Ғуборларсиз ҳаёт орзуси

Коррупция  ҳалол ҳаётни, тараққиётни тўсувчи иллат эканлиги маълум. Лекин айрим кимсалар учун коррупция ва таъмагирлик “яшаш қонуни”га айланиб кетган. Хизмат хонасида савлат тўкиб ўтирган амалдор битта имзо билан ҳожатингизни чиқариши мумкин, лекин шу имзо учун “йўталишингизни” кутади. “Йўталмасангиз”, “яна ҳужжат олиб келинг” деб қуруқ сарсон-саргардон қилаверади. Умуман, коррупция авж олган жойда ҳақиқат, адолат мезонлари иш бермайди. Одамларнинг адолатга ишончи ўлади.

Биз ана шу иллатни бартараф этишимиз, аҳоли учун қулай ва шаффоф шароит яратишимиз керак. Давлатимиз раҳбарининг бугунги кундаги ташаббуси шу эзгу мақсадни кўзлайди. Уни амалга ошириш учун нима қилиш керак? Ҳамма, бутун жамият шу мақсадни кўнглига тугиб, бирлашган ҳолда ҳаракат қилиши зарур.

Айтайлик, иқтисодиётимизда хориждан келадиган сармоя учун қандай омиллар талаб этилади, деган савол берилса, шу мамлакатда тинч ва осойишта ҳаёт барқарор, қонунлар устувор дейиш билан бирга бу ўлка бюрократиядан, коррупциядан холи десак, инвесторларда ишонч мустаҳкам бўлади.

Фараз қилайлик, сиз олий ўқув юртини битирдингиз. Ишга жойлашиш учун бевосита бирон ташкилотга эмас, Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ порталига мурожаат қиласиз. Ушбу порталда давлат органлари ва ташкилотларининг вакант лавозимларини малакали ва энг муносиб номзодлар билан тўлдириш мақсадида очиқ мустақил танловлар эълон қилиб борилади. Танловда иштирок этиш истагида бўлган номзодлар бир вақтнинг ўзида давлат ташкилотининг учтагача бўш иш ўрни учун ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Албатта, мутахассис сифатида иш бошлаш учун муайян талаблар қўйилади. Бу жараён инсон омили аралашувисиз кечади, белгиланган мезонлар мутаносиблиги таъминланади. Бу тизим ҳозиргидек “баъзида бундоқ, баъзида ундоқ” эмас, чинакам ҳалоллик, холислик мезонига айланиши шарт. Бугун кадр танлашда турли ўйинлар, таниш-билишчиликлар ҳам бўлаётгани сир эмас-ку! Буни яширишга ҳожат йўқ. Ҳамма билиб, кўриб турибди.

Зеро, бюрократия ва коррупциядан холи бўлиш ҳаётимизни ғубордан тозалаш, ҳалол ва эркин турмуш тарзидан иборат бўлиш демакдир. Бюрократия биз нафратланаётган коррупция учун замин ҳисобланади. Кимнингдир насибасидан юлиб олиш, ўзгалар ҳисобидан даромадга эга бўлиш учун битиб турган иш битмайди, арзимас сабаблар билан тўсиқдан ўтмайди.

Куни кеча бўлиб ўтган бир тадбир коррупцияга йўл қўймаслик, бундай нопок иллатларни бартараф этишга бағишланди. Тадбир сўнгида у сунъий интеллект афзаллигини намоён этадиган анжуманга уланиб кетди. Бу тасодифий эмас. Инсон ақл-заковатининг меваси саналмиш сунъий интеллект ҳар бир юмушни рисоладагидек бажаради. СИ таниш-билишчиликни, ошна-оғайнигарчиликни, зимдан иш битиришни тан олмайди.

Бир мисол. Бугунги кунда ҳаётимизда кенг татбиқ этила бошлаган қуёш панеллари ҳақида гапирайлик. Бу ўйлаб кўрилса, ажойиб имконият. Масалан, Қўшработ туманининг чекка қишлоғида яшаётган дўстимиз хонадонига қуёш батареяси ўрнатишга аҳд қилибди. Бунинг учун буюртма бергандан сўнг тегишли мутасаддилар 10 киловаттлик қуёш батареяси ўрнатибди. Бу 35 миллион сўмга тушибди. Ҳозир шу хонадонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини давлат сотиб оляпти, ҳар ой хонадон соҳибининг ҳисоб рақамига 1-1,2 миллион сўмдан маблағ тушиб турибди экан. Айни пайтда электр энергия учун ҳақ тўлашдан озод этилган, мол-мулк ва ер солиғи тўланмайди. Ҳисоб-китобга кўра 3 йил ичида дастлабки харажат қопланади. Бундай қулайликни кўрган қўни-қўшнилар ҳам янгиликни ўзларида жорий этишга қизиқиб қолишибди. Демоқчимизки, даромад олиш учун албатта кимнидир чув тушириш, алдаш шарт эмас,  балки, бугунги имкониятлардан оқилона фойдаланишнинг ўзи кифоя экан.

Янги Ўзбекистон бюрократияни, коррупцияни бартараф этиш, ҳаётимизга замонавий технологияларни жорий қилиш ҳисобига тобора жозибадор манзара яратмоқда. Буни ҳар бир юртдошимиз — кексаю ёш юракдан англаб етиши керак. Зеро, Ватанимиз 2030 йилгача дунёдаги жадал ривожланаётган давлатлар сафидан жой олиши ният қилинган. Насиб бўлса, бу орзумиз албатта амалга ошади, янги Ўзбекистонни бутун дунё аҳли ҳар жиҳатдан юксак, поклик ва ҳалоллик, қонун устувор мамлакат сифатида кашф этажак.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 2 =