Илмдан топилган бахт
Инсон умри давомида қолдирадиган энг улуғ мерос — илм, тарбия ва шогирдлар қалбида ёқилган маърифат чироғидир. Ана шундай ёруғ йўлни босиб ўтган, ўз ҳаётини фан ва таълимга бағишлаган етук олимлардан бири — физика-математика фанлари доктори, профессор Гулмирза Худойбергановдир. Бу йил устоз муборак 80 ёши нишонланмоқда.
Профессор Гулмирза Худойбергановнинг илмий-педагогик фаолияти ўзбек математика мактаби тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ. 1977 йил январь ойидан бошлаб у кишининг раҳбарлигида “Кўп ўлчовли комплекс анализ” мавзусидаги илмий йўналиш фаол иш бошлагани замонавий математика фанини чуқурлаштиришда муҳим босқич бўлди. Бу йўналиш нафақат назарий билимларни мустаҳкамлаш, балки талабаларни мустақил фикрлашга, ҳар бир қоидани танқидий таҳлил қилишга ўргатди.
Ўша йиллари биз Тошкент давлат университети математика факультетининг биринчи курс талабалари эдик. Илм оламига илк қадам қўяётган, келажакдаги йўлимизга ишонч ва шижоат излаётган бир пайтда Гулмирза ака каби устоз билан учрашув тақдиримизда ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Устознинг дарслари оддий маъруза эмас, балки фикрлаш маданияти, илмий жасорат ва ҳақиқатга садоқат дарси эди.
Гулмирза Худойберганов талабалари учун нафақат билим манбаи, балки ҳаётий намуна бўлиб келди. У киши илмда ҳалоллик, меҳнатга сидқидилдан ёндашиш, вақтни қадрлаш каби фазилатларни ўз шахсий намунаси билан ўргатди. Шу боис бугун турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган кўплаб олимлар, педагоглар ва мутахассислар ўзларини Гулмирза Худойбергановнинг шогирди деб фахр билан айтадилар.
Илм йўлига кирган ҳар бир инсон учун фидойи, оқкўнгил, ўз соҳасининг мутахассиси бўлган донишманд қалб эгасига шогирд бўлиш унга ҳаёт инъом этган бебаҳо мукофотдир.
Мен устозим, физика-математика фанлари доктори, профессор Гулмирза Худайбергановдан талабалик пайтларимданоқ сабоқ олиш бахтига муяссар бўлган бахтли инсонлардан бири эканлигимдан доимо фахрланиб юраман. Олий таълимда “иқтидорли ёшлар билан ишланг, тўгараклар ўтказинг” деган топшириқлар эшитиб қоламиз. Менинг илмий фаолиятимда энг асосий роль ўйнаган, илм йўлига киришимга рағбат, куч берган, талабалик йилларимда қатнашган математик анализ фанидан тўгарак тарихини эслаб ўтишни ўзимнинг вазифам деб билдим.
Бундан роппа-роса эллик йил олдин Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) математика факультетининг биринчи курсида ўқир эдим. Биз ўзбек гуруҳида иккита гуруҳ эдик. Биринчи гуруҳда устозимиз Гулмирза Худайберганов, иккинчисида таниқли математик Мухамеджон Қиличевич Холиқов математик анализ фанидан маърузалар ўқир эди. Бир куни Мухамеджон Холиқов ёнларига чақириб, Гулмирза Худайберганов математик анализ фанидан тўгарак машғулоти ташкил этаётганини, мени ўша тўгаракка домланинг ўзлари таклиф этганлигини айтдилар. Мен биринчи курснинг иккинчи ярмидан, яъни баҳорги семестрдан ўша тўгаракда қатнаша бошладим.
Маълумки, ҳамма математик таълимотнинг фундаментал асоси математик анализ ҳисобланади. Университет математика таълимида математик анализ фани 4 та семестр ўқитилади ва ўқув машғулотларига ажратилган ўқув юкламалари ҳам кўп. Шу даврда ташкил этилган математик анализ фани бўйича тўгарак олий таълим муассасаларида талабалар билимини чуқурлаштириш, мураккаб масалаларни мустақил ечишга ўргатиш ва илмий тафаккурни ривожлантиришга қаратилган муҳим илмий-ижодий фаолият шакли бўлиб хизмат қилар эди.
Америкалик олимлар Б.Гелбаум, Дж.Олмстеднинг 1967 йилда “Мир” нашриётида рус тилига таржима қилиниб, нашр этилган “Контрпримеры в анализе” (“Анализда контур масалалар”) номли китоби худди математика тўгараги учун яратилган ўқув қўлланмадек эди. Мазкур китоб математик анализ фанида ўрганилган мавзуларни тўлдиришда, яъни талабани фикрлашга ўргатишда, янги мавзуларни чуқур ўрганишда, шулар асосида илмий масалаларни ечишга ўргатишда, “тажрибасиз” талабалар учун “хавфли” саволларни ўрганишда муҳим ўрин тутган. Қизиғи, китобда масалаларнинг тўла исботи берилмаган. Талаба ўз устида ишлаб, турли ўқув адабиётларини ўқиш орқалигина уларни исботлай олади ва унда айрим масалаларнинг ғоялари берилган жойлари бор эди. Китобда чуқур мулоҳаза қиладиган, ўтилган мавзуларни ўзлаштиришни талаб қиладиган масалалар мавжуд бўлиб, булар талабани ижодий ёндашишга ундайдиган масалалар эди.
Буни қарангки, ана шундай илмга, фанга иштиёқ талаб ва берилган сабоқлар натижаси — ана шу тўгаракда мен билан бирга қатнашган талабалардан Баҳодир Шоимқулов, Исоқжон Ҳамдамов, Ниятбай Утелиев, Сайлавбой Косберганов, Барлиқбай Пренов сингари дўстларимиз физика-математика фанлари докторлари, профессорлар бўлиб етишди. Бундан ташқари, тўгаракдошларим орасида физика-математика фанлари номзодлари, доцентлар ҳам бор.
Шундай. Устоздан олим она юрт шон-шарафи учун ўз устида тинмай ишлаши лозимлигини ўргандик. Шогирдлар билан муносабатда бетакрор самимиятни ўргандик. Илмдаги ҳалоллик ютуқлар гарови эканлигини англадик. Олим маънавияти бир нур сифатида жамиятнинг маънавий-ахлоқий ҳаётини ёритиб туришини устозимиз фаолияти мисолида кузатдик! Тан бердик!
80 йил — бу фақат вақт ўлчови эмас, балки илм йўлида сарфланган умр, минглаб шогирдлар тақдири, фан равнақига қўшилган улкан ҳиссадир. Ҳурматли устозимизнинг ҳаёт йўли ёш авлод учун ҳамиша илмга чорловчи дебоча бўлиб қолаверади.
Гулмирза Худойбергановни қутлуғ ёши билан самимий табриклаб, у кишига мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва илм равнақи йўлида яна кўплаб шогирдлар тарбиялаш бахтини тилаймиз!
Рўзимбой МАДРАҲИМОВ,
олий таълим аълочиси,
профессор.
