Стратегик мақсадимизнинг асосий таянчи

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 2024-2025 ўқув йилида мамлакат олий таълим тизимида ўзининг етакчи ўрнини янада мустаҳкамлади. Хорижий тиллар, филология, таржимонлик ва замонавий таълим технологияларига ихтисослашган университетда мазкур давр мобайнида таълим сифати, илмий тадқиқотлар, профессор-ўқитувчилар салоҳияти ҳамда халқаро ҳамкорлик бўйича сезиларли ютуқларга эришилди.

Рақамлар ва аниқ кўрсаткичлар эса университетнинг стратегик ривожланиш йўналишлари изчил амалга ошаётганини яққол тасдиқламоқда.

Ҳозирги кунда университет таркибида 11 та факультет фаолият юритмоқда. Инглиз филологияси, роман-герман филологияси, Шарқ тиллари, таржима назарияси ва амалиёти, халқаро журналистика ва бошқа факультетлар орқали инглиз, немис, француз, корейс, хитой, япон, испан, араб тиллари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Сўнгги икки йилда янги йўналишлар очилиши таълимни диверсификация қилиб, янада бойитди. 49 та кафедра орқали 29 та бакалавриат йўналиши, 18 та магистратура мутахассислиги ва 10 та ихтисослик бўйича ўқитиш йўлга қўйилган. Ишонаманки, бу кенгайиш замонавий дунёда рақобатбардош бўлишнинг асосий калитидир. Хорижий тилларни мукаммал эгаллаган ёшларимиз эртага дипломатия, бизнес, туризм, АТ ва халқаро муносабатлар соҳасида мамлакатимизни дунёга танитади.

Профессор-ўқитувчилар таркиби университетнинг энг катта бойлиги ҳисобланади. Бугунги кунда 1246 нафар педагог фаолият юритмоқда. Шундан 102 нафари фан доктори (DSc), 311 нафари фалсафа доктори (PhD), 237 нафари катта ўқитувчи, 596 нафари ўқитувчи. Асосий штатда 1055 нафар, ўриндошлик асосида 191 нафар ходим ишлайди. Илмий салоҳиятимиз 35 фоизга етди. Бу ўтган йилга нисбатан беш фоиз ўсишдир. Мен бу рақамларни кўрганимда, ҳар бир ўқитувчининг кечаю кундуз меҳнатини, илмий изланишларини ва талабаларимизга бераётган билимларини эслайман. Айнан шу салоҳият туфайли университетимиз республикада хорижий тиллар ва филология бўйича етакчи ўринни эгалламоқда.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдир. 2024-2025 йилларда бу соҳада эришган ютуқларимиз мени алоҳида фахрлантиради. Чунки глобал интеграция нафақат таълим сифатини оширади, балки талабаларимиз ва профессор-ўқитувчиларимизга дунё тажрибасини ўрганиш, янги имкониятлардан фойдаланиш ва мамлакатимизнинг халқаро обрўсини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ишонаманки, хорижий ҳамкорликсиз замонавий университетни тасаввур қилиш мумкин эмас — бу бизнинг стратегик мақсадларимизнинг асосий устунларидан бири.

2025 йилда университетимиз халқаро фаолиятда сезиларли ютуқларга эришди. Энг муҳими, 36 та давлатдаги 252 та нуфузли олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик шартномалари амалий натижалар бермоқда. Бу рақам ўтган йилларга нисбатан сезиларли ўсишни кўрсатди ва университетимизни глобал таълим тармоғининг фаол иштирокчисига айлантирди.

Хорижий мутахассислар жалб қилишда ҳам катта муваффақиятларга эришдик. 2025-2026 ўқув йилида 87 нафар хорижий мутахассис жалб қилинди, шундан 24 нафари фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) даражасига эга, 21 нафари хориждан маош оладиган волонтёрлар ҳисобланади. Ўтган йили бу кўрсаткич 76 нафар эди. Бу ўсиш талабаларимизга “native speaker”лар билан бевосита мулоқот қилиш, замонавий ўқитиш методикаларини ўрганиш имконини бермоқда. Мен бу мутахассисларнинг дарсларида иштирок этганимда, талабаларимизнинг қизиқиши ва фаоллигини кўриб, чин дилдан қувонаман.

Профессор-ўқитувчиларимиз ва ходимларимизнинг хорижда малака ошириши ҳам фаол давом этмоқда. Жами 330 нафар ходим хорижда малака оширди, стажировка ўтади ёки хизмат сафарида бўлди. Шундан 250 нафари хорижий грантлар ҳисобидан молиялаштирилди. Малака ошириш ва стажировкага борганлар сони 109 нафарни ташкил этди (ўтган йили 103 нафар эди). Бу тажриба ўқитувчиларимизнинг профессионал даражасини ошириб, таълим жараёнига янги инновацияларни олиб келмоқда. Талабалар мобиллиги соҳасида ҳам рекорд натижалар қайд этилди. Хорижий олий таълим муассасаларига юборилган бакалавр, магистр ва докторантлар сони 373 нафарга етди — бу ўтган йилдаги 148 нафарга нисбатан икки баравардан ортиқ ўсишдир. “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари орасида университетимиздан 15 нафар битирувчи хорижда таҳсил олмоқда: 13 нафари Буюк Британияда, 1 нафари Канадада, 1 нафари Шотландияда. Бу ютуқлар мени алоҳида қувонтиради — ёшларимиз дунёнинг етакчи университетларида билим олмоқда ва келажакда мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшади. Университетимизда таҳсил олаётган хорижий фуқаролар сони ҳам ўсиб бормоқда. 2025-2026 ўқув йилида хорижий талабалар сони 446 нафарга етди. Улар учун махсус шароитлар яратилди: 96 та талабалар турар-жойи ўрни ва 46 та хорижий ўқитувчилар учун меҳмонхона хоналари ажратилди. Халқаро лойиҳалар сони ва молиявий ҳажми ҳам сезиларли ўсди. Жорий йилда 18 та халқаро лойиҳа амалга оширилди, умумий бюджети 398 000 АҚШ долларини ташкил этди. Шундан 17 таси “Erasmus+” дастури доирасида (123 000 доллар), 1 таси “KOICA” лойиҳаси бўйича (2025 йилда 295 000 доллар). Бу лойиҳалар нафақат молиявий қўллаб-қувватлаш, балки янги таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар ва мобиллик имкониятларини таъминламоқда.

Қўшма таълим дастурлари ҳам фаол ривожланмоқда. Беларусь (2+2 бакалавриат, 1+1 магистратура), Россия (Москва давлат лингвистика университети — 3+1 бакалавриат, Адигей давлат университети — 3+1), Хитой (Далян технология университети — 2+2 ва 1+1) билан дастурлар йўлга қўйилди. АҚШнинг Лоуренс технология университети ва Нордик халқаро университети билан ҳамкорликда 50 нафар ўқувчи қабул қилинди.

Мақтанишга йўйманг-у, лекин халқаро рейтинглардаги ютуқларимиз ҳам эътиборга лойиқ. Университетимиз “QS” рейтингида “Linguistics” йўналиши бўйича “TOP” 251-ўринни эгаллади. “THE” рейтингида “Quality Education” бўйича дунёда 30-ўрин, “Gender Equality” бўйича 201-300 ўринлар ва бошқа кўрсаткичларда юқори натижалар қайд этилди. Бу натижалар мени чин дилдан фахрлантиради — университетимиз глобал миқёсда тан олинмоқда ва бу талабаларимизнинг дипломларига қўшимча қиймат бермоқда.

2026 йил учун халқаро ҳамкорлик режаларимиз янада улуғвор. 65 нафар “native speaker” жалб қилиш, хорижий талабалар сонини 400 нафарга етказиш, 250 нафар талабани хорижга юбориш, янги тест марказлари (хитой тили “HSK”, итальян “CELI”, япон “ЖЛПТ”) очиш, “KOICA” орқали 25 нафар волонтёр жалб қилиш, Хитой (Лиаодонг), Корея (Кангвон), Малайзия (ИНТИ), Туркия (Селжук) университетлари билан қўшма дастурлар йўлга қўйиш, “Erasmus+” доирасида Испания, Латвия, Польша ОТМлари билан лойиҳалар тайёрлаш ва “THE”, “QS”, “Green Metrics” рейтингларида натижаларни яхшилашни мақсад қилганмиз.

Ҳозирда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 4 та илмий журнал мунтазам фаолият юритади: “Ўзбекистонда хорижий тиллар”, “Филология масалалари”, “Лингвоспектрум”, “Компаративистика”.

Бу нашрларнинг барчаси ОАК рўйхатига киритилган бўлиб, уларда профессор-ўқитувчилар, докторантлар ва ёш тадқиқотчиларнинг илмий мақолалари чоп этилмоқда. Университет ҳузурида 12 та илмий тадқиқот институти ва бир нечта доимий илмий кенгашлар фаолият юритади. Ушбу тузилмалар илмий фаолиятнинг тизимли ривожланишига замин яратиб, инновацион лойиҳалар ва илмий изланишлар самарадорлигини оширмоқда.

Талабалар контингенти ҳам изчил кенгайиб бормоқда. 2024-2025 ўқув йилида университетда жами 23 329 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 16 724 нафари кундузги, 5045 нафари кечки, 446 нафари сиртқи, 886 нафари магистр, 228 нафари қўшма таълим дастурлари бўйича ўқимоқда. Ушбу сонлар Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг таълим шаклларини диверсификация қилиш, масофавий ва қўшма таълим дастурларини кенг жорий этиш орқали кўпроқ ёшларни қамраб олаётганини кўрсатади. Хусусан, 228 нафар қўшма таълим талабасининг мавжудлиги халқаро ҳамкорликнинг кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Иқтидорли талабаларимиз орасида 5 нафар Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти совриндори, 2 нафар Президент стипендианти, 1 нафар Ислом Каримов номли стипендия совриндори, 11 нафар Навоий номли давлат стипендияси совриндори, 2 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, 9 нафар Александр Файнберг номидаги махсус стипендия совриндори, 22 нафар ректор стипендияси соҳиби, 17 нафар халқаро ва республика фан олимпиадаси совриндори, 30 нафар турли нуфузли танлов ва мусобақа ғолиби бор. Докторантларимиз орасида ҳам 1 нафар Зулфия мукофоти совриндори, 1 нафар “ЭВРИКА-2025” танлови ғолиби, 1 нафар “Илм юлдузлари” танловида “Энг инновацион ғоя соҳибаси”, 2 нафар “Ёш олимлар” танлови ғолиблари бор. 26 нафар ёш олим хорижий стажировкага юборилди. Талабалар сонининг ошиши университетимизнинг талабгорлиги ва инфратузилмасининг кучли эканлигини кўрсатади. Инфратузилма ривожи ҳам сезиларли даражада олдинга силжиди.

Университетимизда 10 та ўқув биноси мавжуд. Улар 5 та ҳудудда жойлашган. Умумий ер майдони 16,2 гектар, ўқув сиғими 11 700 нафар талаба. Янги 2700 ўринли ўқув биноси қурилди, 1500 ўринли биноси таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Ангрен факультетида 1500 ўринли бино ва 600 ўринли талабалар турар-жойи тўлиқ жиҳозланди. Барча ётоқхоналар жорий таъмирдан чиқарилди, 5- ва 6-ётоқхоналарда ювиниш ва ҳожатхоналар тўлиқ янгиланди. 900 дан ортиқ кузатув камераси ўрнатилиб, ситуацион марказ ишга туширилди. Спорт майдонида 1079 квадрат метр сунъий чим қопламаси янгиланди, соябонлар ва 150 ўриндиқли трибуналар ўрнатилди. 6 та “WORK-OUT” спорт анжомлари тўплами жиҳозланди. Инклюзив таълимни қўллаб-қувватлаш учун 4874 дона тактель йўлакчалари ўрнатилди. Хорижий ўқитувчилар учун 46 та меҳмонхона хонаси, хорижий талабалар учун 96 та турар-жой ўрни яратилди.

Маънавий-маърифий ишлар йўналишида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ўтказилган тадбирларимиз коррупция, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик, диний экстремизм ва терроризмга қарши профилактик йўналишни қамраб олади. Таҳлил натижаларига кўра, бу ишлар талабалар орасида ҳуқуқий саводхонликни ошириб, университет муҳитининг барқарор ва хавфсиз бўлишига хизмат қилмоқда.

Ватанпарварлик, ғурур ва ифтихор йўналишида 1758 та тадбир ўтказилиб, 18 000 дан ортиқ талаба қамраб олинган. Бу жараён тарихий масканларга саёҳатлар, миллий байрамлар, турли танлов ва мусобақалар, “Долзарб 90 кун”, “Яшил макон” ташаббуслари ва кенг қамровли лойиҳаларни ўз ичига олади. Таҳлилга кўра, бу йўналишдаги фаолият талабалар онгида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамламоқда.

Ижтимоий-моддий қўллаб-қувватлаш доирасида 3034 нафар талаба моддий рағбатлантирилган. Бу ёрдам ногиронлиги бўлган, чин етим ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар учун муҳим кўмак бўлиб, таҳлилларга қараганда, университетнинг инклюзив сиёсатини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ҳамкорлик ва маънавий интеграция бўйича ўтказилган тадбирлар университетга бириктирилган 8 та маҳалла фуқаролар йиғини, 1 та меҳрибонлик уйи ва 17 та умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.

Медиа макон бўйича ижтимоий тармоқлардаги обуначилар сони 40 мингдан ошган, “Instagram” саҳифасининг ноябрь ойидаги кузатувчилари 13 миллионга етган. “University Ranking 2025” рейтингида онлайн фаоллик бўйича республика биринчилигини қўлга киритган.

Таълим жараёнидаги янгиликларимиз ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. “Офис регистратор” тизими орқали 64 турдаги хизмат йўлга қўйилди: бу талабалар учун жараёнларни соддалаштирди. Профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳоловчи телеграм-бот ишга туширилди. Хорижий тиллар ўқитишда асосий ва иккинчи тиллар сифатида 21 та тил, учинчи тил сифатида португал ва озарбайжон тиллари жорий этилди. Университетга бириктирилган 17 та мактабда филиаллар очилиб, 47 нафар маҳаллий ва 8 нафар хорижий ўқитувчи жалб қилинди. 106 нафар мактаб ўқитувчисига сертификатга тайёрлов курслари ўтказилди. Учтепа ва Чилонзор туманларида 8 та МФЙда 134 нафар кам таъминланган оила фарзандига тил курслари ташкил этилди. 2025-2026 ўқув йилидан “Мактабимиз ифтихори” стипендияси жорий этилди. Мен бу лойиҳаларни шахсий ташаббусим билан қўллаб-қувватладим, чунки таълим тенглиги ва ёшларни қўллаб-қувватлаш жамиятимизнинг асосий тамойилларидан бири.

Битирувчиларимиз бандлиги ҳам қувонарли натижалар бермоқда. 2024-2025 ўқув йилида 6252 нафар талаба тамомлади, шундан 3856 нафари (61,7 фоизи) ишга жойлашди. “Келажакка қадам” дастури орқали 27 нафар битирувчига 5 миллиард 857 миллион сўм ажратилиб, 95 та янги иш ўрни яратилди. Карьера маркази 28 та иш берувчи ташкилот билан ҳамкорлик қилиб, 360 дан ортиқ бўш иш ўрнини шакллантирди ва 67 нафар талабани ишга жойлаштирди. Бу натижалар университетимиз битирувчилари меҳнат бозорида юқори талабга эга эканлигини кўрсатади. Академик лицейимизда ўқувчилар 3 та йўналиш бўйича таҳсил олмоқда.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 2026 йилдан бошлаб таълим сифатини янада ошириш ва халқаро стандартларга мослашиш мақсадида бир қатор стратегик ташаббусларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Жумладан, Германиянинг “FIBAA” халқаро аккредитация ташкилоти билан 3 та бакалавриат йўналишини аккредитациядан ўтказиш, талабалар учун C1 даражага эришиш имкониятини яратиш, 2+2 ва 3+3 қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, “STEAM” фанларини хорижий тилларда ўқитиш тизимини жорий этиш, сифатли синхрон таржимонлар тайёрлаш мактабини ташкил этиш, ёш болали талаба-қизлар учун масофавий таълим имкониятларини яратиш ва университет қошидаги академик тузилмаларни такомиллаштириш режалаштирилган.

Ушбу ташаббуслар илм-маърифат масканимизнинг таълим, илмий ва инновацион салоҳиятини янада кенгайтириб, талабаларнинг малака ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро таълим майдонидаги нуфузини мустаҳкамлашга имкон беради.

Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари

университети ректори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − eight =