Ҳавода образ яратган санъаткор

Ўзбекистон радиоси бош режиссёри бўлган устоз Раҳмат Жумаевни ёд этиб…

Ўйлаб қарасам, миллий телерадиожурналистикамизнинг қарийб бир асрлик шонли тарихининг чорак қисмига шерик эканман. Албатта, бу оқсоч тарих олдида кўкрак кериб ғурурланадиган вақт эмасдир. Лекин мен учун бу давр ҳаётимнинг энг ёрқин, киройи эслашга муносиб палласи; бу ёғи яшалган умрнинг нақ ярми ахир! Шу вақт орасида соҳанинг жуда кўп пиру муршидлари билан ёнма-ён ишлаш, даврадош бўлиш бахти насиб этди.

Телерадиомизда азалдан яхши бир анъана шаклланган: журналистлар аввал радиога ишга олинади, у ерда обдан тажриба ошириб, журналистиканинг нозик сир-асрорларини ўзлаштириб, одамийлик фанидан сабоқ олиб, кейин телевидениега “кўтарилиб” кетадилар. Радиода ҳар доим яхши ижодий муҳит, кучли мактаб бўлган. Радио телевидениедан аввалроқ пайдо бўлгани учунми ё бошқа сабаблари борми, аниқ билмайман, лекин энг забардаст ижодкорлар ҳам дастлаб радиода фаолият олиб боришган. Ўлмас Умарбеков, Омон Мухтор, Тоҳир Малик, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Пўлат Мўмин, Абдусаид Кўчимов, Саъдулла Сиёев, Орзиқул Эргаш, Шойим Бўтаев, Шукур Қурбон, Одил Икром, Ҳалима Аҳмад, Зебо Мирзо, Фахриёр, Олим Тошбоев, Вафо Файзулло каби шоир-ёзувчиларимиз радиода ижод қилишган. Ғафур Ғуломдан Абдулла Орифгача, Саид Аҳмад, Шукур Холмирзаевдан Хайриддин Султонгача — ҳамма-ҳаммаси ҳали сиёҳи қуриб улгурмаган асарларини аввал радиога элтишган. Бу асарларнинг энг биринчи мухлислари радио тингловчилар бўлишган. Яна радионинг биз энтикиб эслайдиган жиҳати — ниҳоятда самимий муҳити ва шундай муҳит бунёдкорлари бўлган беғараз, бетама инсонларики, бундай ажойиб жамоани яна бошқа бир жойда учратиш маҳол. Бу ерда ижодни моддий неъматлардан, ўткинчи ҳою ҳаваслардан, ҳатто баъзилари ўзининг ҳаётидан-да афзал билишарди. Мана шундай ижодкорлар ишлайдиган маскан эди радио.

Бу йил радионинг тўйи эмас, маросим етмишвой телевидениеники. Демак, бу галги олқишу мақтовнинг ҳаммаси уники бўлмоғи лозим, аслида. Лекин “ука”нинг тўйида “ака”ни ҳам бир сийлаб ўтиш, образли қилиб айтганда, елкасига тўн ёпиш ўзбеклигимизга хос иш.

2000 йил. Ўзбекистон миллий университетининг талабаси эдим. Ўша йили машҳур ёзувчимиз, ўзбек ҳикоячилигининг қояси Шукур Холмирзаевнинг 60 йиллик юбилейи факультетимиз декани, профессор Қозоқбой Йўлдошнинг жонбозликлари билан университетда кенг нишонланадиган бўлди. Кундузи расмийроқ анжуман шаклида бошланган тадбир кечқурун жайдари кўриниш олди. Адабиёт, санъат аҳлининг бари йиғилди. Қизғин гурунглар, ширин хотиралар, юбилярнинг шаънига айтилган алқовлар… Буларнинг ҳаммаси, албатта, таомилга кўра, бир пиёла чой билан бўлди. Тун яримлаб қолганда Қозоқбой домла имлаб чақирди-да, ёнидаги инсонга ишора қилиб: “Шу кишини таксига чиқариб, кузатиб келинг”, дедилар. Меҳмон иззатли одам эканлигини у кишининг салобати-ю, домла қўлтиқлаб олиб чиқиб, менинг қўлтиғимга узатиб юборганидан фаҳмлаб турардим. Одоб билан меҳмонни йўл ёқасига — такси тутса бўладиган ерга бошладим. Меҳмон каминани ҳаяллатмай сўроққа тута бошлади, қаерда ўқишим, келажакдаги орзуларим ва қандай касбнинг бошини тутишим ва ҳоказо. Табиийки, сиз ким бўласиз, нима иш қиласиз, каби саволлар беришим одобдан эмаслиги боис сукут сақладим, фақат у кишининг саволларига жавоб бериб турдим. Ниҳоят, камқатнов йўлдан бир таксини тутдик. Меҳмон ўриндиққа шартта ўтирди-ю, “ҳайда!” деди. Машина жилишга улгурмай, деразадан бошини чиқариб: “Эй йигит, агар радиода ишлашни истасанг, эртага Госрадиога бор, Раҳмат Жумаев десанг, мени ҳамма танийди”, деди ортиқча такаллуфсиз. Радиорежиссуранинг дарғаларидан бири, радиопостановкаларнинг пири, радиода яратилган дастлабки сериал асосчиларидан бири Раҳмат Жумаев билан менинг илк танишувим шундай кечган эди. Дарвоқе, эртаси куни мен “Госрадио”га Раҳмат Жумаевни қидириб бормадим. Радиода ишлашни хаёлимга ҳам келтирганим йўқ эди. Ўқишни битириб, “Тафаккур” журналида ишлаб юрган кезларим бир куни бош муҳарриримиз, ёзувчи Эркин Аъзам қабулига чақираётганини айтишди. Борсам, Эркин ака дабдурустдан: “Ёшинг нечада?” деб сўраб қолди. “Тафаккур” 21 яшар боланинг жойи эмас, 3 ойда битта сони чиқадиган журналда ўтиравериб, қариб кетасан, сенинг жойинг қайноқ ижодий жараёнда бўлиши керак. Эртага радиога бориб, Фахриддин Низомов деган одамга учрашасан”, деди. Радиога кириб, илк қилган ишим — бундан бир йил муқаддам “мени Госрадиодан топасан” деган одамни, икковлашиб такси ёллаган ўша кундан бери исми хотирамда михланиб қолган Раҳмат Жумаевни қидиришдан бошладим. Эшик пешлавҳида “Ўзбекистон радиоси бош режиссёри Раҳмат Жумаев” деган ёзувни ўқидим, кириб: “Эсингиздами, ҳув ўша сизни таксига солиб кузатган мен эдим”, демоқчи бўлдим. Эшик тутқичини ушладим-у, қилмоқчи бўлган ишимдан ўзим уялиб кетдим. “Кузатган бўлсанг, кузатгандирсан, мени сендан бошқа ҳам не бир зотлар кузатмаган” деса, нима дейман ахир?

Ҳамма нарсанинг ўз мавриди, пешонасига битилган муддат-муҳлати бўларкан. Энди ўйласам, агар ўшанда Раҳмат Жумаевни қидириб “Госрадио”га борганимда… мен радиочи бўлолмасдим, радиога ишга кирган кунларим “мен ўшаман” деб қабулига кирганимда, эҳтимол, Раҳмат Жумаевнинг мен ҳақимдаги тасаввурлари умуман бошқача бўлган бўлар эди. “Ошиқма, ой тўлгунча” дегани шу бўлса керак-да! Биз кейин иш юзасидан, касб тақозоси билан кўп-кўп учрашадиган бўлдик. “Ёшлар” радиоканалида ҳар тун эфирга узатиладиган “Бедорлик” дастурида радионинг “Олтин фонди”га олинган асарлар қўйиларди. Уларни эса камина танлардим, эшитиб олардим, техник ёки ижодий камчиликлари бўлса, тузатардим. Техник камчилик деганимки, магнит тасмалар ёпишиб қолган, нотўғри ўралган бўлиши мумкин эди. Ижодий “нуқсон”ни бартараф қилиш эса, ўша пайтнинг мафкуравий талаби бўлган баъзи мавзулар, иборалар, шахслардан материални “пок”лашдан иборат бўларди. Айтайлик, октябрь революцияси, унинг доҳийлари исми шарифи, ҳатто жадид деган сўзлардан ҳам тингловчини парҳез тутишга мажбур бўлардик. Ана шу кезларда бизнинг энг асосий маслаҳатгўйимиз Раҳмат Жумаев эди.

Бир нарсани эслатиш муҳимки, бугун радио архивида сақланаётган энг сара асарлар Раҳмат Жумаевга тегишли. У киши радиода кўп ва хўп ижод қилган режиссёр эди. Мен қаеринидир “кесмоқчи” бўлаётган асарларнинг аксарияти Раҳмат аканинг ижод маҳсули эди. Асарларини фарзанди ўлароқ қабул қилган ижодкорга асарининг ҳамма жойи, ҳатто нуқсонлари ҳам қадрли. Лекин Раҳмат ака донишмандларча иш тутар, бир ёнда жигарининг порасини юлиб олиш, бир тарафда даврнинг аччиқ талабига бўйсунишдай мураккаб вазиятларда энг оқилона ечимни топар, “сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмаслик”ни эпларди.

Эсимда, бир гал Шукур Холмирзаевнинг “Қора камар” пьесаси асосида яратилган радиопостановкани эфирга узатадиган бўлдик. Асарда ўша даврнинг қуюшқонига сиғмайдиган “босмачи”, “инқилоб” деган сўзлар кўп учрарди. Шунда яна жонимга Раҳмат ака ора кирган. Асар ёзилган тасма ўрамни олиб келишимни буюрдилар. Қўлтиқлаб кирдим. Хоналарида магнитофон бўларди. Тасманинг учини иккинчи тарафдаги бўш доирага ўраб, тугмани босдим. Машҳур асар “тил”га кирди. Диққат билан тинглаб ўтириб, “хавфли нуқта”ларга келганда Раҳмат ака сапчиб турарди, жумланинг бошини топиб, “душман” сўзни кесиб ташлаб, маънога заха етказмасдан улаб юборишни айтиб турарди. У кишининг маслаҳатлари билан амалга оширилган қайта монтаж ишларини тингловчи сезмасди, чунки маъно бузилмасди. Хайриятки, замоннинг зайли бўлган бу “нобакорлик”лар оригинал асар устида қилинмаган, Раҳмат Жумаевнинг маслаҳатлари билан гарчи ўша пайтларда оҳангтасма анқонинг уруғи бўлса ҳам, аввал ундан нусха олиниб, кейин кесиларди, яъни асарнинг аслига тегинилмасди.

Раҳмат Жумаевнинг бошқа режиссёрлардан фарқи шунда эдики, у киши асарга фалсафий ёндашарди. Чунки бадиий асар, яъни қоғоздаги воқелик саҳнага, экранга, ҳаво мавжларига кўчар экан, гарчи мазмунни сақласа-да, энди бошқача шакл олади, бу шаклнинг қандай бўлиши режиссёрнинг маҳорати, истеъдоди ва албатта, адабий ҳодисага фалсафий ёндашуви билан боғлиқ ҳолда юз беради. Театр саҳнасида Баҳодир Йўлдошев қандай файласуф бўлган бўлса (дарвоқе, улар курсдош, сабоқдош эдилар), экран саҳнасида Шуҳрат Аббосов қандай донишмандлик намоён қилган бўлса, радионинг ҳаводаги виртуал саҳнасида Раҳмат Жумаев ҳам шундай даҳо эди. У яратган радиоасарлар адабиёт каби мангу, спектакль ёки кинофильм каби боқийдир. Чунки бу асарларда сизу бизга ўхшаган одамлар яшайди, тирик инсонлар ташвиш чекади, қувонади, тафаккур қилади. Шу боис биз уларни яхши кўрамиз ёки  ёмон кўрамиз, қай бирига ўхшагимиз келса, яна қайси бирига ўхшаб қолишдан эҳтиёт бўламиз. Раҳмат Жумаев ҳавода образ яратарди, овозда тирик инсонларнинг қабариқ қиёфасини чизарди. Усмон Қўчқорнинг “Имом Бухорий”, Омон Мухтор қаламига мансуб “Мавлоно Лутфий”, Шукур Холмирзаевнинг “Булут тўсган ой”, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Дашту далаларда”, Эркин Аъзамнинг “Пиёда” асарлари асосида яратилган радиопостановкалар МТРК архивининг ноёб жавоҳирларидир. “Жалолиддин Мангуберди” радиопостановкаси ўша йилларнинг энг машҳур танловларидан бири бўлган “Офарин”нинг ғолиби бўлган эди. Баҳодир Йўлдошев буюк режиссёр бўлиш билан бирга, зўр актёр ҳам эди. Театр саҳнасида яратган ўнлаб роллари томошабинлар ёдида қолган. Шуҳрат Аббосов ҳам яхшигина актёр эди. Унинг экрандаги образлари тарих зарварақларига муҳрланган. Буюкларга хос худди шу серқирралик Раҳмат Жумаевда ҳам бор эди. Омон Мухторнинг “Мавлоно Лутфий” асарини саҳналаштиришни дилига тугиб, ишга киришади. Олти ойлик машаққатлардан сўнг ҳам Лутфий ҳазратларининг тимсолини яратадиган актёр тополмайди. Шунда шогирди Алишер Амиров: “Устоз, Лутфийнинг асардаги характери худди ўзингиз. Сиз ўйнасангиз, роса ўрнига тушарди-да”, деган бир оғиз эътирофидан далда олган Раҳмат ака, ниҳоят, Мавлонони “топади”. “Дашту далаларда” радиопостановкасида Раҳмат ака яратган персонаж ҳам ўрнига тушган. Раҳмат Жумаев бу ролларни актёр йўқлиги ёки ўзининг ҳам овозини архивлаштириш учун яратган эмас. У режиссёр сифатида қаҳрамонларнинг ички дунёсига мос актёр қидирарди. Шу зарурат уни баъзан ўзига актёр сифатида мурожаат қилишига тўғри келган.

Серқирралик ҳақида гап кетганда, Раҳмат Жумаевнинг маромига етказиб ғазал ўқиш маҳоратини эсламаслик мумкин эмас. Алишер Навоий, Мавлоно Лутфий, Саккокий, Бобур, Амирий ва ҳоказо мумтоз шоирларимизнинг Раҳмат ака ўқиган ғазаллари радиомиз архивида сақланмоқда. Арузнинг мураккаб қоидаларига амал қилинган ҳолда ўқилган бу мумтоз асарлар Раҳмат Жумаевнинг бироз хирқироқ, аммо ниҳоятда ширадор овозини мангуликка муҳрлади, десак, хато бўлмас.

Раҳмат Жумаев аксар истеъдодларга хос жунунваш одам эди. Ҳар доим ижод оғушида яшарди. Негадир у киши ҳақида ўйлаганимда яна бир ижодкорни қўшиб эслайман. Ёзувчи Шукур Холмирзаев “Дўрмон”даги чайласидан кўпам чиққиси келавермас, “издиҳомдан тўйган, тўда-тўда жойларга бормай қўйган” (А.Орипов) ижодкорлардан эди. У кишининг ҳамма билан апоқ-чапоқ бўлиб кетавермаслиги, давраларига кўпчиликни доритмаслигини яхши биламиз. Лекин Шукур ака чайлани ёлғизлатиб, атайлаб излаб келадиган одамларидан бири Раҳмат ака эди. Уларнинг феъл-хўйларида ҳам, ижодга муносабатларида ҳам ва яширишдан не маъни, бироз майхўрликларида ҳам ўхшашлик бор эди.

Бу икки ижодкор ҳақида бир воқеани келтирсам. 2005 йилгача ёзувчилар билан телерадиочиларнинг поликлиникаси битта бўларди. Ҳар йили шу ердан тиббий кўрикдан ўтиб туриш мажбурий саналарди. Бир шифокорнинг қабулига кирган Раҳмат Жумаевга тезда даволаниши кераклиги айтилади, бунга кўнмаган беморга ҳеч бўлмаганда ичиб туриши лозим бўлган дорилар ёзилган эмрўйхат берилади. Шунда Раҳмат ака шифокорга миннатдорчилик билдириб, даволанишга ҳам, дори-дармон ичишга ҳам ҳожату ҳафсаласи йўқлигини қатъий айтади. Бу гапни эшитиб, шифокор ҳайратдан қотиб қолади. Раҳмат ака дўхтирнинг таажжубини бошқача тушуниб, даволанишни истамаслигига яна изоҳ бера бошласа, врач унга у кишидан олдин кирган ёзувчи Шукур Холмирзаев ҳам худди шу важни айтиб, муолажадан бош тортганини айтади ва баттар ҳайрати ортиб: “Сизлар эгизак эмасми?” деб сўраган экан. Демак, чинакам дўстлик одамларни эгизакдай бир хил қиларкан-да. Ёки тескариси — руҳиятдаги муштараклик дўстликка сабаб бўлармикан? Ҳарқалай, иккиси мана шундай кўнгил яқин дўст-ошналар эди. Бу дўстликнинг мангу муҳри бўлиб, иккаласидан ҳамкорликда яратилган гўзал радиоасарлар қолди…

90-йилларнинг охири — 2000 йилларнинг бошларида радиога ҳам янги жанрлар, йўналишлар кириб кела бошлади. Радиосериал ва радиомультфильм шундай янгиликлардан эди. ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Ипак йўли” лойиҳаси доирасида радиосериал яратиладиган бўлди. Ушбу илк сериалга радиопостановканинг мактабини яратган Раҳмат Жумаевдан бошқа ижодкор танланмаслиги аниқ эди. Шундай ҳам бўлди. “Ҳар дарднинг давоси бор” номи билан эфирга узатилган бу сериалда Раҳмат ака нафақат режиссёр сифатида, балки драматург сифатидаги маҳоратини ҳам намоён қилди. Дастлаб сериал сценарийсини ўзи ёзди. Актёрлар ансамблини танлашда, сценарийга ёндашувда яна буюк режиссёрнинг маҳорати, ўзига хос услуби иш берди. Ўткир сюжетларга бой, зиддиятли ҳолатлар, оғриқли муаммолар кўтарилган бу сериалнинг тингловчилари бисёр эди. Хатлар ёғилиб кетар, ҳар ҳафта тингловчиларнинг таассуротлари акс этадиган эшиттиришлар тайёрланарди. Албатта, сериал муваффақиятида Раҳмат Жумаевнинг ҳиссаси алоҳида бўлди. Аммо сериални якунига етказиш у кишига насиб этмади. Аввалига беморлик, кейин… умр вафо қилмади. Лекин унга яна бир радиожанрнинг асосчиси бўлиш бахти муяссар бўлди.

Мендан нима қолар:

икки мисра шеър,

Икки сандиқ китоб,

бир уюм тупроқ,

деб ёзган эди шоир Муҳаммад Юсуф ўз аъмоли, маслагига ишора қилиб. Раҳмат Жумаевдан бир этак фарзанд қолмади, катта бойлик, кўшку кошона ҳам мерос қолгани йўқ. Ундан бир асрлик тарихга эга радиомизнинг “Олтин фонди”ни безаб турган оламжаҳон асарлар қолди. Унинг умри ана шу асарларида, шогирдларида, яратган улкан мактабида давом этажак.

Икром ЧОРИЕВ,

“Mahalla” телерадиоканали директори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 4 =