Инсоний туйғулар тараннуми

 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Шуҳрат” медали соҳиби, Халқ таълими аълочиси, ҳамюртим Абдунаби Ҳайдаровни ёшлигидан танийман. Пойтахтда яшаб ижод қилса-да, унинг чиқишларини мунтазам кузатиб бораман. Шу кунларда қутлуғ ёшини қарши олаётган ижодкор дўстимиз узоқ йиллар “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Маърифат”, “Тошкент ҳақиқати” каби республика етакчи нашрларида фидокорона меҳнат қилди. Ҳозирги пайтда “Ишонч” газетаси таҳририятида фаолият кўрсатмоқда.

Абдунаби таниқли журналист, моҳир публицист бўлиш билан бирга бадиий ижод соҳасида ҳам самарали қалам тебратиб келмоқда. Унинг ижод намуналари мамлакат газета ва журналларида мунтазам чоп этиб борилмоқда. Уларнинг айримлари “Садоқат”, “Сўнмас юлдузлар”, “2021…”, “Нигоҳ”, “Бир сўз”, “Еттинчи китоб” тўпламларидан ўрин олган.

Маҳоратли журналист яқинда хайрли ишга қўл урди: ўз ижод намуналарини тўплаб, “Қўш устунимнинг бири” номи билан “Янги китоб” нашриётида чоп эттирди. Унда меҳр-муҳаббатли, садоқатли онажонларимизга бағишланган “Қўш устунимнинг бири” қиссаси, ҳаётий ҳикоялар, Ватан озодлиги ва тараққиёти йўлида курашган юрт ўғлонлари ҳақидаги публицистик асарлар, журналистика ҳангомалари жой олган. Шунингдек, машҳур олим ва уламолар, ажабтовур воқеалар ва оламшумул ихтироларга бағишланган, бошқа тиллардаги ёзма манбалар асосида тайёрланган мақолалар билан бойитилган.

Қарийб 600 саҳифани ташкил этган китоб сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Лазиз Раҳматовнинг сўзбошиси билан бошланади ва унда Абдунаби Ҳайдаров ижодига, унинг ушбу тўпламга киритилган асарларига холисона баҳо берилади. Муаллиф ижод бўстонида юксалаётган муаззам чинорга қиёсланади.

Тўпламдаги “Қўш устунимнинг бири” қиссаси ва ҳаётий ҳикояларни ўқир экансиз, ўзингизни худди таниқли адиб Ўткир Ҳошимов асарларини мутолаа қилаётгандек ҳис қиласиз. Улардаги ташбеҳлар, ўхшатишлар, воқеаларнинг табиат ўзгаришлари ва қаҳрамонлар ички кечинмалари билан уйғун ҳолатда тасвирланиши китобхонда унутилмас таассуротлар қолдиради. Жумладан, қиссада жон таслим қилган онанинг ҳолати ҳақида шундай таъсирчан жумлалар мавжуд:

“…Онамнинг тез ва осон жон берганлигига ишонмадик, ишонолмадик. Қизиғи, унинг руҳи жисмини тарк этган бўлса-да, ранг-рўйи худди бамайлихотир мизғиётган одамникидек хотиржам ва тиниқ эди. Юзида деразадан мўралаётган қуёш акси товланарди…

Йўқ, адашдим, шекилли, бу биз билган-кўрган офтобнинг шуъласи эмасди, онамнинг чеҳрасидан таралаётган нур эди. У кўзларни қамаштирар, қалбларни қиздирар, дилларга илиқлик бағишларди. Тўрда онамнинг жонсиз вужуди эмас, олов-қуёшнинг бир парчаси ётганга ўхшарди…”

Яна бир мисол. “Ёмғир кунни тунга, тунни тонгга улади. Эртаси пешинга қадар тинмади. Майда-майдалаб ёғишдан сира эринмади. Аммо тобутни кўтариб йўлга чиққанимизда тоқат қилолмади. Росманасига фарёд уриб, тағин-да тезлашди. Қабристонга қадам қўйишимиз биланоқ негадир ҳовуридан тушиб, секинлашди. Онамни тупроққа топшираётган маҳалимиз эса мадори батамом қуриди, яккам-дуккам томчиларга айланди.

Кейин навбат момиқ заррачаларга тегди. Улар аввал янги мозор узра қалқиб чиққан юмшоқ тупроқ уюмига ҳайрон қараб турди. Тиловат садолари янграган лаҳзаларда эса оқ капалак мисоли гоҳ пастга эниб, гоҳ юқорига кўтарилиб, осмону замин узра чарх урди. Ахийри бўлмади, тақдирга тан берди-да, паға-паға бўлиб ёғишга тушди. Кўз очиб юмгунча бутун борлиқ сингари онамнинг қабри ҳам оқ чойшабга бурканди. Гўристон ҳар қачонгидан-да оғирроқ сукутга чўмди…”

Қиссада муаллифнинг онаси ҳаётлигида қандай инсон бўлганлиги шундай бир маҳорат билан тасвирланадики, кўз ўнгимизда муштипар ва мунис ўзбек аёллари тимсоли ёрқин намоён бўлади. Беихтиёр ўз меҳрибон волидамизни ёдга оламиз. Оналаримизга хос самимийлик, меҳнаткашлик, раҳм-шафқатлилик каби инсоний туйғулар дилимизни яйратиб юборади. Она образи атрофидаги воқеалар, турфа одамларнинг қиёфалари, урф-одат ва қадриятлар ички кечинмалар уйғунлигида очиб берилади. Қиссани ўқиб, жонажон Ватан, аввало, ота уйидан бошланиши, олам ва одам қисматига доир ҳаёт фалсафаси ана шу файзли гўша билан чамбарчас боғлиқлиги тўғрисида қатъий тўхтамга келамиз.

Абдунаби Ҳайдаров ўз ҳикояларида ҳаётда ўзи гувоҳ бўлган воқеа-ҳодисаларни қаламга олади, уларнинг ибратли томонларига эътиборни қаратиш билан бирга турмушимизга соя солиб турган иллатларни танқид қилади. Уларни мутолаа қилар эканмиз, айрим қаҳрамонларга ҳавасимиз уйғониб, ўрнак олгимиз келади (“Ширин сўз тафти” ҳикоясидаги отахон, “Эзгуликнинг баҳоси”даги ўқитувчи кабилар), баъзиларига эса нафратимиз қўзийди ёки уларга ачинамиз (“Ну, ладно, пока!” ҳикоясидаги 25 йиллик педагог, “Раҳмат Ажданинни танийсизми?”даги милиция ходими сингарилар). Атрофимизда содир бўлаётган яхшилигу ёмонликлар, холислигу адолатсизликлар, зукколигу билимсизликлар кўз олдимиздан ўтиб, хулоса чиқаришга ҳаракат қиламиз.

Мутолаа қилар эканман китобни, очиғи, муаллифнинг “Журналистик ҳангомалар”и билан танишиб, ўзимни бу ҳангомаларнинг ичида бўлгандек ҳис қилдим. Чунки ҳамкасбларимнинг ҳаёти, газетачиликнинг ташвишу қувончлари мен учун ҳам бегона эмас. Қолаверса, бундай воқеалар бизнинг ҳаётимизда ҳам бўлиб турган. Енгил мутойибалар билан йўғрилган ҳангомалар ўқувчининг кайфиятини кўтариб, ибрат олишга чорлаши турган гап.

Таъкидлаш жоизки, ижодкор ўз асарларида қиёслаш усулидан кенг фойдаланган. Масалан, “Фалокат” ҳикоясида бекатдаги аёлнинг телефонга ёпишиб, ўғилчасига бепарво бўлганлиги туфайли боласи ундан йироқлашади. Йўлнинг қатнов қисмига чиқиб, машина остига тушиш хавфи туғилган пайтда бир йигит уни қутқариб қолади, ўзи эса юзтубан йиқилади. Аёл эса ноҳақдан ҳайдовчини ҳақорат қилиб, қарғашга тушади. Ҳикоя сўнгида аёл ва йигитга шундай қиёс берилади:

“У боласини фалокатдан қутқарган йигитга раҳмат айтиш тугул қиё ҳам боқмади. Ўғлини судраб, сал нарида турган таксига қарғана-қарғана ўтирди-да, хайр-маъзурни насия қилиб жўнаб қолди.

Мен йиқилганда қаттиқ лат емадимикан деган хавотирда ёғоч ўриндиқда нафас ростлаётган йигитга ўгирилдим. Ажаб, у тобора узоқлашиб бораётган такси ортидан маъюс боқиб, бошини сарак-сарак қимирлатар, адашмасам, ичини нимадир тимдалар, кекса ҳайдовчи эса унинг пешонасидан оқаётган қонни артиш билан овора эди…”

“Муюлишда” деб номланган ҳикояда қатъиятли, ҳақпарвар ҳайдовчи ва пиёниста эркак образлари ҳам шундай қиёсланади. Бундай усулдан “Салом дўстим!.. Хайр “дўстим!..”, “Керакли “точка” ҳангомаларида ва бошқа ўринларда унумли фойдаланилган.

Таъкидлаш жоизки, муаллифнинг эссе, очерк ва лавҳалари ҳам жуда таъсирчан. Масалан, “Таъзим” очеркини олиб кўрайлик. Унда Далварзин чўлида чирой очган Аҳадовул қишлоғида яшаган, Иккинчи жаҳон урушида икки қўли ва икки оёғидан ажралган Холтўра Қурбоновга ҳаёт учун курашда толмас қанот бўлган рафиқаси Тожихон опанинг мислсиз матонати, олийжаноб севгиси юксак маҳорат билан тасвирланади. Ҳеч қачон аҳамиятини йўқотмайдиган меҳр-муҳаббат туйғулари, аҳду паймонга чексиз садоқат тимсоллари моҳирона баён этилади. Ҳаракатлари чекланган ногирон турмуш ўртоғини боласидек қўлида кўтариб ардоқлаган, оқ ювиб, оқ тараган бу аёлнинг “Ўлимидан олдин эримнинг розилигини сўрай олмадим” дея афсусланиши ўз аёллик бурчига садоқати ва туганмас меҳр-оқибати ифодасидир.

Ижодкорнинг машҳур файласуф Суқрот, буюк мутафаккир Абулқосим Фирдавсий, француз халқининг миллий қаҳрамони Жанна д’Арк, швециялик машҳур кимёгар ва муҳандис Альфред Нобель, кимё фанининг отаси номини олган Дмитрий Менделеевлар ҳақидаги хорижий манбалар асосида тайёрлаган мақолалари ҳам китобхонда катта қизиқиш уйғотади. Уларнинг ҳаёт йўли, кашфиётлари, жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссалари ишонарли далиллар асосида очиб кўрсатилади. Ушбу китобнинг “Олис ва яқин мозийдан садолар”, “Тиббиёт тарихига бир назар”, “Сир-синоатга бой дунё” бобларидан ўрин олган мақолалар ўқишлилиги, қимматли маълумотларга эгалиги билан ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

Хуллас, таниқли журналист, маҳоратли қаламкаш Абдунаби Ҳайдаровнинг бу янги тўпламини қўлига олган китобхон, албатта, уни охиригача ўқиб чиқади, кетган вақтига ачинмайди, балки ўз онгини янгича таассуротлар ва хулосалар билан бойитади. Ушбу чиройли китобга битилган сўзбошида айтилганидай, кенг қамровли ушбу тўплам маънавий хазинамиздан муносиб жой эгаллаб, ёш ижодкорлар ва албатта, профессионал журналистлар учун қимматли манба вазифасини ўтайди.

Каримқул МАВЛОНОВ,

фахрий журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − nine =