Яхши тарбия
ота-она ва ўқитувчи ҳамкорлиги меваси
Жамият тараққиёти, аввало, баркамол авлод тарбиясига боғлиқ. Баркамол шахсни шакллантиришда эса оила ва мактабнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Айниқса, ота-она ва ўқитувчи ўртасидаги ҳамжиҳатлик боланинг таълим-тарбияси жараёнида ҳал қилувчи кучга айланади.
Бола ҳаётининг асосий қисми уй ва мактаб саҳнасида ўтади. Агар бу икки муҳитда талаб ва муносабатлар ўзаро мувофиқ бўлса, бола ўзини бахтли, хотиржам, қизиқишлари қўллаб-қувватланган ҳис қилади. Ота-она ва ўқитувчи ўртасидаги самарали ҳамкорлик боланинг ўқишга бўлган қизиқишини оширади, қобилиятини аниқлаш ва ривожлантиришда катта ютуққа эришилади, интизом ва масъулиятини шакллантиради, муаммоларни эрта аниқлаб, бартараф этишга ёрдам беради.
Аввало, ота-она ва ўқитувчи ҳамкорлигининг тарихий жиҳатларига тўхталсак. Қадимдан устозга бўлган ҳурмат, айниқса, халқимизда юксак қадрланиб келинади. “Устоз — отангдан улуғ”, “Устозни норози қилганнинг косаси оқармайди” деган нақллар бежиз айтилмаган. Шунингдек, илгарилари ота-она бола тарбиясида устозга тўлиқ ишонч билдирган, ўқитувчининг талаб ва танбеҳларини сўзсиз қўллаб-қувватлаган. Фарзандини бирон устозга шогирдликка олиб борганда “Эти сизники, суяги бизники” деб топширган. Тарбия масаласи умумий жавобгарлик сифатида қаралган. Даврлар кесимида илм-фандаги тараққиёт, юксалиш тўлқинлари борки, Шарқдаги ўша устоз-шогирдлик анъанаси тўғри бўлган, деган хулосаларни қувватлайди гоҳо.
Бугунги кунда таълим тизими демократлашиб, бола шахси марказга қўйиладиган бўлди. Энди ота-она ва ўқитувчи ўртасидаги муносабатлар тенг шерикликка асосланмаса, қувонарли натижа кутмай қўявериш керак. Болага муносабат ҳам янги призмада — ўқитувчидан ҳам, ота-онадан ҳам болага дўст бўлиб, бир хил мақомда туриб муносабатда бўлишни талаб этади.
Атрофимиздаги эҳтиёжимизга хизмат қилувчи воситалар, яшашимиздаги қулайликлар, техника кашфиётлари замондошларимизни инжиқ, сабр-тоқатсиз, қунтсиз, гоҳо қийинчиликларга ҳафсаласиз ҳам қилиб қўйди. Шунингдек, ҳаракатсизлик, ихчамликка асосланган гаджетлар замони, ахборотлар бўҳронида XXI аср фуқаролари депрессияга мойил бўлиб қолди. Ҳар қатлам, ҳар соҳада олдинги аср билан янги аср фуқаролари ўртасида улкан тафовут бор. Инчунин, ўқувчи, ўқитувчи, ота-оналарида ҳам. Аввалги ўқувчилар танбеҳдан шижоат олиб, тиришқоқлигини намойиш этган бўлса, бугунгилари депрессияга тушиб қолади, ўзига бўлган ишончини йўқотиб қўяди. Демак, бугунги ўқувчи то ўзига бўлган мустаҳкам ишонч ҳудудига етгунча ўқитувчи ва ота-она ҳамкорлигидаги қўллов, назорат ўта муҳим. Бугуннинг ота-онаси ва ўқитувчиси зиммасидаги масъулият олдинги вазифадошлариникидан карра-карра оғирроқ. Улар болани депрессиянинг, лоқайдликнинг, ўзига ишончи синишининг чегараларидан саломат олиб ўтишлари зарур. Бола қалби, онгини гўёки бир идишдаги тиниқ сув десак, ота-она ва ўқитувчи ҳамкорлигининг бирон нуқтасидаги нуқсон туфайли шу шаффоф сувга гардми, дахл етса, туёқдан шох қадар сарҳадлар зарарни тақсимлаб олади — яъни, жамият.
Хўш, боланинг психологик, физиологик саломатлиги мукаммал ҳамкорликни талаб этар экан, бугунги таълимда боланинг психологик ҳолати, қобилияти, қизиқишлари, жисмоний ва ижодий имкониятларини ҳисобга олиб, устоз ва ота-оналар ҳамкорлик қилса, натижа нималарда кўринади? Аввало, боланинг ўқишга бўлган қизиқиши ортади (ўқитувчи ва ота-ота мулоқоти боланинг қизиқишини эртароқ ва тиниқроқ аниқлайди), муаммолар ўз вақтида аниқланади, болада масъулият ва мустақил фикрлаш шаклланади (ўқитувчи ва ота-она боланинг ўзидан узоқда бўлган вақтида нима билан банд бўлганини, нима ниятдалигини билиб тургани учун болани эркинроқ қўяди, айни вақтдаги зоҳирий ҳаракатларига ишонади, ортиқча тергамайди). Демак, томонлар вақти, асаби, энергияси тежалади, болага ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлашга имкон берилади.
Яқинда ижтимоий тармоқларда бир ўқитувчининг оталар мажлисига синфидаги барча ўқувчиларнинг дадалари тўлиқ қатнашгани ҳақида ҳайрат ва қувонч билан гапирган видеоси тарқалди. Ўқитувчи мажлис белгиланган санадан бир ҳафта олдин ҳар куни оталарга “бонг” юбора бошлаган: “Фарзанди билан вазифа бажариши, келмаган отанинг фарзанди шартни бажаролмаслиги”ни айтиб. Натижада мажлисга оталар тўлиқ қатнашган. Казо-казо ташкилотда ишлайдиган ота ҳам, дақиқаси фалон пул олиб келадиган тадбиркор ота ҳам мактабга келган. Оталар фарзанди билан бир партага ўтириб, шарт бажарган ва бу оталарга ҳам, фарзандларга ҳам катта — кутилган туйғуни берган. Демак, ўқитувчи берилган саломга алик олса, вақти кетиши қайғуси бўлаётган бугунги давр одамлари вакиллари — оталарнинг мажлисда тўлиқ иштирок этишини уддалади. Бу ҳам ҳамкорликнинг замонавий кўринишларидан бири, деб ўйлайман.
Кези келганда айтишни жоиз билдим: энди ота-она ва ўқитувчи ҳамкорлигининг анъанавий ва янги шаклларини санасак. Ота-оналар йиғини, индивидуал суҳбатлар, очиқ дарслар, онлайн мулоқот ва электрон кундаликлар, қўшма тарбиявий тадбирлар ва инновацион ёндашувларни кўплаб келтириш мумкин. Бу ҳамкорликлар орқали ўқитувчи ва ота-она ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат мустаҳкамланади, энг муҳими эса, миллат келажагига дахлдорлик ҳиссини туйган ҳар бир ватандошимизнинг муддаоси — таълим сифати ошади.
Бу мақсадни кўнгилдагидек амалга ошириш учун, аввало, ота-она ва ўқитувчи вазифа ва бурчларини аниқлаштириб олиши керак. Ота-онанинг вазифалари болага соғлом психологик муҳит яратиш, ўқиш учун қулай шароит таъминлаш, ўқитувчи билан ҳурматга асосланган муносабат ўрнатиш, боланинг ютуқларини қўллаб-қувватлаш бўлса, ўқитувчиники ҳар бир боланинг индивидуал хусусиятларини инобатга олиб, ота-оналарга аниқ ва холис маълумот бериш, тарбия масаласида ҳамкорликка очиқ бўлиш, болага меҳр ва сабр билан муносабатда бўлишдир.
Бундай мулоқотлар орқали ота-она боланинг ўқишдаги ютуқлари ва қийинчиликларидан хабардор бўлади, ўқитувчи эса боланинг оиладаги муҳити ҳақида тўғри тасаввур ҳосил қилади. Икки томоннинг умумлашган хулосаси болани профессионал даражада қўллаб-қувватлайди.
Ҳамкорликни янада такомиллаштириш учун ота-она ва ўқитувчи ўртасида мунтазам ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, ота-оналар учун педагогик ва психологик семинарлар ташкил этиш, гаджетлардан самарали фойдаланишни болага ҳамкорликда тарғиб қилиш, мактаб ва оила ҳамкорлигида тарбиявий тадбирлар ўтказиш, боланинг имкониятларидан келиб чиқиб касбга йўналтириш, ҳар бир болага индивидуал ёндашиш кабиларни ҳам йўлга қўйиш керак.
Демак, ота-она ва ўқитувчи ҳамкорлиги боланинг таълим-тарбия жараёнида ҳал қилувчи муҳим омил ҳисобланади. Ҳамма замонларда ҳам яхши тарбия ўқитувчи ва ота-онанинг “сенга бор, менга бор”и эмас, “биз” деган ҳаракати маҳсули бўлган. Тарихий тараққиёт давомида бу ҳамкорлик турли шаклларда намоён бўлган бўлса-да, унинг асосий мақсади ўзгармаган — соғлом, билимли ва маънавий етук авлодни тарбиялаш.
Ҳозирги замонда ушбу ҳамкорлик ўзаро ишонч, ҳурмат ва масъулиятга асосланган ҳолда ташкил этилса, бола шахсининг ҳар томонлама бенуқсон ривожланишига асос бўлади.
Мастона ЙЎЛДОШЕВА,
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги
46-мактабнинг олий тоифали
бошланғич таълим ўқитувчиси.
