Менинг қадрдон Ахбор акам…

Ахбор ака ўз даврининг энг машҳур одамларидан бири эди. Тошкент-ку тушунарли – ҳамма кўришга, саломлашишга, халқ тилида айтганда, “қўлларини олишга” иштиёқманд. Бу энг аввало “Пахтакор” билан боғлиқ жараён эди, табиийки. Мухлислар шарҳловчи ўз кабинкаларига кириб шарҳлашни бошлаш учун қайси томондан келишларини ҳам билишарди. Шунинг учун қатор туришар, қўл бериб сўрашишга орзумандлар сон-саноқсиз бўларди. Ўзлари буни яхши тушунар, лекин иложи борича қисқа-қисқа салом-алик қилиб, ўтиб кетардилар.

Ўша вақтлари “Пахтакор” даҳшатли даражада машҳур, севимли команда эди. Ҳатто Қирғизистон, қўшни Қозоғистон, Тожикистонда ҳам жамоанинг ўз майдонидаги ўйинларга ҳар гал кўплаб мухлислар стадионнинг ўзида кўриш учун 2-3 кун олдин тайёргарлик кўрар, кейин уларни яқинлари худди фронтга жўнатгандай, хайр-хўшлашиб кузатишарди. Жамоа ғалаба қозонса, қишлоқларимизда карнай-сурнай билан кутиб олишар, чойхоналарда ошлар тайёр бўларди. Аксинча бўлса, бу ёғи ҳам аксинча бўлар, одамлар Тошкентга бориб футбол кўриб қайтаётган “бечора”ларни дарғазаб кутиб олишар, ўзларининг аламларини улардан чиқариб олишарди. Айримлар ҳатто билдирмай ярим кечада секин уйларига кириб олиб, 1-2 кун кўринмай юришарди. Қишлоқ аҳли иккига бўлинарди. Футболга қизиқадиганлар ва аксинча. Ана шу аксинчаларни одам ўрнида кўришмасди.

Ҳа, телеминиатюралар театрида Эргаш Каримов ўйнаган “Тошойна” асли ҳақиқат эди. “Пахтакор” ютса – байрам, аксинча бўлса, уйида жанжал-тўполон қиладиган ашаддий мухлислар кам эмас эди…

Мен ҳам ашаддийларнинг бири эдим. Учинчи синфдалигимда юқори синф билан ўйинда оёғимни синдириб олган эдим. Қўшни Мамай қишлоғидаги табибга кажавали мотоциклда олиб боришгани ҳали ҳам эсимда. Шундан кейин “катта футбол” билан хайрлашганман. Лекин журналист сифатида ҳамиша маза қилиб ёзадиган энг севимли мавзуим футбол…

Мактабни битириб, Тошкентга ўқишга келганимда, энг аввало “Пахтакор” стадионига борганман. Ўйин йўқ кун эди, амаллаб кириб олиб, бўм-бўш секторларни айланиб чиққанман. Ям-яшил майдонга тушиб, майсаларни қўлим билан силаб-силаб кўрганман. Чиқаётиб, марказий сектор ёнидаги шарҳловчилар хонасини топиб, ойнасидан қараганман ҳам. Қуруқ хона – иккита микрофон бор эди, холос. “Демак, шу хонада Ахбор ака ўтираркан-да” деганман топқирлик билан. Ёнида яна битта худди шундай хона бор эди. “Буниси Роман Турпишчевнинг хонаси экан-да” деб ўйлагандим. Кейин мунтазам ўйинларга қатнай бошлагач, ўшанда тўғри топганимни билиб, ўзимдан хурсанд ҳам бўлиб кетгандим.

Ва ният қилгандим – доим шу жойда, яъни марказий секторда, шарҳловчилар кабинасининг пастида ўтираман. Не бахтки, ниятимга етдим. Доим шу ерда ўтирдим. Доим Ахбор акани кўрардим, шу йўсин Ахбор ака билан танишганмиз. Яқин бўлиб кетгандик. Ўша машҳур шарҳ олиб борадиган кичкинагина хоналарига ҳам кўп кирганман. Чойнак-пиёла, термос, 1-2 та китоб, газета-журналлар, микрофон бўларди, холос. Қишлоғимиздан “Пахтакор”нинг ўйинларига ҳамқишлоқларим келар, олдиндан ўша вақтдаги машҳур Ўринбой аканинг чойхонасига ош “заказ” бериб қўйишарди. Бир-икки бор Ахбор акани ҳам олиб борганман. Ҳамқишлоқларим хурсанд бўлишарди. Машҳур шарҳловчи билан бир дастурхонда ўтириш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди-да!

Кейинчалик ёшлар газетасида ишлаган вақтимда Ахбор ака ҳақида мақола ёздим. Мақола зўр бўлмагандир-у, лекин қаҳрамон зўр эди. Шу-шу янада қадрдонлашиб кетдик. Ўғиллари Аброрни газетага ишга олдик. У ҳар ҳафта бир саҳифа футбол ҳақида материал тайёрларди. Одамлар шу саҳифани пойлаб қолган бўлишарди. Чунки газета ҳам машҳур эди. Қўлма-қўл ўқиларди. Тиражимиз ҳам 800 мингдан ошиқ, бу ўша вақтда яхши кўрсаткич эди. Ҳозирги тиражларга солиштирганда эса фантастикага ўхшайди.

Охири Ахбор ака менинг қишлоқ ҳақидаги саргузаштларим, мухлисларнинг таклифларини айтаверганимданми: “Бўлди, ўша машҳур қишлоғингизга бормаган номард!” деб қолдилар. Боришимизга ўзимизникидан ташқари қўшни Қизил ёзи, Оқтом, Подак қишлоғи футболчилари иштирокида турнир ташкил қиладиган бўлишди. Ахбор ака катта судья – ҳакам ҳам эдилар-ку, формаларини, ҳуштак, сариқ, қизил карточкаларини ҳам олгандилар. Бир нечта ўйинга ҳакамлик қилдилар, карточкалар ҳам иш берди…

Шунда қизиқ бир воқеа ҳам бўлди. Қишлоқ стадионларидаги энг катта муаммо коптокнинг бирор қўшнининг ҳовлисига тушиб қолиши машмашалари ҳамма жойда бор. Абдулла ака деган амакининг уйига тўп тушавериб, ўйинчилар девордан сакрайвериб, девор бузилар, экин-тикин пайҳон бўларди. Охири тушган тўпни ёриб ташлайдиган бўлганди Абдулла ака. Ўша ўйинда ҳам шундай бўлди. Тўпни ёраман деб туриб олди. Охири Ахбор акани ишга солдик. Олдига олиб бордим.

— Битта шарт бор. Ахбор ака шунга рози бўлсалар, майли, тўпни ёрмайман. Фақат кечқурун ўзим қўлбола бир ош дамлайман, келсалар бўлди, — деди тўпкесар. Мен Ахбор акага қарадим.

— Бўлди, келамиз, — дедилар. Қўл олишди. Тўп қайтарилди. Ўйин давом этди.

Кечқурун келиб, Абдулла аканинг ошини едик. Лекин уйининг яна бир хонасида 20 дан ортиқ ашаддий мухлислар ҳам ўтирган экан. Ошдан кейин ярим кечагача жуда ширин суҳбат бўлди. Афсус, у вақтларда диктофон деган нарсалар йўқ эди, ёзиб ололмаганмиз. Ахбор акам бир очилдилар, асти қўяверасиз. Кейин Тошкентга қайтгач, сўрадим:

— Шунча йиллик қадрдонлармиз, лекин ўша кунги гаплар, воқеаларни ҳеч эшитмагандик. Буларни китоб қилиш керак, қўлма-қўл ўқилади.

— Ҳа, дилим очилиб кетди. Одамлар самимий, жон қулоқлари билан тинглашди. Мана ҳақиқий мухлислар, ҳақиқий инсонлар.

Ҳозир ўша кунларни эсласам, кўзимга ёш келади…

Шу борганларида укам тўй қилган пайтга тўғри келган. Аниқроғи, тўйга меҳмон сифатида олиб борганман. Биздаги футбол ўйинларининг ўз шарҳловчилари, яъни “Ахбор Имомхўжаеви” бор. Камолиддин Деҳқонов деган акамиз футбол ўйинларини жонли тарзда қўлида микрофон билан чопиб, тўп қайси томонга ўтса, ўша томонга югуриб шарҳларди. Акамизнинг шарҳига ўшанда Ахбор ака ҳам тан берган.

Аббосов Аъзамхўжа акамизни 60-йилларнинг охирларида “Пахтакор”га таклиф ҳам қилишганди. Ўша атрофдаги энг машҳур футболчи эдилар-да. Ўйинларига қараб Метрвели дейишарди (ҳозиргилар билмас, лекин эски мухлислар уни яхши билишади, ўта машҳур футболчи бўлган. Тбилисининг “Динамо”сида ўйнар, собиқ Иттифоқ термасидаги энг маҳоратли ҳужумчи эди…). Лекин акамиз оилавий шароит туфайли қишлоқда қолиб кетгандилар. Ахбор ака ўшанда эслаб қолган эканлар, орадан неча йиллар ўтиб, қишлоқда кўриб, таниганлар. Шундан кейин анча йиллар борди-келди қилиб юришди. Эсимда, акамиз Тошкентга Олой бозорига олма сотгани бир машина олма билан келганларида, 2 яшик олма, нок олиб, Ахбор аканинг уйига йўқлаб борганмиз (Олой бозоридаги олма, нок сотувчилар, асосан, Қирғизистон томондан келишарди. Яқинда атай ўтдим. Бозор ҳувуллаб қолгандай. Лекин замонавий таъмирланибди – А.А.) Ўшанда мени ҳайрон қолдирган ҳолат – Ахбор ака Тошкентнинг Камолон маҳалласида эски лойсувоқ уйда бир уй фарзандлари билан оддийгина яшашаркан. Ҳеч тасаввур қилолмагандим. Шундай машҳур одам ҳам шунақа оддий яшайдими?! Кейинроқ ўзларига айтсам, роса мириқиб кулдилар…

Ҳа, чиндан ҳам ота-боладай бўлиб кетгандик. Шу йўсин қишлоққа олиб келганман-да. Қишлоғимиз аҳли футбол учун жон беришга тайёр ашаддий ишқибозлар. Давра-давра бўлиб суҳбатлар қилганмиз. Шунда қизиқ бир воқеа бўлган. Одамлар уйида нима китоб бўлса кўтариб келиб: “Шунга қўл қўйиб беринг”, дейишарди. Ахбор ака тўғри одам эмасми: “Ахир бу менинг китобим эмас-ку!” деб ҳайрон бўлган. Одамлар: “Майли, ёзиб бераверинг”, деганларидан кейин минг хижолат билан яхши-яхши тилаклар билдириб, дастхат ёзиб берганлар.

Кейинги суҳбатларимизнинг бирида Ахбор акага анчадан бери ўйлаб юрган ниятимни айтдим.

— Ахбор ака, ўзбек футболини сизчалик биладиган одам йўқ. Шуларни китоб қилиш керак. Халқ ўқисин, халқ билсин. Мана мен ноширман. Чоп этамиз, — дедим.

Ахбор ака барибир содда, тўғри одам эдилар. “Китобни ёзувчилар ёзади-ку”, деб рўйхушлик бермаганлар. “Сиз ўзбек футболининг тирик тарихисиз, ҳеч ким сизчалик бу соҳани билмайди. Сиз ёзмасангиз, ким ёзади?” деявериб, охири кўндирганман.

Шу йўсин у кишининг “Мафтунингман, футбол”, “Пахтакор – қувончим, дардим”, “Ўзбегимнинг Миржалоли” китоблари чоп этилди.

Бу китоблар қўлма-қўл бўлиб кетганди. Ўзим ҳар биридан 20 талаб олиб қўйгандим. Ихчамгина кутубхонам бор. Ким келса, китобларни маза қилиб кўришар, лекин Ахбор аканинг китоблари шу зайл камайиб борарди…

Мен футболсевар, китобсевар юртдошларимдан хафа бўлмасдим. Лекин шу китоблардан ўзимда ҳатто бир дона ҳам қолмаган. Балки Аҳрор акамизнинг ўғиллари – Аброрда бордир. Уйига борганда мен ҳам “ўғирлаб” келарман… Ахир, китобнинг ўғриси бўлмайди дейишади-ку.

* * *

Бутун умрини футболга бағишлаган бу инсоннинг орзулари тўла-тўкис ушалди. Фарзандлар, набиралар ҳам ҳаётлари, келажакларини футбол билан боғлашган. Катта ўғил Аброрнинг ҳам ҳаёти футболда кечди. Шу соҳани ёритадиган яхши журналист бўлди. Зафар Олимпия қўмитасида масъул лавозимда ишлаяпти. Неваралари Диёр ўзбек футболининг энг масъулиятли лавозимида ишлайди – Ўзбекистон футбол федерациясининг бошлиғи.

Оҳ, қани эди, шу кунларни қадрдонимиз – Ахбор ака кўрганларида эди…

Аҳрор АҲМЕДОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + fourteen =