Китоб — илму ҳикмат, битмас хазина

ёхуд фестивалдан кейинги мулоҳазалар

Олтин куз олтинлашиб бораётган шу кунларда китоб ёзишга, китоб ўқишга, китоб сотишга, китоб олишга меҳр берганлар машварати — “Битмас хазина” китоб фестивали бўлди. Катта байрамга айланиб кетган анжуманда давлат ва жамоат, санъат ва маънавият арбоблари, илм-маърифатга, адабиётга хизмат кўрсатиб ном қозонган олимлар, ёзувчилар, шоирлар, журналистлар, ноширлар, китоб савдоси ходимлари иштирок этдилар.

Бўстонлиқнинг табиати гўзал, ҳавоси тоза, одамлари меҳнаткаш. Бу гўшанинг субҳидамида ижод аҳли илҳоми уйғонади. Йил сайин иқлими қуруқлашиб, ҳавоси оғирлашиб бораётган пойтахтнинг диққинафасликларидан зада бўлиб турганингизда, бағрида боғлари бор тоғлар қўйнидаги “Green Hills Resort” дам олиш масканига келиб қолишнинг ўзи бир неъмат.

Фестивални Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев очиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев адабиётимизга, ижодкорларга, ношир ва китобхонларга, таржимонлар ва матбуот вакилларига муносиб шарт-шароитлар яратишни давлат сиёсати даражасига олиб чиққанлиги ва бу ғамхўрликнинг аҳамияти ҳамда ижобий натижалари ҳақида гапирди.

Тадбирни ўтказишга масъул бўлган идоралар номидан сўзга чиққанлар фестиваль доирасида ташкил этилган “Битмас хазина” китоб кўргазма-ярмаркасининг аҳамияти ва бошқа ахборий чиқишлари билан йиғилганларга маълумотлар тақдим этди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, адабиётшунос олим ва моҳир таржимон Иброҳим Ғафуровнинг донишона нутқ ирод этиши шарофати билан йиғилганлар вужудига нур кириб келгандай бўлди, кўз ўнгимизда адабиёт салоҳияти баланд тоғлардек гавдаланди. Айниқса, Президентимизнинг дунёга машҳур муҳаддис, ҳадис илми олими Исо ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш бўйича қабул қилган қароридан устозимиз Иброҳим Ғафуров қанчалар қувонганини ва Термизий ҳадислари мазмун-моҳияти, ҳадиси шарифларнинг нафақат ислом оламига, балки бутун инсоният учун боқий аҳамиятга эга эканлиги ҳақидаги орифона хулосаларини тинглаб ўтириб, қалбимиз илоҳий малҳам олгандай ҳузурланди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Минҳожиддин Мирзо фестиваль иштирокчиларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Олий Мажлис сенати аъзоси Сирожиддин Саййиднинг табригини етказди. Табрик сўзини китоб аҳлига атаб ёзган ўзининг қуйидаги шеъри билан якунлади:

Олис-олислардан нур тафтин илғаб,

Талпинган оққушдай нажот-офтобга.

Закий боболарнинг ҳикматин тинглаб,

Китобга қайтаяпмиз, шукур, китобга.

 

Жаҳолат шарпасин дилдан қувгувчи,

Каъбадай Ҳақ кулиб турган меҳробга.

Кўнгил зангларини нур-ла ювгувчи

Китобга қайтаяпмиз, шукур, китобга.

 

Тўғри, саводимиз китоб-ла чиқар,

Тўғри, бешик асли бизга мактаблар.

Лекин Навоийни англаши учун

Асл наволардан йироқ юраклар.

 

Жазм этиб энг улуғ илму савобга

Китобга қайтаяпмиз, дўстлар, китобга.

Ҳаётнинг ҳар куни имтиҳон, сўров,

Юрак шайми, дея бу кун жавобга.

 

Кўнгил ғунчаларин босмасдан қиров

Китобга қайтаяпмиз, шукур, китобга.

У билан бандидур нафсу разолат,

Ҳар саҳифа бахш этур дилга ҳаловат.

 

Бир бутун коинот дарс олур бетин

Китоб берган кучга айтиб саловот.

Темурий боболар битган номалар,

Не қолдирмиш бизга асрий хомалар.

 

Ибн Синоларни кўкка кўтарган

Ахир ул Бухорий кутубхоналар,

Не бахт, юракларда битиб шоналар

Китобга қайтаяпмиз, шукур, китобга.

 

Нур кўксига элтар йўлакка қайтдик,

Асл нурномалар — тилакка қайтдик,

Китоб-ла шуурда қуёш уйғониб,

Нафс мулкига эмас, юракка қайтдик.

 

Яна бир ўй ўтди сўзим сўнгида,

Китоб тутган онам кўзим ўнгида,

Дилга ором берган тотларга қуллуқ,

Бизга китоб тутган зотларга қуллуқ!

“Uzreport TV” телеканалини зиё масканига айланиб бораётган даргоҳга қиёслагим келади. Айниқса, “Битмас хазина” каби лойиҳалар одамлар моддият қудратидан сеҳрланиб, кўзлар эса зебу зарлар зийнатидан пардаланиб бораётган бугунги даврда бундай кўрсатувларнинг қадри баландлашиб бораверади.

Дам олиш масканининг мажлислар залида “Муаллифлик ҳуқуқи ва таржима масалалари”га бағишланган конференцияда, “Ноширлик иши, ёзувчилар билан ҳамкорлик” мавзусидаги давра суҳбатида интеллектуал мулк, муаллифлик ҳуқуқи ва таржимачилик бўйича мамлакатимизда амал қилиб турган қонун ҳужжатларига ваколатли идоралар вакиллари томонидан тушунтиришлар берилди.

“Халқаро тажриба: адабий агентлик ва меценатлик фаолиятлари” мавзусига бағишланган давра суҳбатида ноширлар ва муаллифлар учун муҳим масалалар ечимлари топиладиган ҳуқуқий манбалар ҳақида маълумотлар берилди. Иштирокчилар электрон ноширлар томонидан 800 дан ортиқ овозли китоблар тайёрлангани, адабий агентлик ва меценатлик фаолияти мамлакатимизга кириб келгани ва уларнинг ҳуқуқий асослари ҳамда жаҳон тажрибасида синовдан ўтган бундай усуллар орқали ижодкорларнинг ақлий меҳнати қандай мезонларда баҳоланиши тўғрисида мутахассислар фикрини эшитишди.

Ижодкорлар бор даврада шеърлар ўқиш қадим-қадимдан қолган мерос. Шоири замон ёзган шеърини ўқиганида эшитганлар бир яйраса, ўзи минг яйрайди. Иймон-эътиқод билан ёзилган шеър ўқилган даврага илму ҳикмат, файзу фароғат киради. Шеър тинглаган вужудга илҳом париси мўралайди. Бугун ҳам шундай бўлди. Даврада Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Маҳмуд Тоир шеър ўқиганида, чеҳралар ёришиб кетди, йиғилганлар қалбига ижодий руҳ кириб келди…

Шу ўринда андак болаликка қайтгим келди. Отам раҳматли Кенжабой Қирғизбоев Ўшнинг Аравонидаги қишлоқ мактабларида ўзбек тили ва адабиёти фанидан эллик йилдан ортиқ ўқитувчилик қилган. Ўзи ёзган ҳикматли шеърларини ўқиганида, бахтиёрлигидан болалардек беғубор севиниб кетадиган шоир эди, эл ардоғидаги домла эди. Болалик чоғларимда бошим оғриб қолса, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” достонларини ўқиб берарди. Ором олиб, оғриқ қолиб ухлаб қолардим. Англаб етганманки, иймонли шоирнинг эътиқод билан ёзган шеъру достонлари ҳам Қуръон оятлари каби шифобахш экан. Отам “қуш уясида кўрганини қилади” деб айтаверарди, деяверарди. Анжуманга келган ижодкор дўстларимдан: “Китоб ўқишни кимдан ўргангансиз?” деб сўрасам, бири отамдан, бири онамдан, бири эса тоғамдан, яна бири опамдан ўрганганман дейди. Қариндошларга китоб ўқишни ўргатиш ҳам инсон учун инфоқ-эҳсон, зурриётларига силаи раҳм қилгандай савоб иш эканига аминман. Менга китобга муҳаббат отамдан мерос.

Атрофимизда умрини китоб ўқиб, китоб ёзишга, илм олиб, илм беришга бағишлаган, қувваи ҳофизаси кучли, зеҳну закосига ҳавас қилса арзигулик инсонлар кўп. Шулардан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари номзоди, таниқли адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддиновдир. Унинг айтишича, китоб ўқинг деб буюриш — яхшиликка буюришдир. Китоб ўқиш илм олишдир. Китоб илмга яқинлаштиради, илм эса инсонни олим қилади. Олим эса Аллоҳга яқинлашади.

Тошкент вилоятида ҳам умрни китобга бағишлаганлардан бири Оҳангароннинг Қурамасида туғилиб, ижод қилган, саксон етти ёшли Барот Исроилдир. У ўнлаб китоблар ёзган, юзлаб шеърлари таниқли ҳофизлар томонидан қўшиқ қилиб куйланган, минглаб китоблар йиққан эл ардоғидаги шоир. У Миртемирнинг сўнгги шогирдларидан бири. Умр бўйи йиққан ўн мингдан ортиқ китоблари учун туғилиб ўсган Тошсой қишлоғида ўз маблағлари ҳисобидан икки қаватли кутубхона қурган. Бу маърифат уйига қўшни қишлоқлардан ҳам ўқувчилар келиб китоб ўқиб кетишмоқда.

Мавриди келганда, ззгу амаллари билан элга танилган, китобсиз ҳаётини тасаввур қила олмайдиган, элу юрти, Пискенти учун жон фидо инсонлардан бири — етмиш беш ёшли Абдунаби Сиддиқовдир. Гарчи касби ирригатор бўлса-да, очилмай ётган тарих сирларини қидиришга йигирма йилдан ортиқроқ вақт сарфлади. У “Оҳангарон (илоқ) воҳаси ва Пискент тарихидан лавҳалар” номли китобини ёзиб, 2018 йилда чоп эттирди. Мана сизга ибрат мактабларининг ибратли муаллимлари, мана сизга замонамизнинг ҳазрати инсонлари! Мана сизга адабиёт зиёлилари! Улар ҳақида ёзилажак очеркларимиз, битилажак китобларимиз бор.

*  *  *

Кези келганда яна бир мулоҳаза: кейинги йилларда республикамизда бўлгани каби вилоятларда ҳам китоб фестиваллари, асарлар тақдимотлари, ижодий кечалар, маънавият тарғиботчиларининг тадбирлари тез-тез ўтказилмоқда. Бундай тадбирларнинг аҳамияти катта, аммо таъсир кучи ва самарадорлиги қандай бўлаётир? Ушбу анжуманга тингловчилар таклиф этишга масъул бўлган ташкилотчилар хўжакўрсин учун иш қилганга ўхшайди. “Битмас хазина” китоб фестивали доирасида ўтказилган “Халқаро тажриба: адабий агентлик ва меценатлик фаолиятлари” мавзусидаги конференцияга вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги маънавият бўлимлари ҳамда мактабларнинг маънавият соҳасида ишлайдиган вакиллари таклиф қилинибди. Уларнинг амалиётида бу мавзу долзарб эмаслиги, лўнда қилиб айтганда, қизиқтирмаслиги сабабидан тингловчилардан айримлари тадбир давомида эснаб ўтиришди, ҳатто ухлаб ҳам қолганлари бўлди. Бу ҳолат эса минбарда жон куйдириб сўзлаётган Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг ҳақли равишдаги танбеҳларига сабаб бўлди. Фестиваль кун тартибидаги мавзуга мос келмайдиган тингловчилар олиб келингани боис, улардан бирортаси фикр билдириш у ёқда турсин, мутахассисларга савол ҳам беришмади. Тошкент вилоятида китоб ёзиш ишқида ёнаётган юзлаб ижодкорларни биламиз. Уларнинг кўпчилиги ёзган асарларини нашр эттиришга маблағ ҳам, ҳомий ҳам топа олмай бошлари қотиб юришибди. Ҳисобот учун олиб келинган тингловчилар меҳмон адиблар кўз ўнгида, совға учун китоб тарқатилаётганда одоб ва маданият меъёрларидан четга чиқиб кетишди. Бундай кўнгилсиз ҳолат ой юзидаги доғга ўхшаб турарди.

Унутмайлик, замон жуда ривожланиб кетган. Бугун эски ҳайбаракаллачилик услублари билан ижодиётда юқори манзилларни забт этиб бўлмайди. Қайсидир поғонадаги раҳбарларнинг масала моҳиятини англашга лаёқати етишмаслиги оқибатида катта маблағ сарфлаб ўтказилаётган фестиваллар самарадорлиги пасайиб кетмаслиги керак.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганларидек, ҳавас қилса арзигулик буюк адабиётимиз, албатта, пайдо бўлади. Спортда бўлгани каби адабиётда ҳам оламшумул асарлар яратилишига ишончимиз комил. Юксак марраларни қўлга киритиш учун ижодкорлару таржимонларнинг, ноширлару муҳаррирларнинг, адабий агентлару меценатларнинг интеллектуал салоҳияти юқори ва замонавий андозалар даражасида бўлса қандай яхши! Китоб фестивалининг мақсади ҳам шу!

Эслатиб ўтамиз, китоб фестивали АОКА, “UzReport TV” телеканали, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Миллий кутубхона, Халқ банки, “Green Hills Resort” дам олиш маскани ҳамкорлигида ташкил этилди.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, публицист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 7 =