Ҳамид Сулаймон кўрган туш
“Халқ душмани” тамғаси билан 25 йил қамоққа ҳукм қилинган ўзбек олимининг азобли кечган умр саҳифаларидан ҳикоя
Ҳамид Сулаймон ХХ асрда яшаб ижод этган — ўзбек ҳамда хориж адабиётининг билимдони, таниқли адабиётшунос, даврлар ва вақт тўфони турли қитъалар ва кутубхоналарга чирпирак қилиб учириб кетган ҳазрат Навоийнинг асарларини ватанига қайтариш йўлида заҳмат чеккан, навоийшунослик илмининг энг кўзга кўринган вакилларидан биридир.

Бу йирик шахс ҳақида сўз айтиш учун тарихнинг сиёсий ўйинларга бой энг мураккаб даври — ХХ аср совет мафкураси ҳақида ўйлашга ва мушоҳада юритишга тўғри келади.
Ҳамид Сулаймоннинг осон кечмаган умр йўлларига назар соларкансан, инсон боласи иродаси қанчалар мустаҳкам бўлиши мумкинлиги, у ҳар қанча адолатсизлик ва ҳақсизликка дуч келса-да, барибир нурга интилиши, ҳаётга талпиниши ҳақида ўйлайсан, ўйга толасан.
Ҳамид Сулаймон ҳам, унинг отаси Сулаймон Хўжаев ҳам ўз даврининг зиддиятлари, тоталитар тузумнинг ҳийлаю найрангларини авом халқдан фарқли яхши тушундилар, бунинг сабаблари ҳақида ўйладилар. Ўйлаганлари, фикрлаганлари учун энг тотли неъмат — ҳаёт аталмиш неъматдан мосуво этилишга маҳкум бўлдилар…
Ҳикоямизни Ҳамид Сулаймондан эмас, аввало, уларнинг отаси Сулаймон Хўжаевдан бошлаймиз. Зеро, “мозийга қайтиб иш кўриш хайрли” дейдилар.
Тонгга интилган инсон — Сулаймон Хўжаев
1891 йил. Тошкентнинг Камолон маҳалласи. Баҳор шамоли муаззиннинг “Аллоҳу Акбар” деган илк калимасини келтирган маҳал бир ярим кунлик тўлғоқдан азоб чекаётган ёшгина аёлнинг кўзи ёриди. Доя чақалоқни қўлига олди, киндигини кесди. Ул-бул ишда ёрдам бериб юрган қўшни аёлнинг кўзлари яшнаб кетди. Доя кампир бунга эътибор бермади, у учун муҳими — аёлнинг эсон-омон туғиб олгани эди. Илк туғуруқнинг азобидан терга тушиб, қизариб-бўғриқиб кетгани, жингалак сочлари ҳар томонга тўзғиб, ўзи бутунлай ҳолдан тойганига қарамай, келинчак баланд овозда ингалаётган боласи томонга қарамоқчи бўлиб бошини кўтарди. У ниҳоятда гўзал эди. “Эҳ, бу нима деган гап ўзи?! Жонини бу қадар азобга қўйган ўша қип-қизил гўшт гўдагини бунча кўргиси келмаса?!”.
— Ўзингни уринтирмай, бирпас ёт. Қаттиқ азоб единг, — кампир уришмоқчи бўлди-ю, лекин ўзини тийди. — Ўғил. Ўғил туғдинг паҳлавондай.
Бу пайтга келиб ҳовлидагилар бу хушхабардан аллақачон хабар топгандилар. Бирпасда ҳовли қий-чув — қўни-қўшнининг чуғур-чуғурига тўлиб кетди. “Ўғил, ўғил!” дейишарди ёшу қари, эркак-аёл, йўғон-ингичка товушлар. “Қутлуғ бўлсин!”, “Муборак бўлсин!” деган шодиёналар қулоққа чалиниб турарди. Офтоб ойим бахтдан ўзини йўқотиб қўйган эрининг раъйига қарши бормади. У айтган исм унга ҳам маъқул эди.
Сулаймон Хўжаев ўз даврининг илғор зиёлиларидан — ҳам Европа, ҳам Шарқ адабиёти, маданиятига бирдек муҳаббат қўйган, Оренбург, Москва шаҳарларига тижорат туфайли қатнаса-да, ўша ерларда чиқадиган китоб, журналу газеталарни ҳам мутолаа қилар, илм кишилари базмида кўпроқ бўлишни ихтиёр қиларди. Шунингдек, у ўғли Ҳамидулланинг тарбиясига ҳам жиддий эътибор қаратди — уйга рус муаллимини ёллади.
1927 йили ота ва ўғил келишиб, Москва давлат кинематография институтига жўнадилар. Ўттиз беш ёшли Сулаймонхўжа олий даргоҳнинг режиссёрлик, ўн олти ёшли ўғли Ҳамидулла кинооператорлик факультетида ўқий бошладилар. “Отам машҳур кино усталари Эйзенштейн, Пудовкин, Комаров, Довженколар лекциясини тинглай бошладилар, — деб ёзган эди кейинчалик Ҳамид Сулаймон, — 1932 йили Бутуниттифоқ давлат кинематография институтини тугатгач, мен отам билан бирга Ўзбекистонда оператор ассистенти, сўнгра мустақил кино оператори лавозимида кинохроникада ишлай бошладим”.
30-йилларнинг ўрталарига келиб, маҳорати ва тажрибаси ўсиб борган Сулаймон Хўжаев ўзи ҳам катта ишга қўл урди. Узоқ уринишлардан сўнг “Тонг олдидан” номли фильмни суратга олиб тугатди. Таниқли биринчи ўзбек киношуноси Ханжара Абулқосимованинг ёзишича, ушбу фильм ўзбек киносидаги биринчи тарихий фильмдир. Тарихдан маълумки, биринчи жаҳон уруши даврида Россия ҳар томонлама катта талафотларга учради, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий мавқеини кўтариш мақсадида подшо ҳукумати мустамлакалари, хусусан, Туркистондан юз минглаб туб аҳолини зўравонларча Сибирь томонларга мардикорчиликка ёллашни бошлади. Бу фармонга нисбатан Туркистоннинг турли бурчакларида қонли намойишлар бўлиб ўтди, халқ норозилик билдириб, турли минтақаларда исёнлар кўтарилди. 1916 йилги Жиззах қўзғолонига бағишланган ушбу асар орқали фильм муаллифи ва саҳналаштирувчи режиссёр — Сулаймон Хўжаев жуда катта материал асосида рус ҳамда маҳаллий амалдорларнинг халқни эзиши туфайли вужудга келган исённинг келиб чиқиш сабабларини объектив ва холис кўрсатмоқчи бўлган эди. Фильм экранда бир маротаба намойиш этилди, холос. 1934 йилда фильм муаллифи ҳибсга олинди. Замондошлари бир неча кун аввал уни маҳалладоши — Абдулла Қодирий боғига боргани, ёзувчининг машҳур шийпони остидаги уйда иккалалари суҳбатлашганлари ҳақида сўзлайдилар. Афсус, икки ўзбек зиёлиси суҳбатларини кимдир (бу одам кейинчалик машҳур санъаткор бўлиб танилган — шарҳ бизники — И.Р.) эшик ортидан эшитиб турганини хаёлларига ҳам келтирмадилар. Балки, бу чақимчилик кинорежиссёрнинг “сиёсий нодон”лиги масаласига сира ҳам алоқаси йўқдир. Одам боласи ўз қисматидан қочиб қутулолмас, деган гап бор. Лекин факт шундаки, орадан уч йил ўтгач, 1937 йили биринчи ўзбек кинорежиссёрларидан бири Сулаймон Хўжаевни фильмнинг яна икки ижодкори билан бирга Сирдарё вилоятининг “Малик” совхозида отиб ташладилар. “Тонг олдидан” фильми учун тонг олдидан…
Отасининг қисматини такрорлаб…
Ҳамид Сулаймон 1928-1932 йилларда Москва давлат кинематография институтида ўқиб қайтгач, 1932 йилда Ўзбекистон маданий қурилиши илмий-тадқиқот институтининг адабиёт бўлимида аспирантурада таҳсил олди. 1933-1937 йиллар Ўзбекистон МК қошидаги партия курсларида ўзбек тили ва адабиётидан дарс бериш баробарида Санъатшунослик илмий-тадқиқот институтининг театр ва кинодраматургия бўлими мудири лавозимларида ишлади.
Ҳамид Сулаймон 1935 йили кинофабрикадан кетди. У маҳаллий кадрларга нисбатан муносабатлардаги ноҳақликларга чидаб туролмади, ўз хоҳиши билан ишдан бўшади. Бу воқеалар отаси қамалганидан сўнг бир йил кейин юз берди. “Халқ душмани”нинг ўғли кейинчалик отаси касбини давом эттира олармиди ёки йўқми? У бу ҳақда кейинчалик ҳам кўп марта ўйлади, лекин саволлари жавобсиз қолди. Ўттиз бешинчи йил эса у Тошкент педагогика институтининг рус ва хорижий кафедрасига катта ўқитувчи лавозимига қабул қилинди.
Фозила Сулаймонованинг эсдаликларидан: “Ҳар йили икки марта ўқишимни сиртдан давом эттириш учун Тошкентга келардим. Учинчи курсда эдим. Текстиль томонда ўқирдик. Бир куни ўқишдан шеригимсиз келаётсам, ортимдан биров чақирди. Қарасам, баланд бўйли, ниҳоятда келишган бир йигит мен билан сўрашиб: “Ота-онангиз яхшими, ўзингиз яхши келдингизми? Илгари жуда кичик эдингиз, мана, катта бўлиб, бўйларингиз чўзилиб қолибди”, дедилар. Домла (Фозила опа турмуш ўртоқларини шундай атайдилар — шарҳ бизники — И.Р.) мени икки-уч йилдан буён кузатиб юрар, очиғи, кўнгил қўйган эканлар. Йўлда гаплашиб кетдик…
Кейин уйимизга совчи юбордилар. 1938 йили тўйимиз бўлиб ўтди. Қайнона ойим: “Ҳамма “ҳали кўрасан, сенинг ўғлинг ҳам отасидай ўрис хотин олади” деб мени куйдирарди. Худога шукур, ўзбек экансиз. Иш билмасангиз ҳам майли, ҳамма юмушларни ўзим қиламан. Сиз фақат ўқишингизни қилинг ва Ҳамидуллага қарасангиз бўлди”, деб қувончлари ичларига сиғмасди. Ўқишдан келишимга овқатимни ҳам иситиб тайёрлаб берардилар, ҳамма юмушларни ўзлари чопиб-чопиб қилаверардилар…
Бечора ойим — кундош устига кундош кўравериб, юраклари зада бўлиб кетган кичкинагина аёл мени шундай сўзлар билан ўпиб-қучоқлаб қарши олгандилар. Устиларига уйланса ҳам, узоқ муддатли сафарларга бориб, тағин ундан қўш-қўш хотин билан қайтса ҳам, эрларининг кимлигини яхши билардилар. Ўқимаганликларига қарамай, жуда кўп нарсани тушунардилар”.
Бу орада уруш бошланиб кетди. Урушга яроқли аҳолининг ҳаммаси она Ватанни душмандан ҳимоя қилиш учун жанг майдонларига кетдилар, фақат Ҳамид Сулаймонни урушга олмадилар. Унинг тақдирига “халқ душманининг ўғли” деган тамға соя ташлаб турарди. Ёш ўқитувчи педагогика институтида дарс беришда давом этди.
Фозила Сулаймонова хотираларидан: “Қамал пайтида Тошкентга келган бир гуруҳ ленинградлик ўқитувчилар биз — эр-хотинни Ленинградга аспирантурага таклиф қилишди. Фан номзодлари институтда йўқ эди ҳисоб. Иккимизга бу таклиф манзур келди. Эр-хотин урушдан сўнг Ленинградга жўнаб кетдик. Домла “Проспер Мериме новеллалари” мавзуида номзодлик диссертациясини ёза бошладилар. Ленинград иккимиз учун ҳақиқий мактаб бўлди. Ҳар томонлама гўзал жойлар эди. 1947 йил Ленинградда фан номзодлиги устида иш олиб бораётган домла иложи борича қўлёзма фондларига борар, халқимизнинг маънавий бойлиги бўлган китоблар устида мутолаа қилганларида, “Отам — миллатчи, халқ душмани қилиниб, ному нишонсиз йўқ бўлиб кетдилар, агар мен халқим маданияти, адабиёти билан шуғуллансам, ҳеч қачон тинчлик бермайдилар. Шу сабабдан мен Оврупо билан шуғулландим”, — дердилар армон билан.
Мен ҳам аспирант эдим. Ҳимоядан сўнг иккимиз поездда қайтдик… Биз чиққан купеда ҳарбий кийимдаги рус кишиси бор эди. У ниҳоятда серсавлат, кўркам киши эди. Биз билан йўлда чақчақлашиб келди. Ўғлимиз Султонжонни (у 1943 йили туғилган — шарҳ бизники — И.Р.) яхши кўриб қолди. Дам-бадам йўлакка чиқиб, у билан футбол ўйнаб келишарди. Бу одам биз билан турли мавзуларда суҳбатлашиб, “Сизлар жуда билимли, замонавий экансизлар, Ўзбекистонга ҳозир ана шундай одамлар керак. Мен Тошкентга борсам, сизлар ҳақингизда давлат раҳбарларига, шахсан Усмон Юсуповга албатта айтаман”, деди. Домла ҳам, мен ҳам бунга дарров: “Йўқ, биз илм кишиларимиз, бизга мансаб-амал керакмас, биз келгусида ҳам илм билан жиддий шуғулланишни истаймиз” деган мазмунда рад жавоб бердик. Бу киши хайрлашув олдидан: “Мабодо керак бўлиб қолсам, менинг фамилиям — Баскаков” деб қўлимизга бир қоғоз тутқазди. Тошкентга етиб келдик. Қоронғи эди. Бир вақт ҳеч кимни поезддан туширишмаса бўладими?! Тошкентни, уйни соғиниб келганмиз, юрагимиз ҳаприқиб кетяпти. “Ҳеч ким жойидан қимирламасин!” деган буйруқ берилди. Анчадан сўнг оркестрнинг овози эшитила бошлади. Перрон одамга тўлди. Деразадан пастга қараймиз. Ҳамманинг қўлида гуллар. Қарасак, поезддан фақат ўша — биз билан бирга келган кишинигина туширишяпти. Ана мулозамат-у, мана мулозамат. Кейин биз ҳам — Ҳамид ака, мен ва Султонжон ҳам поезддан туша бошладик. Кейин билсак, бизнинг ҳамроҳимиз Ўзбекистон КГБсининг бошлиғи экан. Таътилга уйига бориб келаётган экан. Биз унинг ортидан анграйиб қараб қолдик. Домла Москвадан қайтиб келганларидан сўнг иш фаолиятларини давом эттирдилар, чет эл адабиётидан дарс бера бошладилар. Пединститутга проректор этиб тайинлашди. Бир ярим йил ишладилар, холос. Бир ярим йилдан сўнг домлани қамашди”.
Бу — халқлар отасининг навбатдаги сиёсий ўйинлари бошланиши оқибатлари эди. “Аслида, бу қатағонларнинг илк шарпалари 1948 йилиёқ бошланган, шу йили ВКП(б) Марказий Комитети “Звезда” ва “Ленинград” журналларининг ғоявий хатолари ҳақида қарор қабул қилганди. Мазкур қарор муносабати билан наинки Ленинград ёки Москвада, том маънода бутун Иттифоқда, шу жумладан, Тошкентда ҳам ёзувчи, рассом, композитор ва олимлар иштирокида катта бир йиғилиш бўлиб ўтади. Бу йиғилиш ниҳоятда жиддий аҳамият касб этганлигидан бўлса керак, унда давлат ва жамоат арбоблари ҳам қатнашдилар. Ўшанда Украина шоири Сосюранинг “Менинг Украинам” шеъри миллий маҳдудликда қораланган эди. Ана шундан кейин Ўзбекистонда ҳам “Сосюра”лар излана бошланди”, деб ёзган эди Ўзбекистон халқ шоири Рамз Бобожон “Менинг ижодим — менинг ҳаётим” китобида.
Фозила Сулаймонова хотираларидан: “1950 йилнинг ноябри, эндигина ишдан келиб турган эдим. Бир замон учта киши кириб келишди. Икки рус ва бири — татар. Куз пайти, шунинг учун ойим қишки тараддуд — дудбурон, самовар карнай, яна супурги, хокандозга ўхшаш ул-бул нарсалар олгани Эски шаҳарга кетган эдилар. Келганлар: “Қўшнини чақиринг — бизга понятой керак”, дейишди. Рус қўшниларимизни чақириб чиқдик. Титиш бошланди. Ҳеч қаер қолмади: наматларнинг таги ҳам, шиплар-у кўрпа, кўрпача, ҳатто ёстиқларнинг жилдларигача очиб ташлашди. Ҳеч нима топа олишмади. Сўнг “кетамиз” дейишди. Ҳалиги рус кишилардан бири: “Эрингизга кўрпа, ёстиқ, чойшаб беринг”, деди. Иссиқ кийим-кечаклар ҳам сўрашганида юрагим орқага тортиб кетди. Шу билан домлани олиб чиқиб кетдилар.
Совуқ тушди, қиш кирди, домла қамоқда ётганлари ҳақида хабар олдик. Қамоқхона ҳозирги Матбуотчилар кўчасидаги газета-журналлар редакциялари жойлашган бинода эди. Мен қамоққа овқат олиб бораман, навбатда тураман. Инқилоб хиёбони яқинидаги Ўрта Осиё Давлат университети шундоққина ёнгинамизда эмасми, кетаётган талабаларим менга салом бериб ўтишади. Менинг нега бу ерда турганимни улар, албатта, яхши билишади”.
Аччиқ хаёллар билан ойлар кетидан йиллар ўтди. Улар — Наби Алимуҳамедов, Мирзакалон Исмоилий, Шукрулло, Шуҳрат, Ҳамид Сулаймон, Маҳмуд Муродов ва Мели Жўраев Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 66- ва 67-қисми бўйича жиноятда айбланиб, йигирма беш йиллик қамоқ жазосига тортилдилар. Уларнинг барчаларини айбномага имзо чекишга мажбур этишган. Фақат Ҳамид Сулаймон ўз айбини рад этди. 1953 йилгача…
Эътиборингизга Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Давлат хавфсизлиги министри, генерал-лейтенант Дроздецкий имзоси билан 1951 йилнинг 21 июнь куни тасдиқланган, бугунги кунда оила архивида сақланаётган айблов хулосасини тақдим этамиз. Йигирма бир варақдан ташкил топган айблов хулосасида Ҳамид Сулаймон ҳақида қуйидаги маълумотлар бор: “Ҳамид Сулаймон — “Миллий Иттиҳод” контрреволюцион ташкилотининг сургун қилинган қатнашчиси ўғли.
Ўзининг советларга қарши ғоялари билан 1937 йилгача буржуа миллатчилари Отажон Ҳошимов, Нури Алимов ва Ҳусанхўжаевлар билан мустаҳкам алоқада бўлган. Шунингдек, Сулаймонов 1937 йилгача Тошкент педагогика институтида фаолият юритган антисовет миллатчилари ташкилоти қатнашчиси сифатида буржуа миллатчиси Ином Мирзаевга топшириқлар бериб турган. Улуғ Ватан уруши ва ундан кейинги йилларда Ҳ.Сулаймонов А.Алимуҳамедов билан биргаликда қатор суҳбатларда партия ва Совет ҳукуматига туҳматлар қилган, совет воқелиги хусусида бўҳтонлар уюштирган. 1942 йилнинг кузида Сулаймонов Алимуҳамедов билан суҳбатда ўзбек халқи Совет ҳукумати даврида эзилиб ётгани ҳақидаги фикрларни билдирган. Худди шу йиллар Мурод Умаров билан бўлган суҳбатда Сулаймонов ВКП(б) ва Совет ҳукумати сиёсатига бўҳтонлар қилган ва СССР зиёлилар ҳақида қайғурмаслигини билдирган.
Улуғ Ватан урушидан сўнг Сулаймонов А.Алимуҳамедов билан педагогика институтида ўзбек миллатига мансуб бўлмаган ўқитувчиларни ишдан четлаштирган. 1946 йили М.Умаров билан суҳбатда Сулаймонов Совет Иттифоқида яшайдиган меҳнаткашларнинг ҳаёти ниҳоятда оғирлиги, ҳолбуки, капиталистик мамлакатларда барча шарт-шароитлар инсон учун муҳайё эканлигини айтган. Шунда Сулаймонов совет ҳукуматининг карточка системасини бекор қилгани ҳақидаги қарорини ёмонлаган.
1947-49 йилларда Сулаймонов Алимуҳамедов билан бирга ЎзССР Маориф Вазирлигининг олий ўқув юртлари ўзбек гуруҳларида рус ва хорижий адабиёт дарсларини ўзбек тилидан рус тилига кўчириш ҳақидаги қарорига қарши чиққан. Қўйилган айбларга Сулаймонов ўзини айбдор деб ҳисобламайди”.
1953 йили Ҳамид Сулаймон Сибирга жўнатилади. Эндигина ўттиз ёшдан ошган, “ўқийман, ишлайман” деб юрган зиёли аёлнинг оғзи ошга етганида юз берган бу воқеа унинг қаддини букиб қўйди. Адолатсизлик суяк-суягидан ўтиб кетганидан тунлари азоб билан тўлғонар, эрига нисбатан юз бераётган ҳақсизлик кўнглида тубсиз исёнга айланганди. У Ленинграддан Тошкентга келаётганларида уларга поездда ҳамроҳлик қилган — ДМХХ раҳбари Баскаков ҳузурига бош уриб борди, лекин масала шу қадар жиддийлиги сабабли бу одам ҳам оилага заррача ҳам кўмак бера олмади. Шундан сўнг Тўхтахон ая билан бирга Москвага, Совет ҳукумати раҳбарлари — Н.С.Хрушчев, В.М.Молотов, К.Е.Ворошиловлар номига ариза жўнатди.
Тошкент шаҳрининг Паровозная кўчаси, 12-уйда яшайдиган Тўхта Сулаймонова фарзанди — 1910 йилда туғилган, 1946 йилдан буён КПСС аъзоси, филология фанлари номзоди Ҳамид Сулаймон устидан қўйилган айблов ҳақида аччиқ изтироблар билан ариза ёзаркан, ўғлини давлат хоини сифатида айблаб, ёлғон кўрсатмалар берган шахслар ҳақида объектив ва ишонарли хулосаларни келтирди. Ушбу аризани ўқиган одам бу жараёнларда иштирок этган одамларни хаёлан кўз ўнгига келтирмоқчи бўлади. Ҳолбуки, одамлар эмас, давр мунофиқ эди. Ҳар қандай зўравонлик кўрсатиб бўлса-да, одамлардан керак бўлганида инсон эмас, балки бўри, тулки, айғир ясай оладиган, уларни бир-бирига қарши қўйишга ниҳоятда устаси фаранг шўро сиёсати ўз душманларини ҳарфни ҳарфга уриштира олмайдиганлар эмас, ўқимишли, зиёли одамлар орасидан излагани алам қилади, албатта.
Ариза олти варақдан иборат. Унга эри ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетган, арафада бу тақдирга ўғли муносиб кўрилаётган, бундан қалби аччиқ зардобга айланган аёлнинг имзоси қўйилган эди. Қанча умид тўкилганди унга. Афсус! Кўп ўтмай Москвадан жавоб хати олдилар. Ярим варақ қоғозда Ҳамид Сулаймон иши қайта кўрилмаслиги, у ҳақиқатан ҳам жиноятчи эканлиги ҳақида қайд мавжуд эди.
Бир қаторгина жавоб…
Фозила Сулаймонова эсдаликларидан:
“1954 йил. Баҳор келди, хабар йўқ. Май ойида гилос пишган пайти Чуна деган шаҳардан хат келди. Бемалол хат ёзиш мумкинлигини ўйлаб, шунга ҳам хурсанд бўлдик. Домлани Узоқ Шарқнинг энг чекка бурчакларидан — Чуна деган шаҳардаги қамоқхонага юборган эканлар. Бу ер СССРнинг турли бурчакларидан келган маҳбусларнинг жойи экан. Нафақат сиёсий, балки ҳар хил ўғрилик, талончилик билан қамалганлар ҳам бор экан. Турсунбой деган ўзбек йигит ўзлари билан олиб борган кўрпаларини кўриб, йиғлаб юборибди. Дарров домла кўрпанинг ярмини пичоқ билан унга кесиб берибдилар”.
Ҳамид Сулаймоннинг зиёли, нозиктаъб инсон экани ҳам бу ерларда умуман инобатга олинмади. Унинг қўлига белкурак ва замбил бердилар. Адабиётшунос олим гўрковга айланди. Совуқ об-ҳаво, таъминотнинг ҳаддан зиёд ёмонлиги, озиқ-овқат етишмаслигидан юзлаб одамлар вафот этишар, уларни маҳбуслар ўрмонга олиб бориб устма-уст тахлаб келаверишар, мурдалар сони бирон юзтага етганида, Ҳамид Сулаймонни уларни кўмишга юборишарди. Гўрков аввал олов ёқиб, қор эритар, кейин музлаб ётган ерни минг азоб билан ковлаб, одамларни кўмарди. У — инсон бўлиб туғилиб, инсондек яшаш ва ўлиш насиб этмаган, қадр топмаган — дини, миллати турлича бўлган бу шўрликларни мусофир тупроққа жойларкан, ҳеч бир урф-одатсиз устма-уст кўмиб тупроқ тортаётганидан қаттиқ азоб чекар, йиғлар: “Эй, парвардигор, сенга нима ёмонлик қилган эдимки, мени шу аҳволга солдинг?” деб худога илтижо қиларди. Кунлардан бир куни Ҳамид Сулаймон ишдан қайтгач, таҳорат олиб, намоз ўқиди ва уйқуга ётди. Туш кўрди. Тушида бир гўзал боғ эмиш, гуллар очилган, булбуллар сайраган. Ҳазрат Навоий боғ ичида турганмишлар… Терлаб-пишиб уйқудан уйғонди, сўнг эртасига кун бўйи бу тушнинг мағзини ўйлаб кетди. “Ахир мен ўз миллатим адабиёти, маданияти қолиб, ўзгаларнинг адабиёти билан шуғулланмадимми?” деб афсус чекди. Сўнг: “Агар шу дўзахлар кулфатидан эсон-омон чиқсам, умримнинг қолган қисмини Навоийни ўрганишга бағишлайман”, деб ўзига-ўзи сўз берди.
Фозила Сулаймонова хотираларидан:
“1953 йил. Сталин ўлди. Берия отилди. Домлага ўхшаганларнинг ҳаммаси Бериянинг хатти-ҳаракатлари туфайли экан. Мен вазиятни ана шу тарзда баҳоладим ва ойим билан маслаҳатлашиб, Москвага жўнайдиган бўлдим. Москвага бориб, Пушкин кўчасида жойлашган Давлат Хавфсизлик хизматига кирдим. Эримнинг тақдири, унинг ноҳақ қамалгани ҳақида ташкилотдагиларга маълум қилдим. “Сизга ўхшаганлар жуда кўп, навбатга туринг. Миллион-миллион одамлар қамалган, бизга мурожаат қилаётганларнинг орти кўринмайди. Навбатга ёзилинг-да, кутинг”, дейишди. Москвада ҳеч кимим йўқ эди, Ленинградда, ҳар қалай, танишларимиз бор, ўша ёққа жўнашимни айтиб, уларга қўнғироқ қиладиган бўлдим. Ленинградга кетдим. Кунора Москвага телефон қиламан. Бир ойча вақт ўтгач, “Ўртоқ Сулаймонова, навбатингиз етди. Эртага сизни қабул қиламиз”, дейишди. Узун коридор, одамлар стулда ўтириб навбат кутиб ўтиришибди. Ҳаммаларининг кўзлари ичига тушиб кетган, ҳорғин, ҳаётдан эзилиб кетган одамлар. Бир одам кириб кетади, уни соатлаб кутамиз, иккинчиси кириб кетади, яна шунча. Мен бир неча кундан буён очлик азобини тортиб, сув ҳам тотмаганман, бир маҳал ўзимдан кетиб қолибман. Дарров сув ичириб, ҳушимга келтиришди. Деворга суяб қўйишди. Букчайиб кутганман. Анча вақт ўтгач, “Киринг, навбатингиз етди”, деб ичкарига чақиришди. Хохлов деган одам ўтирган экан. Жуда яхши одам экан. Ўрнидан туриб, ёнимга келди: “Синглим, сизнинг ҳужжатларингизни ўқидим. Эрингиз Ҳамид Сулаймон айбсиз экан”, деди. Кўзларим ярқ этиб очилиб кетди. Йиғлаб юбордим. Лекин ўрнимдан туролмаганман. “Тез ёрдам”да олиб кетишган.
Жигарларим бу азоблардан эзилиб кетган экан.
Йигирма етти йил азоб чекдим…”
1955 йили эди. Ўн икки ёшли Султон дарахтга чиқиб варрагини олиб тушаётганда, бир пайт эшик очилиб, дадаси кириб келди. Эгнида фуфайка. Бола аввал анграйиб турди, кўзларига ишонмади. Сўнг дарахтдан сакраб тушди. “Дада, дадажон!” деб отасининг бўйнига осилди. Ота-бола бир-бирларини қўйиб юборишмасди. Ўғилнинг биринчи бўлиб сўраган саволи қуйидагича бўлди:
— Дада, сизни қўйиб юборишдими? — деди у.
— Ҳа, — деган жавобни эшитди отасидан, — Энди озодман, ўғлим, энди доим биргамиз. Ойинг қани? Бувинг, Рустамжон…
Уй дарров одамга тўлиб кетди.
Ҳамма Ҳамид Сулаймонни қучоқлар: одамлар йиғлаб кулардилар, кулиб йиғлардилар.
Фозила Сулаймонова хотираларидан:
“Қамоқдан сариқ касалини юқтириб келган эканлар. Узоқ даволатдик. Яхши бўлдилар. Роса бир ой меҳмон кутдик, шогирдлари тўда-тўда бўлиб келишди. Келди-кетдилардан бўшаб, домла энди ишга тушай дегандилар, лекин “халқ душмани” деб ҳеч ким уларни ишга олмади. Ноиложликдан ўйлай-ўйлай, Москвага кетдилар… Москвада Евгений Эдуардович Бертельс билан учрашиб, илмий иш учун Навоийдан мавзу олиб келдилар.
Мен шу пайтгача катта оиладаги ягона боқувчи эдим. Домла қайтгач эса дарсларимни камайтириб, тўхтаб қолган номзодлик ишини тезлатиб юбордим”.
1956 йилнинг 1 апрель куни Ҳамид Сулаймонни Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтига қабул қилдилар. Ўша куни оилада ҳам шодиёна юз берди — Фозила қизалоқли бўлди. Бу 1950 йил кузида юз берган улкан фожиалардан сўнг оилага яна бахт, хотиржамликнинг қайта эшик қоқиб кириши эди. Қизалоққа Зуҳра деб исм танладилар. Эндиги ҳаёт, албатта, аввалгисидан фарқ қиларди. Одам “борса-келмас” жойлардан келганида, ҳаётни янада эъзозларкан, қолаверса, “халқ душмани” деган тамғани беш йил кўтариб юрган одам учун яшашнинг ўзи ҳам осон иш эмас! 1956-1961 йиллар Ҳамид Сулаймон учун курашу изланишларга тўла йиллар бўлди. У жуда катта куч ва муҳаббат билан ҳазрат Навоийнинг “Хазойинул-маоний” асарини тўплашга муваффақ бўлди. 42 минг мисрадан иборат тўрт томлик бебаҳо асар жамланди. 1957-1958 йилларда Ҳамид Сулаймон Совет Иттифоқининг шарқ қўлёзмалари мавжуд бўлган шаҳарларини (Ленинград, Душанбе, Боку, Ереван, Тбилиси, Олмаота, Ашхобод, Фрунзе, Бухоро, Самарқанд, Хива, Фарғона ва бошқалар) кезиб, барча академия ва университет фондлари, илмий муассасалар ҳамда шахсий кутубхоналарда — Тошкент фондларини қўшиб ҳисоблаганда, шоир қўлёзмаларининг 1200 дан ортиқроғини ҳисобга олиб чиқди. У Навоий қўлёзмалари Лондон, Оксфорд, Кембриж, Берлин, Мюнхен, Париж, Рим, Упсала, Нью-Йорк, Филадельфия, Рим, Ватикан, Анқара, Теҳрон, Урумчи, Пекин, Кобул, Дублин шаҳарларида сақланаётгани, сўнгги манбаларга қараганда, улар икки мингдан ортиқлигини билар, уларнинг нусхалари ва фильмокопияларини Ўзбекистонга келтиришни орзу қиларди.
1961 йили Ҳамид Сулаймон Алишер Навоий лирикаси хусусида докторлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Бу унинг ўзига номардлик қилган давр устидан жуда катта ва муҳим ғалабаси эди.
Навоийни излаб…
1963 йили ЎзССР Бадиий Адабиёт нашриётида Ойбек, Ғафур Ғулом, Воҳид Зоҳидов, Азиз Қаюмов, Ҳамид Сулаймон, Порсо Шамсиев, Ҳоди Зариф, Рамз Бобожон таҳририда Алишер Навоийнинг ўн беш томлик асарлари нашр этилиши бошланди. Китобнинг илк саҳифаларида академик В.Зоҳидов, сўнг уни нашрга тайёрловчи Ҳамид Сулаймоннинг сўзбошиси бор. Жумладан, Ҳамид Сулаймон Навоий асарларининг манбалари ҳақида шундай ёзади: “Қадим замонларнинг барча мутафаккир олим ва шоирларининг мерослари сингари Алишер Навоийнинг асарлари ҳам бизгача қўлёзмалар ҳолида етиб келган. Навоий меросини нашрга тайёрлашда ягона манба шоир асарларининг қадимий қўлёзма нусхаларидир. Модомики шундай экан, ҳар бир китобхонда дарҳол савол туғилади — Навоийнинг ўз қўли билан ёзилган муаллиф оригиналлари (автографлари) сақланганми, йўқми? Жавоб битта — йўқ! Қора қилинган қоғоз парчаларининг беш юз йил давомида сақланиб, бизгача етиб келишига ақл бовар қилмайди”.
“1968 йил. Париж. Профессор Ҳамид Сулаймонов француз миллий кутубхонаси директори жаноб Дэнери ҳузурига кирди, мақсадини айтди. Директорнинг қовоғи солинди. “Бу даргоҳдаги қўлёзмалар шу қадар бебаҳоки, уни ҳатто кўришга ҳам рухсат эта олмайман”, — деди у қатъий.
Кутубхонага кириш амримаҳол бўлиб қолди.
— Жаноб, биз сизларнинг адабиётингиз, маданиятингизни ихлос билан ташвиқ қиламиз… Сиз эса ота-боболаримиз қолдирган илм хазиналаридан баҳра олишга ҳам имкон бермаяпсиз! — деди ўзбек олими.
Директор олимга ҳайратли тикилди:
— Гап нима ҳақида боряпти?
— Мана, мен Мерименинг ажойиб ҳикоялари бўйича номзодлик иши ёзганман. Рафиқам ҳам Стендаль ҳақида китоб ёзган…
Директор қўнғироқ тугмасини босди, дарҳол кирган котибага шу китоблар ҳақида тўла маълумот берилишини топширди. Котиба хиёл ўтмай, олтин патнисчада бир китоб келтириб тутди. Бу китобни Сулаймонов дарров таниди: у Фозила Сулаймонованинг мазкур асари эди. Ҳайратдан чеҳраси ёришиб кетган директор профессор Ҳамид Сулаймонга кутубхонадан истаганча фойдаланиш учун ижозат берди”, деб ёзган эди “Саодат” журнали 1981 йил 11-сонида.
Ҳамид Сулаймон 1486 йили Навоий барҳаёт пайтида кўчирилган “Бадойиъ ул-бидоя”нинг қадимий нусхалари, жумладан, Париж миллий кутубхонасида № 746-инвентар билан сақланувчи 1480 йилда кўчирилган қўлёзма ҳамда Британия музейидаги 3401-инвентарига эга бўлган 1482 йилда кўчирилган қўлёзмалар, Санкт-Петербургдан “Илк девон”ни ҳам Тошкентга келтирди.
…1979 йил 8 июль куни қанча-қанча орзу, режалар билан яшаётган улуғ инсоннинг юраги уришдан тўхтади. Жонкуяр олим, навоийшунослик, санъатшунослик, шарқшунослик илмининг йирик арбоби Ҳамид Сулаймонов билан видолашувга йиғилганлар ўша куни мислсиз ирода ва жасоратнинг шоҳиди бўлдилар. Фозилахоним эрининг тобути тепасида ҳаммага ибратли сўзларни айтди. Ҳамид Сулаймоннинг халққа, Ватанга, фанга муҳаббати, эътиқодидан сўзлади. Унинг яқин йилларда амалга ошириши керак бўлган дил тўла режаларидан сўзлади.
1979 йил 18 сентябрь куни Ўзбекистон КП Марказий Комитетининг Биринчи секретари Шароф Рашидов имзоси билан профессор Ҳамид Сулаймон хотирасини абадийлаштириш тўғрисида 672-сон қарор эълон қилинди.
Ўзбекистон Коммунистик партияси ва Министрлар Совети филология фанлари доктори Ҳамид Сулаймонович Сулаймоновнинг филология фанини ривожлантириш, шарқ халқларининг бадиий қўлёзмалари ва китоб санъатининг ноёб нусхаларини тўплашдаги улкан хизматларини ҳисобга олган холда, Ўзбекистон ФАнинг Қўлёзмалар институтига унинг номи берилди.
1979 йил 9 ноябрдаги қарорга мувофиқ ўзбек адабий тарихига оид илмий тадқиқот ишлари туркуми учун филология фанлари доктори Ҳамид Сулаймоновга (вафотидан кейин) Абу Райҳон Беруний номидаги ЎзССР Давлат мукофоти берилди.
Мустақиллик йилларида Ҳамид Сулаймоннинг хизматлари “Буюк хизматлари учун” орденига лойиқ кўрилди.
Бугун буюк олим, ўзбекнинг жафокаш ва мард ўғлонининг фарзандлари оталари Ҳамид Сулаймон номига қўйилган кўчада яшайдилар…
Илмира РАҲМАТУЛЛАЕВА.
