Табиат олдидаги вазифа ва масъулият
Пойтахтимиз ва бир қатор ҳудудларда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш ҳолати юзага келгани ҳар биримизга тоза атроф-муҳитнинг қадр-қийматини яна бир карра намоён қилиб қўйди. Ён-атрофимиздаги экологик муаммоларга беэътибор бўлмасликни, табиат ва яшилликни асраш зарурлигини ёдимизга солди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда турли кўринишдаги экологик муаммоларнинг инсон саломатлигига хавф-хатари ортиб бормоқда. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, янгиланган Конституциямизда илк бор ҳар бир шахснинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқи кафолатлаб қўйилди.
— Атроф-муҳитни муҳофаза қилишда турли йўл ва усуллар қўлланилади, лекин улар ичида энг муҳим восита ҳуқуқий муҳофаза ҳисобланади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Сапаргул Утемуратова. — Барқарор ривожланиш ва табиатни асраш учун асосий пойдевор айнан ҳуқуқий механизм.
Шу нуқтаи назардан, Конституциямизнинг ўрни беқиёс. У нафақат давлатнинг бош қонуни, балки фуқароларнинг соғлом ва хавфсиз муҳитда яшаш ҳуқуқини кафолатловчи асосий ҳужжатдир.
2023 йилда умумхалқ референдуми билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда илк бор ҳар бир шахснинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқи ҳамда унинг ҳолати тўғрисида ишончли ахборот олиш ҳуқуқи аниқ белгилаб қўйилди. Жумладан, 49-моддага кўра: “Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади”.
Шунингдек, Конституцияда ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик экани, улардан фақат оқилона фойдаланилиши лозимлиги қатъий белгиланган. Табиат — бизнинг энг қимматли бойлигимиз ва келажак авлод учун мерос ҳисобланади. Шу боис ҳам атроф-муҳитга зарар етказишга йўл қўйилмайди. Мулкдан фойдаланишда ҳам, шахсий ҳуқуқларни амалга оширишда ҳам бошқаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказмаслик талаб этилади, — деди депутат.
Дарҳақиқат, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш давлатнинг зиммасида экани конституциявий норма билан мустаҳкамлаб қўйилган. Бунинг амалдаги ижросини Президент томонидан тегишли фармон қабул қилингани ва шу асосда махсус комиссия тузилган ҳолда бутун ҳукумат доирасида изчил ишлар амалга оширилаётгани мисолида кўришимиз мумкин.
Ўз навбатида, биз фуқароларнинг ҳам табиатни, табиий бойликларни асраш, келажак авлод учун соғлом муҳит қолдириш борасидаги вазифа ва бурчларимиз борлигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Хусусан, Конституциямизнинг 62-моддасига кўра, фуқаролар зиммасига атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти юкланган. Бу эса атроф-муҳитни асрашга ҳар биримиз масъул ва бурчли эканимизни, жамиятда экологик маданиятни ошириш зарурлигини англатади.
Бир сўз билан айтганда, Бош қомусимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фуқароларнинг табиат олдидаги вазифалари, масъулияти кабиларга алоҳида эътибор қаратилгани экологик хавфсизликни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади. Атроф-муҳитга нисбатан масъулиятли ва эҳтиёткорона муносабат мусаффо атмосфера ва хавфсиз экологик муҳитни таъминлашга замин бўлади.
Муҳтарама КОМИЛОВА.
