Коррупцияга қарши курашиш

Ўзбекистон илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архивида бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Коррупция жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган иллатлардандир. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради, эл-юрт хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа салбий ҳолатлар илдиз отиши учун шароит яратади. Шу боис ҳозир коррупцияга қарши кураш дунё миқёсида кучайтириляпти.

Бу борада Ўзбекистонда ҳам зарур чоралар кўрилмоқда. Жумладан, 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун  юртимизда айни йўналишдаги жиноятларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ижросини таъминлашда асосий ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтамоқда. Чунки унда коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш субъектлари фаолиятини мувофиқлаштириш, манфаатлар тўқнашувини чеклаш ва шаффофликни ошириш каби механизмлар қатъий белгилаб берилди. Шунингдек,  Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги тегишли қарорига мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Бу жараён Сингапур тажрибасига асосланди.

Бутун жаҳонда коррупцияга қарши курашиш ва унинг даражасини тадқиқ этиш билан шуғулланувчи “Transparency International” номли ноҳукумат халқаро ташкилот маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистон 180 та давлат ичида 32 балл билан 121-ўринни эгаллаган. Йил мобайнида коррупцияга дахлдор 5716 та ҳолат аниқланган. Уларнинг аксарияти олий таълим, мактабгача ва мактаб таълими, банк, қурилиш ҳамда давлат харидлари соҳаларида содир этилган.

Хўш, коррупция нима ва қандай намоён бўлади? Одамларни унга етаклайдиган асосий омиллар нималардан иборат? Бу янглиғ саволлар кишини жиддий ўйга толдиради ва чуқур мушоҳада юритишга ундайди.

Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахслар манфаатларини кўзлаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланишидир. Унинг бир кўриниши бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш бўлса, иккинчиси манфаатлар тўқнашуви ҳисобланади. Манфаатлар тўқнашуви эса, шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятдир.

Коррупция турли кўринишларда намоён бўлади ва ҳар бири давлат бошқаруви ҳамда жамият ҳаётининг муайян соҳасига таъсир кўрсатади. Энг кенг тарқалган шакллари қуйидагилар саналади:

– пора олиш ва бериш – мансабдор шахс томонидан маълум бир ишни бажариш ёки бажармаслик эвазига ноқонуний мукофот талаб қилиш ёки қабул қилиш;

– мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш – шахсий манфаат учун мансаб вазифаларини қонунга зид равишда бажариш;

– непотизм ва фаворитизм – лавозимларга танловсиз, қариндошлар ёки танишлар орқали жойлаштириш;

– давлат харидларида яширин келишувлар – тендерларни олдиндан келишилган ҳолда маълум манфаатдор шахсларга ўтказиш.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги юртимизда бу иллатга сабаб бўлаётган омилларни ўрганиб, улар қуйидагилардан иборат деган хулосага келди:

– давлат харидлари соҳасида харидлар уларнинг ҳажмини қисмларга бўлиш орқали амалга оширилгани, тендер савдоларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани;

– соғлиқни сақлаш соҳасида ишга қабул қилишда шаффоф тизим яратилмагани, тиббиёт муассасаларида бюджет маблағлари талон-торож қилинаётгани;

– маданият соҳасида миллий сериаллар яратиш учун телеканалларга субсидия беришнинг аниқ тартиб-таомиллари белгиланмагани;

– ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда жиноят ишининг суриштирув, тергов ва эҳтиёт чорасини танлаш жараёнида енгиллик бериш эвазига тамагирлик ҳолатлари содир этилаётгани;

– қурилиш соҳасида инсон омилини имкон қадар истисно этадиган рақамлаштириш ишлари суст олиб борилаётгани, бунёдкорлик объектларида назорат етарли даражада эмаслиги;

– илмий даража олишда плагиатга йўл қўйиш, таниш-билишчилик муносабатларидан фойдаланиш тизимида рақамлаштириш, назорат ва жавобгарлик механизмлари яратилмагани;

– автомобиль йўллари соҳасида давлат хизматчилари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани.

2022 йили қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун давлат хизматчиларининг ҳалоллик стандартларини мустаҳкамлаб, ахлоқ кодекси, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, даромадлар декларацияси каби муҳим нормаларни жорий этди. Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар йили коррупция хавф-хатарлари хариталари шакллантирилиб, давлат органларида ортиқча бюрократия, такрорланувчи функциялар ва қонун бузилиши хавфи юқори бўлган жараёнларни қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Умуман олганда, Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши кураш сиёсати ҳуқуқий пойдевор, шаффофлик, рақамлаштириш, жамоатчилик назорати ва халқаро стандартларга асосланган механизмлар орқали тизимли равишда ривожланмоқда.

Коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқий асосни мустаҳкамлаш учун 2024 йил 5 июнда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шунингдек, у билан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик қўлланиладиган бўлди. Давлатимиз раҳбари 2025 йил 19 сентябрда имзолаган “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда эса, коррупцияга қарши кураш соҳасидаги устувор вазифалар белгилаб берилди.

2023 йил 19 декабрь куни “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ифодаловчи монумент очилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев, Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, БМТ Бош котиби ёрдамчиси Александр Зуев ва хорижий мамлакатларнинг расмий шахслари қатнашдилар. Кафти очиқ қўл кўринишидаги ва узунлиги ўн икки метрлик ушбу композиция ҳалоллик, пок амаллар ва ниятларни, коррупцияга нисбатан мутлақо тоқатсизликни, дунёнинг барча мамлакатларини унга қарши курашиш учун бирлашишга чақириқни англатади.

Мамлакатимиз коррупцияга қарши курашишни йўлга қўйишда Финляндия тажрибасига ҳам таянмоқда. Негаки, “Transparency International” ташкилотининг эътироф этишича, бу давлат коррупция даражаси энг паст 5 та мамлакат сирасига киради. Унда коррупциянинг олдини олиш учун алоҳида қонун ёки ташкилот эмас, балки ахлоқ қоидалари амал қилади.

Юртимизда архив иши ва иш юритиш бўйича ягона давлат сиёсатини олиб борувчи “Ўзархив” агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларда, хусусан, Ўзбекистон илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архивида ҳам шаффофликни йўлга қўйиш, ҳужжатларни ўзгалар ёхуд ўз манфаати йўлида сохталаштириш ва коррупция иллатларининг олдини олиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Чунончи, тизим архивларида коррупцион иллатларнинг олдини олиш ҳамда коррупцияга қарши курашишга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами яратилиб, Ўзбекистон илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архивининг коррупцияга қарши сиёсати йўлга қўйилган. Архивда коррупцияга қарши кураш бўйича алоҳида вакил тайинланиб, худди шу йўналишда малака ошириш ишлари ташкил этилган. Қолаверса, архив ходимларининг этика кодекси яратилиб, улар одоб-ахлоқ ва этика қоидаларига риоя қилишлари устидан назорат ўрнатилган.

Шу ўринда архивчи касби ва унинг ижтимоий аҳамияти ҳақида бирров тўхталиб ўтсак, фойдадан холи бўлмайди. Зеро, у шарафли ва муҳим касблардан саналади. Виждонини сотиш, шахсий манфаатини кўзлаб хизмат вазифаларини суиистеъмол қилиш, бепул кўрсатиладиган архив хизматлари учун пул ёки бошқа кўринишдаги тўлов сўраш, ижтимоий-ҳуқуқий сўровларни қисқа муддатда бажариб бериш учун ҳақ олиш ёхуд муддатни сунъий равишда чўзиш, ҳужжатларни сохталаштириш ёки моддий манфаатни кўзлаб сотиш, асоссиз равишда архив ҳужжатларини сақловга қўйишдан бўйин товлаш, уларга қасддан жисмоний путур етказиш ёки йўқотиш каби иллатлар ушбу касб эгалари учун мутлақо ёт одатлардир. Жорий тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик коррупцион иллат деб баҳоланади ва зиммасидаги масъулиятни унутиб, касбига хиёнат қилган архив ходимини меҳнат жамоаси ўртасида муҳокама этиб, вазифасидан бўшатишгача бўлган чора кўрилади.

Архивда ишлаётган ёки унга ишга кирмоқчи бўлган киши архив даромад олишни мақсад қилиб қўймайдиган нотижорат ташкилот эканлигини тўлиқ англаши ҳамда унда ниш урган ҳар қандай коррупцион ҳаракат бутун бошли муассаса ва архивчилар шаънига доғ туширишини, бунга сабабчи бўлганлар кўп сонли жамоа аъзоларининг ҳақли эътирозларига дучор бўлиши мумкинлигини ёдда тутиши керак.

Архив соҳасида фуқароларга кўрсатиладиган хизмат турлари автоматлаштирилгани, ҳужжатлар рақамлаштирилгани боис уларга инсон омили ва аралашуви кескин камайтирилди. Натижада коррупция ҳолатларининг олдини олиш тизими шакллантирилди. Эндиликда одамлар архив маълумотномаларини олиш учун бевосита архив идораларига эмас, балки давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш имкониятидан кенг фойдаланишмоқда. Янги тизим фуқаролар аввалгидек барча архивларга бориб, сарсон-саргардон бўлмасликларини таъминлашдан ташқари, уларга ўзлари сўраган маълумотларни бирданига бир нечта архивдан тез ва осон, яна денг, электрон шаклда олиш имконини бермоқда. Бу архив соҳасида фуқароларга яратилган замонавий қулайликлар сифатида эътироф этилмоқда.

Сирасини айтганда, коррупция жамиятнинг барча қатламига зарар етказадиган, тараққиётга тўсқинлик қиладиган хавфли бало-офатлардан биридир. Унга қарши курашиш айбдорларни қилмишига яраша жазога тортишдан ташқари, очиқлик, ҳалоллик, рақамлаштириш, жамоатчилик назорати ва ҳуқуқий онгни оширишдан иборат бўлиши даркор. Ўзбекистон ушбу йўналишда муҳим қадамлар ташламоқда.

Албатта, коррупциядан холи жамият барпо этиш учун давлат, фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳамжиҳатлиги жуда зарур. Биз буни мудом ёдда тутмоғимиз, ҳар бир соҳада ҳалоллик маданияти ҳукмрон бўлса, мамлакатда адолат, барқарорлик ва фаровонлик қарор топишини эсдан чиқармаслигимиз лозим.

Сайёра МУҲАММЕДОВА,

Ўзбекистон илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви бўлим мудири, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори,

Маржона МУСИРМАНОВА,

Ўзбекистон илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари  миллий архиви катта илмий ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 3 =