Дабдаба ва исрофгарчилик қачонгача давом этади?

“Тўй – намойиш эмас, балки ҳуқуқий-ахлоқий келишувдир”

 сарлавҳали давра суҳбатини ўқиб…

(“Hurriyat”, 2026 йил 14 январь, 2-сон. Муаллиф: Шарифа Салимова)

Ҳаёт, умр… Ҳар иккиси беназир неъматдир. У инсонга Аллоҳ томонидан берилади. Лекин ҳаётнинг ҳам, умрнинг ҳам ўзига хос ва мос залвори бор. Бу юкни оила деб аталмиш мустаҳкам қўрғон кўтаради. Ана шу қўрғонни қуриш учун, умр бекатларида қувончли саналарни дўсту ёрлар билан бирга баҳам кўриш мақсадида  тўй-томошалар қилинади.

Тўй ҳақида сўз айтганда одамзоддаги орзу-ҳавас туйғусини кўз олдимизга келтириш жоиз. Халқимизда “Болани бешикка сол, сепини сандиққа сол” деган нақл бор. Бежиз айтилмаган. Чунки гўдак билан бирга ота-она кўнглида не-не  орзу-ҳаваслар уйғониши ҳам сир эмас.

Айниқса, бувижонлар нияти доим эзгу бўлади. Ҳар набира кўрганда кўнгли завққа тўлади. Аллоҳга шукр қилиб, “Зора тўйингни кўрсам” дея ширин ният қиладилар.

Бу ширин ниятга етганлар бор, етмаганлар ҳам бор. Аввало, ушбу ниятдан ҳеч ким бебаҳра бўлмасин деймиз. Ҳар бир тўй шакли-шамойили ўша давр муҳитидан келиб чиқади. Бир пайтлар ота-боболаримиз даврида битта сандиқ, иккита кўрпа ва иккита кўрпача келинга сеп ҳисобланган. Бу ҳақда онажонларимиздан кўп эшитганмиз. У пайтлар келин моли билан эмас, иймони, одоби, иффати билан баҳоланган. Лекин оилалар бахтли яшашган. Ажримлар деярли бўлмаган. Ҳозир-чи?

Давр ўзгарди. Одамлар дунёқараши ҳам шунга монанд ўзгариб бормоқда. Тарих тараққиёт сари илдамламоқда. Инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, садоқат ва хиёнат, шодлик ва қайғу, ҳавас ва ҳасад, яна, эҳҳе, қанча туйғуларни елкасига ортган она замин югуряпти, чопяпти. Вақтнинг баракаси кетган, деймиз. Шундай шошқин даврнинг тўйлари эса ақл бовар қилмайдиган даражада дабдаба, исрофгарчилик билан ўтяпти. Келинлар энди одоби билан эмас, балки ота-онасининг мансаби, давлати, унга ажратилган хоналар қандай безатилиши, сепига қараб баҳоланяпти.

Кейинги пайтда тўйлар яна авжига чиқяпти. Яна ўша пулдорлар, замонамиз бойлари қилишяпти буни. Улардан қолишмасликка ҳаракат қилаётганлар қарзга ботиб бўлса ҳам дабдабага уриняпти. Афсуски, кўп ҳолларда давлат бошқарувидаги амалдорларнинг, тадбиркорларнинг фарзандлари тўқликка шўхлик қилишмоқда. Ўртаҳол камбағалнинг боласи эса тўй қилиш учун олган қарзини тўлаш имкони йўқлигидан жанжал чиқиб, ажрашиб кетишаётган ҳоллар ҳам йўқ эмас.

Шундай экан, тўй маросимларини ихчамлаштириб, ҳамма учун бир хил шакл ва тартибга солувчи Низом, тартиб  ишлаб чиқилиб жорий қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Аслида, тўй жамиятни ташкил қилувчи оила пойдеворидир. Оила жамият ичидаги жамият ҳисобланади. Шу маънода тўйга ойлаб тайёргарлик кўриш, интиқлик билан кутиш жараёнида юклатилаётган масъулиятни ҳам унутмаслик даркор.

Тўйга завқланиш, мароқли дам олиш, тўй эгалари қувончига шерик бўлиш учун борамиз. Лекин санъаткорлар ҳам буни тўғри тушунишса, кошки эди. Баъзан дабдабали ва қуруқ шовқинли тўйдан кексаларнинг боши оғриб, қон босими кўтарилиб қайтиш ҳолати юз бермоқда. Очиғини айтадиган бўлсак, ҳеч бўлмаса, тўйда жонли ижро қилишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Фонограммани қўйиб даврани алдаб, гўё хониш қилишади. Овоз кучайтиргичнинг гумбурлашидан қўшиқ сўзини англаб бўлмайди, фақат шовқин эшитилади. Ёшлар учун бунинг аҳамияти йўқдир, лекин тўйда ўрта ёшлилар ва кексалар ҳам бўлади. Шу боис дастурга мақом қўшиқларни ҳам киритиш зарур. Шу йўл билан ёшларда санъатнинг тожи бўлмиш мақомга меҳр уйғонса, кўнгилдагидек бўлади.

Тўй — бу йигит ва қизнинг орзуси ушалган кун,

Қадамлари остига пойандоз тўшалган кун.

Бахт тилайди уларга дил-дилдан ёру дўстлар,

Эзгу ниятин айтиб, қалбини бўшатган кун.

Афсуски, ўзини кўрсатиб, мақтанчоқлик билан тўй қилаётган ўша одамнинг уйида бир дона китоб топилмайди. Уларнинг айримлари фарзандлари камолини ўйлашмайди. Илмли, билимли қилиб, юрт корига ярашиқли бўлишини орзулашмайди. Ҳунар эгаллаб, Ватанга садоқат билан хизмат қилишини, ватанпарварлик руҳида тарбияланишини ўйлашмайди. Кўпроқ тўйни дабдабали ўтказиб, мақтанишни билишади. Уларнинг назарида тўй ҳаётдаги асосий удум. Билъакс, ажримларнинг кўпи шуларга дахлдор.

Кейинги пайтларда исрофга йўл қўйиладиган бошқача тўйни ҳам ўйлаб топишди одамлар. Ҳаж ва Умра зиёратидан қайтгач, ош бериб, зиёфат қилиш урфга кирди. Лекин диний китобларда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ. Дин уламолари ҳам буни инкор этишади. Юқори табақадаги кишилар (бу сўзни айтишдан чўчимайман) йиғилганларнинг ҳар бирига совға-салом улашишини айтмайсизми? Хуллас, назаримда, дўппини бошдан олиб, ўйлаб кўрадиган давр келди.

Камхарж, ихчам тўйлар бизга ярашади. Ошиб-тошиб кетаётганлар эса муҳтожларга ёрдам бериб, саховатпешалик қилсалар, эл орасида меҳр-оқибат кучаяр эди.

Тўй орқали оила бунёд этилади. Президентимизнинг “Оила — меҳр ва бахт қўрғони. Оила бор экан, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор, инсоний қадр-қиммат ва маънавият бор. Оилавий бахт бу — энг улуғ саодатдир”, деган сўзлари ҳар қандай қалбни жунбишга келтиради. Оиланинг бошланғич қадами — тўй. Шундай экан, уни ҳар томонлама маромига келтиришимиз, мазмунан бойитиб, эсда қоладиган ихчам йўлларини топишимиз лозим. Шундай ўтказишимиз керакки, келин-куёвнинг кўнгли бир-бирига чамбарчас боғлансин, токи улар орасига рахна тушишига ўрин қолмасин. Бу борада маҳаллалар ҳам фаоллашиши зарур. Айниқса, кекса отахон-онахонларнинг маҳаллаларда тўй ҳақидаги суҳбатларини бардавом уюштириш яхши натижа беришига ишонаман.

Муқаддас АБДУСАМАТОВА,

 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими,

меҳнат фахрийси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 8 =