Ўқимаган болалар
Шодмонқул САЛОМ
Муаллиф ҳақида:
Шодмонқул Салом — 1980 йилда Қумқўрғон туманида туғилган. 2003 йилда Термиз давлат университетининг кимё факультетини, 2005 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Олий адабиёт курсини тамомлаган. “Юрак иқлими”, “Кўнгил китоби”, “Борлигини билганлар” шеърий тўпламлари ва “Оққапчиғай тўлқинлари” насрий китоби чоп этилган. Ҳозирда “Маънавий ҳаёт” журналида ишлайди. “Дўстлик” ордени соҳиби.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
(Ушбу шеър олис–яқин юртларда қора меҳнат қилиб, оиладаги оғир шароит, ҳаётдаги айрим кўзбўямачиликлар сабабли ўқишга киролмаган, имкониятлари бой берилган йигитлар ҳақида)
“Ҳали уйлар соламиз,
Ҳали тўйлар қиламиз.
Билмаганлар билади,
Эл қатори бўламиз…”
Айвоннинг устунларин
Қучар изғирин шамол.
Онанинг орзусига
Исиниб олар хаёл…
“Акам пул ташлагунча
Қор ёғмасин, Художон!”
Пальтосин астаридан
Уялади Гулжаҳон.
Еттинчида олганди,
Ўнинчи синф бўлди.
Гулжаҳоннинг сочи ҳам,
Бўйи ҳам ўсди, тўлди.
Қаро тунни ёпиниб
Мудраб ётади қишлоқ.
Липиллайди мискин шам,
Ўчиб қолмишдир чироқ.
Она ва қиз айвонга
Орзуларин илади.
“Шу ерда антенна бор,
Акам телефон қилади…”
Ҳансирайди қўнғироқ,
Она-ўғил сўзлашар.
Юраклар исинишар,
Оёқ-қўллар музлашар.
— Сизларда соат ўн бир,
Бу ёқда тўққиз бўлди…
Онанинг кўзларидан
Бир жуфт юлдуз тўкилди.
— Сени ўқитолмадим,
Калталик қилди қўлим.
Ётар жойинг иссиқми,
Ичмаяпсанми, ўғлим?..
Маъюс тортади она,
Сингил хафа бўлади.
Кўкнинг авзойи бузуқ,
Қорнинг иси келади…
Гувоҳ бўлиб шу музтар,
Дилни эзган суҳбатга.
Жўнаб кетаман дилгир
Ўз ишимга — хизматга.
…Эй, шўх-шаддод болалар,
Қорбўрондан қайтмаган.
Муаллимнинг урганин
Уйга келиб айтмаган.
Эй, тақдирга кўнганлар,
Эй, жимгина юрганлар,
Айбдор каби елкасин
Қисибгина турганлар.
Билиб айтолмаганлар,
Айтишни билмаганлар.
Эринчоқ, аммо танти
Кўнглини ёрмаганлар.
Эй, қорувли болалар,
Эй, қўли гул усталар,
Ўқимаган болалар,
Эй, ўзи бир дасталар.
Математика дарсини
Пахтазорда ўтганлар,
Пуллик муаллимларга
Пули бори кетганлар.
Коллежларда бемурод
Совурилган соатлар.
Нелигини билмасдан
Ўрганилган одатлар.
Пиёз пайкалларида
Бўйи ўсмай қолганлар,
Оҳак заводларида
Кўксин совуқ олганлар.
Йўқчиликнинг юкига
Елкасини тутганлар.
Юпунгина хотинин
Амаллаб овутганлар:
— Ҳали уйлар соламиз,
Ҳали меҳмон кутамиз.
Намозни ўрганамиз,
Рўзалар ҳам тутамиз…
… Аламини ҳеч кимга
Айтмай юрган фарёдлар.
Қирдай елкасин эгиб
Қариётган авлодлар.
Ўқимаган болалар,
Эй, деҳқонсиз далалар.
Беқайғу умрингизга
Ёғди қанча жалалар.
Ўқимаган болалар,
Дардингизни айтдим мен.
Ҳаётга қўёлмаган
Шартингизни айтдим мен.
Зўр иқтидор бор эди,
Бирингизда кимёга.
Қай бирингиз шифокор
Бўлардингиз зиёда.
Иссиққина ўринда
Жунжикиб кетди кўнглим.
Оёғингиздан совуқ
Ўтиб кетганин сездим.
Ўқимаган болалар,
Ўрнингизни олдим мен.
Сиз ҳавас қилган каби
Ўқиб, одам бўлдим мен.
Шиддатингиз кўрганман,
Ғайратингиз билардим.
Сиздай танти бўлсайдим,
Мен ҳам уста бўлардим.
Маҳмадона бу қалам
Неларни қилмас баён.
Ўқимаган болалар —
Жим бостирилган исён!
Неки келса, Худодан
Кўриб юргувчи мардон.
Ўқимаган болалар —
Исботлаб бўлмас армон.
…Гулжаҳоннинг пальтосин
Астаридир юрагим.
Айтишга андиша бор,
Кўрсатишга уялдим.
Тақдир аробасида
Ҳар кимнинг-ку ўрни бор.
Шўхлигингиз эслатиб
Ташқарида ёғар қор.
Насиб қилсин, илоҳим,
Элга берар тўйингиз!
Энтиктирар юракни
Сизнинг орзу-ўйингиз:
“Ҳали уйлар соламиз,
Ҳали тўйлар қиламиз.
Билмаганлар билади,
Эл қатори бўламиз!..”

