Тарозининг икки палласи

ёхуд чўпон қасоскорми, халоскор?

Яқинда оммавий ахборот воситаларида Сурхондарё вилояти Узун туманида содир бўлган “Чўпон ва бўри” воқеаси ҳақида шов-шувли хабар тарқалди. Хабарнинг “хамиртуруши” ижтимоий тармоқларда акс этган видеотасвирлар бўлса, унинг “зувала”си Сурхондарё вилоят экология бошқармаси матбуот хизмати томонидан пишитилган. Энди хабарнинг ичига кириб борамиз.

Унинг ибтидосида: “У қўйларини ўтлатиб юрганида бўри ҳужум қилган. Шундан сўнг йиртқич жониворни таъқиб қилиб, ўлдирган. Ҳолат бўйича унга нисбатан 8,2 миллион сўм миқдорида жарима қўлланди”, дея эътиборни тортувчи жумлалар бор. Шу ерда “лирик чекиниш”ли бир мулоҳаза.

Чўпон таёғини судраб, “Чўли ироқ”ни хиргойи қилиб, қирлар бағрида чорвасини сархуш ўтлатиб юрар эди. Бирдан қияликдан кўзлари қонга тўлган йиртқич қўйлар подасига ҳужум қилди. Довюрак чўпон ўз чорвасини йўқ қилмоққа уринган бўридан жасорат билан ҳимояланди. У мардларча тажовузкор душман ортидан бориб, уни йўқ қилди. Таъкидлаш жоизки, бунга ўхшаш сюжетлар бадиий адабиётлар ва киноларда ҳам тўлиб-тошиб ётибди.

Чўпон М.И.нинг тушунтириш хатида ҳам шунга монанд жумлалар бор. Хусусан, “Ўрганиш жараёнида аниқланишича, ҳолат 2025 йил 10 декабрь куни Узун тумани “Бешкапа” маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Фуқаро М.И. ўзига тегишли бўлган қўйларни адирлик ҳудудида ўтлатиб юрган вақтида бўри ҳужумига учраган. Фуқаро чорва молларининг бир қисмини ҳимоя қилиш, асраб қолиш мақсадида бўрини таъқиб қилганини, оқибатда бўри нобуд бўлганини ёзма тушунтириш хатида баён этган”.

Энди бу ёғини эшитинг: фуқаро М.И.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси (ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) 1-қисми асосида БҲМнинг 20 баравари — 8 миллион 240 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланган (қайси суд ёки идора томонидан эканлиги номаълум).

Чамамда, баён этилган модда ҳам айбдорга тақалганда қаеридир ёпишмаганга ўхшаяпти. Чунончи, “Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидалари…” Чўпон милтиқ кўтариб ёки қармоқ тутиб овга чиққанми? Шунингдек, бўрини ўлдириб, терисини шилиб, чармгарга, тишларини тўкиб, кўча-кўйда ит тишини бўри тиши деб лақма одамларни чув тушириб юрадиган фирибгарларга сотиб, фойда кўришни кўзлаганми, шуниси мавҳум. Шу нуқтада яна бир гап:

Борди-ю, бўри унинг бир-икки бош қўйини бўғизлаб, ўлдириб кетганида, бечора чўпон қўйлар хунини ким томонидан ва қай тарзда ундирган бўлар эди? Бундан ҳам даҳшатлиси, бўри (йиртқич) чўпонни бурдалаб ташлаганда, оқибати янада аянчли бўлишини тасаввур қилинг-чи! Билмадим-у, экологлар (балки, бошқалар) “марҳум бўривой”ни ювиб-тараб, тантанали кўмишдан аввал у қутуриш ёки бирон-бир хавфли касаллик билан оғриганми-йўқми, аниқлашганми? Буниси ҳам номаълум.

Ёши улуғлар яхши билишади. Ўтган асрнинг етмишинчи-саксонинчи йилларида подаларга бўрилар ҳужум қилиб, натижада улар чўпонлар томонидан ўлдирилганда, воқеа сабабчиси турлича тарзда рағбатлантирилар эди. Чунки аксарият ҳужум қилган бўриларда у ёки бу хавфли касаллик борлиги маълум бўларди. Воқеага қуйидагича ёндашсак-чи? Айтайлик, чўпоннинг бўридан асраб қолган битта қўйининг тахминий бозор баҳоси 2 миллион сўм. Агар бўри битта қўйни нобуд қилганида чўпон шунча зарар кўрарди. У олтинранг бўрини ўлдириб, 4 баробарнинг нари-берисида зиён кўряпти. Айрим манбаларда келтирилишича, битта қўй 10 йилда 1024 тага айланар экан. Шунча даврда қанча бўривачча туғилиши ҳақида эса маълумот топа олмадим.

Худо кўрсатмасин-у, ўша чўпоннинг ўрнида воқеани билиб-билмай ижтимоий тармоқларда тарқатган, шу хусусда баённома расмийлаштирган, жарима ҳукмини чиқарган шахсларнинг ўзи ёки бирон-бир яқин кишиси бўлганида вазият қандай кечарди? Савол тўғрими? “Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга” деган мақолни халқимиз нега ўйлаб топганини жиндек мулоҳаза қилишимиз керак эмасми? Албатта, ҳайвонот дунёсига раҳм-шафқатда бўлиш шарт. Бу муқаддас китобларимизда, ибратли ривоятларда ҳам баён этилган. Лекин ўша манбаларда йиртқич ҳайвонлардан ҳимояланиш, инсонга етказилган зиён-заҳмат мезонлари ҳам баён этилган. Аниқроғи, ҳайвонотнинг инсонга етказган зарарига нисбатан хуни ҳам таъкидлаб ўтилган. Ҳар не бўлганда ҳам, инсон зоти азиз ва мукаррамдир. Назаримизда, узунлик чўпонга, таъбир жоиз бўлса, “ура-урачилик садоси” остида чиқарилган жарима жазоси “узуқ-юлуқ”қа ўхшаб туюляпти. Қолаверса, ҳализамон ёзганларимиз хусусида тарозининг бир палласига марҳум бўрининг оқловчилари, иккинчи палласига Яратганнинг буюк неъмати — инсонни улуғловчилар ҳам чиқиб келишади. Бунга шубҳа йўқ.

Хуллас, бизнингча “чўпон ва бўри” воқеаси қайта кўриб чиқилмоғи, жазо чораси адолатли бўлиши керак!

Сайидолим ҲАЙДАРОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − three =