Хусусий айблов институти
Мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни барпо этиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар айрим жазо чораларини қилмишнинг хусусиятига, жазолашдан кўзланган мақсадга эришиш учун етарлилигига қараб қайта кўриб чиқиш заруриятини юзага келтирмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда ўтган йил 10 июль куни “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига айрим ҳуқуқбузарликлар учун қилмишнинг хусусиятидан, жазолашдан кўзланган мақсадга эришиш учун етарлилик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда маъмурий жавобгарликни бекор қилишга қаратилган тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш амалиётига хусусий айблов институтини жорий этиш назарда тутилди.
Шу муносабат билан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги айрим тоифадаги ишлар фақат жабрланувчининг аризасига кўра юритилиши белгиланди.
Қонун билан МЖтК 2693-модда (Жабрланувчининг аризасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш юритиш) билан тўлдирилиб, ушбу Кодекснинг 40, 41, 44, 45, 46, 461, 52-моддаларида, 612-моддасида (бундан корхоналар, муассасалар, ташкилотлар мустасно), 1933-моддасида ҳамда 2022-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар жабрланувчининг ҳуқуқбузарни жавобгарликка тортиш ҳақидаги аризасига кўра жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақидаги қоида киритилди.
Шунингдек, жабрланувчи ночор аҳволда бўлганлиги, вояга етмаганлиги, ҳуқуқбузарга қарам бўлганлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳолларда ваколатли органнинг мансабдор шахси жабрланувчининг аризасисиз ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишни бошлаши шартлиги назарда тутилди.
Бундан ташқари, МЖтКнинг 61-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида ва 612-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик устав фондида давлат улуши мавжуд бўлмаган корхонага, муассасага, ташкилотга нисбатан унинг ходими томонидан содир этилганда мазкур корхона, муассаса, ташкилот раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра жавобгарликка сабаб бўлиши билан боғлиқ норма қабул қилинди.
Ушбу Қонун ҳуқуқий таъсир чоралари асоссиз қўлланилишининг олдини олишга, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Отабек РАВШАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
бошқарма прокурори,
Рустамжон ҚУВАНОВ,
Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи.
