Туркистоннинг бой ва қалби гўзал хазинабони

ХХ асрнинг бошларида Туркис­тон ижтимоий ҳаётида қарор топиб аср ўрталарида шўролар томонидан батамом маҳв этилган замонавий маърифатпарвар жадидчилик оқимининг энг ёрқин намояндаларидан бири Саидносир Миржалилов эди. У 1884 йилда Туркистон шаҳрида деҳқон оиласида туғилади, вояга етгач савдогарчилик билан шуғуллана бошлайди, дастлаб оддий газлама дўкони очади, кейинроқ пахта етиштириш ишига киришади ва Туркис­тонда биринчилардан бўлиб пахта тозалаш заводи қуриб халқ орасида Саидносирбой номи билан машҳур бўлади.

У ўз савдо ишларини Тошкентда давом эттириш учун бу шаҳарга кўчиб келади ва бу ерда ўша давр­нинг илғор фикрли зиёлилари бўлмиш Мунаввар қори Абдурашидхонов ва бошқалар билан танишади ҳамда уларнинг маърифатпарварлик ғояларини қабул қилиб бу борада саъй-ҳаракатларини бошлайди. У   подшо Николай II даврида мусулмон халқлари учун янги усулли мактаблар очишга рухсат берилмаган бир пайтда Туркистонда ўз ҳовлисида яширинча тарзда мактаб очади.

— Дадам ичкари ҳовлимизнинг орқасига ёпиштириб мактаб қурдирган эди, — деб ёзади Саидносирбойнинг қизи Зарифа Саидносирова. — Мактаб катта хонадан иборат бўлиб, узун-­узун парталар қўйилган эди. Ундан бизнинг ички ҳовлига ҳар эҳтимол учун кичкина эшик ҳам қў­йилганди, мабодо чор ҳукумати тафтиш қилмоқ учун тўсатдан бирор одам юбориб қолса, ташқаридаги кишилардан бири бу ҳақда дарҳол хабар қилар ва болалар ичкари ҳовлига кириб яшириниб олишлари мумкин эди. Мактабда она тили, ҳисоб, жуғрофия, тарих дарслари ўқитилар, бутун дарс­ликлар татар тилида бўлиб, Қозон ва Оренбургдан келтирилар эди.

Мактабга Оренбургданми ё Қозонданми, Шокиржон Иброҳимов деган муаллимни олиб келган эдилар. Мактабда камбағалларнинг ўғил-қизлари пулсиз ўқитилар, бекларнинг болалари муаллим ҳақини тўлар, бунинг бадалига дадам муаллимни маош билан таъминлар эди. Туркистондан чиққан барча зиёлилар шу мактабда таҳсил кўрганлар…”

Саидносир Миржалилов 1917 йил Туркис­тон шаҳар думасига сайланади ва сиёсий фао­лиятга киришади. Февраль инқилобидан сўнг Тошкентда ташкил этилган “Шўройи исломия” ташкилотининг фаол аъзоларидан бирига айланди. У ўз фаолияти давомида мамлакат халқини фақат маърифатли бўлишигина эмас, тўла миллий озод бўлиши лозимлигини ҳам тушуниб етади ва бу борада фаол иш олиб бориш билан бирликда ўз сармояларини ҳам ушбу эзгу мақсадларга сарф этишга қарор қилади.

— Жадидларда буюк мақсадлар бор эди, аммо уларни амалга ошириш учун ҳомийлар керак эди. Саидносирбойгача бундай одам бўлмаган, — деб ёзган эди академик Наим Каримов. — Саидносир Миржалилов, ўз ҳаммаслаклари қаторида ўша даврда илғор, тараққийпарвар шоир бўлган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий билан ҳам дўст бўлган, уни иқтисодий жиҳатдан қўллаб турган, шоирнинг шеърий тўп­ламларини нашр этишда ҳомийлик қилган. Ҳамза қора кучлар томонидан қаттиқ таъқиб остига олиниб, ҳаёти хавф остида қолган пайт­ларида унга Туркистондаги уйидан бошпана бериб, шоир ҳаётини сақлаб қолган эди.

Саидносир Миржалиловнинг беш қизи бўлиб, уларнинг зиёли бўлишини хоҳлаган ва бунинг учун ҳаракат қилган. Биринчи ўзбек рассоми сифатида танилган унинг иккинчи қизи Зарифа Саидносирова шундай деб ёзади: — 1913 йиллармиди, дадам қўлимга бир-икки танга берди ва: — “Бозордан бўёқ, дафтар ол! Сурат сол!”, — деди. Мен айтганларини қилдим. Дадамлар ҳар вақт Тошкентдан акварел бўёқлар, мўйқаламлар олиб келардилар, расмларимни завқ билан томоша қилардилар. Расм чизишга муҳаббат менда дадамнинг ёрдами билан пайдо бўлган эди.

Саидносир Миржалилов мамлакатимиз мус­тақиллиги учун бевосита ва фаол кураш олиб борган ва Туркистон мухторияти ҳукуматининг барпо этилишида фаол иштирокчилардан бўлган. Қўқонда тузилган Муваққат ҳукумат таркибида молия комиссиясининг раиси, ҳукумат ғазначиси лавозимида иш олиб борди. Мухторият қонга ботирилиб, унинг раҳбарлари таъқиб остига олингач у хорижга кетишга мажбур бўлади. Дастлаб Самара, сўнг Тбилиси ва Туркияда яшаб, жаҳон ҳамжамиятини Туркис­тонда кечаётган даҳшатлар ҳақида огоҳлантиришга интилади ва бу хунрезлик­ларга чек қўйиш йўлларини ахтаради. Болшевиклар эълон қилган умумий авфга ишонган ҳолда 1921 йили ватанига қайтади ва “Туркис­тон” савдо-саноат ширкатини ташкил қилиб, тушган фойда эвазига “Кўмак” жамияти орқали истеъдодли ёшларни Германия ва бошқа мамлакатларга ўқишга юбориш, “Нашри маориф” жамияти фаолиятини авж олдириш ишига ўз улушини қўшади. Зарифа Саидносирова отасининг Москвага ўқишга кетаётган талабаларга бир неча бор уст-бош олиб бергани ва харажатлари учун маблағ, тилла тангалар бергани ҳақида ўша талабаларнинг ўзидан эшитганини айтади. “Ҳа, дадам маърифатли бойлардан эди, ёшларнинг ўқиётганини кўриб, суюнарди”, — дея ёзади у. Кейинчалик атоқли кимёгар олима бўлиб етишган Зарифа опа отасининг китобни севишини, кўп мутолаа қилишини, уйларида у тўплаган катта кутубхона бўлганлигини эслайди. Маълумотларга кўра, Алишер Навоийнинг Саидносирбой мутолаа қилган “Маҳбуб ул-қулуб” асари унинг куёви бўлмиш атоқли адиб Ойбекнинг уй-музейида сақланади.

1922 йилда Туркистон ҳукумати бир гуруҳ ёшларни Германияга ўқишга юборади, шунда илм-маърифат жонкуяри бўлган Саидносирбой юборилган талабаларнинг ўқиш ва яшаши учун барча харажатларни ўз ҳисобидан қоп­лайди. Аммо шўролар ҳукумати бу ишнинг қад­рига етиш ўрнига уни тараққийпарварга айб сифатида юклайди ва у   гўё шу талабаларни ўқитиб, сиёсий жосуслар тайёрлашда айбланиб 1925 йил 12 декабрь куни ҳибсга олинади. Саидносирбой   қамоқда ҳам бекор ўтирмай, ўша ердаги рус математигидан олий математика курсини ўрганганлиги ҳақида маълумотлар бор. Қизи Зарифа билан қамоқда кўришган чоғидаги суҳбатлардан бирида у: “Агар шундай замонда туғилиб ўсган бўлсам, фақат илм билан машғул бўлган бўлардим” деб афсусланган экан. Шунингдек, у қамоқда ётган пайтида инглиз тилини ўрганиш билан ҳам шуғулланганлигини айтишади.

Саидносир Миржалилов 1925 йилнинг ўзида Сибирга сургун қилинади. Ундан сўнг 1932 йил Оқ денгиздаги Соловки оролига уч йилга бадарға этилади. Зарифа Саидносированинг хотирлашича НКВДчилар ундан ўз сафдошларини қораловчи маълумотлар олишга роса уринишган, аммо Саидносир Миржалилов ўз дўстларини сотмаган. Кейинчалик Соловкидаги сургун Семипалатинск вилоятида давом этади. Ниҳоят, узоқ йиллик сургун тугаб, 1936 йил августида Саидносирбой оиласи ёнига қайтади. Аммо бу бахт узоқ давом этмади — 1937 йил 21 июль куни такроран ҳибсга олинган Саидносир Миржалилов шу йилнинг 25 октябрида отиб ташланади. Бу аламли кунлар ҳақида Зарифа Саидносирова шундай деб ёзади: “Қизим Гулрангнинг туғилганига икки ой бўлган. Бир куни ойимникига келсам, дадам стол олдида турибди. Ранги рўйи оппоқ қоғоздай оқарган, ёнида совуққина бир татар киши, НКВДдан. У бир рус қўшни “гувоҳ”нинг ҳузурида акт тузиб ўтирибди. Ойим бояқиш айвонда йиғлаб юрибди. Бироздан сўнг дадам ҳаммамиз билан қучоқлашиб хайрлашди. Сўнг татар йигитнинг олдига тушиб кетар экан, йигирма қадамча юрганидан сўнг орқага қайтди. “Набирамни бир ўпай”, — деб қўлимдан Гулрангни олди. Бағрига босиб, пешонасидан икки марта ўпди. “Умри узоқ бўлсин. Ақлли-ҳушли, халқига фойдали киши бўлиб етишсин!”, деб дуо қилди. Юракларимиз қонга тўлди, эзилиб кетдик шунда. Орадан қанча вақт ўтди, билмадим, дадамдан на хат, на хабар бор. Бир неча вақтдан сўнг: “Изламанглар! Хат ёзишдан маҳрум ўлароқ узоққа сургун қилинган”, деб айтдилар бизга. Лекин сургун қилинмаган, отиб ташланган, деб гумон қилдик. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Элбек, Усмон Носир қанчадан-қанча кекса ва ёш зиёлиларнинг бари кетди. Шундай қилиб, менинг дадам бояқиш ҳам 53 ёшида йўқликка кетди…”

Саидносир Миржалиловнинг қабри қаердалиги номаълум. У ўлимидан 54 йил ўтиб, 1991 йил октябрь ойида оқланди. Ўз халқининг асл фарзанди, мамлакатимиз озодлиги ва мус­тақиллиги йўлида жон фидо қилган инсон Саидносир Миржалилов ҳақидаги ушбу мунгли ҳикоямизни шу ерда якунлар эканмиз, у зот ҳақидаги ўз хотиралари ва ёзувлари билан мазкур мавзунинг ёритилишига кўмак қилган олима Зарифа Саидносирова, академик Наим Каримов, тарихчи Баҳром Израев, “Дарё” интернет канали мухбири З. Рамазоноваларга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Халқимиз ўз озодлиги учун жонларини берган қаҳрамонларни асло унутмайди, улар хотираларимизда абадий барҳаётдирлар!

Яна бир фикр: агар шундай зотлар яъни Саидносирбойдек инсонлар бошқа миллатларда бўлганида борми, аллақачон бутун дунёни лол қолдирадиган кинолар ишланган бўлар эди…

Эҳтимол, бу ҳақда жиддийроқ ўйлаб кўрадиганлар энди топилар…

Мухтор ХУДОЙҚУЛОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 2 =