“Ўзунгни шод тутгил, ғам ема дунё учун зинҳор…”
Атоқли навоийшунос олим, зукко мунаққид, филология фанлари доктори
Иброҳим ҲАҚҚУЛ билан мулоқот
Ўзбек адабиётшунослигида филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул номи алоҳида ўрин тутади. У бир умр Навоий ва Бобур сингари улуғ зотларнинг асарларини халқимизга тарғиб-ташвиқ қилди, у зотлар яратган ҳикматлар мағзини чақишда кекса-ю ёшга сабоқ берди.
Дарҳақиқат, Иброҳим Ҳаққулчалик сермаҳсул ва кўп китоб яратган адабиётшунослар саноқлидир. Унинг “Ўзбек адабиётида рубоий”, “Занжирбанд шер қошида”, “Тасаввуф ва шеърият”, “Камол эт, касбким”, “Увайсий шеърияти”, “Бадиий сўз шукуҳи”, “Навоийга қайтиш” сингари йигирмадан ортиқ китоблари нашр этилган. Бу асарлар ҳамиша адабиёт муҳиблари томонидан севиб мутолаа қилинади.
“Адабиёт ўлмайди!” дея бонг урган эди машҳур адиблардан бири. Чиндан ҳам ҳақиқий ижодкорлар, улар битган сермазмун асарлар, шу жумладан, ҳақиқий олимлар ёзган китоблар, айтган сўзлар ҳам ўлмайди. Чунки ҳамиша тирик, барҳаёт фикрлар мангуликка дахлдор бўлади.
Таниқли журналист, адиба Амина Қодированинг ҳассос олим Иброҳим Ҳаққул билан қуйидаги суҳбати шу вақтгача матбуотда тўлалигича эълон қилинмаган. Гарчи бугун адабиётшунос олимнинг ўзи ҳаёт бўлмаса-да, у киши томонидан айтилган фикрлар жуда долзарб, муҳим аҳамиятга моликдир. Шу боисдан ҳам Иброҳим Ҳаққул билан Бобур Мирзо ижоди, унинг гўзал, баркамол таълимоти ҳақида қилинган мулоқотни эълон қилишни жоиз деб билдик.
— Иброҳим ака, Бобур ҳақидаги бир мақолангизда “Бобур биз учун энг ёрқин, энг маҳобатли бир юлдуз. Бу юлдуз ҳам жуда олис, ҳам беҳад юксак. Унинг завқбахш нури ҳеч қачон сўнмайди. Ана шу мусаффо нур бизу сизнинг онг ва идрокимизнинг ёришувига хизмат қилади. Бундан қарийб беш аср муқаддам шундай бўлган. Ҳозир ҳам шундай. Кейин ҳам шундай бўлиб қолаверади”, деб ёзгансиз. Айтинг-чи, Бобурнинг буюклиги шоҳлигидами ёки шоирлигида?
— Дунёда Мирзо Бобурга ўхшаш шоҳ ва салтанат соҳиблари кўп бўлган. Лекин улар орасида айнан Бобурга ўхшайдиганлари йўқ. Шунингдек, тарихда шоирлик билан машғул бўлган ҳукмдорлар кам эди дейсизми? Улар орасида диди, савия, завқ ва истеъдод эътибори ила Бобурга тенглашадиганларини топиш қийиндир. Демак, Бобурнинг буюклиги, энг аввало, бетакрор ва беназир шахсиятида. Биласизки, Оллоҳ инсонни фақат бахтсизлик, мусибат ва қийинчиликлар билан эмас, истеъдод ва бахт бериб ҳам, тахт бериб ҳам синайди. Бу синовлардан омон-эсон ўтиш, ҳаётий ва илоҳий имтиҳонлар чоғида мардона қад ростлаб, ҳақиқат, тўғрилик, шижоат йўлидан адашмаслик, бу – ниҳоятда оғир ва қийноқли иш. Ҳамма ҳам бардош беролмайди бунга. Барчанинг ҳам куч ва журъати етавермайди бунга. Шунинг учун бировлар тақдирнинг илк зарбасидаёқ ишонч-эътиқодидан йироқлашади. Қўрқув ва ночорлик айримларнинг шахсини синдириб, парчалаб ташлайди. Кимлардир “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ” қабилида иш кўриб, иккиюзламачилик, риёкорлик билан “зафар”га эришиш “усули”ни танлайди ва ҳоказо.
“Тангри таолонинг инояти билан ва Ҳазрати он Сарвари коинотнинг шафоати билан ва чаҳорёри босафоларнинг ҳиммати билан сешанба куни рамазон ойининг бешида саккиз юз тўқсон тўққизда Фарғона вилоятида ўн икки ёшта подшоҳ бўлдум”, – дейди Бобур. Ўн икки ёшда подшоҳ бўлишни тасаввур этиш мумкин. Лекин омонсиз давр қуюнлари ўн икки ёшли тахт соҳибининг бошига ёғилиб келиши, замон унинг жангу жадаллар, қонли курашлар, хиёнат, жиноят ва мағлубият гирдобига ташлаши, узлуксиз равишда нотинчлик, меҳнат-машаққат ва бир-биридан оғир, бири иккинчисидан қалтис хавф-хатарларга юзма-юз этиши – буни хаёлдан ўтказиш, қабул қилиш қийин, албатта. Бобур:
Даврон мени ўткарди сару сомондин,
Айирди бир йўла мени хонумондин,
Гаҳ бошима тож, гаҳ балойи таъна,
Неларки бошимға келмади даврондин, –
деганида мутлақо ҳақ эди. Бобур улуғ ақл, метиндай мустаҳкам ирода, ниҳоятда ўткир ва мунаввар фаросат соҳиби эди. У тангрининг инояти, ҳазрат Расулуллоҳнинг шафоатига ҳамиша ишонган. Аммо даҳр ва даврон унинг руҳини эзиб, жонини чиғириқдан ўтказган онларда тахт даъвосидан кечишни, бошни олиб бирор ёқларга кетишни, ҳатто ўлимни сўнгги нажот деб ўйлаган. Бобур бу хусусдаги фикр ва туйғуларини ҳам асарларида очиқ-ойдин изҳор этади. Яъни томирларида жаҳонгирлик қони гупурган Мирзо Бобур ҳеч вақт ўзини енгилмас, мард, жасур қиёфада кўрсатишга уринмайди. Доимо борни – бор, йўқни – йўқ, оқни – оқ, қорани – қора дейди. Унинг мана бу фикрларига диққат қилинг:
Ўлум уйқусига бориб жаҳондин бўлдум осуда,
Мени истасангиз, эй дўстлар, кўргайсиз уйқуда.
Неким тақдир бўлса ул бўлур, таҳқиқ билгайсиз,
Эрур жангу жадал, ранжу риёзат барча беҳуда.
Ўзунгни шод туткил, ғам ема дунё учун зинҳор,
Ки бир дам ғам емакка арзимас дунёйи фарсуда…
Албатта, булар жангу жадал, ранжу риёзат, ғавғою надоматдан безган ва хаёлий бир осудаликка муҳтож кўнгулнинг гаплари. Айни пайтда унинг ўлимни хотирлаб, тириклик қувончини олқишлаши, дунё ҳақидаги орифона ҳукмига қойил қоласиз. Бобур деярли ҳеч бир масалага тор қарамайди. Уни ўзининг майл ва манфаатига мослаб ҳал қилмайди. Уни ахлоқий-диний, маърифий-ҳуқуқий асосларидан ажратмайди.
Хуллас, шахси фазилатларга бой, эътиқоди бут, элпарвар, ҳаётсевар ва маърифатли бир ҳукмдор бўлса, Бобурдай бўлади. Бир қўлида қилич, бир қўлда қалам ушлаб ёвузлик, разолат, тубанлик, жаҳолат ва хиёнатга қарши борган алп бир курашчи бўлса, Бобур қадар бўлар.
Кўнгли тилаган муродиға етса киши,
Ё барча муродларни тарк этса киши.
Бу икки иш муяссар ўлмаса оламда,
Бошни олиб бир сориға кетса киши.
— Бу оламда ҳар бир нарса сир-синоатга тўла. Уни англаб етмоқ учун инсонда ақл, тафаккур, билим билан бирга кўнгил кўзи ҳам очиқ бўлмоғи керак. “Ғунчадек кўнглум манинг…” деб фиғон чеккан Мирзо Бобур ижодини ёритиб турган шуъла унинг дилбар қалби – минг бор синса-да, яна қалқиб чиққан қуёшдек порлоқ кўнгли эмасми?
— Шеърият – бошқа олам, сиёсат – бошқа олам. Шоирлик – бошқа бир ҳунар, шоҳлик – мутлақо бошқа бир фаолият. Салтанат йўли… ақл, тадбир, ҳуқуқ, қонун, ҳукмронлик йўли. Шеърият йўли – руҳ, кўнгил, тахайюл, нафосат ва гўзаллик йўли. Шеърият онг қашшоқлиги, қалб дарди, руҳоний саёзлик, тафаккур равнақига чора ахтаради. Сиёсатни эса ижтимоий, иқтисодий, мафкуравий, ҳуқуқий муаммолар кўпроқ қизиқтиради. Сиёсатчининг тили – ақл ва мантиқ тили, шоирнинг тили – кўнгил ва туйғу, нафосат ва гўзаллик тили. Шунинг учун шоирнинг ақли ҳам, мантиқий мулоҳазалари ҳам эстетик мушоҳада ёки идрокка албатта бўйсунади. Акс тарзда образли тасвир тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Ана шу сабабларга кўра ҳам шоирликни шоҳлик билан, шоҳликни шоирлик билан бирлаштириш жуда мушкулдир. Тўғри, Шарқда шеър ёзган, шоир сифатида тарихда из қолдирган подшоҳлар бисёр бўлган. Аммо уларнинг кўпчилигида шоирлик мақоми ҳукмдорлик мавқеидан паст туради. Бобурда бундай эмас. Бобурнинг шоҳлиги на истеъдоди, на ижодий қиёфасига соя ташлолмайди. Аксинча, ҳукмдорлигини илмий-ижодий, фикрий-маърифий фазилатлар бойитади. Бобур подшоҳлик билан шоирлик рост келавермаслигини яхши билган. Бобур ўз мемуарида зоҳирий сафар, саргузашт ва курашларини баён этган. Шеърларида эса у кўнгил ва руҳ саёҳатига дахлдор маъно ҳамда туйғуларни тасвирлаб беради. Чиндан ҳам кўнгил Бобур маънавий ҳаётининг энг сўнмас, энг кўркам водийси эрур…
— Тасаввуф гўзал ахлоқ ва руҳий баркамоллик таълимоти. Шу билан бирга қалбни қувватлантириб, кўнгилни ғуборлардан тозалаб, латифлаштирувчи тажрибадир. Бобурнинг тасаввуф дунёси билан алоқаси борми, бўлса у қай даражада? Орифлик Бобур шеъриятининг жозибасими ёки тасаввуфий завқ ҳосиласими?
— Ҳақиқатан, тасаввуф гўзал ахлоқ, руҳий баркамоллик таълимоти. Taсаввуфда Оллоҳ ва инсон муносабати, комиллик ва илоҳий бирликка эришиш муаммолари асосан Ишқ ва Кўнгил сирларини очиш йўли билан ҳал қилиб берилади. Бу сирлар шу даражада нафис, жозибали ва теранки, бефарқ қолишнинг иложи ҳам, имкони ҳам йўқ. Тасаввуфий ҳаёт – кўнгил ҳаёти. Бу ҳаётнинг замини маърифат, самоси руҳоният, қуёши ишқ, моҳияти ошиқликдир. Ошиқлик, биринчи навбатда, гўзаллик тасарруфидаги ҳол соҳиби бўлиш деганидир. Шунинг учун тасаввуф илми “илми ҳол” ҳам дейилган. Ишқдан туғилган, маърифат ва ҳақиқат қучоғида парвариш топган, дард ва изтироб оташида тобланган ҳол камолини бир тасаввур этинг! Аниқ ишонаманки, дунёнинг бирор-бир қўполлиги, саёзлиги, ёвузлик ва чиркинлигини қабул қилолмайсиз. Ҳол завқи руҳни қувватлантиради. Руҳ нима қилади? Ишқ ва гўзаллик, меҳр ва эзгуликка “мулозим” бўлишга ярамайдиган барча ҳис, барча нафсоний майл ва эҳтирослардан кечишни талаб этади. Бу ҳақда ўйлаганда Бобурнинг муножот оҳангида битилган бир рубоийси беихтиёр ёдга келади:
Руҳум яратиб эдинг латофат бирла,
Қилдинг анга танни ҳамроҳ офат бирла,
Руҳумни чу тан эвига келтурдинг пок,
Мундин бори элитма касофат бирла.
Дарҳақиқат, руҳнинг вужуддаги ҳамроҳи бир офат бўлиб, у нафсу ҳаводур. Руҳ латифлигини нафс касофатидан муҳофаза айлашга уриниш тасаввуфий ҳаёт тажрибасидан баҳс юритишнинг айни ўзи ҳисобланади.
Бобур – ориф шоир. Унинг маърифати ҳаммадан аввал одамни ва одамиятни тушунишга қаратилган. Унингча, одамни англаш – одамнинг дарди, ҳоли ва қадрини англашдир:
Бедард ҳабиб билмади дардимни,
Туфроқча кўрмади руҳи зардимни.
Мендин неча кўнглида ғубори бўлғай,
Кетдим муна эмди топмагай гардимни.
Бундай самимий, табиий ва ҳикматли мисралар ўқувчини китобий, сунъий, ялтироқ ва баландпарвоз сўзлардан тўқилган шеърларга қайрилиб ҳам қарамасликка ўргатади. Бу ҳам жуда муҳим, албатта.
— Бобур рубоийлари билан адабиётимизда янги саҳифа очди. Ойбек “Бобур рубоийлари шоир поэзиясининг чўққисидир”, деганда нимани назарда тутганди? Умуман, Бобур рубоиётидаги ғоявий-бадиий ўзига хослик нималарда яққол кўзга ташланади?
— Дунё-ку на ғам, на эъзозга арзимас экан, арзирлиси нима? Бобурнинг дилбар шеъриятидаги ғазал ва рубоийларнинг ҳар бири гўё мана шу саволга бир жавобдир. У аҳли жаҳондан яхшилик кутмайди. Замондан яхшилик чиқмаслигини билади. Бироқ яхшиликнинг шарофати ва истиқболига ишончдан чекинмайди, чекинмаслик зарурлигини ҳам таъкидлайди:
Бори элга яхшилиғ қилғилким, мундин яхши йўқ,
Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
Бобур Шарқ шеъриятининг қадимий жанри бўлмиш рубоийнинг маъно олами, руҳи ва оҳангларини янгилай олган эди. У рубоий шаклининг имконият ва талабларига асосланиб ўзбек рубоиётини янги тақдир, янги фикр-қараш, янги-янги образли тасвир ва бадиий бўёқлар билан бойитди. Бобурнинг рубоийлари – унинг дил изҳори, дард, ҳасрат ва армонларининг очиқ баёни, юрт ҳижрони, давр, замон ва инсон толеи ҳақидаги ишқий, фалсафий, мушоҳадаларининг ҳаққоний ифодасидир. Шу маънода Бобур рубоийларини қанча юқори баҳоласа ҳам арзийди. Бобур рубоийлари севилиб ўқилади. Улар тўғридан-тўғри юракка кириб боради. Ақл-идрокни нурлантиради. Ўзингни таниш, мавжуд аҳволингни билишда адашмасликка ўргатади. Маънавий-руҳий қувват қайноқларини очади. Ақл-ҳуши, фаҳм-фаросати жойида бўлган ҳар бир ўзбек мана шу учун ҳам шукрона айтишга бурчлидир. Албатта, Бобур рубоийларини ўқиганда буюк бир армон ва соғинч ҳисси дилни ўртайди. Ўз майдалигинг, бечоралигингдан қаёнга қочишни билмай қоласан. Шунда сени ўйлатадиган, суяйдиган қадрдон сўзлар хотирага келади:
Не чора қилай, нетайки, тенгри гўё,
Меҳнатни менга ёр этти, меҳнатқа мени…
— Тарих инсон учун руҳий қувват бўлиши билан бирга катта сабоқ мактаби ҳамдир. Айтинг-чи, биз “Бобурнома”ни фақат мозийда бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалардан сабоқ чиқариш учун ўрганишимиз керакми ёки унинг бошқа муҳим сабаблари ҳам борми?
— “Бобурнома” – бошдан-охир ҳаёт китоби, реал ҳаётда кечган, лекин маъно-мазмуни беҳад хилма-хил воқеа-ҳодисалар тасвирланган қомусий китобдир. Унинг қомусий характери муаллифининг қомусий иқтидори ва салоҳиятидан юзага чиққан. Айни пайтда, “Бобурнома” Шахснинг тарихдаги роли, ўзига хос хизмати, кураш йўли, маслак ва матонатини кўрсатувчи ибратли асар ҳисобланади. Ундаги марказий қаҳрамон, албатта, Мирзо Бобур. Шунинг учун ўн икки ёшида Фарғона тахтига чиққан ўспирин шаҳзоданинг шахс сифатидаги шаклланиши, мустақил ва мустаҳкам бир давлат бунёд этиш мақсадидаги амаллари ва подшоҳлик тақдирини ўқувчи қизиқиш билан кузатиб, янада кучлироқ қизиқиш ила билиб, мушоҳададан ўтказиб боради. У кузатган, билган, ёқлаган ёки инкор айлаган воқеа-ҳодиса ва маълумотларнинг айтарли барчаси, энг аввало, Бобурнинг кимлиги, инсоний моҳиятининг туб асосланганини чуқур англашга хизмат қилади. Бунда Бобур характеридаги очиқлик, холислик, тўғрилик ва жавонмардликнинг жозиба қувватини эсга олмасликнинг иложи йўқ. Муддао янада равшанлашиши учун бир мисол келтирмоқчиман. Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романида Отабекнинг “Бобурнома”ни ўқиши ҳақида сўзлайди. Нега бошқа бир асар эмас, айнан “Бобурнома” танланган? Биринчидан, қай бир зайлда Бобур ва Отабек қисматдош. Бобур тожу тахт учун жангу жадал қилса, Отабек бахт учун олишади. Бобурга қарши сиёсий адоват ва душманлик қилич кўтарган бўлса, Отабек иғво, фитна, ҳасад бандаларининг пичоғига кўксини қалқон қилган ва ҳоказо. Отабек фитна, адоват боис ўлимга ҳукм этилганда ҳам таҳликага тушмайди, қўрқиб-қақшамасдан хон ҳузурида “Ҳақсиз жазо” дея эътироз билдиради. Энди айтинг, Отабекнинг сийратида қўрқоқлик, номардлик мудраб ётганида ёки “айбдор” сифатида хон қаршисида титраб-қақшаб ўзгача аҳволга тушганида, унинг “Бобурнома”ни ўқиши оқлармиди ўзини? Мутлақо оқламасди. Демоқчиманки, кечмиш тарихни, адабиёт, илм-фан, маданиятимизни билиш учун “Бобурнома”ни ўқиб-ўрганиш зарур. Лекин борлиғимизни бир-биридан увоқ, бир-биридан ўткинчи майллар таъқиб этиб турса, ҳурлик ва ростликни шарафлаб, ёлғон ва мутеликдан хижолат чекмасак, ичимизда номардлик, сотқинлик, хашакилик туйғулари яшнаб турса-ю, Бобурнинг жасорат ва жавонмардлигини мадҳ айласак – бундай ҳолатда “Бобурнома”даги бош моҳият, бош ҳақиқат, маънавий-руҳий қудрат сир-асрорини кашф этолмай, чайнашдан нари боролмаймиз. “Бобурнома”га ўхшаш китобларни мутолаа қилганда, “Қандай ўқиш керак?” деган саволга асосланиш камлик қилади. Бунга “Ким бўлиб ва нимани кўзлаб ўқиш керак?” деган савол ҳам қўшилмоғи лозим, албатта.
— Бобур қалбида армонларга қоришиқ Ватан яшаган. Шу боис унинг қайғусида киши ўз қайғусини, унинг қалбида ўз қалбини кўради. Бобурни ўқиганинг сайин Ватан – Ўзбекистон меҳри юрагингни иситади. Шоирнинг тажриба-ю сабоқлари йўлингни ёритади. Оддий бир гиёҳ ҳақида ёзганда ҳам Ватан сийрати ва сурати акс этади. Унинг асарларида шаклни мазмундан ажратиб бўлмайди. Адабиётшунос олим сифатида Бобур ижодини ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишлардан кўнглингиз тўладими?
— Фанимизда навоийшунослик сингари бобуршунослик деган мустақил тармоқ бор. Бу бир-икки кишининг меҳнати билан юзага келган бир илм тармоғи эмас. Унга жуда кўп олимларимиз ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишган. Бу ўринда барча бобуршуносларимизнинг исм-шарифлари ва тадқиқотларини номма-ном санашнинг имкони йўқ. Лекин Бобурнинг ҳаёти ва ижодиётига бағишланган тадқиқотларнинг аксариятини мен қадрлайман. Маълумки, шўро замонида Бобур ҳақида ҳамма гапни бемалол очиқ-ойдин айтиш ва ёзишнинг иложи йўқ эди. Ҳозир сиёсий тўсиқ ва назоратлар барҳам топди. Демак, илм майдони эркин. Шунинг учун юксак савия, фидойилик билан янги-янги тадқиқотларга қўл уриш зарур. Чунки Бобурнинг илмий ва адабий мероси маданиятимиз, маънавиятимиз, маърифатимизнинг бебаҳо хазинаси эрур.
Суҳбатдош:
Амина ҚОДИРОВА.
