“Давр журналист нигоҳида”
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида таниқли устоз журналист Ирисмат Абдухолиқовнинг “Давр журналист нигоҳида” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда таниқли давлат ва жамоат вакиллари, атоқли шоир ва ёзувчилар, газета ва журналлар бош муҳаррирлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Тақдимотни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов кириш сўзи билан очиб, “Давр журналист нигоҳида” китобида таниқли журналист Ирисмат Абдухолиқовнинг ярим асрдан ортиқ ижодий фаолияти давомида кўрган-кечирганлари, бевосита иштирок этган муҳим тарихий воқеа-ҳодисалар ҳақидаги хотиралари жамланганини алоҳида таъкидлади ҳамда китоб хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Мазкур китобда муаллиф ўз фаолияти давомида юзма-юз келган, ҳамкорлик қилган, мулоқотга киришган таниш ва нотаниш шахслар образини яратар экан, Ирисмат Абдухолиқов услубига хос бўлган холислик, тиниқлик ва самимийлик яққол намоён бўлади. Хусусан, китобда республикамизни салкам чорак аср бошқарган Шароф Рашидов сиймоси алоҳида ҳурмат ва муҳаббат билан тасвирланган.
Мазкур тўпламдан муаллифнинг Ўзбекистондаги деярли барча вилоят, туман ва қишлоқлардан, шунингдек, Вашингтон, Нью-Йорк, Москва, Деҳли, Анқара, Макка ва Мадина шаҳарларидан тайёрлаб, воқеа содир бўлаётган жойдан тўғридан-тўғри эфирга узатган репортажлари матнлари ҳам ўрин олган. Китобга телевидение ва радионинг илмий-назарий асосларига бағишланган мақолалар ҳам киритилган.
— “Ўз соҳасида юксак мавқега эришган, чўққиларни забт этган ҳар бир инсон оддий одам ҳисобланмайди”, – деб ёзган эди машҳур телешоу қироли Ларри Кинг. Ирисмат Абдухолиқов ҳам телерадио мухбири, дунё кезган халқаро шарҳловчи сифатида улкан ижодий йўлни босиб ўтди, кўплаб ҳамкасбларимиз орзу ҳам қилолмаган мавқеларга эришди, чўққиларни забт этди. Ушбу асар катта-кичик китобхонларни ана шундай марраларга интилишга чорлайди, руҳий қанот бағишлайди, – деди таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад.
Китобда тақдим этилган тарихий жараёнларнинг энг қайноқ нуқталаридан тайёрланган ахборотлар, репортаж ва кўрсатувлар матнлари ўша давр манзараларини кўз ўнгимизда қайта жонлантириши баробарида, журналистиканинг барча соҳалари вакиллари ҳамда талаба-ёшлар учун муҳим ўқув-амалий қўлланма вазифасини ҳам ўтайди.
Гулзайнаб ЗУЛҲАЙДАРОВА.
