Мақсад эзгу бўлса, мурод ҳосил бўлади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратлари билан суҳбат

— Ассалому алайкум, ҳурматли муфтий ҳазратлари! Аввало, яқинлашиб келаётган улуғ Рамазон ойи муборак бўлсин. Маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайр-саховат фазилатлари билан умримизни безайдиган, ҳаётимиз сайқалланадиган ушбу ойнинг аҳамияти беқиёс. Суҳбатимиз бошида шулар ҳақида сўзлаб берсангиз…

— Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!

Аввало, яқинлашиб келаётган Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин. Орзиқиб кутилган ушбу муборак ойга эсон-омон етказгани учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз. У Зот бу ойни маънавий уйғонишга, қалбларимиз покланишига ва ҳаётимизни ислоҳ қилишга сабабчи айласин.

Маълумки, Рамазони шариф ойи яхшиликлар мавсуми ҳисобланади. Бундай улуғ  фурсатдан ҳар биримиз унумли фойдаланиб қолишимиз лозим. Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида яхшиликларга юзланиб, ёмонликлардан тўхташга чақирганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон ойининг биринчи кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилади, уларнинг бирортаси очилмайди. Жаннат эшиклари очилади, уларнинг бирортаси ёпилмайди. Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик истовчи, келиб қол! Эй ёмонлик истовчи, бас қил!” деб нидо қилади. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган бандалари бўлади. Ҳар кеча шундай бўлади”, дедилар”. Имом Табаронийнинг ривоятида: “Рамазон чиқиб кетгунича шундай бўлади”, дейилган (Имом Термизий ривояти).

Яна бошқа бир ҳадиси шарифда бу муборак ойни ғанимат билишга чақириб, бундай марҳамат қилганлар: “У (Рамазон) мўмин учун ғаниматдир” (Имом Байҳақий ривояти).

Ўтган улуғларимиз ушбу ҳадиси шарифга мувофиқ бир-бирларини бу ойдан унумли фойдаланиб қолишга чорлаганлар.

Дарҳақиқат, бу ой Қуръон, қут-барака, раҳмат, мағфират, Аллоҳ таолога бандаликни изҳор қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш фурсатидир. Шу боис бутун дунё мўмин-мусулмонлари бу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади. Ҳақ таоло ушбу муборак ойнинг фазилатларидан барчамизни баҳраманд қилсин.

Рамазон ойида ҳар бир киши қалбини поклаши, нафсини жиловлаши ва маънавий оламини бойитиши зарур. Ўзаро хусумат ва гиналарни йўқотиш, қўни-қўшнилар ва қавму қариндошлар орасида ёрдамга муҳтожларга мурувват кўрсатиш, қариндошларга силаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат қилиш, етимлар бошини силаш, кексалар ва ногиронлиги бор инсонлар ҳолидан хабар олиш каби савобли ишларга шошилиши, ўз навбатида, бировнинг дилига озор етказиш, ҳаққига тажовуз қилиш каби гуноҳлардан тийилиши лозим.

Рўза инсон қалбидаги раҳм-шафқат туйғуларини юксалтиради. Рўза тутган киши ихтиёрий равишда очлик ва чанқоқликка сабр қилиб, нафс истаклари ҳамда дунёвий лаззатлардан вақтинча тийилиш орқали жамиятдаги муҳтож, бева-бечора ва камбағал инсонлар ҳолатини чуқурроқ ҳис этади ҳамда уларга нисбатан меҳр-оқибатли бўлади. Шу боис саховатли ватандошларимиз ушбу муборак ойда хайрия ва эзгу амалларни янада кўпайтирсалар, юртимизда эҳтиёжмандлар сони қисқариб, ҳар бир хонадонда шодлик ва қувонч муҳити қарор топишига замин яратилади.

— Халқимиз маърузаларингизни жон қулоғи билан тинглайди. Чиқишларингизда одамлар учун айни керак бўлиб турган долзарб масалалар – ота-онага эҳтиром, оила муносабатлари, жумладан, маърака-маросимларни ихчам ўтказишни тарғиб этиб келасиз. Ижозат берсангиз, шу мавзуга тўхталсак…

— Дарҳақиқат, инсон ҳар доим илм олишга ва маънавий эслатмаларга эҳтиёж сезади. Чунки ижтимоий иллатлар жамиятни аста-секин заифлаштириб боради. Уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади.

Юртимизда тўй ва маросимларни ўтказишда ортиқча дабдаба, асоссиз харажатлар ва исрофгарчиликни камайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2025 йил октябрь ойида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида “Маромийлик” лойиҳаси имзоланди.

Мазкур лойиҳа доирасида тўй ва маросимларда ортиқча харажатларни қисқартириш, оилаларни қарздорликдан асраш, камтаринлик ва маънавий тарбияни кучайтириш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда исрофгарчиликнинг олдини олишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилди. Шу йўналишда Диний идора томонидан имом-хатиблар иштирокида маҳаллаларда, таълим муассасаларида суҳбатлар ва маърифий учрашувлар ташкил этилди, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда чиқишлар амалга оширилди.

Тарғибот ишларида асосий эътибор тўй ва маъракаларда меҳмонлар сонини меъёрлаштириш, исрофгарчиликка олиб келувчи ортиқча безак ва хизматлардан воз кечиш масалаларига қаратилмоқда. Зеро, “Маромийлик” лойиҳаси нафақат иқтисодий тежамкорликни, балки маънавий юксалиш ва миллий қадриятларни мустаҳкамлашни ҳам мақсад қилган муҳим ташаббус ҳисобланади. Мазкур тарғибот ишлари фаолиятимизнинг узвий ва доимий қисми бўлиб қолмоқда.

— Ҳозирга келиб муаммога айланган иллатлар аслида яхши ниятлар ила бошланган бўлади. Масалан, никоҳни тўй орқали маълум қилишга киришиб, динимиз тарғиб қилган ишни бажарамиз, деган ниятда бўламиз. Аммо, айтганингиздек, меъёрни унутамиз. Оқибатда исроф ва дабдабага йўл қўямиз. Шундай эмасми, муфтий ҳазратлари?

— Ҳа, тўғри айтдингиз, никоҳни эълон қилиш ислом динининг муҳим кўрсатмаларидан бири ҳисобланади. Никоҳ исломда муқаддас тушунчалардан бўлиб, инсоннинг ҳалол йўл билан оила қуриши ибодат саналади. Ҳанафий мазҳабининг йирик уламоларидан Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Одам алайҳиссаломдан қиёматгача ибодат ҳисобланиб, жаннатда ҳам давом этадиган икки амал бор: биринчиси – иймон, иккинчиси – никоҳ”.

Тўй қилишдан асосий мақсад – ким билан кимнинг эр-хотин бўлганини жамоатчиликка маълум қилишдир. Шунингдек, тўй маросимлари қариндош-уруғлар, дўст-биродарлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, узоқ вақт кўришмаган инсонларни дийдор кўриштиришга хизмат қилади. Агар мазкур маросимлар асл мақсаддан четга чиқмасдан, ортиқча харажатларсиз, меъёрида ташкил этилса, кўзланган натижага эришилади, иншооллоҳ.

Афсуски, кейинги пайтларда тўй ва тантаналарни ўтказишда меъёр бузилиб, исрофгарчилик, кимўзарга киришиш ҳамда шуҳратпарастлик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Ҳолбуки, оилаларнинг барқарорлиги моддий фаровонлик билангина таъминланмайди. Аксинча, маънавий ва руҳий омилларга етарлича эътибор берилса, қуда-андачилик муносабатларида дунёқараш ва эътиқод уйғун бўлса, мазкур муаммолар ўз-ўзидан бартараф этилади.

Бу борада асрлар давомида мусулмонлар учун ибрат бўлиб келаётган Ҳазрати Али ва Ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳуларнинг никоҳ тўйлари ёрқин намуна ҳисобланади. Манбаларда қайд этилишича, уларнинг тўй маросимлари жуда камтарона ўтган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг амакиси Ҳамза розияллоҳу анҳу томонидан бир қўй сўйилиб, ихчам зиёфат берилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳо ва жиянлари Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг никоҳ тўйлари ана шундай содда ва ибратли тарзда ўтган. Зеро, шариатга мувофиқ, баракали тўй сарф-харажатлари енгил бўлган тўйдир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг баракали никоҳ – харажати енгил бўлганидир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда исрофдан қайтаради: “Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).

Ҳадиси шарифда бу ҳақда бундай дейилган: Амр ибн Шуайб отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Енглар, садақа қилинглар, ичинглар ва кийинглар, исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бўлди”, дедилар” (Имом Насоий ривояти).

Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди. Олимлардан бири косага ёпишган таом қолдиқларини тозаламасликни исроф, деган эди. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг: агар косага ёпишган, бизнинг назаримизда жуда ҳам эътиборсиз туюлган шу озгина неъматнинг ўзи исроф ҳисобланса, унда кундалик ҳаётимизда беэътиборлик билан совураётган қанчадан-қанча неъматлар ҳақида нима дейиш мумкин?

— Бугунга келиб эса, айрим бўлажак келинлар куёвлардан маҳр учун қимматбаҳо автоуловлар ёки данғиллама уй-жойлар талаб қилиши, баъзи куёвларнинг қиз томонга қўяётган талабларини эшитган одам ҳайрон қолади. Маҳр ўзи нима? Унинг меъёри, уни талаб қилиш ёки ундан воз кечиш тартиблари ҳақида билиб олсак…

—  Ислом динида маҳр никоҳ сабабли эрнинг аёлга бериши вожиб бўлган ҳақ ҳисобланади. Маҳр берилаётганда куёв томонидан чин қалбдан туҳфа қилиниши талаб этилади ва у келиннинг шахсий мулкига айланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Аёлларга маҳрларини хушнудлик билан беринг” (Нисо сураси, 4-оят).

Демак, маҳр бериш эрнинг зиммасидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Ҳатто келин ва куёв ўзаро келишиб, “иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз”, десалар ҳам бўлмайди. Агар билимсизлик ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмаган ҳолда никоҳ ўқитилган бўлса ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Мабодо, эр маҳр беришдан олдин вафот этса, унинг меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим.

Шариатда маҳрнинг энг кам миқдори нисоб миқдорининг йигирмадан бирига тенг, деб белгиланган. Масалан, ўтган йилги нисоб миқдори 61 миллион 200 минг сўм этиб белгиланган бўлса, шунинг йигирмадан бири маҳрнинг энг оз миқдори бўлади. Ҳар йил нисоб миқдори ўзгариши билан маҳрнинг энг кам миқдори ҳам мос равишда ўзгаради.

Маҳрнинг кўпига чегара қўйилмаган. Бироқ бу ҳолат маҳрни ҳаддан зиёд оширишга чақириқ сифатида талқин қилинмайди. Аксинча, ислом дини никоҳни осонлаштиришга, уни кераксиз ва ортиқча шартлар билан қийинлаштирмасликка тарғиб этади. Маҳрни мақтаниш, бошқалар билан солиштириш ёки уни никоҳни кечиктириш воситасига айлантириш дуруст эмас.

Аёлга бериладиган маҳр уни никоҳига олаётган эрнинг зиммасига вожиб бўлади. Аммо эрнинг номидан унинг яқинлари никоҳ ақдида айтилган маҳрни адо қилсалар ҳам, маҳр ўрнига ўтади.

Айрим жойларда қизнинг ота-онаси оладиган “қалин пули” каби маблағлар маҳр ҳисобланмайди. Шунингдек, умра ёки ҳажга олиб бориш ҳам маҳр ўрнига ўтмайди. Чунки маҳр миқдори аниқ, мулк кўринишида бўлиши керак.

Куёв келин томонга ёки келин куёв томонга асоссиз талаблар қўйиш, ортиқча сарф-харажатлар ёки мажбурий одатларни юклаш уятли иш ҳисобланади. Чунки никоҳ савдо ёки мусобақа эмас, балки икки ёшнинг ҳалол, масъулиятли ва баракали ҳаётга қадам қўйишидир. Ортиқча талаблар турли низо ва  келишмовчиликларга сабаб бўлади. Шу боис никоҳ масаласида меъёр, ихлос ва тақвони асос қилиб олиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун энг тўғри йўл ҳисобланади.

— Аллоҳ илмингизни янада зиёда қилсин, ҳазрат. Ўқувчиларимизга жуда керакли маълумотларни баён қилиб бердингиз. Энди яна бир масалага тўхталиб ўтсак: жаноза ва шу каби маросимларда азадорларни қийнаб қўядиган ҳолатлар ҳам тез-тез кузатилади. Хусусан, ҳайит кунлари таъзия билдиришга бориш кузатилади. Айрим жойларда “етти”, “йигирма”, “қирқ”, “йил”, пайшанбалик, якшанбалик каби маросимлар ҳанузгача бор. Улар динимизда қанчалик асосга эга?

— Жаноза ва унга боғлиқ маросимлар Қуръони карим, ҳадиси шариф ҳамда ишончли диний манбаларда келтирилган тартиб-қоидалар асосида адо этилиши лозим. Далили мавжуд бўлмаган ҳолда азадорлик ва шу муносабат билан боғлиқ бўлган маърака, таъзия, расм-русумларни урф-одат ёки мажбуриятга айлантириш бидъат ҳисобланади.

Шариатимизда марҳумларнинг руҳига савоб бағишлаш мақсадида эҳсон қилиш бор. Бу эҳсон маросими “вазима” деб аталади. Ушбу маросимни муайян кунда қилиш шарт эмас. Шундан келиб чиқиб, вафот этган инсоннинг вояга етган фарзандларидан бири ўз мулкидан, муайян санага боғламасдан, риёкорлик ва дабдабасиз, холис ният ила эҳсон қилиши жоиз. Бу орқали қилинган солиҳ амалларнинг савоби марҳумга етиб бориши умид қилинади. Зеро, Аҳли сунна вал жамоа таълимотига кўра, солиҳ амаллар савобини вафот этган инсонларга бағишлаш жоиз ҳисобланади. Бироқ мазҳабимизга оид фатво китобларига кўра, “уч”, “етти”, “йигирма”, “қирқ”, “йил” каби муайян кунларга боғлаб маъракалар ўтказиш дуруст эмас. Ушбу масала юзасидан фатволар ҳам чиқарганмиз.

Ҳайит кунлари эса қувонч, шукр ва биродарлик айёмлари саналади. Шу боис бу кунларда таъзия қабул қилиш ёки таъзия билдиришга бориш суннатга мувофиқ эмас. Бундай ишлар ҳайит байрамининг маъно-мазмунига зид бўлиб, мотам кайфиятини давом эттиришга сабаб бўлади. Ҳайит байрами кунларини қувонч, шукроналик, дуо ва эзгу ниятлар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

— Ташаккур, муфтий ҳазрат! Фойдали ва мазмунли илмлардан баҳраманд этдингиз. Энди халқимиз ва нашримиз ўқувчиларига ўз дуо, тилакларингизни билдирсангиз, дилларимиз янада чароғон бўлар эди.

— Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Биродарингнинг юзига табассум билан қарашинг садақадир, яхшиликка буюришинг садақадир, ёмонликдан қайтаришинг садақадир, йўлдан адашган кишини тўғри йўлга солиб қўйишинг садақадир, кўзи ожиз кишига ёрдам беришинг садақадир, йўл устида ётган тош, тикан ёки суякни олиб ташлашинг садақадир, челагингдаги сувдан биродарингнинг челагига қуйиб беришинг садақадир” (Имом Термизий ривояти).

Мен барча юртдошларимиз ва бутун дунё мўмин-мусулмонлари ушбу  ҳадис мазмунига мувофиқ ҳаёт кечиришларини тилайман. Зеро, мазкур ҳадисда зикр қилинган кўрсатмаларга амал қилинса, жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, ҳамдўстлик, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва эзгу фазилатлар мустаҳкамланади.

Аллоҳ таоло ушбу эзгу ниятларимиз амалга ошишига муваффақ этсин.

Суҳбатни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа САЛИМОВА

ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 13 =