Кончилик шуҳрати
“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятига қарашли
Автомобиль транспорти бошқармасининг 60 йиллиги нишонланди
Олмалиқ кон-металлургия комбинати “Металлург” маданият саройи тантанали ва хайрли тадбирлар ўтказиладиган маънавият кошонасидир. Ўтган пайшанба куни ҳам бу саройда карнай-сурнай садолари янгради. Автомобиль транспорти ходимлари куни ва комбинатнинг транспорт бошқармаси ташкил этилганига 60 йил тўлиши муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Маданият саройига кираверишда транспорт воситалари макетларидан иборат қизиқарли кўргазма ташкил этилди. Соҳа фахрийлари ва фаоллари кўргазма билан танишгач, хуш кайфият билан залга киришди.
“Металлург” маданият саройидаги тадбир Ўзбекистон мадҳияси ижроси билан бошланди. Экранда ОКМК, автомобиль транспорти тарихига оид қисқа метражли ҳужжатли фильм намойиш этилди. Йиғилганлар фильмни кўргач, қуйидаги маълумотлардан хабардор бўлишди. 1965 йилда “Олтин-Топкан”, “Қўрғошинкон” ва “Қалмоққир” конларида қазиб олиш ишлари фаол тус олган даврда цехларнинг техника ва механизмларини бирлаштириш, уларни марказлаштирилган тарзда таъминлаш ва таъмирлаш мақсадида махсус жиҳозланган цех ташкил қилиш зарурати пайдо бўлади. Бу эса автомобиль транспорти соҳасида янги бошқарув тизимини яратишдан иборат эди — натижада бугунги кундаги Автомобиль транспорти бошқармаси (АТБ) ташкил этилди. Таркибига учта автобаза (кейинчалик уларнинг сони кўпайтирилди), трактор парки ва автомобилларни таъмирлаш участкаси кирган. Технологик ташиш 1967 йилда “чорак юк машиналари” деб аталадиган “МАЗ-525” автомашиналари томонидан амалга оширилди. Юк кўтариш қуввати 27 тонна бўлган биринчи “БелАЗ-540” самосваллари пайдо бўлди. Компания йиллар давомида ривожланди ва кенгайди. Корхона ўзининг энг катта тараққиётига Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигига эришгандан сўнг эришди.
Автомобиль бўлими бешта автобаза, трактор парки, Автомобиль таъмирлаш майдони ва “БелАЗ” автомашиналарини капитал таъмирлаш устахонасидан иборат эди. Ўша пайтда технологик ташишда “БелАЗ-7540” (юк кўтариш қуввати 30 т), “БелАЗ-549”, “7549” (юк кўтариш қобилияти 75-80 т) маркали самосваллар ишлатилган.
2000 йилда Хўжалик транспорти автобазаси ва автотранспорт бошқармаси бирлаштирилиб, уларнинг негизида Автомобиль транспорти бошқармаси ташкил этилган бўлса, 2021 йил бошларида реструктурализация қилиниб, Автомобиль транспорти бошқармаси ва Технологик транспорт бошқармасига бўлинди.
Бугун “Олмалиқ КМК” АЖнинг йирик таркибий бўлинмаларидан бири ҳисобланган мазкур бошқармада фаолият юритаётган ишчи-ходимлар сони 1893 нафарни ташкил этиб, таркибида 4 та автобаза, таъмирлаш хўжалик участкаси ва “Автомобилист” дам олиш маскани мавжуд.
Автомобиль транспорти бошқармаси Тошкент, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида жами 836 та транспорт воситаси, жумладан, 254 та енгил автомобиль, 174 та автобус, вахтали ва микроавтобуслар, 341 та махсус ва умумий фойдаланиш техникалари, 67 та автотрактор ёрдамида конларда тоғ жинсларини ташиш, цех ва бўлинмаларни хўжалик, йўл-қурилиш ҳамда махсус техникалар билан таъминлаш, шунингдек, ишчиларни иш жойларига ташиш фаолияти билан шуғулланади.
Мамлакатимиз Президентининг 2022 йил 19 декабрдаги “Электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Автомобиль транспорти бошқармасига ҳам 21 та электромобиль келтирилди.
Ушбу автомобилларнинг двигатели экологияга зарарли газларни чиқармаслиги билан ҳам аҳамиятлидир. Энг муҳими, электр энергиясидан қувват олиши сабабли анъанавий ёқилғи сарфини 33 баробарга камайтиради. Электромобилларни қувватлантириш учун эса комбинат ижро аппарати ва 1-сонли автокорхонага қувватлантириш ускуналари ўрнатилди. Яқин йилларда ОКМКнинг хизмат машиналари тўлиқ электромобилларга ўтиши кутилмоқда.
Автомобиль транспорти бошқармасида ишлаб чиқариш таннархини тушириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалиётга татбиқ этилган чора-тадбирлардан яна бири, бошқарма мутахассислари томонидан юк кўтариш қуввати 20 тонна бўлган “КамАЗ” русумли технологик транспорт воситаларининг дизель ёнилғисидан муқобил ёнилғи турига, яъни метан газига ўтказилгани бўлди. Келгусида бошқарманинг барча технологик транспорт воситаларини метан газига ўтказиш режа қилинган. Шу билан бирга конлардаги “БелАЗ” автогигантларини ҳам дизелдан арзон ёқилғи турига алмаштиришга қаратилган илмий изланишлар олиб борилмоқда.
— Бугун комбинатимиз жаҳоннинг турли илғор компанияларида ишлаб чиқарилган энг замонавий транспорт воситалари кўп жамланган дунёдаги кам сонли гигант корхоналардан биридир, — деди “Олмалиқ КМК” АЖ бошқарув раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдулла Хурсанов.
У соҳа вакилларини касб байрамлари ва Автомобиль транспорти бошқармасининг 60 йиллиги билан самимий муборакбод этди. Бугунги кунда Автомобиль транспорти ва Технологик транспорт бошқармаларининг комбинат ишлаб чиқариш занжирида ҳамда амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳаларда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Тантанали тадбир давомида қўш айём муносабати билан 17 нафар соҳа вакили турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони, 31 нафари эса “Фахрий ёрлиқ”, 23 нафари қимматбаҳо совғалар билан мукофотланди.
“Металлург” маданият саройи бадиий жамоалари томонидан тайёрланган концерт дастури, айниқса, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ўқитувчилари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар йиғилганларга хушкайфият бахш этди.
Мамлакат саноати ифтихори
Ўзбекистоннинг бой табиий ресурсларини ўзлаштириш иқтисодиётимизни ривожлантиришда катта имкониятлар яратади. Мамлакатимиз мис хомашёси захиралари бўйича дунёда 7-ўринни эгаллаган.
“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” раҳбари, сенатор А.Хурсанов 3-Мис бойитиш фабрикаси қурилиш лойиҳаси ҳақида ҳам сўз юритди. Ушбу фабрика жаҳоннинг энг илғор технологиялари ва юқори сифат стандартларини қўллаган ҳолда амалга оширилган энг йирик ва стратегик аҳамиятга эга саноат объектларидан бири ҳисобланади.
2021 йил 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинати негизида рангли ва қимматбаҳо металларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги ишлар билан танишган ва ташриф доирасида мамлакатимиз кон саноатидаги энг йирик бўлган “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш лойиҳаси доирасида янги қувват — 3-Мис бойитиш фабрикасига тамал тошини қўйганди.
Дунёдаги энг йирик кон-металлургия саноати мажмуалари қаторидан жой олган бу лойиҳа муҳтарам Президентимизнинг алоҳида эътибори ва қўллаб-қувватлаши эвазига шиддат билан қад ростлади. Шу ўринда комбинат матбуот хизмати ходимлари тақдим этган маълумотларни ҳам қайд этмоқчимиз.
3-Мис бойитиш фабрикаси ишга туширилиши жаҳон бозоридаги мис нархининг ўсиш тенденцияларидан самарали фойдаланишга, Ўзбекистоннинг экспорт даромадларини кўпайтиришга, маҳаллий ишлаб чиқаришни диверсификация қилишга ҳамда миллий иқтисодиётда “мис кластери”ни тизимли ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга 3-МБФ нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёдаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи мажмуа бўлиши кутилмоқда. Фабрика йилига 900 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқаради.
2025 йил 30 март куни фабрикада илк мис концентрати муваффақиятли ишлаб чиқарилиши лойиҳанинг босқичма-босқич ва юқори сифат билан амалга оширилаётганининг ёрқин исботидир.
Бугунги “Ёшлик-1” конидан қазиб олинган 1,3 миллион тоннадан ортиқ маъдан дастлаб кон ҳудудида майдалаш жараёнидан ўтказилиб, фабрикага етказилди. Натижада 17 минг тоннадан зиёд мис концентрати ишлаб чиқарилиб, мис эритиш заводига юборилди.
3-МБФнинг ютуғи фақат ишлаб чиқариш ҳажмида эмас, балки жаҳоннинг етакчи саноат компаниялари технологиялари, автоматлаштириш тизимлари ва рақамли бошқарув ечимларининг ягона занжирда мужассамлашганида намоён бўлади. Бу фабрика дунё тоғ-кон саноатининг энг илғор техника ва инновацияларини ўз ичига олган мажмуа бўлиб, Ўзбекистонни глобал саноат харитасида янги босқичга олиб чиқмоқда.
Янги фабриканинг ўзига хос хусусиятларидан бири — тўлиқ автоматлаштирилган бошқарув тизими татбиқ этилганидир. Энг замонавий рақамли ечимлар ва сунъий интеллектни қўллаган ҳолда тизим корхонанинг бутун технологик циклини — рудани циклли-оқимли ташиш ва уни майдалашдан тортиб, бойитиш, сув таъминоти ва чиқиндиларни чиқиндихоналарга олиб кетиш жараёнларигача қамраб олади.
Марказий диспетчерлик бошқарув пунктидан бутун технологик цикл кўриниб туради.
Энергия ҳисоби, руда сарфи, сув таъминоти ва ёрдамчи участкалар иши бўйича маълумотлар битта экранга чиқарилади, шунингдек, асосий кўрсаткичлар — энергия сарфи ҳажмидан тортиб двигатель подшипникларининг ҳароратигача кўриш мумкин. Бундай назорат хавфларни ўз вақтида аниқлашга ёрдам беради, тўхтаб қолиш эҳтимолини камайтиради ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади. Тизим ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини автоматик режимда бошқаради ва минтақадаги ягона шундай лойиҳа ҳисобланади.
Фабрика тўлиқ қувватга чиққач, 3 670 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Ҳозирда 1 250 нафар ходим фаолият юритмоқда, уларнинг кўпчилиги 35 ёшгача бўлган ёш мутахассислардир. Улар “Муҳандислар мактаби” ва “Олмалиқ КМК” таркибий бўлинмаларида амалиёт ва малака ошириш курсларини ўтамоқда.
“Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида фабрика ҳудудида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Томчилатиб суғориш тизимлари ва эко-дизайн ечимлари саноат ва табиат мувозанатини таъминлайди.
Умумий майдони 196 гектар бўлган 3-Мис бойитиш фабрикаси қурилишида 23 мингдан зиёд қурувчи ва мингдан ортиқ махсус техника иштирок этди. Қурилиш жараёнида 788 минг м³ бетон қуйилди, 109 минг тонна арматура, 69 минг тонна технологик ускуна ва 65 минг тонна металл конструкция монтаж қилинди. Шунингдек, 279 минг метр технологик қувурлар ўрнатилиб, 1,36 миллион метр электр ва 714 минг метр автоматлаштириш кабеллари ётқизилди.
3-МБФ қурилишига сарфланган металл конструкцияларга ўнта Эйфель минорасини, темир бетон сарфига қарийб 2,5 та Бурж Халифа қуриш мумкин. Бу ўз-ўзидан 3-МБФ улкан мегалойиҳа эканлигини яна бир исботлайди.
Комбинатнинг 3-Мис бойитиш фабрикаси ҳам замонавий технологиялар, рақамли бошқарув ва инсон капитали уйғунлигининг амалий намунасидир. Бу лойиҳа нафақат “Олмалиқ КМК” АЖ, балки бутун Ўзбекистон саноати учун янги босқич ва миллий ифтихор тимсоли ҳисобланади.
Энг муҳими, бу ерда ўз касбининг фидойилари, замонамизнинг оловқалб инсонлари меҳнат қилишмоқда.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.
