Тиббий хизмат яхшиланмоқда

image description

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, жойларда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Буни Қува тумани мисолида яққол кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 майдаги “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Қува тумани бирлашмаси негизида туман Соғлиқни сақлаш бўлими ташкил этилиб, мавжуд оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик бўлимлари 21 та оилавий поликлиникага айлантирилди. Ана шу поликлиникаларнинг ҳар бири янгидан рақамланиб, юридик мақом берилди. Бундан ташқари, марказий кўп тармоқли поликлиника марказий шифохонанинг маслаҳат-диагностика бўлими деб юритиладиган бўлди. Айни кунларда юқорида ташкил этилган даволаш-профилактика муассасалари 280 мингдан зиёд туман аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

13 млрд сўмдан зиёд маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” лойиҳаси асосида 17 та оилавий поликлиникада кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 5 та оилавий поликлиникада “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида (7,5 млрд), 2 та поликлиникада эса ҳомийлик асосида (7,5 млрд) янги бино қуриш ишлари бошлаб юборилган.

Шунингдек, марказий шифохонанинг ШТЁ бўлимида, Пастки Хўжа Ҳасан МФЙда жойлашган ЮКШ бўлимида, Тахтакўприк МФЙ ҳудудидаги бўш ер майдонларида инвестиция дастури доирасида 90 ўринли терапия, 60 ўринли педиатрия, дорихона, қон қуйиш бўлими ҳамда лаборатория бўлимлари қурилмоқда. “Бунёдкор қурилиш” МЧЖ томонидан бунёд этилаётган ушбу объектларда қурилиш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда.

Туман Соғлиқни сақлаш бўлимига қарашли барча даволаш-профилактика муассасаларига жами 34 турдаги 6,9 млрд сўмлик тиббий жиҳозлар ўрнатилди. 11 дона сунъий ўпка, юрак аппарати, 9 дона кардиомонитор, 3 дона наркоз аппарати, 3 дона рақамли рентген, гастрофиброэндоскоп аппаратлари, бронхоскоп шулар жумласидандир. Ҳеч муболағасиз айтиш жоизки, бу каби тиббий жиҳозлар беморларга ўз вақтида юқори технологик ёрдам кўрсатиш ва кўплаб вилоят даражасидаги даволаш амалиётларини эндиликда туманнинг ўзида амалга ошириш имкониятини беради.

Туман Соғлиқни сақлаш бўлимига қарашли барча даволаш-профилактика муассасаларида қурилиш-таъмирлаш, жиҳозлаш ва рақамлаштириш ишлари учун жами 67,6 млрд сўм маблағ сарфланмоқда. Гап қанча маблағ сарфланганида эмас, албатта. Соғлиқ барча сарф-харажатдан устун туради. Биз шифокорлар буни кўриб, билиб, чуқур ҳис этиб турибмиз. Биз учун аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдан ортиқ бахт-саодат йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас!

Равшанбек ИСАҚОВ,

Қува тумани соғлиқни сақлаш

бўлими бошлиғи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + twelve =