Олмоснинг комил фарзанди

Турнакўз булоқларинг,

ҳузурбахш қучоқларинг,

Қор аримас тоғларинг мафтуниман,

Олмосим!

Меваларим бол десанг,

мендан илҳом ол десанг,

Оғушимда қол десанг,

мумкинмикан қолмасим?!

 

Шоир, таниқли журналист, жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эрмуҳаммад Нурматов ўзи таваллуд топган, ўсиб-улғайган, Серқуёш Ўзбекистонимизнинг бебаҳо дурдонаси, сўлим ва гўзал гўшаларидан бири Олмос қишлоғини ижодий асарларида жўшиб куйлайди. Олмоснинг бир томони ўркач-ўркач тоғлар, қир-адирлар билан туташиб кетса, иккинчи томони ям-яшил далалар, ўтлоқлар, минг дардга даво мевали боғлар билан бурканган, тоза ҳавоси ила машҳур маскандир. Қишлоқнинг қоқ ўртасидан Олмоссой оқиб ўтади. гўзал табиат қўйнида қад ростлаган бу қишлоқ одамлари юзлари тиниқ, бағрикенг, муфарриҳ, мард, бир сўзли кишилардир. Бобо-момоларимизнинг айтишларича, қишлоқ қизлари фариштадай бўлиб, ўзга қишлоқларга узатилмас эканлар. Бу гапда ҳам жон борки, гўё Олмосдан ташқарига узатилганлардан дунёга келадиганларнинг чиройига, насл-насабига путур етар эмиш.

Олмос қишлоғининг табиати бетакрорлиги ижод аҳлига ҳам чексиз илҳом бағишлайди. Ўзбекистон Қаҳрамони, ёзувчи Саид Аҳмад ҳам ўз асарларида Олмоснинг таъриф-тавсифини тилга олиб ўтган. Машҳур ёзувчи, журналист Йўлдош Шамшаров, шоир Эрмамат Нурматов, Ўзбекистон халқ артисти Занжирали Мирзатов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Насиба Қамбарова ва бошқа номдор кишилар шу гўзал масканнинг фарзандларидир.

Олмос қишлоғининг баҳор ойлари ҳам ўта файзли бўлади. Ҳали баланд тоғлар чўққисидаги қорлар эриб улгурмаган, кўзни қамаштиради. Тоғ ёнбағирларидаги қир-адирлар кўм-кўк майсаларга бурканган. Ариқ бўйидаги ялпизлар, жийдалар гулининг дилларни яйратувчи бўйи кишига ҳузур бағишлайди. Мажнунтоллар сочларини тарам-тарам ёйиб, Олмоссойга бош қўйган-у, сир-асрорларини маъюс сўзлашаётгандай.

Каримжон ўрта мактабни битириб, олий ўқув юртига биринчи қадамини қўйган илк кунларданоқ қишлоғидаги мактабда ўқитувчилик қилади. Мактаб ўқувчилари билан ҳамоҳанг уларнинг ота-оналари ўртасида ҳам ҳурмат қозонишга эришган. Меҳнатлари эвазига сазовор бўлган бундай эҳтиромлар ҳақида ўйлаб, мактаб дарвозасидан кириб келганини ҳам сезмай қолди. Салом-аликдан сўнг синфхонага йўл олди. Бугун ҳам дарсни амалий мисоллар билан қизиқарли олиб борди. Танаффус қўнғироғи чалиниши билан мактаб директорининг котибаси шитоб билан югуриб келди-да: “Домла, аямиз кўзи ёриб, ўғил кўрибдилар, муборак бўлсин!” — дея уни табриклади. Каримжон ўз хурсандчилигини яширмай шошиб  туғуруқхона томон жўнади. Доя қизлар: “Каримжон домла, ўғил муборак бўлсин, суюнчисини чўзаверинг!” дея ҳазил-ҳузул қилишди. Атаб қўйганига қўшиб, турмуш ўртоғи Ҳидоятхонга соғлиқ тилаган хатини ҳам доя қизлар орқали киритиб юборди. Ўзи эса ота-онаси ҳузурига ошиқди. Чақалоқ тантанали кутиб олинди, расм-русумлар бошланди. Падари бузруквори Райимжон ота Каримжонга эш-қўш, комил инсон бўлсин дея набирасига Комилжон исмини қўйди.

Комилжоннинг дунёга келиши қутлуғ бўлди, бирин-кетин ука-сингиллар туғилиб, серфарзанд оилага айланди. Тўнғич фарзанд улғайиб мактабга борди, мактабни “олтин медаль” билан битирди. Мактаб ўқувчилигиданоқ “Мен ҳам газетада ишлайман, радио ва телевидениеда гапираман”, деган орзуси билан Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетига ўқишга кирди. Дипломни олиши биланоқ ҳарбий хизматга чақирилди. Йигитлик бурчини ҳам аъло даражада бажариб, Тошкентга қайтди. Олмосга ишга жойлашгандан сўнг бориш мақсадида талабалик амалиётини ўтаган телевидение раҳбариятига учрашди. Бўш ўрин йўқлиги учун уни радиога юборишди…

…1976 йилнинг май ойи. Таҳририятда ўша давр тингловчиларининг назарига тушган “Ўзбекистон ишчиси” радиожурналининг навбатдаги сони муҳокама қилинмоқда. Хона эшигидан оҳиста мўралаб, бир йигит хижолатли кўринишда кириб келди. Суҳбат бўлинмаслиги учун уни бўш ўриндиққа ишора қилдим. Аскар кийимидаги йигит бизнинг баҳс-мунозараларимизни диққат билан тинглади. Сўнг унга юзландим. Оқ-сариқдан келган йигитнинг елкасидаги ҳарбий погонига кўзим тушди, катта лейтенант. Камина ҳайрон бўлганимни сезиб, гап бошлади:

— Мен Комилжон Каримжонов бўламан. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика бўлимини битириб, ҳарбий хизматда бўлдим. Россиянинг Чита вилоятида рота командирининг ўринбосари, штаб бошлиғининг ёрдамчиси бўлиб хизмат қилдим. Хизмат сабаб Грузия, Арманистон, Озарбайжонда ҳам бўлиш насиб этди.

— Жуда яхши, ўзингиз ҳақингизда маълумот бердингиз, энди мақсадга ўтинг, — дедим.

— Аслида, амалиёт ўтаган телевидениеда ишламоқчи эдим. Раҳбарият аввал радиода ишлаб туринг, сўнг кўрамиз дейишди-да, Сизга юборишди, — деди у.

Ҳаёлимдан: “Раҳбарият бу йигитни таҳририятимизга катта мақсад билан юборган бўлиши мумкин. Чунки таҳририятимизда кўплаб шогирдлар етиштирган тажрибали Борис Иткин, Музаффар Саидов, Абдукарим Абдуазимов, Стелла Сливкина сингари устоз журналистлар ишлашига ишониб юборишган”, деган фикр ўтди.

— Майли, укажон, аввал ишимизни ўрганинг, радионинг студия ҳамда монтажхоналари билан танишинг. Бизга ҳам, сизга ҳам маъқул бўлса, ишлашингиз мумкин. Ҳозирча дам олинг, Тошкентни томоша қилинг. Эшигимиз очиқ, — дедим-да, танишувга нуқта қўйдим. Лекин бу йигит билан атрофлича танишиб чиқишга ҳаракат қилдим. Асли Наманганнинг Олмос қишлоғидан эканлиги, зиёли оилада тарбия топганлиги, журналистика соҳасига ҳаваси баландлигини эътиборга олиб, йўқ жойдан иш ўрни очиб, сафимизга қабул қилдик. Матн ёзиш, репортёр билан ҳамсуҳбатларнинг овозини магнит тасмасига муҳрлаш, монтаж ва студияда ишлаш сирларини пухта эгаллаш устида тинимсиз ҳаракат қилди. Устозлар кўмагида аста-секин радиожурналистиканинг сир-асрорларини эгаллай бошлади. Ўша даврнинг муҳим объектларидан суҳбат ва репортажлар уюштиришда сафимиздан ўрин эгаллади. Ҳарбий хизматда рус тилини пухта билиб олганлиги унга қўл келди. У саноат корхоналари, темир йўл ташкилотлари, Ангрен, Олмалиқ, Навоийдаги кимё ҳамда электроэнергия комбинатларидан эшиттиришлар тайёрлади.

1985 йил. Камина радионинг дастурлар дирекциясидан “Сўнгги ахборот” таҳририятида ишлаётган кезларим эди. Ўша кунларнинг бирида Комилжон хонамга кириб, ўзининг галдаги режалари ҳақида гапира бошлади:

— Устоз, берган ёрдамларингиз, шу муқаддас даргоҳда оилали бўлганим учун, аввало, Сизга, жамоа аъзоларига миннатдорчилигимни айтаман. Яна кўмак сўраб ҳузурингизга кирдим. Телевидениега ишга ўтишимга ёрдам берсангиз, — деди.

— Телевидениенинг қайси таҳририятини режалаяпсиз?

— “Ахборот”ни.

— Бу таҳририят ўта тезликни талаб қилади, қийналиб қолмайсизми? — дея савол бердим.

— Яхши ният билан “Ахборот”ни мўлжаллаяпман.

—“Ахборот” ижодкорни чархлайди, тезликка, зудлик билан таҳлилий хулоса чиқаришга ўргатади. Майли, унинг раҳбари Анвар ака Тожиев билан гаплашаман, — дедим-да, ички телефондан у кишига қўнғироқ қилиб, мақсадимизни айтдим.

— Комилжон тайёрлаётган эшиттиришларни тинглаб тураман. Истаги бўлса, учрашсин, — деган жавобни олдим. Комилжонга ўгитлар бериб, телевидениега кузатиб қўйдим.

Комилжон кўп ўтмай, тележурналистлар билан баҳслаша оладиган даражага етди. “Ахборот”нинг ҳар томонлама билимдони сифатида масъулиятли сиёсий йиғилишлардан кўрсатувлар тайёрлай бошлади.

1991 йилнинг 31 август куни Ўзбекистон Олий Советининг навбатдан ташқари сессиясида Биринчи Президент томонидан Давлат мустақиллиги эълон қилинганлиги тўғрисидаги масъулиятли кўрсатув ҳам Комилжон Каримжонов томонидан тайёрланди. Унинг дадиллиги, тезкор журналист бўлиб етилганлигига ўша куни гувоҳ бўлганман. Комилжон микрофон билан шахдам қадам ташлаб, давлат раҳбарининг ёнига кўтарилди. Ҳаяжонланмасдан мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсати, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётининг асосий йўналишлари билан боғлиқ саволлар берди. Биринчи Президент бу саволларга жавоб бераркан, аниқ ва пухта ўйланган режалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Бундай йўналишдаги чиқишлар унинг фаолиятида кўп бўлган. Хусусан, Ўзбекистонимизга ташриф буюрган хорижлик меҳмонларнинг расмий учрашувлари ҳақидаги кўрсатувлари кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлган.

Айниқса, ўша йилларда бунёд этилган Навоий – Учқудуқ – Мискин – Нукус, Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон, Ангрен – Поп сингари улкан темир йўлларнинг барпо этилиши, унинг азамат қурувчилари ва мамлакатимиз иқтисодиёти тараққиётида муҳим саналган бошқа иншоотларнинг бунёдкорлари ҳақидаги кўрсатувлари Ўзбекистон телевидениесининг олтин хазинасидан жой олган.

Комилжон Каримжоновнинг меҳнатлари ҳар томонлама муносиб баҳоланди. 2005 йили унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони берилди.

Олмос қишлоғидан юксак орзу-ниятлар билан чиққан Комилжон — шаҳри азим Тошкентда оилали, уйли-жойли, ўғил-қизли, набирали бўлган иқтидорли журналист ҳамон севган касбини давом эттирмоқда. Бир вақтлар тажрибали журналистлардан сабоқ олган Олмос фарзанди эндиликда ўзи ҳам кўплаб ёшларга устозлик қилмоқда.

Абдусамад ИСОҚОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × three =