Тарихда қоладиган хотин
Баҳром АКБАРОВ
Муаллиф ҳақида:
Баҳром АКБАРОВ – 1961 йили Тошкент вилояти, Зангиота туманида туғилган.
1983 йили ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг кимё факультетини битирган. Болаларга аталган “Митти ботир” номли асари немис ва рус тилида, “Қўрқмас ботир ҳақида эртак” китоби рус тилида нашр этилган. Шунингдек, “Кичкинтойлар китоби”, “Хаёлимдаги ҳикоялар” ва “Ғалати синов” номли китоблари нашр этилган.
“Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ХАРХАШАЛАР
Хотинимнинг кейинги пайтларда хархашаси ошгандан-оша бошлади. “Гап”ларининг тури кўпайди: синфдошлар, маҳалладошлар, қариндошлар, курсдошлар ва яна ишхонадошлар. Буларнинг бари текин бўлса майли эди-я, ҳаммаси пулли. Ярмини ўзи тўласа, ярми каминанинг бўйнида.
“Эр бўлгандан кейин хотиннинг оғирини енгил қилиш керак!” Бу хотинимнинг қатъий шиори. Етмаганига ҳар ойда кўйлак можароси. Совчиликка юргандан бери харажатим ошса ошяптики, камаймаяпти. Шуларни ўйлаб, бир ҳийла ишлатмоқчи бўлдим. У ҳам бўлса харажатларни камайтириш учун хотинимнинг танобини тортиб қўйиш. Бошқача айтганда, қўрқитиш. Буни қуйидаги усулда амалга оширишни ният қилдим.
Ошхонада ўнг қўлимни пешонамга қўйганча ёлғондан хаёл суриб ўтирардим. Бир пайт бешик тўйига кетган хотиним қўлидаги тоғорасини белига қўйганча ошхонага кириб келди.
— Ҳа, бошлиғингиздан гап эшитган одамдай ҳурпайиб ўтиришингиз бошқача. Нима бўлди? Қўлимдаги тоғорани олай ҳам демайсиз-а!
Хотинимнинг бу гапи жуда қўл келди.
— Эшитадиганимни эшитиб ўтирибман. Қўлингдаги тоғорангни кўтариб турмасдан, столнинг устига қўй. Ўзинг қаёқларда юрибсан? — дедим ёлғондан дўқ уриб.
— Маҳмуд сўфининг ўғли Ҳусан новча оғайнингиз бор-ку, ўшаларникида бешик тўйи бўлди. Эсингиздан чиқдими? Айтувдим-ку.
— Ҳа, айтувдинг. Қалай, яхши бўлдими?
— Яхши ҳам гапми? Зўр бўлди. Ўзиям саккиз хил овқат тортса бўладими!
— Ҳаммасини едиларингми?
— Қаёқда! Ярмидан кўпи қолиб кетди. Исрофни айтинг, дадаси, исрофни.
— Ҳар тугул, исрофни ўйлаб қолибсан. Аслида, унинг хотиниям сенга ўхшайди. Катта кўзим.
— Ия, ҳали мен шунақа эканманми? Эртаю кеч ёмонлаганингиз-ёмонлаган. Ҳеч мундоқ мақтамас экансиз-да, мени, а?
— Мана шунақа жанжалларингдан маҳалла раисидан гап эшитдим.
— Қанақа гап эшитдингиз?
— Ёмон! Оилавий жанжалларингиз “Hurriyat”да чиқибди, деди.
Хотинимнинг юзи тундлашди. Қошлари чимирила бошлади ва алам билан:
— Ажаб бўпти! Ўзининг хотини чиқолмаганига алам қилган-да, — деди ўқрайиб.
— Айтишига қараганда, жанжалларинг ижтимоий тармоқда, яъни “Фейсбук”да ҳам ёритилганмиш.
— Ёритилса ёритилар. У ерда сиз ҳам борсиз. Менга нима?!
— Менга-ку, ҳеч нарса эмас. Эрта-индин ўғлингга қиз қидирмоқчи бўлиб турганингда, бу яхши эмас-да, хотин. Ўғлингни ўйла, ўғлингни.
Хотиним бу гапимдан кейин сал бўшашди ва бирдан:
— “Фейсбук” нима дегани ўзи? — деб сўраб қолди.
Тўғрисини айтсам, хотиним шундай савол беради, деб ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман.
— Ана, билағон ўғлингдан сўра. Жа, мақтанасан-ку, ўғлим ҳамма нарсани билади, деб.
— Бунақа масалани, ҳартугул, ўғлимдан сўрашим керак бўлади. Ўзингизни бошқа пайтда жа Афлотун ҳисоблайсиз-ку! Ё гапим нотўғрими?
Ўйланиб қолдим. Аксига олиб, ўғлим ҳам ўқишда эди. Таваккал жавоб бердим.
— Бу немисча сўз таржима қилинмайди. Гастроном дегандай.
— Ё, тавба, — деди хотиним қўлларини белига қўйиб, — билмаганингиздан кейин топган баҳонангизни қаранг-а!
— Топдим! Бу китобнинг бети, варағи дегани, — дедим миямга келган фикрдан қувониб.
— Нима? Ҳали мен китобда ҳам чиқибманми?
— Ҳа, — дедим ўзимни кулгидан зўрға тўхтатиб. — Жанжалларинг сабаб китобда ҳам чиқибсан.
Унинг чимирилган қошлари бирданига ўзгариб, қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
— Вой, қандоқ яхши! Унча-мунча одамнинг номи китобда чиқмайди. Демак, тарихда қолибман. Барака топинг, дадаси! Сиз туфайли тарихда қоладиган бўлдим. Ҳа, айтгандай, олдинги сафар “Hurriyat” газетасидагилар яхшигина қалам ҳақи беришганди. Бу китобингиз, ҳаҳ, оти нимайди-я, ҳа, “Фейсбук”, бу ҳам яхшигина пул тўласа керак. Қалам ҳақини тўғри ўзимга олиб келинг, тағин бирорта ойимтиллангизга обориб юрманг-а!
Йўқ жойдан ўзимга янги можаро сотиб олдим. Яна қалам ҳақи, яна ойимтилла. Нима дейишимни билолмай қолдим. Индамай турганимни кўриб, хотин авжига чиқа бошлади:
— Ҳой, дадаси, нега томоғига нарса тиқилган одамдай миқ этмайсиз?! Майли, гап эшитсам, мен эшитаман. Сиз ёзаверинг. Бошқа китобларда ҳам номим қолсин. Энди отимни ҳам ёзинг. Хўпми? Совчиликка борсам, “Hurriyat” газетасига қўшиб, ўша китобни ҳам олиб бораман. Шу учун ёзаверинг. Қўрқманг! Ҳамиша ёнингизда мен борман. Айтишади-ку: “Дўст бўлсанг ёнимда тур”, деб. Мен сизнинг ажралмас вафодор дўстингизман. Тўғрими?..
— А?!
— Ҳа!
БОЛА ҚАЛБИ
Ишдан келиб, уйга киришим билан худди шуни кутиб тургандек, хотиним дийдиёсини бошлаб қолди.
— Келдингизми, дадаси? Тўққиз соатдан бери кутаман. Ишхонангизга неча марта телефон қилдим, олмайсиз?
— Нима гап, тинчликми? Намунча эшикдан кирмасимдан гап халтангни очмасанг? Аввал салом бер. Яхши келдизми, деб сўра.
— Кўриб турибман. Отдайсиз!..
— Тўғри, фақат гижинглашим қолди.
— Кесатманг. Ўзи шундоқ ҳам асабим бузилиб турибди.
— Нима бўлди?
— “Ота ўғлингиз” яна ҳунар кўрсатибди.
— Чумчуқ пойлайман деб яна Собир аканинг деразасини пойлабдими?
— Кошкийди.
— Ниначига чўп тиқиб, Салом холанинг уйига қўйиб юборибдими?
— Э… йўқ.
— Маҳмуд сўфининг ўғлини урибдими?
— Қанийди, шундай бўлганда, ҳозир безрайиб уйда ўтирган бўларди.
— Нима бўпти ўзи, айтсанг-чи асабни ўйнамай!
— Ўғлингизни тергаб қўйинг, десам, терговчимасман, деб қутуласиз. Мана, аҳвол! Ўқитувчиси шикоят қилиб телефон қилди. Олди қаторда ўтирган қизларнинг сочини бир-бирига боғлаб қўйибди. Улар тураман деб бошини бир-бирига уриб олишибди.
— Кейин-чи…
— Кейин синфда тўполон бошланибди.
— Ундан кейин-чи?
— Устози уларни ажратиб қўйибди.
— Охирида…
— Ўқитувчиси телефон қилиб, ўғлингизни роса ёмонлади.
— Яхши бўпти! Ҳозир қани ўзи? Айтганингдай бир тергаб қўяй.
— Урасизми?
— Йўқ. Эскича усулда тарбиялайман. Камар билан савалайман.
Хотиним илтижоли назар билан қаради:
— Ундай қилманг, дадаси. Ҳали ёш бола-ку. Эси кириб қолар.
Мен эса ёлғондан авжига чиқдим:
— Терганг, терганг дейсан. Яна, йўқ, тергаманг, дейсан. Йўлимдан қайтарма! Чақир ўғлингни! Бир адабини бериб қўяй! Қаерга кетди? Топ деяпман!
— Қурбақа тутгани кетувди, — деди у қўрқа-писа. — Ҳозир келиб қолади. Жон, дадаси, шахтингиздан қайтинг. Ўғлимда айб йўқ. Ҳамма айб менда.
Жаҳлим чиқиб яна бақира бошладим:
— Биламан, ҳали ҳам ҳамма айб сенда. Ўғлингни талтайтириб юбординг. Қурбақани нима қиларкан? Ўғлинг яна нимани бошламоқчи?
— Билмасам… ўғлимни кечиринг, дадаси. Менга нима десангиз ҳам, майли, розиман, фақат…
Шу пайт остонада уч литрлик банка кўтарган, чап кўзининг ости кўкарган, тиззалари шилинган, бўйнига рогатка осиб олган ўғлим кўринди. Банканинг ичида иккита қурбақа. У ёвқараш билан ёнимдан ўтди-да, онасининг олдига бориб туриб олди. Хотиним жангчи аёлдек ўғлининг олдини тўсди.
— Ҳов, бу нима? — дедим ўғлимга жаҳл билан қараб. — Қурбақани нима қилмоқчисан? Фақат тўғрисини айтсанг, уришмайман.
Ўғлим ишонмагандек қаради-да, индамади.
— Нега индамайсан? Қилғилиқни қилиб, онангнинг пинжига тиқилишингга бало борми? Ўғил бола деган бунақа қўрқоқ бўлмайди.
— Қўрқоқ эмасман. Онамни уришманг.
Бу гапдан кейин томоғимга бир нарса тиқилгандек бўлди. Жовдираб турган ўғлимга раҳмим келди.
— Шундай ер чизиб тураверасанми? Уришмайман дедим-ку.
Хотиним ўғлимнинг бошини силаганча деди:
— Энди бундай ишларни қилмайди, дадаси, кечиринг.
— Сен аралашма. Урушмайман дедим-ку.
— Ростданми? Сўзингизда турасиз-а? — деди ўғлим кўзларини пирпиратганча қатъий оҳангда.
— Ҳа, ўғлим. Уришмайман.
— Онамни-чи? Онамни ҳам уришмайсизми?
— Йўқ, ўғлим, онангни ҳам уришмайман. Чунки онангни ҳам, сени ҳам яхши кўраман.
Ўғлим ҳам, хотиним ҳам ярқ этиб менга қарашди. Назаримда, улар бу ички нозик туйғуларимни энди билишган эди. Сабаби шу вақтгача буни ошкор этмагандим.
— Ура! — деди ўғлим бирданига қувонч билан осмонга сакраб. — Дадам бизни яхши кўрарканлар, ойи. Мен ҳам дадамни яхши кўраман. Мен ҳам сўз бераман. Энди яхши бола бўламан. Ўқитувчимизнинг сумкасига қурбақаларни солмайман. Мана, кўрасиз, зўр бола бўламан!
У шундай дея қичқириб сакрар экан, қўлидаги банка ерга тушиб кетди ва чил-чил синди. Хотиним синган банкага қаради-да, жон ҳолатда: — Келган бало-қазо шунга урсин! — дерди.
Ўғлим иккаламизнинг қўлимиздан ушлаганча тинимсиз сакрарди. Шу топда хотиним нима учундир пиқиллаб йиғлай бошлади. Мен эса ўзимни йиғидан зўрға тутиб турардим. Сўз ўғлимга ўзгача таъсир этганини сездим ва бола қалби қанчалар нозиклигини, ҳар доим ҳам ота меҳри зарурлигини тушунгандек эдим…
АҚЛЛИ МУШУК
Ишдан келсам, хотиним одатдагидан кўра хомушроқ кўринди. Ҳамиша қувноқ, шаддод, ўзича минғирлаб ашула хиргойи қилиб юрадиган хотинимнинг ўзини бундай тутишида қандайдир хижиллик бордек туюлди-да, сўрадим:
— Ҳа, тузукмисан? Аҳволларинг яхшими?
— Ҳимм, яхши, — деди у секингина.
Жавоб қониқарсиз бўлса-да, индамадим. Чой ичаётган вақтимизда ҳам ҳолат ўзгармади. У чойнакдаги охирги чойни пиёламга қуйгач, худди мени биринчи маротаба кўраётгандек термилиб қараб турди-да:
— Дадаси, — дея ғалати овозда гап бошлади, — канарейка ақллими ёки мушук?
Савол жуда ноодатий бўлгани учун ҳайрон қолдим. У эса жавобимни тезроқ билгиси келаётганлиги кўзларидан яққол сезилиб турарди.
— Шуни билмаганингни қара, — дедим кулиб. — Албатта, мушук ақлли. Нега қизиқиб қолдинг?
— Ўзим, билгим келди-да, — хотинимнинг овози анча дадиллашган эди. — Сизнингча, жониворларнинг ақллиси яхшими ё…
— Бу саволинг бояги гапингдан ҳам ўтиб тушди-ку. Албатта, ҳамма нарсанинг ақллиси яхши-да. Масалан, ақлли эр…
Бу гапимдан кейин хотинимнинг чеҳраси ярқ этиб очилди. Худди шу гапимни кутиб тургандек:
— Ўзим ҳам шунақа гап айтасиз, деб ўйловдим. Офарин, дадаси! Сизга беш баҳо! Жуда кўнглимдагини топиб айтдингиз. Ҳамма нарсанинг ақллиси яхши. Мушук ақлли бўлмаса, тўрсаватдаги менга ўхшаб сайрайдиган ўша қимматбаҳо аҳмоқ канарейкангизни еб қўярмиди, а?
— Нима?!
