Юртлар аро Бобур васфи йўлида…
2025 йил 18 апрелда Президент Шавкат МИРЗИЁЕВ томонидан Янги Андижон шаҳрини Бобур номи билан аташ ташаббуси илгари сурилди. Бу таклиф сўнгги йилларда бобуршунослик соҳасида олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг янги босқичга кўтарилишига янада яхши замин ҳозирлайди. Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган Халқаро Бобур номли мукофот соҳиби, арабшунос, бобуршунос олим Шокирхон РУСТАМХЎЖАЕВ ва ёш олима Элмира ҲАЗРАТҚУЛОВА ўртасидаги суҳбатда соҳанинг айрим масалалари ва олиб борилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида фикр алмашилади.
Элмира ҲАЗРАТҚУЛОВА:
— Устоз, келинг, суҳбатни сиз таҳсил олган масканлар ва Бобур сиймосига бўлган дастлабки қизиқишларингиз ҳақидаги мавзудан бошласак.
Шокирхон РУСТАМХЎЖАЕВ:
— Мен 1959 йил Андижондаги 15-ўрта мактабнинг 10-синфини яхши баҳолар билан тамомлаганман. 1962-1965 йиллари собиқ совет армияси сафида хизмат қилиб, охирги йилнинг кузида Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг шарқ тиллари факультетига қабул қилиндим ва 1969-70 йиллари Миср Араб Республикасида ҳарбий таржимонликда бўлиб, 1971 йили университетнинг араб тили ва адабиёти мутахассислигини имтиёзли диплом билан тамом қилганман.
1971 йилдан то 2002 йилга қадар Андижондаги 32, 37-ўрта мактабларда ҳамда Андижон давлат педагогика институтида араб ва форс тилларидан дарс бердим. 2002 йилдан буён нафақадаман.
1973-75 йиллари Ироқда ҳарбий таржимон, 1978-80 йиллари Яманнинг пойтахти Сано шаҳридаги “Аш-Шаъаб” — “Халқ” мадрасасида россиялик муаллимларга ва шифохона табибларига таржимон бўлиб ишладим. 2002-2009 йилларда эса Саудия Арабистони мамлакатида мерос масалалари юзасидан фаолиятда бўлганман.
1958 йили Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг подшоҳнинг 475 йиллиги муносабати билан Биринчи илмий анжуман бўлиб ўтганида мен 10-синфда ўқир эдим. Анжуман 14-15 апрель кунлари шаҳар марказидаги Охунбобоев театри (ҳозирги Бобур номидаги Андижон мусиқали драма ва комедия театри) биносида бўлиб ўтганди. Унда адабиёт фани устозим Нодира опа билан бирга анжуманда қатнашганимиз ёдимда. Ўшанда академиклар Иброҳим Мўминов, Қори Ниёзий, Хадича Сулаймонова ва таниқли бобуршунос олимлардан: Азиз Қаюмов, Ботирхон Валихўжаев, Ҳошимжон Раззоқов, Сабоҳат Азимжонова, машҳур географ Ҳамидулла Ҳасанов ва бошқалар, шунингдек, республиканинг ўша даврдаги кўп олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда бир қанча жамоатчилик вакиллари қатнашган. Ушбу анжуманда, айниқса, Ҳ.Ҳасановнинг “Бобур географ ва табиатшунос олим” ва С.Азимжонованинг “Бобурнинг “Мубаййин” асари ва “Хатти Бобурий” тўғрисида” каби чиқишлари катта таассурот қолдириб, Бобур подшоҳнинг илм ва фанга қизиқиши нақадар кенг ва мукаммал бўлгани бизга катта таъсир қилган.
Талабалик йилларимда Бобур подшоҳ сиймосига бўлган ҳурматим янада ошиб, факультетимизда араб, форс, урду ва ҳиндий тиллари бўйича таълим олаётган 1-5-босқич 20 нафар илм толиблари билан маслаҳатлашиб, битирув фото-виньеткаси ҳозирлаш фикри туғилган эди. Ўша даврда одат шундай эдики, ҳар қандай болалар боғчасидан тортиб то олий ўқув юртлари талаба ва устозларига қадар битирув ёки бирор муносабат билан тасвирга туширилган фото-альбом ва виньеткаларнинг энг юқорисида пролетариат доҳийлари бўлмиш Карл Маркс ва Владимир Лениннинг суратлари туриши зарур бўлган, бошқача бўлиши мумкин эмасди… Биз ўша даврнинг ёзилмаган қонунини ўзгартириб, виньеткамизнинг энг юқорисига Бобур подшоҳ ва Нодирабегимнинг суратларини қўйиб, ҳар кафедрамиздан икки нафар профессор-ўқитувчилардан суратларини киритиш фикри туғилган. Тайёр бўлган суратнинг биринчисини факультет деканимиз профессор Шоислом Шомуҳаммедов ҳузурига олиб кирганимда, бир назар ташлабоқ: “Маркс қани, Ленин қани?! Олиб боринг, тезлик билан ўзгартириб келинг! Бу доҳийлар бўлмаса, мен оддий деҳқон фарзанди шундай илмий даражаларга ва лавозимларга етишарми эдим?!” — деб айтганлари ҳануз эсимда муҳрланиб қолган…
Филология фанлари доктори, профессор ва деканимизни тушуниш қийин эмас эди… Начора, ўша давр сиёсати ва тузум талаблари домламизни ана шундай дейишга мажбур қилган эди-да! Ўша заҳоти мен деканимизга: “Узр, домла, биз қисқа ўйлабмиз. Биз, андижонлик талабалар ҳамда устозларимизни ўйлаб, Андижонда таваллуд топган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва шоира Нодирабегимларнинг суратларини қўйишни муносиб деб билган эканмиз. Хўп, яна узр, бу хатомизни тўғрилаб, бошқа сафар олиб келаман”, — деб деканатни шамол тезлигида тарк этганим ҳам ёддан чиқмайди… Ахир у замон — “ривожланган социализмдан коммунизм сари ўтиш даври” эди-да… Сиёсат қаттиқ замон эди. Партия аъзоси бўлмаса, беш-олти ишчига бригадир бўлиш ҳам мумкин эмас эди. Олий ўқув юртлари ва ишлаб чиқариш корхоналарини эса асти қўяверинг…
Элмира ҲАЗРАТҚУЛОВА:
— “Бобурнома”да ислом ва фиқҳ масалаларига доир маълумотларга ҳамда бугунги изланишларга муносабатингиз? Бугунги кун исломшунослиги яна қандай ракурсларда бу асар билан тадқиқот олиб бориши мумкин?
Шокирхон РУСТАМХЎЖАЕВ:
— Бобур шаҳзода биринчи устози — ўзининг отаси Умаршайх Мирзо, қолаверса, катта бобоси Амир Темур Кўрагонийнинг ҳарбий юришлари ҳақидаги асар — “Зафарнома”дан ҳарб илми бўйича сабоқ олган бўлса, бевосита фиқҳ илмини жуда кўп фиқҳий уламоларнинг китобларидан пухта эгаллагани маълум. Аммо биз билган “Бобурнома” китобларида уларнинг биронтаси номлари кўрсатилмаган. Балки, улар асл нусха — “Вақойиъ”нинг йўқолган саҳифаларида бўлгандир. Бироқ Ислом динининг асосий беш устун-рукнлари (Иймон-эътиқод, Намоз, Рўза, Закот ва Ҳаж) масалаларини тўлиқ қамраб олган “Мубаййин”дек мукаммал асарни бу даражада назмда аниқ баён қилиб бера олган фиқҳий аллома ва сўз устаси — балоғатли фиқҳ олими бўлиши керак…
“Мубаййин”да Ислом динининг мазкур асосий рукнлари Қуръони карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари асосида чуқур билимдонлик ва юксак бадиий маҳорат билан шарҳлаб берилган. У асар ўзбек тилининг бойлиги ва қудратини тўлалигича намоён этадиган мумтоз адабиётимизнинг ёрқин намунаси сифатида ҳам қадрлидир.
Маълумки, Бобур Мирзо яшаган ўрта асрларда Ислом маданияти ва илмларидан яхши хабардор бўлиш учун араб, форс ва албатта, ўз она тили — туркий тилларни мукаммал даражада билиш талаб этилган. Яхшиямки, умуман, илмга чанқоқ фитратда бунёд бўлган шаҳзода Бобур мазкур учала тилни ҳам етарли даражада балоғат ёшига қадар эгаллаб олган дея олиш мумкин. Зеро, Бобур ўзининг шоҳ асари “Вақойиъ”нинг бошиданоқ ёзишича: “Тенгри таолонинг инояти билан ва Ҳазрати Он (1б) Сарвари коинотнинг шарофати билан ва чаҳориёри босафоларнинг ҳиммати бирлан сешанба куни, рамазон ойининг бешида, тарих секкиз юз тўқсон тўққузда Фарғона вилоятида ўн икки ёшта подшоҳ бўлдум”, — деб бошлагани фикримизга далилдир. Шу ондан бошлаб, ёш шаҳзода Бобур подшоҳнинг оғир қисмати — тахт талаш жанглари, амир ва яқин жигарларининг хоинликлари оқибатида тақдир қисмати кўргиликлари бирин-кетин содир бўлиши оқибатида ва ниҳоят, Шайбонийхоннинг босқини натижасида Мовароуннаҳрни ташлаб, Афғонистонга ҳижрат қилишга мажбур бўлган эди. Натижада 70 кунлик фарқ билан келадиган “икки ҳайитни бир жойда ўтказа олмагани” каби синовли кунларни бошидан ўтказгани ҳам маълумдир. Шеърият султони Алишер Навоий бобомизнинг “Ёшлиғингда йиғ илмнинг махзанин, Қарилиқ чоғи харж айлағил они” деган ҳикматлари ҳозирги ёш авлодга нақадар фойдали панду насиҳат экани ҳақида эслатма ва тажриба мактаби бўлади, деб ўйлайман…
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Бобуршоҳнинг бешинчи зурриёти бўлган Аврангзеб ҳукмронлик даврида Ҳинд диёри гуллаб-яшнади, кенгайди, Ислом ҳукмлари ҳаётга тўла татбиқ қилиниб, фиқҳий илм янада ривожланди. Натижада унинг раҳбарлигида бир гуруҳ уламолар иштирокида араб тилида бунёд этилган 6 жилддан иборат фиқҳий китоб — “Фатовойи Оламгирийя” то ҳозирги кунгача деярли бутун Ислом оламида асосий қўлланмалардан бири бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Баъзи уламоларнинг фикрича, шоҳ Аврангзеб “Хулафои Рошидинларнинг бешинчиси” деб таърифланади.
Элмира ҲАЗРАТҚУЛОВА:
— “Бобурнома” асари таниқли мисрлик олима Можида Махлуф томонидан араб тилига ўгирилгани маълум. Бироқ масала шундан иборатки, олима форс қўлёзмасидан ҳам фаол фойдалангани айтилади. “Бобурнома”ни аслият тилидан тўғридан-тўғри араб тилига ўгириш пайти келмадимикан? Ҳар йили араб тили йўналишида юзлаб мутахассислар олий таълимни тугатмоқдалар…
Шокирхон РУСТАМХЎЖАЕВ:
— Ҳа, Махлуф Магида (Можида Салоҳ Махлуф): 1953 й., Қоҳира) — йирик турколог, Айн-Шамс дорулфунунида бўлим мудираси, профессор, Бобур ва бобурийлар ҳақида бир неча мақолалар тадқиқотчиси, “Бобурнома”ни биринчи бўлиб араб тилига ўгирган туркшунос олима. Унинг тадқиқотлари 20 дан зиёд араб мамлакатлари тарихшунос ва ўлкашунослари қўлига етиб боришига муваффақ бўлди. Можида Махлуф Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюриб, йирик анжуманларда қатнашиб, араб ва туркий тилларда маърузалар ўқиган ва Халқаро Бобур мукофоти соҳибаси бўлган биринчи араб олимасидир.
Тўғри, Европа бобуршунослари “Бобурнома”ни бундан уч аср муқаддам таржима қилгандан кейин 300 миллионга яқин араб миллатдошларига бу жаҳоншумул асарни биринчи бўлиб тақдим этишга муваффақ бўлгани ҳар қандай олқишга ва эҳтиромга лойиқ амал бўлди.
Можида Махлуф “Бобурнома” таржимасига ёзган муқаддимасида ёзишича, у инглиз олимаси Аннетта Беверижнинг инглизча таржимаси ва туркиялик олимларнинг туркча таржималаридан фойдаланган. Аммо форс тилидаги таржимадан фойдалангани ҳақида бизга маълум эмас.
Ватанимизда ҳар йили юзлаб араб тили мутахассислари олий ўқув юртларида таҳсил олиб, битириб, ўз мутахассислиги бўйича ишлаётганлари ҳақида хабаримиз деярли йўқ. Чунки ЎзФА Шарқшунослик институти фондларида сақланаётган араб, форс ва туркий тиллардаги беҳисоб манбаларнинг таржимаси билан жуда оз мутахассислар — фидойи шарқшунослар шуғулланмоқдалар. Бу ҳолда қўлёзмалар фондидаги китобларни она тилимизга таржима қилиш учун яна юзлаб йил керак бўлиши ҳақида бир манбада ўқиган эдим… Шарқ тиллари мутахассисларини мазкур фондга таклиф қилиш учун уларни етарли миқдорда ойлик маош билан таъминлаш зарур, токи у нодир мутахассис соҳиблари маоши етарли бошқа иш излаб, ноёб касблари билан видолашмасликлари керак, деб ўйлайман…
Элмира ҲАЗРАТҚУЛОВА:
— 2014 йилда Бобур номли халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда “Бобур ва бобурийлар библиографияси” номли нашрингиз соҳа вакиллари учун айни муддао бўлди. Ўзим ҳам соҳага энди кириб келаётган пайтларимда интернетда электрон шакли йўқ тадқиқотларни вилоятма-вилоят юриб ахтаришимга тўғри келган эди. Бугун соҳа билан шуғулланувчи тадқиқотчилар учун бу библиография оғирини енгил қилувчи материал сифатида асқатади. Библиографиянинг ғояси ва босиб ўтилган машаққатли меҳнат ҳақида сўзлаб берсангиз.
Шокирхон РУСТАМХЎЖАЕВ:
— Жуда ҳам яхши ва зарур савол… Аслида, менинг Бобур подшоҳ библиографияси билан қизиқиб қолишим бундан илгарироқ бошланган эди. Бир пайтлар Б.Ўринбоев ва Қ.Бозорбоевларнинг Самарқандда (СамДУ, 2000 йил) босилган “Бобур асарлари ҳамда унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида Самарқанд давлат университетида мавжуд бўлган нашрлар библиографияси” деб номланган 16 бетлик рисолачаси билан танишиб қолдим. Бунда Бобур ва у ҳақидаги асарларнинг 100 га яқини тилга олинган эди, холос. Кейинчалик айни шу китобча ҳақида Туркияда босилган “Istambul Üniversitesi Edebiya Fakültesi Türk Dili ve Edebiyati Dergesi Cilt XXXV, 2006. Kurucu: Caferoğlu, Istambul, 2006, 289 s. / Çagatay Türkçesi Üserina Bir Bibliografiya Denemesi. S. 17-106”ни учратдим ва уларни ноутбукда кирилл, лотин ва араб ёзувларида бир файл очиб, алифбо тартибида унга жойлай бошладим.
Кейинроқ билсам, ҳанузгача Бобур ва унинг асарлари ҳақида бундан бошқа библиографик маълумот тузилмаган экан. Бу китобчалар менга шу ишни давом эттиришга туртки бўлди.
Араб диёрларидаги таржимонлик фаолиятим якунлангач, нафақага чиқдим ва шундан бошлаб, она диёрим Андижондаги Бобур номли вилоят кутубхонасида мавжуд бўлган Бобур подшоҳга алоқадор бўлган барча библиографик маълумотларни жамлай бошлаган эдим. Кутубхона мен учун иккинчи манзилимга айланди ва унинг фидокор ходимлари менинг бошлаган ишимга қўлларидан келган ёрдамларини аямадилар ҳамда уларнинг фидокорона меҳнатлари қадрига етадиган бир ходимга айлана бошладим.
Кунларнинг бирида Андижоннинг Боғишамол даҳасида Президентимиз ташаббуси билан Бобур номидаги халқаро жамоат фонди учун алоҳида бино барпо этилгани, Бобур номидаги истироҳат боғи ичида “Бобур ва жаҳон маданияти музейи” мавжудлиги ҳақида хабар топдим ва дарҳол боққа бориб, барпо этилган боғ мажмуасини бирма-бир кўриб, ёшлигимда кўрганим қуп-қуруқ адирлик шунчалик боғ-роғларга айланганига гувоҳ бўлдим.
Ана Бобур зурриёти, ана замонамиз бобурийлари! Зеро Бобур подшоҳнинг муборак қадами қай ерга етса — у жой боғ ва сайргоҳларга ҳамда нодир меъморий биноларга айланган эди-ку… Бунга тарих шоҳид! Илоҳим, Ватандошимизнинг шу каби ободончилик ва бунёдкорлик амаллари тоабад бардавом бўлгай!
Мазкур музейга кириб, 1992 йилдан бошлаб Бобур номидаги халқаро илмий экспедиция томонидан бир неча йиллик сафарлари давомида Ватанимиздан ва хорижий мамлакатлардан олиб келинган хилма-хил тиллардаги юзлаб нусхадаги нодир китоблар билан танишиб чиқдим. Маълум бўлдики, ушбу музейдаги мавжуд китоб ва улар ҳақида библиографик маълумот рисола шаклида ҳали нашр қилинмаган экан.
Бу пайтларда фонд раҳбари — тиниб-тинчимас инсон Зокиржон Машрабов навбатдаги чет эл сафарида эканлар. Фурсатни бой бермасдан шу фонд фаолларидан бири, устозимиз Сайфиддин Жалилов домла ҳузурига бориб, бу ҳақда арзимни баён этдим. Шу ондаёқ домламиз музей мудирасига мени таништириб, “Жаҳон маданияти ва Бобур музейидаги адабиётлар библиографияси”ни тузишга ёрдам беришни тайинлади ва бир неча ой мобайнида мазкур 150 саҳифалик китоб профессор Ҳамидулла Болтабоев муҳаррирлигида Тошкентда 2011 йилда дунё юзини кўрди ва бу нашр музейдаги 500 га яқин адабиётларни ўз ичига олган эди.
Бир йил ўтиб, ушбу библиографиянинг иккинчи, тўлдирилган нашри пайдо бўлди. Унга Тошкентдаги Алишер Навоий кутубхонасидаги адабиётлар ҳам киритилди, шунингдек, таниқли библиограф Зуҳра Бердиева билан ҳамкорликда 2014 йил 482 бетдан иборат бўлган “Бобур ва бобурийлар библиографияси” нашр этилди.
Элмира ҲАЗРАТҚУЛОВА:
— Кейинчалик бу нашрни тўлдирган ҳолда Москвада таниқли ўзбек тадбиркори Алишер Усмонов ҳомийлигида катта ададда чоп эттирилишига эришдингиз. Бу китоб ҳам ўзбек илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда илиқ эътироф этилди.
Шокирхон РУСТАМХЎЖАЕВ:
—Нукусдаги марказий кутубхонада ходимлар билан учрашувим бутунлай бошқача бўлди. Улар мени қаердан ва нима мақсадда сайр қилиб юрганимни билишгач, деярли барчалари Бобуршоҳ ва бобурийлар ҳақида қорақалпоқ, рус ва ўзбек тилларида бор адабиёт ва журналларни олдимга жамлаб қўйишди. Шу пайтгача биронта вилоят кутубхонаси ходимлари бундай иш қилмаган эди. Таажжуб… Бундан ташқари, Нукусдаги университет кутубхонасига телефон қилишиб, менга керакли адабиётларни ҳозирлаб қўйишни илтимос қилишди… Ана, ҳақиқий кутубхоначилар, ана одамгарчилик, ана инсонийлик, ана илмга фидойилик! Офарин!.. Бу ажойиб кутубхоначилар билан хайрлашиб, айтилган университетга борсам, аллақачон барча китоб, журнал ва зарур адабиётларни ҳозир қилиб қўйишган экан. Тезликда ишим битди ва уларга ҳам китобимиз нашр бўлса, етказиб беришни ваъда қилиб, хайрлашдим.
Эртасига тонгдан Самарқандга йўл олдим. Тарихий ёдгорликлар билан танишиб, вилоят кутубхонасидан ва Самарқанд давлат университети кутубхонасидан (анча бойроқ экан), маълумотларни тўплаб олдим. Ундан Навоий, Гулистон ва Жиззах вилоят кутубхоналарида ҳам бўлиб, ноутбукимни анча тўлдириб олдим. Охири яна Тошкентга қайтиб, она диёрим Андижонда чала ишларимни ниҳоясига етказдим.
Энди навбатдаги сафарим Қозон шаҳрига бўлди. Бу шаҳарда кенжа ўғлим Баҳодирхон истиқомат қилар эди. Қозон кутубхоналаридан ҳам жуда бой маълумотлар тўплай олдим. Қозон миллий кутубхонасида сақланаётган Н.И.Ильминскийнинг 1857 йил 508 саҳифада босилган “Бабер-Наме или записки Султана Бабера” номли асл матнда битилган “Бобурнома”нинг араб ёзувидаги китобини қўлим билан ушлаб, муқаддас китобни тавоф қилдим.
Кейин Санкт-Петербург шаҳрида ҳам 2 ойча ЛДУ кутубхонаси ва Шарқ факультетининг бой кутубхоналаридан керакли мақолаларни тўплаб олдим. Ундан кейин Иваново шаҳрида бир ой мобайнида (ўртанча ўғлим Фуад у ерда яшар эди) шаҳарнинг каттагина кутубхонасидан фойдаландим.
Сўнг Москвага келиб, барча тўплаган нарсаларимни жамласам, олти жилдлик қўлёзма пайдо бўлди: ундан бир жилди — “Бобур ва бобурийлар библиографияси” ҳамда 5 жилд “Бобур ва бобурийлар. Қомусий, илмий ва илмий-оммабоп мақолалар тўплами”.
—Ҳа, Россия Фанлар академияси қошида Тиллар институти биносига кўзим тушган эди, ўша институтга бордим. Институт ректори ўз жойида экан, олти жилдлик қўлёзмамни олдига қўйиб, ўзимни таништирдим ва мақсадга ўтсам, мендан дарҳол: “Бобур қайси тилда ижод қилган? Туркийми?” — деб ўзи жавоб бера қолди. Мен: “Ҳа!” — дейишим билан котибасига: “Бу кишини Анна Владимировнанинг ёнига олиб боринг!” — деди. Котиба менинг китобларимни кўтаришиб, институтнинг узун йўлаклари бўйлаб “Олтой тиллари бўлими” деб ёзилган кабинетга етаклаб борди. Кабинетда кичиккина, озғин, 50-55 ёшлар чамасидаги аёл ўтирган экан. У саломимга алик олиб, китобларимга бир назар солди-да, қаерданлигимни сўради. Айтдим. У дарҳол мақсадга кўчиб: “Бу асарларни нашр қилиш учун жуда катта маблағ керак бўлади, назарингизда бирон киши борми?” — деб сўради. Мен: “Бор, мен у кишини биламан, аммо у киши билан кўришмаганмиз”, — деб жавоб бердим. У аёл шу онда: “Алишер Усмоновми?” — деб сўради. Мен тасдиқ жавобини айтдим.
Олима аёл дарҳол интернетни ёқиб, бир нарсаларни қидира кетди ва топди, шекилли, компьютерига бир саҳифача матнни тўхтовсиз ёзди. 5-6 дақиқадан сўнг менинг исм-шарифим ва телефон рақамларимни сўраб олди-да, “Россия Фанлар академияси мухбир аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Анна Владимировна Дибо” деб имзо чеккач, менга қараб: “Ўн-ўн беш кундан кейин бир хабар оларсиз!” — деди ва агар хоҳласам, китобларни қолдириб кетишим мумкинлигини айтди.
Мен водийлик беш-олти муҳожир ишчилар билан Митишчи районида бир хонадонда ижарада яшар эдим. Уларга бўлган воқеани сўзлаб берсам, улар: “Азиз биродар, икки ҳафтадан кейин янги йил (2013) бўлади, ундан кейин яна икки ҳафта байрам қилишади. 15-20 январгача бемалол Ватанга бориб келишингиз мумкин”, деб маслаҳат беришди. Менга маъқул бўлди-да, Қозон шаҳрида истиқомат қилаётган кенжа ўғлим Баҳодирхон қориникига бориб келишни афзал билдим ва Қозонга жўнаб кетдим.
Маслаҳатга биноан, 20 январда Масковга қайтиб бордим ва илмий раҳбарим Анна Владимировна ҳузурига кириб борсам, у: “Мана, ватандошингиздан ўтган йил охирларида жавоб хати келган, сиз қаерларда юрибсиз?” — деди. Узр айтган бўлдим… Кўп ўтмасдан, тадбиркор Алишер Усмонов ширкатида “Санъат, фан ва спорт” хайрия фонди бошлиғи бўлиб ишлайдиган бир аёл ходим кириб келди. У ўзини таништириб, бир олти жилдлик қўлёзмага, бир камина оқсоқол-мўйсафидга кўз ташлаб: “Шу ёшингизда шунча китобларни тайёрлабсиз-а! Сизга таъзим қилиш керак!” — деб бошини сарак-сарак қилди. Илмий раҳбар менга назар ташлаган эди, мен: “Кечирасиз, бизнинг Пайғамбаримиз: “Агар инсон инсонга таъзим қиладиган бўлса, фақат аёлларнинг ўз эрларига таъзим қилишларини буюрган бўлар эдим, холос!” — деган эдилар. Бу асло мумкин эмас!” — деган бўлдим… Фонд бошлиғи эса: “Ҳар қалай, бу жуда улкан жасорат!” — деб қўйди.
Унинг айтишича, Алишер Усмонов: “Бориб, илмий раҳбарга айтинг: мазкур китобларни энг яхши сифатли қоғозда, энг чиройли муқовада нашр қилишсин ҳамда у китобдан Ислом ҳиди уфуриб турсин! Минг нусха бўлсин, ярмини ўзлари тарқатишсин, қолгани бизга бўлсин. Қанча пул кетса, ўтказиб беринг!” — деб буюрибди.
Ана энди иш қизиб кетди… Шу кундан бошлаб, собиқ Ленин, ҳозирги Россия давлат кутубхонасида чала ишларимизни давом эттирдик. Шу кутубхонада библиография бўлими мудираси билан шартнома тузиб, библиография китобини нашрга тайёрлаб беришга келишиб олдик. У бўлғуси библиографик китобимизнинг ҳар бир мақоласини бирма-бир синчиклаб текшириб, керак жойларини тузатиб, тўғрилаб чиқа бошлади. Шу орада мен кутубхонада биз тўплаган маълумотларга яна қўшимча мақолаларни киритиб борар эдим. Бир ярим-икки йил мобайнида библиография китобимиз қўлёзмаси қайта тайёрланди. Илмий раҳбаримиз қўлёзмани қайта кўриб чиққач, китобни ўша пайтдаги Москвада энг сифатли ҳисобланган машҳур “Шарқ адабиёти нашриёти” билан шартнома тузиб, қўлёзмани топширдик. Нашриёт раҳбари энг тажрибали рассом, техник муҳаррир ва компьютер дизайнерига тайинлади. Китобларни қисқа муддатда энг сифатли фин қоғозида ва зарҳал ҳарфлар билан тилла ранг муқовада, 2016 йил 124 босма табоқ ҳажм — 1183 саҳифа, 1000 нусхада нашр этиб, қўлимизга тутқазишди. Алҳамдулиллаҳ!
Дарҳол китобнинг бир боғлами — 3 нусхасини хайрия фонди раҳбари Алишер Усмоновга етказиб борган эдик, у киши қабул қилиб, китобнинг қолган ҳамма нусхаларини бизнинг ихтиёримизга тақдим этди. Биз чуқур миннатдорчилик билдирдик. Кўп раҳмат ва ташаккурлар айтдик.
Шундан сўнг мазкур библиография китобимизни Москвадаги Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Хитой, Корея, Япония, Миср, Туркия, барча Европа давлатлари, собиқ СССРдан ажралиб чиққан барча республикалар элчихоналарига тарқатиб чиқдик. Германия ва Хитой элчихоналари биздан расмий хат талаб қилишди, қолганлари индамай олиб қўяверишди. Албатта, Марказий Осиё республикаларига ҳам элтиб бердик. Туркманистон элчихонаси сира олишга рози бўлмасдан, оёқ тираб туриб олди. Хилма-хил тузумлар ва одамларга дучор бўлдик, ҳаммаси омон бўлишсин. Китобларимизнинг ярим-ёртисини элчихоналар орқали тарқатган бўлсак, бир қисмини ўз ҳисобимиздан божхона харажатларини зиммамизга олган ҳолда, Тошкент шаҳрига олиб келиб тарқатдик.
Элмира ҲАЗРАТҚУЛОВА:
— 2023 йилда биз яна бир қутлуғ нашрга гувоҳ бўлдик. Энди “Бобур ва бобурийлар. Қомусий, илмий ва илмий-оммабоп мақолалар тўплами” 5 та катта жилддан иборат кўринишда ихлосмандлар қўлига етиб борди. Айтинг-чи, бу нуфузли нашрни амалга оширишда қатнашган жамоа аъзоларининг иштироки қандай бўлди?
Шокирхон РУСТАМХЎЖАЕВ:
— Ҳа, айтмоқчи, беш жилдлик китобимизнинг 1-жилдини 300 нусхада тайёрлаб чиқардик, қолганига навбат келганида биз турган давлатга санкциялар қўйилиб, бой отамизнинг ҳам хориждаги мол-мулклари ҳам чекловга тушиши оқибатида, хайрия фонди иши вақтинчалик тўхтаб қолди.
Ва ниҳоят, ўзимизнинг Бобур номли халқаро жамоат фондимиз Тошкентда ўша беш жилдлик китобдан 100 мажмуа чоп қила олишга қодир бўлди. Яна бу китобларнинг тузувчи-муаллифи — каминага фондимиз ва нашриёт бир неча мажмуадан қалам ҳақи сифатида ҳадя қилишди ва уларнинг ҳаммасини Тошкентдаги Алишер Навоий кутубхонасига топширдим. Улар республикамиз вилоят кутубхоналарига тарқатишга ёрдам берадиган бўлишди. Аллоҳга шукур, имкон қадар қўлимдан келгани шу бўлди… Айрим етмаган жойлардан узр сўрайман, хафа бўлишмасин, муроса қилишдан бошқа илож йўқ. Шунисига ҳам шукур…
Элмира ҲАЗРАТҚУЛОВА:
— Айни кунларда сизни Бобур ижоди билан боғлиқ яна бир йирик луғат нашри устида ишлаётганингиз ҳақида эшитдик. Бу қандай лойиҳа? Агар сир бўлмаса, қайси ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқдасиз?
Шокирхон РУСТАМХЎЖАЕВ:
— Ҳа, тўғри. Маълумки, шу кунларгача Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан бизга олтита асар қолган. Уларнинг барчаси эски туркий тилда, яъни чет элликлар фикри бўйича, чиғатой туркийсида ёзилган. Бу тил таркибида арабий, форсий, туркий ва мўғулий сўз ва иборалар анчагина бор. Бир қанча олим ва бобуршунослар томонидан мазкур китоблардан баъзиларига изоҳлар берилган, баъзилар махсус луғатлар тузишган. Аммо Бобур Мирзонинг ҳамма асарларидаги ҳозирги қавм яхши тушуна олмайдиган сўз ва ибораларни қамраб оладиган ягона луғат ҳанузгача тузилганича йўқ, менимча.
Аммо Алишер Навоий асарлари учун марҳум олимларимиздан Порсохон Шамсиев ва Содиқ Мирзаевлар томонидан бундан 50-55 йил муқаддам “Навоий асарлари луғати” номи билан махсус луғат нашр қилинган ва улар ҳозир кутубхоналарда кам топилади. Айрим навоийшунос олимлар ва содиқ мухлислари қўлида сақланиб қолганлари бор, холос.
Аммо Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг барча асарларини ўз ичига қамраб олувчи махсус луғат тузилганидан хабаримиз йўқ. Шу камчиликни имкон қадар тўлдириш ниятида мазкур луғатни бошлаганимга анча бўлган. Энди, фурсат етди, холис дуода бўлиб турсаларингиз, Яратган Тангри таоло умр берса, шу луғатни охирига етказиб, тайёрлаб, мухлислар қўлига топшириш насиб айласин.
Суҳбатдош:
Элмира ҲАЗРАТҚУЛОВА,
Темурийлар тарихи давлат
музейи катта илмий ходими.
