Миллий ва халқаро аккредитация – мажбурият эмас, аммо…
Куни кеча Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ҳамда Термиз давлат университети ҳамкорлигида видеоконференция шаклида ўтказилган кенгайтирилган йиғилиш олий таълим муассасаларини миллий ва халқаро аккредитация жараёнларига тайёрлаш, таълим сифатини ошириш ҳамда замонавий талаблар асосида фаолият юритиш масалаларига бағишланди.
Унда олий таълим муассасалари олдида турган устувор вазифалар, соҳадаги янги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси, таълим натижасига йўналтирилган ёндашувни жорий этиш, шунингдек, халқаро стандартларга мослашиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Миллий ва халқаро аккредитацияга тайёргарлик масалаларига бағишланган маърузаларда аккредитация жараёнларига расмий текширув сифатида эмас, балки университетларнинг ички ривожланишини таъминловчи самарали механизм сифатида ёндашиш зарурлиги таъкидланди.
— Аккредитация — бу назорат эмас, балки тараққиёт воситаси, университетнинг ўз-ўзини холис баҳолаши ва келажак ривожи учун йўл харитасидир, — дея қайд этди Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ректори Расул Тўраев ўз маърузасида.
Йиғилишда, шунингдек, аккредитация жараёнларига тайёргарликда кафедралар, профессор-ўқитувчилар ва таълим сифатини назорат қилувчи тузилмаларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эгалиги алоҳида таъкидланди. Таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш, силлабусларни янгилаш, баҳолаш тизимини шаффоф қилиш ҳамда академик ҳалолликни таъминлаш умумий вазифа экани қайд этилди.
Йиғилиш доирасида Жанубий Кореянинг Сежонг университети профессори О.Жўраев томонидан олий таълимда сунъий интеллект ва замонавий ёндашувлар мавзусида маъруза тақдим этилди. Унда таълим жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиш, талабалар билим ва компетенцияларини аниқ натижалар асосида баҳолаш, шунингдек, халқаро аккредитация талабларига мос таълим моделлари ҳақида сўз юритилди. Мазкур тажрибани маҳаллий таълим тизимига мослаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Термиз давлат университети таълим сифати назорати бўлими томонидан миллий аккредитация тизими, унинг асосий талаблари ҳамда амалиётда учрайдиган муаммолар юзасидан батафсил маълумот берилди. Таълим сифатини баҳолашда ҳужжатлардан кўра, реал натижа, дарс жараёни ва талабалар фикри муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
— Бу йиғилиш аккредитацияни фақат раҳбарият ёки текширувчи органлар фаолияти сифатида эмас, балки ҳар бир ўқитувчининг кундалик иши билан бевосита боғлиқ жараён эканини яна бир бор кўрсатди. Айниқса, халқаро тажрибада илгари сурилаётган “Битирувчи нима қила олади?” деган ёндашув биз учун жуда муҳим сигнал бўлди. Энди дарс мазмуни, баҳолаш тизими ва талабалар билан ишлаш услубини айнан шу нуқтаи назардан қайта кўриб чиқишимиз зарур, — деди Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети катта ўқитувчиси А.Эшқораев.
Бир сўз билан айтганда, кенгайтирилган йиғилиш миллий ва халқаро аккредитация жараёнлари олий таълим муассасалари учун мажбурият эмас, балки сифатли таълимни таъминлаш, рақобатбардош битирувчиларни тайёрлаш ва жамият ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилишини яна бир бор намоён этди.
Белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш орқали университетларнинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашига ишонч билдирилди.
Заҳириддин ТЎРАЕВ,
Термиз давлат муҳандислик ва
агротехнологиялар университети
Ахборот хизмати раҳбари.
