Конституциямиз — инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячиси
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида “Ички ишлар органлари — инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячиси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, барча туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, шунингдек, шаҳар ва туман ички ишлар органлари бошлиқларининг ўринбосари лавозимларига тайинланиш учун ташкил этилган ўқув йиғинларида таҳсил олаётган тингловчилар қатнашди.
“Конституция — инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” шиори остида ўтказилган ушбу давра суҳбатида истеъфодаги генерал-майор Тоҳир Муллажонов ҳамда Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, подполковник Хуршиджон Рўзиев сўзга чиқиб, соҳага оид тажрибалари билан ўртоқлашди.
Генерал-майор Т.Муллажонов ўзининг кўп йиллик хизмат тажрибаси асосида ички ишлар органлари ходимларининг касб этикаси, масъулияти ва шахсий тартиб-интизоми юзасидан амалий тавсиялар берди. У инсон ҳуқуқларини таъминлаш — ҳар бир ходимнинг кундалик фаолиятида устувор вазифа бўлиши лозимлигини таъкидлаб, хизматда учраши мумкин бўлган мураккаб вазиятларни қонуний ва ҳалол йўл билан ҳал қилишнинг муҳим жиҳатлари ҳақида фикр юритди.
Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, подполковник Хуршиджон Рўзиев давлатимиз томонидан ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини юксак даражада ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди. Шунингдек, соҳада қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳар бир мурожаатини адолатли ва холис кўриб чиқиш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтиришга қаратилган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Давра суҳбати давомида тингловчилар томонидан ички ишлар органларидаги сўнгги ислоҳотлар, профилактик ишлар самарадорлигини ошириш, фуқаролар билан ишлашнинг янгича механизмлари, ички назорат ва қонунийликни таъминлашга оид бир қатор саволлар берилди. Барча саволларга соҳа мутахассисларидан ҳаётий мисоллар билан бойитилган батафсил жавоблар олинди.
Бу каби учрашувлар тингловчиларнинг ҳуқуқий билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, мутахассис сифатида ўз олдига қўйилган вазифалар залвори ва масъулиятини тўла англаб олишларида муҳим аҳамият касб этади.
Ички ишлар вазирлиги
Малака ошириш институти
матбуот хизмати.
Адолат нури
Аёл — нозик хилқат. Озгина меҳрдан дунёларга сиғмай кетади, биргина эътиборсизлик эса кўнглига оғир ботади. Ўша куни Мунира турмуш ўртоғи, подполковник Ҳусниддин Абдуллаевга бир неча маротаба қўнғироқ қилади. Жавоб бўлавермагач, алами келган Мунира “энди менинг ҳам жавобимни кутсинлар”, деган маънода уяли телефон аппаратини ўчириб қўяди.
Маҳкамада сўроқ қилинаётган Абдуллаевдан уйдагиларини хабардор қилиш мақсадида яқинларининг телефон рақамини сўрашганида, хаёлига фақат турмуш ўртоғи Муниранинг рақами келади, холос. Аммо афсуски, у билан боғланишнинг сира иложи бўлмайди…
Подполковник Ҳусниддин Абдуллаев 1979 йили Андижон вилояти Асака туманида туғилган. 2001 йили ИИВ Ёнғиндан сақлаш олий техник мактабини тамомлаган. Мазкур таълим муассасасида турли лавозимларда ишлаб, 2007 йили Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИБ ҲООБ МТП профилактика инспектори вазифасида фаолиятини давом эттирган.
Ҳаёт йўли бир текис эмас экан. Ўшанда 2013 йил 11 сентябрь куни эди. Ҳусниддин Абдуллаевнинг ҳар доимгидек хизмат вазифасини бажариш жараёни. Ҳужжатларни туман ИИБга олиб кетаётган пайти ҳудудда юрадиган таниш йигитлардан бири шошиб келиб: “Ака, диск сотадиган дўкон очмоқчи эдим, маслаҳатингиз керак”, деб гапга тутади. Инспектор шошиб турган бўлса-да, бунинг учун керакли ҳужжатлар расмийлаштириш лозимлигини, турли хилдаги порнографик ва диний экстремистик хусусиятга эга дисклар сотуви мумкин эмаслигини тушунтириб, машинасига ўтиради. Йигит кўча бошидаги дўконгача унинг машинасида бирга чиқиб олишни илтимос қилади. Манзилга етгач, тушиб кетаркан, инспекторга совға бериб юборишганини айтиб, қўлидаги селофан пакетга ўралган пулларни тутқазади. “Бу нима қилганинг? Ол буни!” деб пакетни йигитга қарата ирғитади. Йигит “Бу сизга”, деб турган маҳал саккиз нафардан зиёд хизмат ходимлари машинани ўраб олишади ва Абдуллаевнинг қўлини орқага қайириб, Тошкент шаҳар прокуратурасига олиб кетишади…
Мунира ишидан ҳаяллаётган турмуш ўртоғидан аввалига хавотир олмайди, чунки хизмат вазифаси ўлароқ, бундай ҳолатлар бўлиб турарди. Шу боис ҳам уяли телефон аппаратини ёқиш, ундан хабар кутиш хаёлига ҳам келмайди. Кейинчалик вазиятни билганда эса ўзини ўзи ич-ичидан койиди.
— Отамнинг кўзида ёшни ўшанда кўрганман, — деб эслайди Ҳ.Абдуллаев. — “Отажон, меҳрибоним, йиғламанг, менинг айбим йўқ… Бир куни адолат қарор топади, аммо бунинг учун вақт керак. Илтимос, менга ишонинг!” деёлганман, холос. Отам кўзларидаги ёшни рўмолчаси билан артаркан: “Оилангдан, фарзандларингдан хавотир олма. Соғлиғингга қара”, деди-да, чиқиб кетди.
Ҳусниддин Абдуллаевнинг оилада акаси, укаси ва биргина синглиси бор эди. Ака-укалари ҳам офицерлар, синглисининг турмуш ўртоғи ҳам шу соҳа ходими. Унинг бошига келган қора булутлар ака-укаларининг эмас, негадир куёвининг фаолиятига соя солгандек бўлади. Ҳатто шуни деб унинг оиласи дарз кетиш арафасига етади. Ҳаёт синовлари барчани синаётгандек бўларди…
Ариза ва кўрсатмаларга асосланган жиноят иши ҳужжатларига кўра, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судининг ҳукми билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. Жазо муддатининг маълум бир қисмини ўтаганидан сўнг, озодликка чиқарилади.
— Озодликка чиқиш — чинакам қувонч, чексиз бахт бўлса-да, аммо кўп йиллардан буён елкамни босиб турган оғир юкдан халос бўлиш дарди қийнарди. Негаки, барибир кўпчиликнинг назарида юзим қора бўлган, муносабатлар ҳам шунга яраша эди, — дейди Ҳусниддин Абдуллаев.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг кассация инстанциясида суд жараёни қайтадан кўриб чиқилиб, суд ҳукмига кўра, унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли тўлиқ реабилитация қилинади.
Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди. 2023 йилнинг ноябрь ойида Ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизматга тикланган Ҳусниддин Абдуллаев Чилонзор тумани бўйича ИИОФМБ 3-сонли ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси профилактика катта инспектори лавозимида иш фаолиятини давом эттирадиган бўлди.
— Хизмат формамни яна киярканман, рости, кўнглим алланечук бўлиб, йиғлаб олганимни ҳам яширмайман, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. — Янги Ўзбекистонда Конституция ва қонунлар устуворлиги таъминланиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишига ишонардим. Худога шукр, оилам, яқинларим, касбдошларим, маҳалла-кўй олдида юзим ёруғ бўлди.
Подполковник Ҳусниддин Абдуллаев бугунги кунда Чилонзор тумани ИИОФМБ 2-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда. Унга иш жойига яқин бўлган ҳудуддан барча қулайликларга эга бўлган хизмат уйи берилган. Турмуш ўртоғи Мунира шу ҳудуддаги 179-сонли мактабда инглиз тилидан дарс бериб келмоқда. Улар Гулҳаё, Азизбек, Лазизбек исмли фарзандларини Ватан хизматига камарбаста инсонлар этиб тарбиялашмоқда.
Дарҳақиқат, айрим инсонлар ҳақиқатни яширишга, унинг йўлини буришга уринади. Баъзан у чалкашликлар ичида кўздан йўқолгандек бўлади. Лекин ҳақиқатнинг умри узун. У бир пайтлар эгилиши мумкин, аммо ҳеч қачон синмайди, вақт ўтгач, барибир ўз овозини топиб, юзага чиқади. Худди лавҳамиз қаҳрамони, подполковник Ҳусниддин Абдуллаев қисмати каби. Унинг қадамлари шубҳалар сояси остида босилган бўлса-да, қалбидаги ҳақиқат уни йиқитмади. Вақт ўтди, синовлар ўтди, аммо барибир ҳақиқат ўз йўлини топди, ўз сўзини айтди ва қаҳрамонимиз тақдирида адолат нурини кўрсатди…
Адолат ФАЙЗИЕВА,
ИИВ Бирлашган таҳририяти
мухбири.
Жасорат юракда туғилади
2025 йил 16 май. Шу куни ўз хизмат вазифасини бажараётган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати инспектори, сафдор Авлиё Аббосов ҳужжатсиз транспорт бошқараётган фуқарони аниқлади. Унинг машинасини жарима майдончасига олиб бораётган пайтда инспекторнинг сўзларига бўйсунмасдан, ундан қочишга уринган ҳайдовчи “Дамас” автомобилини куч билан жарима майдончасининг дарвозасига уриб, уни бузиб юборди. Ходим ҳайдовчини тўхтатишга уринди. Лекин у тўхташ ўрнига Авлиёга ёвуз ниятда яқинлашди.
У машинасидаги ошхона пичоғини олиб, инспекторга ташланди. Авлиё жароҳатланган бўлса-да, вазифасини адо этиш ва ўзига қарши ёвуз ҳужумни тўхтатиш учун курашни давом эттирди. Аммо инспектор жиддий жароҳат олиб, шифохонага етказилди. Қабиҳ ниятдаги фуқаро дарҳол қўлга олинди ва ҳуқуқ-тартибот органларига топширилди.
Авлиё Аббосовнинг бу воқеада кўрсатган жасорати ҳамма учун ўрнак бўлди. Ўз хизматига бўлган садоқат, жонини хавф остига қўйиб бўлса ҳам жамият хавфсизлигини таъминлашга интилиши унинг ҳақиқий қаҳрамонлигини кўрсатади.
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадри ва меҳнати ҳар доим эътирофга сазовор бўлмоқда. Наманган вилояти ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлинмалари саф бўлинмалари йўл-патруль хизмати батальони учинчи сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати инспектори Авлиё Аббосовнинг “Жасорат” медали билан тақдирланиши унинг хизматига берилган ҳақиқий рағбат бўлиб, ўз навбатида, қаҳрамонимизни янада юқори мақсадларга эришиш учун илҳомлантирмоқда. Унинг ҳар бир қарори, ҳар бир қадамида чинакам фидойилик ва юксак масъулият бор.
Авлиё Аббосов 2006 йилдан буён ички ишлар органларида фаолият юритмоқда. Косонсой тумани ИИБ таъминлаш бўлинмаси милиционерлигидан бошлаб, бир қатор масъулиятли лавозимларда ишлади. Жумладан, патруль-пост хизмати, жамоат тартибини сақлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида катта тажриба орттирди.
У жорий йилда 1500 дан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлади ва тегишли чоралар кўрди.
Авлиё Аббосовга берилган “Жасорат” медали унинг жамиятга хизмат қилишдаги юқори масъулиятини қадрлашнинг ёрқин ифодасидир. Бу мукофот уни яна юксак мақсадлар сари интилишга ундайди. Бу эса жамият хавфсизлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади.
Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ,
Наманган вилояти.
