Шуҳрат Эгамбердиев: Юлдузлар ва сайёралар инсон тақдирига таъсир кўрсатмайди
Юртимиздан кўплаб улуғ зотлар етишиб чиққанини ҳамиша фахр билан гапирамиз. Зеро, кўплаб аллома боболаримиз қолдирган илм чашмаларидан бутун дунё аҳли баҳраманд бўлиб келиши сир эмас. Қолаверса, ҳеч бир инсон йўқки, кенг осмон, сон-саноқсиз юлдузлару, ойу қуёшга боқиб бу ажиб сир-синоатга маҳлиё бўлмаган бўлса, хаёлан чексиз фазога учиб юлдузларни қучмаган бўлса?!
Шундай. Чиндан ҳам астраномия – тенгсиз сир-синоатларга жавоб изловчи фан.
Ўтмиш замонлардан бери бугунга қадар илму нужумлар сирини ўрганиб келади одамзот. Шу боисдан ўтган асрда ойга парвоз қилган одам боласи XXI асрда Марс сайёрасини “забт” этишни кўзлаётгани бежиз эмас.
“Ердан бўлак жойда ҳам ҳаёт борми?” Бу савол эса одамзотни қадим-қадим замонлардан буён асир қилиб келади.
Хуллас, қуйидаги суҳбат мавзуси юқоридаги каби масалалар хусусида бўлди.
Суҳбатдошимиз — жаҳон илмий астрономик жамоатчилиги ўртасида ўз ўрнига эга олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Астрономия институти раҳбари Шуҳрат ЭГАМБЕРДИЕВ. У Халқаро Астрономия жамияти ҳамда Европа-Осиё астрономик жамияти аъзоси. 2015 йилда Франция Республикасининг “Академик пальма” ордени билан мукофотланган.
— Ҳурматли устоз, суҳбатимизни бугунги кунда ўзбек астрономиясидаги энг муҳим янгиликлар, уларнинг бугунги дунё фани майдонидаги аҳамиятлилик даражаси тўғрисидаги фикрларингиз билан бошласак.
— Аввало, Астрономия институтимиз ҳақида: ҳозирда кўплаб халқаро дастурларда иштирок этмоқда. Институтнинг барча астрономик кузатишлари Майданак обсерваториясида олиб борилади. Қашқадарё вилояти Яккабоғ ва Қамаши туманлари чегараси (Майданак тоғининг ғарбий чўққиси)да жойлашган Майданак обсерваторияси ўзининг осмон жисмларини кузатиш шароитлари (илмий тилда “астроиқлим”) бўйича жаҳондаги нуфузли обсерваториялардан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, бу обсерватория жуда қулай географик ҳудудда жойлашган. Масалан, биз Майданакда бирор-бир осмон жисмини кузатаётганимизда, Ернинг қарама-қарши томонида Америка қитъасида кундуз куни бўлади, Хитойда тонг отиши бошланган, Европада эса ҳали кеч кирмаган бўлади. Шунинг учун бу расадхона энг қулай ҳисобланади.
Сўнгги йилларда олимларимиз томонидан бир нечта оламшумул кашфиётлар амалга оширилди. Булар орасида “Самарқанд” ва “Майданак” кичик сайёра астероидларининг очилиши, “Катта айиқ” юлдуз туркумида ўта янги юлдуз чақнашининг кашф этилиши, Коинотда гамма нурларда чақнаган ва космик аппаратларда қайд этилган юзлаб жараёнларнинг Майданакдан туриб аниқ кузатилиши, Тошкент ва Китоб обсерваторияларида олинган осмоннинг фототасвирларини рақамлаштириш натижасида 13,5 миллион юлдуздан иборат каталогнинг эълон қилинишини алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин.
Яна битта мисол. 2015 йилда астрономия соҳасида оламшумул воқеалардан бири содир бўлди. У ҳам бўлса, иккита қора ўранинг қўшилишидан ҳосил бўлган гравитацион тўлқинлар ЛИГО детектори ёрдамида қайд этилганидир. Бу ҳодиса 1915 йил Альберт Эйнштейн томонидан башорат этилган эди. Орадан 100 йил ўтгач, гравитацион тўлқинлар мавжудлиги кашф этилди. Бу тўлқинлар эндигина очилганига қарамасдан, жуда катта аҳамият касб этмоқда. 2017 йилда гравитацион тўлқинлар қайд этилгани учун ЛИГО олимлари Нобель мукофоти билан тақдирланган. Шундан кейин астрономияда янги йўналиш — “гравитацион тўлқинлар астрономияси” пайдо бўлган эди. Қора ўра ва нейтрон юлдуз каби жуфтликларнинг ўзаро қўшилишида гравитацион тўлқинлар билан бирга бошчали тўлқин узунликлари: оптик (кўринма), гамма, ультрабинафша ва ҳоказо диапазонларда ҳам нурлар чиқади. Шунинг учун жаҳонда қора ўра ва нейтрон юлдузларнинг ўзаро қўшилишини мониторинг қилиб борувчи бир нечта тармоқлар тузилган ва бу тармоқлар узлуксиз мониторинглар қилиб боради. Ушбу тармоқлардан бири “Грандма” халқаро тармоғидир. Бу тармоқ гравитацион тўлқинларнинг оптик қўшимчалари, гамма чақнашлар, ўта янги юлдуз портлаши каби астрофизик жараёнларни телескоплар ёрдамида узлуксиз кузатиб бориш учун Ер шаридаги 30 дан ортиқ, жумладан, Ўзбекистондаги телескопларни ўз ичига олади. Бундан мақсад шуки, гравитацион тўлқин қайд этилгандан кейин ўша осмон соҳасига телескопларни йўналтириб дарҳол кузатишдир. Бу эса гравитацион тўлқин манбаларини турли диапазонларда кузатиш орқали уларда содир бўладиган ҳодисаларнинг физикасини тушунишда аҳамияти катта.
Жуда қулай географик жойлашуви ва Астрономия институтининг ушбу вазифани бажара оладиган мутахассисларга эга бўлганлиги учун Майданак обсерваторияси “Грандма” лойиҳасига қўшилган. Бу биз учун катта аҳамият касб этади. Ишонамизки, ушбу лойиҳалар дорасида, албатта, гравитацион тўлқин манбаининг оптик қўшимчаларини кузатишга муваффақ бўламиз. Бунда Майданакнинг ҳамда у орқали бу энг илғор соҳада иш олиб бораётган давлат сифатида Ўзбекистоннинг шон-шуҳрати ортади.
— Очиғини айтганда, юртимиз астрономиясининг нечоғлиқ илғор эканини ҳозир Сиз айтган маълумотлардан сўнггина бир оз англаб етдим. Менга бир янги дунё очилгандек бўлди. Осмон отли кенг бу маъво ҳаммани бирдек ўзига қаратади. Астроном-олим сифатида нима деб ўйлайсиз, инсоният учун Ердан бўлак жойда ҳам яшаш имкони борми?
— Инсоният коинот сирларини чуқурроқ англаб борар экан, у ўз-ўзига доимо “Биз коинотда ёлғизмизми?” — деган саволни берган. Лекин бу саволга ҳали-ҳануз жавоб топилгани йўқ. Қуёш системаси сайёраларини ўрганиш инсониятни тинчлантирувчи натижаларни бермади: Марсда оқсил-нуклеин ҳаётнинг излари топилмади, Венера ва Меркурий юзаси эса ҳаёт мавжуд бўлиши учун жуда ҳам иссиқлик қилади. Юпитер каби гигант сайёраларда, уларнинг кимёвий таркибига кўра, ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Ушбу сайёраларнинг йўлдошларида ҳарорат жуда ҳам паст. Шунинг учун биз Қуёш системасида якка-ягонамиз, дейишимиз мумкин.
Лекин шуни таъкидлаш лозимки, астрономлар Қуёшнинг коинотда ноёб юлдуз эмаслиги, унга ўхшаш юлдузларнинг сон-саноқсиз эканлигини аллақачонлар аниқлашган. Шундай экан, бу юлдузлар атрофида ҳам Ерга ўхшаш сайёралар ҳаракатланиб, уларда онгли ҳаётнинг ривожланиши учун Ердагидек шарт-шароит бўлиши мумкин. Бошқа юлдузлар атрофида ҳаракатланувчи бундай сайёраларга экзосайёралар (экзо, лотинча “ташқари”) дейилади. Яъни оддий тил билан айтганда, экзосайёра — бу Қуёш тизимидан ташқаридаги сайёра дегани.
Биринчи экзосайёра 1995 йилда очилди. Кашфиёт Женева обсерваториясининг астрономлари Мишель Майор ва Дидье Квелоц томонидан амалга оширилди ҳамда бу кашфиёт учун улар 2019 йилда Нобель мукофоти билан тақдирланишди.
Ҳозирда бундай сайёралар такомиллаштирилган усуллар ёрдамида топиляпти. НАСА ахборотига кўра, 2024 йил декабрь ойига келиб 5 788 та экзосайёра мавжудлиги тасдиқланди. Ҳозирда экзосайёралар сафига қўшилиш учун номзодлар сони анча кўп, тахминан 15000 тани ташкил этади.
Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Сомон йўли галактикасидаги экзосайёраларнинг умумий сони камида 100 миллиард экани тахмин қилинмоқда, улардан 5 дан 20 миллиардгачаси Ерга ўхшаш бўлиши мумкин. Шунингдек, Қуёшга ўхшаш юлдузларнинг тахминан 34 фоизи яшаш зонасида Ерга ўхшаш сайёраларга эга. Галактикамизда яшаш мумкин бўлган экзосайёраларнинг умумий сони 300 миллионга яқин бўлиши мумкин.
Шундай экан, инсониятнинг бошқа юлдузлар атрофидаги сайёраларда яшаш эҳтимоли бор. Лекин шуни таъкидлашимиз лозимки, бизга энг яқин юлдуз 4,24 ёруғлик йили (1 ёруғлик йили — секундига 300 000 км тезликда ҳаракатланаётган ёруғликнинг бир йилда босиб ўтадиган йўли) масофасида жойлашган. Демак, ҳозирги техника тараққиёти ёрдамида экзосайёраларга парвоз қилишнинг ҳеч ҳам иложи йўқ!
Лекин инсоният ҳозирча “захиравий” яшаш жойини анча яқинроқдан изламоқда. Америкалик миллиардер, “SpaceX” космик корпорациясининг асосчиси Илон Маск шу соҳада анча фаол. У Марсга инсон парвозини амалга оширмоқчи. Бу йўлда кўплаб муаммо ва қийинчиликлар мавжуд, аммо мақсадлар ниҳоятда жозибали. Ким ҳам Марсга қадам қўйган биринчи инсон бўлишни хоҳламайди, дейсиз!
Келажакда Марсда колониялар барпо этилади. Колониянинг дастлабки аъзолари сайёра қутбидаги музларни эритиб, сайёра сиртида денгиз ва дарёларни, атмосферасида эса Ердаги газларни хосил қилиш учун Сайёрани қиздириш билан шуғулланадилар. Ушбу элементлар ҳозирча Марснинг қутб қалпоқларида муз ҳолатида сақланмоқда. Мана шу ишларни амалга ошириш учун тахминан 200 йил керак. Ўшанда эҳтимол Марсда, экологик тоза ҳудудда бемалол яшаш мумкин бўлар?
— Бугун турли соҳада илмий ишлар, жуда кўп докторлик диссертациялари ёқланмоқда. Баъзилари ҳақида “моҳиятида янгилик йўқ”, “кўчирилган” дейиш мумкин. Сизнингса буни бартараф қилиш учун нима қилиш керак?
— Бировларнинг асарларидан кўчирмаларни ва ғояларни ўзиники қилиб бериш узоқ замонлардан бери маълум ва бу одат “плагиат” деб аталади. Лекин бу одат олдинлари ёмон иллат деб қаралмаган. Ҳатто буюк драматург Вильям Шекспир ҳам баъзи ҳолларда бировларнинг шеърлари ва пьесаларини, ҳатто тўлиқ қисмларини ўзиники қилиб берган. Бу ҳам камлик қилгандек, у асарнинг муаллифига “кўчада юрган қизни мен олий табақа даражасига кўтардим” деб, ўз қилмишини оқлашга ҳам уринган экан.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин буюк бобокалонларимизнинг таваллуд айёмларини кенг нишонлаш имкони туғилди. 1994 йили Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллиги нишонланди. Ўшанда бу улуғ санага бағишланган анжуманлар мамлакатимизнинг деярли барча таълим муассасаларида ва олий ўқув юртларида бўлиб ўтган. Пойтахтимиздаги нуфузли университетларнинг бирида ташкил этилган жуда катта анжуманда олти юзга яқин маърузалар қилинган. Мен ўшанда халқаро анжуманни тайёрлаш ишларига масъул эдим. Яхшироқ маърузаларни танлаш мақсадида ўша анжуманнинг тезислари билан синчиклаб танишиб чиққанман. Олти юзта маърузадан бирорта “пичоққа илинадигани” топилмагани мени таажжубга солган. Барча маърузалар учта асосий манбадан кўчириб олинган эди. Булар: Қори Ниёзийнинг “Астрономическая школа Улугбека” (М. — Л.: Изд. АН СССР, 1950), В.В.Бартольднинг “Улугбек и его время” (Петроград, 1918 й.) ва Астрономия институтининг директори В.П.Шчегловнинг Ян Гевелий “Юлдузлар атласи”нинг Мирзо Улуғбекка бағишланган сўз бошиси (“ФАН” нашриёти, Тошкент, 1974 й.) эди. Бундай қилмишни балки оқлаш мумкиндир. Муҳим тадбир арафасида олимлардан Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган маърузалар тайёрлаш талаб қилинган, муҳлат жуда оз эди. Бу жараён, мана, салкам ўттиз йилдан бери давом этиб келмоқда. Лекин Мирзо Улуғбек меросини ўрганишга бағишланган саноқли мақолаларгина чоп этилди. Биров кимнингдир мақоласидан ёки диссертациясидан кўчирса, бундан кимга фойда, кимга зарар? Аслида, бундай қилмиши билан нопок “олимлар” жамиятга жуда катта зарар келтиришади. Биринчидан, докторлик даражаси олимга илмий-текшириш муассасасининг директори, олий ўқув юрти проректори, ректори каби лавозимларни эгаллашга йўл очади. Бундан ташқари ва муҳимроғи, илмий даража берувчи кенгаш аъзолиги ва ҳатто кенгаш раиси лавозимини эгаллашга имкон беради. Ўзи нопок йўл билан илмий даражага эга бўлган кимса мўмай пул эвазига ўзига ўхшаган сохта олимларга илмий даража олишга имкон беради. Шу алпозда илмий муассасаларда нолойиқ раҳбарлар “улуши” ошиб бораверади. Бу, албатта, мамлакатимиз илм-фанига салбий таъсир кўрсатади. Энг муҳими, бундай ҳолатдан илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари ва олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари жим юрса-да, барибир хабардор бўлишади. Ачинарлиси ва хавфлилиги — бундан ёш тадқиқотчилар ва ҳатто талабалар ҳам хабардор бўлишидадир. Уларнинг тарбиясига таъсири ўта салбий бўлади.
Хўш, унда нима қилишимиз керак? Энг аввало, диссертациялар бажарилаётган илмий муассасалар ишларнинг сифатини оширишга жиддий ёндашишлари керак. Бунинг бирдан-бир йўли — бу диссертацияларнинг асосий мазмуни нуфузли чет эл журналларида чоп этилишини талаб этишдир. Нуфузли хорижий журналлар олий ҳакамлик вазифасини бажариши мумкин. Чунки улар ўз нуфузини сақлаш учун қаттиқ тиришади.
— Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда “у ёки бу осмон жисми билан тўқнашув кутилмоқда” деган ваҳимали гаплар тарқалиб турибди. Газетхонларимизга бу борадаги фикрларингизни сўзлаб берсангиз.
— Бундай миш-мишлардан ваҳимага тушишга катта асос йўқ, чунки осмон жисмлари билан тўқнашиш эҳтимоли жуда кам. Лекин мутасадди ташкилотлар бундай ҳодисанинг олдини олиш устида тинимсиз иш олиб боришмоқда.
Энг аввало, космик тўқнашувнинг яқинда рўй берган мисолига тўхтаб ўтсак. Кўпчиликнинг ёдида бўлса керак, 2013 йилнинг февралида Россиянинг Челябинск ҳудудига катта болид келиб тушган, портлаш тўлқини кўплаб биноларга ва одамларга зарар етказиб, Россия иқтисодиётига деярли 1 млрд рубль миқдорида зарар етказган эди. Ўша вақтда бутун дунё астрономларининг эътибори Челябинск метеоритидан бир кун кейин — Ердан атиги 27 минг километр масофадан ўтиши кутилаётган бошқа бир астероидга қаратилган эди. Шу сабабли ҳам ўша вақтда Челябинск метеорити телескоплар нигоҳидан четда қолган. Умуман олганда, ҳозирги кунда Ерга яқин орбиталарда 37 мингта астероид ҳаракатланади ва Ерга яқинлашувчи астероидлар гуруҳини ташкил этади. Улар орасида 2,5 мингтачаси БМТ томонидан Ер билан тўқнашиш эҳтимоли катта ва шунинг учун цивилизацияга хавф туғдирувчи астероидлар сифатида таснифланадилар.
Тўқнашув содир бўлганда астероидларнинг таъсири регионал талафотдан токи глобал фалокатгача олиб келиши мумкинлиги туфайли уларни мониторинг қилиш ва тўқнашувга қарши чораларни кўриш долзарб аҳамиятга эга. Шу сабабли ҳам дунё бўйлаб бир қанча мамлакатларда махсус тадқиқот гуруҳлари ташкил этилган.
Бу жабҳадаги фаолиятда Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлигининг Ҳаябуса миссиялари (JAXA Hayabusa-1, Hayabusa-2) ҳам алоҳида эътирофга сазовор. Бу миссиялар Ерга яқин астероидларга космик миссиялар учириш ва астероидлардан намуна олиб келиш каби мураккаб илмий технологик лойиҳалар ҳисобланади. Бу миссияларнинг Ердаги телескоплар орқали оптик кузатиш билан боғлиқ тадқиқотларида ЎЗР ФА Астрономия институтининг илмий жамоаси “Майданак баланд-тоғ обсерваторияси” телескоплари ёрдамида қатнашган бўлиб, жамоанинг космик миссия ишидаги фаолияти Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги томонидан алоҳида эътироф этилган. Қуёш тизимида кашф этилган астероидлардан бирига япониялик астроном ҳамкорлар томонидан “Майданак” номининг берилиши ҳам бу эътирофнинг алоҳида тасдиғи бўлса, ажаб эмас. Демакки, биз ғурурлансак бўладиган жуда катта иш амалга оширилган.
Ҳозирги кунда Ерга хавф солувчи астероидлар ичида энг машҳури бу 99942 тартиб рақамли “Apophis” номли астероиддир. Ушбу астероиднинг диаметри 340 метр атрофида бўлиб, бу ўлчамдаги жисм Худо кўрсатмасин, космик тезликда Ерга урилса, жиддий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин. Жумладан, тўқнашувнинг кинетик энергияси 1717 мегатонна бўлиб, бу Иккинчи жаҳон уруши сўнгида Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларида портлатилган атом бомбаларидан юз минглаб марта кучли демакдир. Тўқнашув Ер юзасида деярли 6 километр диаметрли кратер ҳосил қилиши мумкин ва портлаш тўлқини 300 километр масофадаги деярли барча нарсани яксон қилади. Хайрият, сўнгги тадқиқотларда унинг орбитаси чуқурроқ ўрганилиб, астероиднинг 2029 ва 2036 йиллардаги Ерга яқинлашиш вақтидаги тўқнашиш эҳтимоли илк кашф қилинган вақтидаги баҳолашлардан анча камроқ эканлиги аниқланди. Ҳозирда “Apophis”нинг 2068 йилдаги яқинлашувида тўқнашув эҳтимоли 7,7 миллионга бир деб баҳоланмоқда. Ҳолбуки, илк ҳисоб-китобларда бу кўрсаткич 2036 йилги яқинлашиш учун 4 мингга бир деб баҳоланган эди. Кутилаётган энг яқин сана бу 2029 йилнинг 13 апрели бўлиб, шу вақтда астероид Ердан 31 минг километр масофадан ўтади. Бу масофа космик ўлчамлар нуқтаи назаридан қаралса, жуда яқин масофа саналади. Сабаби, бу ўлчам Ердан 36 минг километр масофада ҳаракатланувчи геостационар сунъий йўлдошлар орбитасидан ҳам яқин масофадир.
Ердаги глобал ҳаётга хавф солувчи астероидларнинг Ер билан тўқнашиши олдини олиш ва хавфли обьектларнинг орбитасини ўз йўналишидан бошқа томонга буриб юбориш замонавий космонавтиканинг долзарб муаммоларидандир. Хавфли астероидлар орбитасини ўзгартириш ёки уларни портлатиб сочиб юбориш билан боғлиқ бир қатор таклифлар ишлаб чиқилган бўлса-да, аслида, бу технологик жиҳатдан жуда мураккаб масала бўлиб, бу йўналишдаги тадқиқотлар энди-энди йўлга қўйилмоқда. Шундай тадқиқотлардан бири бу астероидга зарба бериш орқали унинг орбитасини ўзгартириш ҳисобланади. Сайёравий мудофаа мақсадларида астероидга зарба бериш тажрибаси илк марта 2022 йилнинг сентябрь ойида амалга оширилди. Бунда “NASA”нинг “DART” номли космик кемаси “Дидимос” номли астероиднинг “Диморфос” деб номланган йўлдоши билан тўқнаштирилди. Бу тажрибадан мақсад, зарба бериш усули орқали астероид орбитасининг ўзгаришини аниқлаш ва келажакда бундай тажрибани бошқа астероидлар хавфини бартараф этишда қўллаш эди.
Тўқнашувдан олдин Диморфоснинг Дидимос атрофидаги айланиш даври 11 соат 55 дақиқага тенг эди. 2022 йил 26 сентябрда “DART” космик кемаси Диморфос билан тўқнаштирилди. Тўқнашув натижасида унинг орбитал даври 33 дақиқага қисқарди ва бу сайёравий мудофаа мақсадларида астероидларга зарба бериш усулининг самарадорлигини исботлади. Тўқнашув натижаларини қайд этиш ва ўзгаришларни аниқлаш учун бутун дунёдаги обсерваториялар бирлашган ҳолда катта кузатув компаниясини ташкил қилдилар. Кузатув компаниясида ЎзР ФА Астрономия институтининг илмий жамоаси Майданак обсерваторияси телескоплари билан иштирок этди ва ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди. Илк тажриба муваффақиятли якунланди ва келажакдаги шунга ўхшаш кўплаб тажрибалар учун замин яратилди.
— Кўпчиликни қизиқтирган яна бир савол: Сўнгги вақтларда интернетда “Бугун магнит бўрони юз берди. Эҳтиёт бўлинглар” деган эълонлар учраб туради. Нега энди бу жараён айнан ҳозир содир бўляпти? Олдинлари ҳам магнит бўронлари бўлганми?
— Маълумки, Қуёш Ердаги ҳаётни ва бутун борлиқни нафақат ёруғлик ва энергия билан таъминлайди, балки юқори энергияли радиация ва зарядланган заррачалар оқимини юбориб, маълум маънода Ерга салбий таъсир ҳам кўрсатади. Лекин она сайёрамиз бизни бундай оқимлардан ҳимояловчи атмосфера ва магнит майдонига эга. Яъни, оддий қилиб айтганда, Яратганнинг ҳимоясидамиз.
Қуёшда юқори энергияли радиация ва зарядланган заррачалар доимий равишда эмас, Қуёш доғларида рўй берадиган чақнашлар пайтида пайдо бўлади. Доғлар сони эса 11 йиллик давр билан ўзгариб туради. Доғларнинг кўп кузатиладиган даврини Қуёш фаоллигининг “максимум”и, доғлар сони кам ёки йўқ бўлган даври фаолликнинг “минимум”и, деб аталади. Қуёш фаоллигининг навбатдаги 11 цикли 2019 йил охирида бошланган, ва у 2024-2025 йилларда максимумга эришади. Қуёш фаол бўлган даврларда унда кўплаб чақнашлар содир бўлади. Чақнашлар пайтида Қуёшдан Ер томон отилган заррачалар Ерни ўраб турган магнитосферага урилганда, у жараён тезлашади ва бу ҳодиса магнит бўрони деб аталади. Шифокорларнинг таъкидлашича, магнит бўронлари айрим метеосезгир одамларнинг саломатлигига салбий таъсир этиши мумкин. Ҳозирги вақтда бу ҳолатлар тиббиётчилар ва биофизик олимлар томонидан тадқиқ қилинмоқда.
Лекин катта ваҳимага асос йўқ. Ижтимоий тармоқлар орқали “фалон куни магнит бўрони бўлиши кутиляпти” деган маълумот келганда бир оз эҳтиёт бўлиш керак. Узоқ вақт давомида бошяланг очиқ ҳавода юрмаслик, арзимаган нарсаларга асабийлашмаслик, ўзини ортиқча уринтирмаслик (тоққа чиқиш, оғир жисмоний машғулотлардан тийилиш) каби маслаҳатларга амал қилинса, кифоя. Аммо одамлар кейинги вақтда ҳар қандай бош оғриғига “магнит бўрони”ни айбдор қилишяпти. Бу борада билиб-билмай хулоса қилмаслик керак.
— Мунажжимлар башорати, буржлар, юлдузларга қараб тақдирни айтиш тўғрисидаги қадимий ва ҳозирги қарашларга фикрингиз.
— Қадимда пайдо бўлган илми нужум, яъни астрология сайёралар ва юлдузларнинг ҳаракатини кузатиш орқали ўтмишни, бугунги кун ва келажакни башорат қилиш билан шуғулланади. Илми нужумнинг ҳозирги вақтда ҳам кенг оммалашганига сабаб кишиларнинг руҳияти, табиий фанлардан етарлича билимга эга эмасликлари ва дунёқарашлар билан боғлиқ. Ҳар қандай пала-партиш, тўқиб ёзилган, эски манбалардаги бир-икки сўзга таяниб улаб кетилган “мунажжим башорати”дан кўра, яхши ният ва ишончга таянган маъқулдир.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, астрономия ва астрология бир вақтда пайдо бўлган, фақат антик даврда осмон жисмларини кузатишнинг астрологик томонлари устун бўлган. Қуёш ва ёруғ юлдузларнинг чиқиш ва ботиш вақтларини аниқ ҳисоблаш қишлоқ хўжалиги ишларида ва диний маросимларни бажаришда катта аҳамиятга эга бўлган. Бундан ташқари, кометаларнинг пайдо бўлиши, янги ва ўта янги юлдузларнинг чақнашлари илоҳийлаштирилиб, улар одамларнинг қилган гуноҳлари учун юборилган жазо, деб тушунишган.
Астрономия тарихига қарасак, Тихо Браге ва Кеплер сингари буюк астрономлар ҳам астрология билан шуғулланганлигига гувоҳ бўламиз. Бу ўша вақтларда ҳукмрон доираларнинг тазйиқи билан боғлиқ бўлса керак. Фақат 1666 йилга келиб, Франция қироли Людовик XIV вазири Кольбер томонидан, Франция фанлар академияси хулосасига асосланиб, астрономларнинг астрология билан шуғулланишини тақиқлади.
Умуман олганда, шуни айтиш жоизки, астрология фан эмас, бу ғайриилмий, фол очиш каби одамларни тўғри фикрлашдан чалғитувчи, ўзига эмас, бошқаларга ишонишга элтувчи ва оқибатда ички қувватни заифлаштирувчи амалдир. Астрология осмон ёриткичларининг инсон тақдири, тарихий ёки табиат ҳодисаларига таъсири ҳақида кўп ва хўп сўз айтса-да, буни асословчи ҳеч қандай физик қонунлар ва аниқ исботлар мавжуд эмас. Тўғри, Ой ва Қуёш Ерга гравитацион таъсир қилади. Масалан, Ой денгиз ва океанлар сувларининг кўтарилишлари ва пасайишларини келтириб чиқаради, Қуёшдаги портлаш жараёнлари эса радиоалоқани бузади, қутб ёғдуларини пайдо қилади. Лекин юлдузлар ва сайёралар инсон тақдирига ҳеч қандай сезиларли таъсир кўрсатмайди.
— Қизиқарли ва ажойиб маълумотлар билан танишаётганимиздан мамнунмиз. Энди яна битта якуний саволимиз бор эди. Бугунги кунда ва келажакда астрономларимиз олдида турган масалаларни ҳал этиш учун ёш иқтидорли кадрларни тайёрлаш керак. Бугун ёшларнинг астрономияга қизиқиши қандай даражада?
— Ҳа, албатта, ёшлар орасида астрономия фанига қизиқиш катта. Бунинг асосий сабаби буюк бобокалонларимизнинг кўпчилиги, булар орасида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбекларнинг фанга қўшган энг салмоқли ҳиссаси айнан астрономия соҳасида бўлган. Бу факт ҳалқимизга ғурур бахш этади. Ёшларимиз ҳам бундан яхши хабардор. 2019 йили Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда Мирзо Улуғбек номидаги мактаб-интернат ташкил этилди. Ушбу мактаб-интернатда ўқувчиларни астрономия, физика, математика ва информатика фанларига ўқитишга алоҳида эътибор қаратилган. Мактабдаги замонавий телескоп ёрдамида ўқувчиларга Қуёш доғлари, Юпитер ва унинг йўлдошлари, Сатурн ва унинг ҳалқалари, Ой ва унинг кратерлари каби осмон жисмлари намойиш этилади. Бундай амалий тадқиқотларга болалар жуда қизиқади. Мана, икки йилдан бери ўзбекистонлик ўқувчилар ҳам астрономия фанидан халқаро олимпиадаларга қатнашишни бошлашди. Ёшларимиз 2023 йилда 1 та кумуш, 3 та бронза, 2024 йилда эса 4 та кумуш, 2 та бронза медалини қўлга киритишди.
Суҳбатимизнинг якунида шуни таъкидлаб ўтмоқчимизки, муҳтарам Президентимизнинг Учинчи Ренессансни барпо этишга қаратилган буюк даъватини амалга ошириш учун замонавий илм-фан ва техника ютуқларидан хабардор, чет тилларини мукаммал эгаллаган, билимли ёшларни тарбиялаб, вояга етказишимиз керак. Янада муҳим шарт шуки, янги кашфиётлар қилиш учун уларга зарурий ишлаш шароитлари, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лабораториялар ташкил қилиб беришимиз керак. Бундан ташқари, Майданак ва Жиззахдаги Суффа обсерваторияларида фаннинг энг илғор соҳаларида тадқиқотлар олиб бориш имконини яратишимиз керак. Ана шундагина мамлакатимизда Мирзо Улуғбекнинг илм-фан соҳасидаги ютуқларини давом эттирадиган иқтидорли ёшлар етишиб чиқади.
Суҳбатдош: Гулнора ШЕРМАТОВА.