Туризмни ёритишдаги кўринмас масъулият
Бугун туризм дунё иқтисодиётининг энг фаол тармоқларидан бирига айланган. Давлатлар ўзини дунёга танитиш, инвестиция жалб қилиш, маданий таъсирини кенгайтириш учун туризмга суянмоқда. Аммо бу жараёнда кўпинча кўздан қочадиган бир омил бор: туризмни ким ва қандай тилда, қандай ёндашув билан дунёга кўрсатмоқда? Айнан шу савол мени илмий изланишларимда туризм журналистикаси йўналишини танлашга олиб келди.
Кўпчилик учун туризм — бу саёҳат, дам олиш, чиройли манзаралар, тарихий обидаларни зиёрат қилиш ҳисобланади. Оммавий ахборот воситаларида ҳам туризм кўпинча шундай кўринишда намоён бўлади: “энг гўзал жойлар”, “албатта бориш керак бўлган масканлар”, “арзон ва қулай йўналишлар”. Бироқ бу ёндашув туризмнинг асл ижтимоий, маданий ва сиёсий мазмунини назаримда торайтириб юборади. Аслида, туризм — бу давлатнинг имижи, миллатнинг ўзини дунёга қандай таништириши, ҳудудларнинг қандай тасвирланиши, маданиятнинг қандай талқин қилиниши демакдир. Шундай экан, туризм ҳақидаги ахборот оддий маълумот эмас, балки ахборот сиёсати даражасидаги масаладир.
Айнан шу нуқтада туризм журналистикаси алоҳида илмий йўналиш сифатида аҳамият касб этади. Туризм ҳақида ёзиш билан туризм журналистикаси ўртасида фарқ бор. Биринчиси — ахборот мазмунидаги ёки реклама характеридаги матн бўлиши мумкин. Иккинчиси эса ижтимоий масъулият, аналитика, танқидий фикрлаш, тил маданияти ва этик меъёрларни ўзида бирлаштирган профессионал фаолиятдир. Афсуски, ҳозирги медиа майдонида бу икки тушунча кўпинча аралашиб кетган.
Илмий манбаларни таҳлил қилганда яна бир муҳим муаммо кўзга ташланади. Туризм бўйича назарий тадқиқотлар бор: улар туризмнинг иқтисодий таъсири, экологик барқарорлик, маданий меросни сақлаш каби масалаларни ўрганади. Бошқа томонда эса амалий ахборот оқими мавжуд — янгиликлар, репортажлар, блоглар, реклама материаллари. Аммо айнан шу икки қутбни бирлаштирадиган, яъни туризмни илмий таҳлил асосида, журналистик услуб ва мезонлар билан ёритишни ўрганувчи тизимли тадқиқотлар деярли йўқлиги сабаб назария бир томонда, амалиёт бир томонда қолмоқда.
Бу узилиш бир қатор салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Туризмни ёритишда реклама ва ахборот чегараси йўқолади, ҳудудлар соддалаштирилган образларга айлантирилади, маҳаллий аҳоли манфаатлари кўринмай қолади, экологик муаммолар эътибордан четда қолади. Натижада ОАВ реал ҳаётни эмас, “чиройли витрина”ни кўрсатади. Бундай ёндашув қисқа муддатда жозибадор кўринса ҳам, узоқ муддатда ишонч ва барқарор ривожланишга зарар етказиши мумкин.
Шу сабабли мен танлаган диссертация йўналиши — туризм журналистикаси — шахсий қизиқишдан кўра кўпроқ ижтимоий эҳтиёж билан боғлиқлигини тушундим. Бу соҳада тил меъёрлари, нутқ хусусиятлари, туристик образ яратиш механизмлари, объективлик ва миллий манфаат ўртасидаги мувозанат, этик масалалар каби кўплаб жиҳатлар чуқур ўрганилиши керак. Туризм журналистикаси, аслида, мамлакатнинг дунёга тутган ахборот кўзгусидир. Бу кўзгу қанчалик аниқ, масъулиятли ва илмий асосланган бўлса, давлат имижи ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.
Мазкур мавзунинг яна бир муҳим жиҳати — унинг истиқболга йўналтирилганлигидир. Туризм ривожланмоқда, медиа технологиялари ўзгариб бормоқда, рақамли платформалар туристик ахборот тарқатишнинг асосий майдонига айланмоқда. Бу жараёнларда туризм журналистикасининг назарий модели, лингвистик ва стилистик хусусиятлари, ҳудудий брендингнинг медиа механизмлари, этик меъёрлари ишлаб чиқилмаса, соҳа ёндашувлари ўзгариб кетади. Шу боис келажакда илмий изланишларимни докторлик босқичида ҳам айнан шу йўналишда давом эттиришни мақсад қилганман. Мақсад — туризм журналистикасини “саёҳат ҳақида ёзиш” даражасидан мустақил илмий ва профессионал йўналиш даражасига олиб чиқишдир.
Содда қилиб айтсам, туризм журналистикасини танлашим илмий бўшлиқни кўриш, амалиётдаги муаммони сезиш ва журналистиканинг жамият олдидаги масъулиятини чуқур англаш натижасидир. Бугун биз туризмни қандай ёритаётган бўлсак, эртага дунё бизни шундай тасаввур қилади. Шунинг учун туризм журналистикаси — нафақат медиа соҳаси мавзуси, балки миллий ўзлик, маданий сиёсат ва ахборот масъулияти масаласидир.
Дармонжон РУСТАМОВА,
Ўзбекистон Миллий университети талабаси.
