Билимли, ташаббускор ёшлар — Янги Ўзбекистон таянчи

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ёшларнинг етук авлод вакиллари бўлишлари учун барча имкониятлар яратилган.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистон тараққиётининг бош омили сифатида инсон капитали, айниқса, ёш авлод салоҳиятига таяниш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб таълим олиш, илм-фан билан шуғулланиш, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш ва ўз иқтидорини намоён этиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Шу маънода Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев томонидан Кўксарой қароргоҳида яқинда ўтказилган ёшлар билан очиқ мулоқот мамлакат ҳаётида муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида тарихга кирди. Мазкур мулоқотда ёшларнинг орзу-интилишлари, ташаббуслари ва муаммоларига алоҳида эътибор қаратилди, уларни қўллаб-қувватлашнинг янги йўналишлари белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан бевосита мулоқоти, уларнинг фикр ва ташаббусларини тинглаши мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг инсон манфаатларига йўналтирилганининг яна бир ёрқин ифодаси, десак, хато бўлмас.

Мулоқот давомида Президентимиз ёшлар мамлакат тараққиётининг ҳал қилувчи кучи эканини яна бир бор алоҳида таъкидлаб, уларнинг билим олиши, илм-фан билан шуғулланиши, инновацион ғояларни илгари суриши ва ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун давлат томонидан барча шарт-шароитлар яратилаётганини қайд этдилар.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда таълим, хусусан, олий таълим тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Янги университет ва институтлар ташкил этилди. Хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари очилди, таълим мазмуни ва сифати тубдан янгиланмоқда. Бу ислоҳотлар ёшларнинг замонавий билим ва малакаларни эгаллаши, халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар бўлиб етишишига хизмат қилмоқда.

Айниқса, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотларни рағбатлантириш, инновацион ғояларни амалиётга кенг жорий этишга қаратилган ташаббуслар илм-фан ривожида янги босқични бошлаб бермоқда. Бугунги кунда илмий грантлар, стартап лойиҳалар, ёш тадқиқотчилар учун махсус дастурлар орқали мамлакатимизда инновацион муҳит шаклланиб бормоқда.

Шу билан бирга, таълим сифатини ошириш, хорижий тилларни пухта ўрганиш, рақамли технологияларни ўзлаштириш ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш каби вазифалар ҳам давлат сиёсати даражасида устувор аҳамият касб этмоқда. Бу эса, ўз навбатида, олий таълим муассасалари олдига янги ва масъулиятли вазифаларни қўймоқда.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамоаси ҳам Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, ёшлар билан ишлаш, таълим сифатини ошириш ва илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш борасида аниқ режаларни белгилаб олди.

Хусусан, университетнинг 18 та факультети ва 58 та кафедрасида ёшлар билан ишлашнинг манзилли тизими йўлга қўйилади. Талаба-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида тўгараклар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус платформа яратилиб, унга 8 минг нафардан ортиқ талабани қамраб олиш режалаштирилган.

Албатта, иқтидорли ёшлар ва ёш олимлар томонидан амалга оширилаётган стартап ва инновацион лойиҳалар сонини сезиларли даражада ошириш, уларнинг улушини жами илмий ишланмалар ҳажмида 30 фоизгача етказиш кўзда тутилмоқда.

Университетда илмий даража ва унвонга эга истиқболли ёш профессор-ўқитувчилар ва олимлар сонини кўпайтириш ҳам устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Жумладан, 40 ёшгача бўлган юқори салоҳиятли илмий-педагог кадрлар сонини 400 нафаргача етказиш режалаштирилган.

Энг муҳими, университетда ҳар бир талаба нафақат билим олиши, балки ўз келажагини аниқ белгилаши, касбий йўналишини топиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун барча шарт-шароитлар яратилади.

Президентимиз таъкидлаганидек, таълим тизимига инновация ва замонавий методикаларни жорий этмасдан туриб ҳақиқий тараққиётга эришиб бўлмайди.

Шу мақсадда университетимизда 2026–2027 ўқув йилидан бошлаб дуал таълим тизими жорий этилади. Бу борада “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси ҳамда “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда 100 нафар талабани ишлаб чиқариш билан уйғун таълим олишга жалб этиш режалаштирилган.

Шунингдек, чет тилларини ўқитишни янги форматда ташкил этиш орқали ҳар бир битирувчининг камида битта касбий кўникма ва битта чет тилини амалий даражада билиши таъминланади.

Бу йўналишда:

чет тилларини мукаммал биладиган 160 нафар талабани ментор сифатида тайёрлаш;

маҳалла ёшлари учун ёзги таътил даврида қисқа муддатли тил курсларини ташкил этиш;

талабалар орасида B2–C1 даражадаги халқаро сертификатлар сонини 1300 нафарга, профессор-ўқитувчилар орасида эса 450 нафарга етказиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси доирасида университетнинг 1000 нафар профессор-ўқитувчиси ва 17 минг нафар талабаси рақамли платформаларда таълим олиб, сунъий интеллект соҳасида зарур билим ва кўникмаларга эга бўлади.

Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган янги молиявий механизмлар университетлар учун ҳам катта имкониятлар яратмоқда.

Университетимизда талабаларнинг стартап ғояларини амалга ошириш, уларни бизнес лойиҳаларга айлантириш бўйича менторлик тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, инвесторлар ва тадбиркорлар иштирокида стартап форумлари ташкил этилади.

“Келажакка қадам” дастури доирасида жорий йилда университетни битираётган 3987 нафар талабанинг камида 20 фоизи имтиёзли кредитлар олишига амалий кўмак берилади.

Глобаллашув шароитида ёшларнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, уларни миллий қадриятларга содиқ, юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялаш алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Шу мақсадда университетда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда бир вақтнинг ўзида 300 нафардан ортиқ китобхонни қамраб оладиган замонавий типдаги янги кутубхона қурилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, 2026 йилда университет профессор-ўқитувчилари томонидан ўзбек ва қорақалпоқ тилларида 276 номдаги янги авлод ўқув адабиётлари яратилиб, нашр этилади.

Бугун мамлакатимиз тараққиёти ёшларнинг билимли, ташаббускор ва фидойи бўлиб камол топиши билан чамбарчас боғлиқ. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар нафақат янги имкониятлар, балки ҳар биримиз учун юксак масъулият ҳамдир.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамоаси мазкур вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этиб, ёшларимизнинг илм-фан, инновация, тадбиркорлик ва маънавият соҳаларида етакчи авлод бўлиб етишиши учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этади. Чунки билимли, ташаббускор ва фаол ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг энг ишончли таянчи, мамлакатимиз тараққиётининг асосий кучидир.

Бердиёр ЖОЛЛИБЕКОВ,

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат

университети ректори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + fourteen =