Қуш уясида кўрганини қилади

Aтрофга боққанимизда худди дунё ўзгариб қолгандай. Тўғри, замонавий технологияларнинг ривожланиши ҳаётимизга кўплаб янгиликлар билан келди: осон алоқа, узоқдагилар билан яқиндай гаплаша олиш ва яна санаб саноғига етолмайдиган қулайлик… Аммо… танганинг икки томони бўлганидай, бу давр инсонни инсондан узоқлаштира бошлади. Бир уйда яшаб гаплашмайдиган оилалар, фарзандлари билан ўйнамайдиган ота-оналар… Ҳеч кимнинг вақти йўқ. Ҳамма ўзича банд. Олдинлари болаларга ўйинлар орқали турли панд-насиҳатлар билан ўстирадиган ота-оналар бугун фарзандлари қўлига янги “IPhone” олиб бериб хурсанд қиладиган бўлишди. Қўлида телефон ушлаган бола хоҳлаган нарсани кўряпти, хоҳлаган нарсасини ўрганяпти. Шунданмикан, деб ўйлаб қоламан баъзида ҳозирги болаларнинг агрессивлиги, тез жаҳли чиқиши, тартибсиз сўзларни айтиши-ю қуюшқонга сиғмайдиган ҳаракатлар қилишлари…

Aслида кўзга кўринмас чегаралар билан чизилган одоб ҳар кимнинг ўз уйида шаклланади. Шунинг учун халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол бор. Лекин бу ҳикмат ҳозирги даврга “тўғри келмайди”. Бундан бу ёғига тўғри келмаса ҳам керак. Чунки энди болалар уйида кўрганини эмас, ижтимоий тармоқларда кўрган видеоролик ва мобиль ўйинларда кўрганини такрорлаяпти. Aгар шу кетишда давом этаверса, келажак қўлида бўлган бу ёшлар эртага ким бўлади экан?

Гўё ҳаётимизни ўзимиз учун эмас, ижтимоий тармоқлардаги кузатувчиларимиз учун яшаётгандекмиз. Овқат тайёрлашимиз, кўчада сайр қилишимиз, дўстлар билан учрашув, оилавий муносабатларимиздан тортиб кунимизнинг сонияларигача “Story”ларимизда улашиб боряпмиз. Инсон баъзида нима мақсадда яшаётганини унутиб, саҳифаларга жойлаган расм ва видеоларининг “like”лари-ю уларга ёзилган яхши-ёмон изоҳларни ўзгартиришга бел боғлагандек гўё. Энг қизиғи, охиригача кўрмай ўтказиб кўраётган “reels”ларимизнинг ҳаммасида бахтли муносабатлар, бекамикўст рўзғор ва ҳашаматли уйлар… Буларни кўриб, бахтсиз инсон йўқ бўлса керак деб ўйлайди киши. Aммо нега унда жанжаллар ортидан узилган ришталар сони йил сайин ортмоқда, мурғак қалблар ўксик қолмоқда? Ҳаттоки шу жанжалларни ҳам, оилавий низоларни ҳам кузатувчи кўпайтириш, “рекка чиқиш учун” очиқ-ойдин жойлашади. Қаерда қоляпти бизнинг анъаналаримиз-у маданият, уят-андишаларимиз?

Мен тенгдошларимдан сўрамоқчиман: майли, уят-андишани бир чеккага қўйиб, ўйланг, ҳозир наздингизда сизга машҳурлик келтирган бир-бирингизга тош отиб айтилган рост-у ёлғон бўҳтонларни йиллар ўтиб, фарзандингиз кўрса, нима деб жавоб берасиз? Ёки изоҳингизга ёзилган номуносиб сўзларни ота-онангиз ўқиб қолса-чи, уларнинг юзига қандай қарайсиз?

“Ҳаёт меники, аралашма!” дейишингиз мумкин. Балки, сиз ҳақдирсиз, аммо тармоқларда беҳуда ўтиб кетаётган умрингизга ҳам ачинмайсизми? Ҳар биримизга бир марта бериладиган умрни ғанимат билиб, бизга нафи тегмайдиган виртуал оламда эмас, реал ҳаётдан завқланиб яшаш яхши эмасми? Тан олайлик, ҳозир ўзимиз учун бу ҳаётдан завқланмай қўйяпмиз-ку!

Менимча, ҳар бир ота-она бу вазиятга масъулият билан ёндашиши, интернетдан ҳам чегара асосида фойдаланиб, қандай видео бўлишидан қатъи назар, болани руҳан ва жисмонан ривожлантиришга асосланган, тарбиясига ёмон таъсир қилмайдиганларини саралаб олишлари зарур.

Яна бир гап: кўпгина мамлакатларда, хусусан, бизга қўшни бўлган давлатларда ҳам дарсларда мактаб ўқувчиларининг қўл телефонидан фойдаланиши тақиқланган. Таълим масканига бирорта ўқувчи телефон олиб кирмайди. Телефонини мактабга киргунича махсус хонага қўйиб кириши мумкин.  Бизда-чи? Айрим ўқув масканларида бунга ҳаракат қилиняпти, аммо умумий тартиб ва назорат йўқ.

Шу нарса аниқки, дарсга телефон олиб кирган боланинг қулоғига дарс кирмайди.

Дармонжон РУСТАМОВА,

Ўзбекистон Миллий

университети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 − 3 =