Суд тизимида янги босқич

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида изчил ва кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур ислоҳотлар, аввало, инсон ҳуқуқлари, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Президент томонидан илгари сурилган “Адолат — давлат сиёсатининг устувор йўналиши” деган тамойил суд тизимидаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини белгилаб берди. Суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, судьяларнинг нуфузини ошириш ва уларни ҳар қандай ташқи босимлардан ҳимоя қилиш бугун давлатимиз сиёсатидир.

Сўнгги йилларда судьяларни танлаш ва тайинлашда очиқлик ва шаффофликка эришилди. Судьялар фаолиятини баҳолашнинг янги тизими жорий қилиниб, уларнинг касбий маҳорати ва ҳалоллиги асосий мезон сифатида белгиланди. Бу эса суд қарорларининг холис ва адолатли қабул қилинишига хизмат қилмоқда.

Президент ташаббуси билан инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилди. Айбсизлик презумпцияси амалда таъминланиб, фуқароларни асоссиз жавобгарликка тортиш ҳолатларига сезиларли чек қўйилди. Қамоққа олиш, тинтув ўтказиш каби чоралар фақат суд қарорлари асосида амалга оширилиши қатъий қоидага айланди.

Шунингдек, суд ишларида замонавий ахборот технологияларининг жорий этилиши бугунги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Электрон судлов тизими, онлайн суд мажлислари ва суд қарорларининг очиқ эълон қилиниши суд жараёнларида холисликни таъминлаб, фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Маъмурий судлар фаолиятининг кенгайиши ҳам давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилган муҳим ислоҳотлардан ҳисобланади. Бу орқали фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат органлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқи самарали кафолатланмоқда.

Бугун юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари мамлакатда адолатли жамият ва ҳақиқий ҳуқуқий давлат барпо этишга хизмат қилмоқда. Бу ислоҳотлар халқ манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва келажак авлод учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Хуршид ИБРАГИМХОДЖАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судининг

тергов судьяси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + nine =