларнинг жирканч қилмиши ана шу аснода ачинарли якун топди.
Фикри ожизимизча, бундай қисмат қалтис ва ҳаром йўлни ихтиёр этган ёки унга мойил бўлган бошқа бандалар учун ҳам ҳаёт сабоғидир.
Бунёд ЁҚУБОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Урганч шаҳар суди судьяси.
Абдулла СОБИРОВ,
журналист.
