Жадидлар мероси – садоқат мактаби

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида

“Жадид журналистикаси ва замонавий медиа тадқиқотлар” мавзусида

халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

 Буюк маърифатпарвар, ёзувчи, публицист, драматург ва жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 151 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида куни кеча анъанавий ўтказиладиган анжуман — “Жадид публицистикаси ва замонавий медиа тадқиқотлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуман Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда “Jadid” газетаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Конференция доирасида Маҳмудхўжа Беҳбудий ва жадидлар публицистик мероси, жадид матбуотининг миллий журналистикадаги ўрни ҳамда замонавий журналистика тараққиётининг долзарб масалалари юзасидан маҳаллий ва хорижий олимларнинг маърузалари тингланди.

Халқаро анжуманни ЎзЖОКУ ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа олиб борди. У ўз сўзида шундай деди:

— Бундан 151 йил илгари 1875 йил айнан шу куни Туркистон жадидчилик ҳаракатининг тан олинган раҳнамоси, дин ва жамоат арбоби, янги усул мактаблари, миллий матбуот ва ўзбек драматургияси асосчиси, муҳаррир ва публицист, ўз эътиқоди ва адолатига содиқ, маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллуд топган. Барчамизга шу улуғ кун муборак бўлсин!

Миллат тарихида шундай даврлар бўладики, у пайтда сўз – қуролга, қалам – жон фидолигига айланади. XX аср бошларида Туркистонда юз берган жадидчилик ҳаракати айнан шундай тарихий бурилиш нуқтаси эди. Бу ҳаракатнинг йўлбошчиси, миллий матбуотимиз асосчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий номи бугун ҳам маърифат, жасорат ва фидойилик тимсоли сифатида тилга олинади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий миллий озодлик ҳаракатининг буюк намояндаси сифатида илм-фан, таълим ва тарбия, адабиёт ва санъат, матбуот соҳаларини ривожлантириш, жаҳондаги илғор тараққиёт ютуқларини ўзлаштириш орқали халқимизнинг онг-у тафаккурини юксалтириш ҳамда ҳурриятга эришиш йўлида ўз ҳаётини бахш этган фидойи зотдир.

Жадидлар мустамлака зулми, жаҳолат ва қора қарашлар ҳукм сурган бир шароитда миллатни уйғотиш масъулиятини ўз елкаларига олдилар. Улар яхши билардилар: халқни қутқаришнинг ягона йўли — мактаб, матбуот ва маърифатдир. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам ана шу ҳақиқатни илк англаган зотлардан бўлиб, “ҳар бир миллатнинг тараққиёти ёки таназзули мактаб масаласига боғлиқ” эканини таъкидлаган.

Жадидлар мероси бугунги журналистика ва таълим тизими билан узвий боғлиқ.  Етук журналист кадрларни тайёрлашда жадидлар қолдирган миллий журналистика мактабига суяниш зарур. Чунки жадидлар журналистикаси — ижтимоий масъулият, миллатпарварлик ва ҳақиқатга садоқат мактабидир.

Жадидлар мероси — бу фақат тарих эмас, бугун ва келажак учун сабоқдир. Миллат ўзлигини англаши, тараққий этиши ва дунё саҳнасида муносиб ўрин эгаллаши учун жадидлар қолдирган маънавий меросга таяниш зарур. Чунки жадидлар — миллат уйғонишининг абадий мактабидир. Жадидлар бу шунчаки ўтмиш хотираси эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг маънавий таянчи, тараққиёт ва уйғониш манбаидир. Уларнинг ғоялари бугун ҳам бизга йўл кўрсатмоқда: зеро, тилда, фикрда ва ишда бир бўлиш — тараққиётнинг энг ишончли кафолатидир.

Конференцияда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи  директори, тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ҳасанов жадид боболаримизнинг Ватан озодлиги, ҳуррият учун мислсиз азоб-уқубатларни бошдан кечиргани, хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаётини, жасоратини ёшлар қалбига кўпроқ сингдириш лозимлиги хусусида ўз мулоҳазаларини баён этди:

— Жадидлар мустамлака зулми, жаҳолат ва зулмат, ноҳақлик ҳукм сурган бир шароитда миллатни уйғотиш учун ўзининг жонларини қурбон қилишдан ҳам қўрқмадилар. Шу боисдан ҳам бугунги ҳуррият кунларига ўз-ўзидан муяссар бўлганимиз йўқ, — деди Б.Ҳасанов.

Анжуманда ЎзЖОКУ ректори Ш.Қудратхўжа қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, жадид Ватандошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишдаги самарали фаолиятини эътироф этган ҳолда Бахтиёр Ҳасановга университет “фахрий профессори” этиб тайинлангани ҳақидаги дипломни топширди.

Анжуманда ЎзЖОКУ медиа назарияси ва амалиёти кафедраси профессори, филология фанлари доктори Ҳалим Саидовнинг “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маданият либосидаги мухторияти” мавзусидаги сўзи эътиборга молик бўлди. Шунингдек, нотиқнинг Беҳбудий ҳаётига оид  “Туркистон даҳоси” китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

ЎзЖОКУ медиа назарияси ва амалиёти кафедраси мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Садоқат Махсумованинг маърузаси эса университетда Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги махсус стипендия таъсис этилгани ҳақида бўлди. Жумладан, у шундай деди:

— Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги махсус стипендиянинг жорий этилиши — бу ёш журналистларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, миллий матбуотимиз анъаналарини давом эттириш ва жадидлар орзу қилган маърифатли жамиятни барпо этиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Мазкур стипендия совриндорлари сони 5 нафарга етган бўлиб, иқтидорли талабаларимиздан Ўғилой Аҳмадалиева Маҳмудхўжа Беҳбудий номли стипендия совриндори бўлиш билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиясига сазовор бўлди. У бакалавриатни тугатганидан сўнг, тегишли мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз, грант асосида қабул қилинди.

Иқтидорли талабаларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган тизимли ёндашув Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида изчил амалга оширилиб келинмоқда. Зеро, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш — бу алоҳида бир шахсга эмас, балки бутун жамият ва Янги Ўзбекистон келажагига қаратилган сармоядир.

Анжуман ишида “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири, сенатор Ҳусан Эрматов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Гулзода Соатова, Германиянинг “Johannes Gutenberg” университети (Майнц) докторанти Аъзамжон Дадахонов, ЎзЖОКУ профессори Назира Тошпўлатова, Анқара Ҳожи Байрам Вели университети профессори Зайнабиддин Абдурашидов, Киршеҳир Аҳи Эвран университети иқтисодиёт ва маъмурий фанлар факультети халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Нур Сетин, ЎзЖОКУ таянч докторантлари Нигора Элмуродова, Мафтуна Абдукаримова ва бошқа зиёлилар Беҳбудий даҳоси ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазалари, олиб бораётган тадқиқотлари хусусида ўртоқлашди.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + 3 =