Жасоратли шарҳловчи

Радионинг “Ахборот” информацион дастурлари ўз номи билан аҳолини энг сўнгги янгиликлардан хабардор қилиб турувчи муҳим воситадир. Айниқса, XX асрнинг иккинчи ярмида радиоэшиттиришлар миллионлаб мухлисларнинг эътиборини қозонди. Тингловчилар унинг янгиликлари ва оҳанрабо куй-қўшиқлари билан бирга, эшиттиришлар берилишини сабрсизлик билан кутишар эди. Радиожурналистларнинг мавқеи ҳам шунга яраша баланд бўлган. Айниқса, ахборотчилар элга танилиб қолган эдилар. Уларга йигирма тўрт соатлик вақт ҳам камлик қиларди. Апил-тапил нонушта қилиб, радиога етиб келишар, асаларилардек янгиликлар содир бўладиган масканларга қанот қоқишарди. Тушликка яқин репортёрга ёзилган репортаж, суҳбат, интервьюлар, хабарлари билан таҳририятга қайтишарди. Камина тайёр бўлган эшиттиришларни саралашга тушар эдим. Хуллас, “Ахборот”да тиним йўқ. Ходимларнинг саъй-ҳаракатларини кўриб, қувонаман, миннатдорчилигимни айтаман. Кези келганда беғараз талабчанлик билан танбеҳ берардим.

1983 йилнинг Наврўз байрамига тайёргарлик авж олган кунларнинг бирида “мумкинми?” дея хонамга бир йигит кириб келди. Эфирга бериладиган ахборотнинг навбатдаги сони материалларини кўздан кечираётган эдим. Имо-ишора билан меҳмонни ўтиришга ундадим. Навбатчи муҳаррир эса ёнимда сукут сақлаб турарди, эътирозларим бўлса, ўз фикрини маъқуллашни билар эди. Бу жараёнлар тугагач, узр сўраб меҳмонга юзландим. Истарали, қора қош, буғдой ранг, очиқ чеҳрали бу йигитни қаердадир кўргандайман.

— Кечирасиз, укам, ишимиз шунақа. Сиз Хоразмданмисиз?

— Йўқ, Тошкентдан, Катта Қанғли маҳалласида туғилиб ўсганман.

— Мен малака оширишга Хоразм радиосидан келганлардан бўлсангиз керак, деб ўйлабман.

— Бир томондан, тўғри топдингиз, устоз, — дея ўзини батафсилроқ таништира бошлади у. — Тошкент давлат университетининг тарих факультетини тугатиб, шу ерда ўқитувчи бўлиб қолдим. Лекин ўқувчилик давримдан “лектор”ликни яхши кўрардим. Машҳур диктор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, қайноғам Фарҳод Бобожонов телевидениега бошлаб келганлар. Яқиндан бошлаб Эркин ака Ҳайитбоев, Аҳмаджон ака Мелибоев олиб бораётган “Бугун оламда нима гап?” кўрсатувида гоҳида қатнашиб турибман. Исм-фамилиям Қобилбек Каримбеков.

— Э-э, бўлди, бўлди, сизни телекўрсатувда кўрган эканман, — дедим-да, мақсадга ўтдик.

— Радиода “Халқаро ҳаёт” бўлими ташкил этилгани улуғ иш бўлибди. Ўзингиз айтганингиздай, энди халқаро мавзудаги эшиттиришлар бир қўлдан ўтади. Қолаверса, янги номлар ҳам туғилади, — деди мамнун.

Мен эса: “Сизга ўхшаганларни”, дея ҳазил қилдим. Меҳмон ҳам табассум билан: “Қанотларингизга олсаларингиз, албатта, элга танилган шарҳловчилар сафи яна биттага кўпаяди, устоз”, дея бўш келмади.

— Яхши ният — ярим давлат. Айтганингиз келсин! Ёш келса ишга, деганларидай, дастлаб “Халқаро кундалик”нинг тайёрланиш жараёнлари билан танишиб, маъқул бўлса, ишга киришаверасиз”, дедим.

— Ростини айтсам, радиога биринчи қадамим…

— Қобилбек, сизни тушунаман. Мусулмончилик аста-секин, биз ҳам дарҳол “радиочи” бўлиб қолмаганмиз. Энг муҳими, одамда касбига қизиқиш кучли бўлса, ўз ниятига етади. Режиссёримиз Рустамжон Қурбонов яхши мутахассис. Телевидениеда ҳам ишлаган. Сизни гўё булбул қилиб қўяди, — дея кўнглини кўтардим. Унинг қалбида туйган туйғуларини очиқ айтмаса ҳам кўнглим сезиб турарди.

…Орадан кўп вақт ўтмади. Ҳафтанинг ҳар бир кунига бир шарҳловчини масъул қилиб қўйиш орқали “Кундалик”нинг қизиқарли бўлишига эришдик. Дастлабки ойларда 10 дақиқадан бошланган “Халқаро кундалик” 20 дақиқага, кейинчалик ярим соатга етказилди. Қобилбекнинг қизиқувчанлиги, энг муҳими, иқтидори кучлилиги туфайли тез орада тингловчиларнинг эътирофини қозона бошлади. Бунинг учун тинимсиз изланди. Вақт топиб, машҳур сўз устаси Қодир Махсумов ҳамда Тельман Йўлдошев, Даврон Зуннуновлардан сабоқ олди. “Кундалик”ни Ер куррасининг турли масканларида содир бўлаётган воқеа-хабарлар билан бойитиб борди. Кези келганда, баҳоли-қудрат камина ҳам ҳамкорлик қилиб, радиотингловчилар учун ҳали маълум бўлмаган янгиликларни топишда ўша давр марказий газеталари материалларидан фойдаланиш мумкинлигини таъкидлаб турдим. Камина бошлаган ишларимдан кўнглим тўлса, яна бир янгилик қилиш одатимга айланган эди. Хотиржамлик, бепарволик феъл-атворимга мутлақо зид нарсаки, бу ҳақда нокамтарлик бўлса-да, зикр этмоқни лозим топдим.

Таҳририятимизнинг умумий ишлари ҳар томонлама эътироф этилаётган кунларда яқин маслакдошимга айланиб қолган Қобилбекка яна бир дастур ташкил этиш ниятим борлигини билдирдим. У ҳам бўлса, бир соатлик “Халқаро панорама” дастурини тайёрлаш ва уни тўғридан-тўғри эфирга узатиш эди. Бу ҳақда сўз очишим билан навқирон шарҳловчи қувончдан ўрнидан туриб кетди, фикримни қўллаб-қувватлади. Ҳамкорликда тайёргарлик кўра бошладик. Эфир вақти, алоҳида режиссёр, студия, қалам ҳақи масалаларини ҳал этиш машаққат билан амалга ошди. Дастурга тингловчилар эътиборини жалб этувчи жозибали чорлов тайёрланди.

“Кенгашли тўй тарқамас” мақолига амал қилиб ишлашимиз туфайли мазкур дастур илк эшиттиришиданоқ радиотингловчиларга манзур бўла бошлади. Бу орада мақтов сўзлари ҳам, камчиликларимиз ҳақида баҳслашувлар ҳам бўлди. Айниқса, ҳафтасига бир маротаба эфирга узатилаётган бу “панорама”ни камина билан Қобилбек иккаламиз эркин тарзда олиб боришимиз баъзи фикри ожиз кимсаларнинг ғашига текканини ҳам сездик. “Ахборот”нинг бош муҳаррири кимнинг эркатойи?” деган гап-сўзлар болалаган эди. Чунки эслатиб ўтиш ўринлики, шу даврга қадар радиоэшиттиришлар фақат дикторлар томонидан олиб борилар эди. Камина гап-сўзлар, уйдирмалар бўлишини азалдан билардим. Лекин “карвон” ўтишига ҳам қараб турмадик, бепарво бўлмадик. Аксинча, эшиттиришлар ҳар томонлама қизиқарли бўлишига ҳаракат қилдик, тинмай изландик. Бироқ қаттиқ-қаттиқ гап-сўзларга, ўринсиз уйдирмаларга ҳали дуч келмаган Қобилбекда ҳадиксираш, чўчиш борлиги сезилиб турарди. Ўша даврда радиони гўё ўзлари кашф қилиб, гўё отасининг мероси бўлиб қолгандай, босар-тусарини билмайдиган баъзи “алломалар” — аччиқ бўлса ҳам айтишга тўғри келадики, уч-тўрт ёсуманлар жамоатнинг ҳароратини “ўлчаб” тургандай пинҳона иш тутишарди. “Нима, ана шундай эшиттиришлар тайёрлаш ўзимиздагиларнинг ҳам қўлларидан келади-ку”, дегувчи ҳасадчилар борлиги аниқ гап. Каминага ўхшаш қайсар, янгилик истовчилар эса: “Шунча йиллар ўтяпти, нега биз қўл урган янгича эшиттиришлар тайёрланмади?” дея мухолифларнинг оғзига урардик-да, яна ёшларга ўз фикрларимизни сингдиришга уринардик ва мақсадга эришардик.

— Қобилбек, Сизнинг камолотга эришишингизга ишонаман. Лекин тинимсиз изланиш, ўнқир-чўнқир йўлларни босиб ўтиш, энг муҳими, машаққатли меҳнат заҳматларидан чўчиманг. Сабрли ҳамда бардошли бўлинг! Ҳар қандай янгилик “қурбонсиз” амалга ошмаслигини ҳам эсдан чиқармаслик керак, — дея узоқдан мисоллар келтириб, унга таскин берган вақтларимиз ҳам бўлган.

Шукрки, ҳамкорликдаги ишларимиз бесамар бўлмади. У қисқа вақт ичида арзирли тажриба тўплади, бийрон ва ёқимли тили, истарали чеҳраси, мазмунли ва баракали ижоди билан тингловчилар эътиборини қозона борди. Шу билан бирга дорулфунунда домлалик қилиб, телевидение кўрсатувларида ҳам ўз ўрнини топди. Миллий университетда тарих фанидан ўқитувчи бўлиб фаолият олиб борганлигига қарамай, халқаро шарҳловчилик устунлик қилди. Ниҳоят, 1993 йили Миллий телерадиокомпанияга “Сиёсий шарҳловчи” лавозимига қабул қилиниб, катта ва жўшқин жамоага эш-қўш бўлиб кетди, назаримда, у ўз мақсадига эришгандай туюлди. Машҳур воиз Эркин Ҳайитбоев, Аҳмаджон Мелибоев, Турсун Қоратоев, Насриддин Муҳаммадиев ва бошқа устозлар билан “Бугун оламда нима гап?”, “Сиёсий шарҳловчилар даврасида”, “Сўранг — жавоб берамиз” каби кўрсатувлар тайёрлашда фаол қатнашди. Кейинчалик “Тинчлик қадри”, “Харита”, “Сиёсий портретга чизгилар”, “Аср садоси”, “Шарҳловчи минбари” сингари телетомошабинларнинг эътиборини қозонган кўрсатувлар тайёрлашга эришди. Қобилбек бу билан миллий телевидениемизда журналистиканинг йирик жанри — шарҳ жанри пайдо бўлишига катта ҳисса қўшди, Ўзбекистон телевидениесини юксакроқ поғонага кўтарди, назаримда.

Қобилбек Каримбеков шарҳловчилик фаолияти давомида Япония, Франция, Чехия ва Словакия сингари ўнлаб хорижий давлатларга қилинган расмий сафарлар ҳақида ранго-ранг ҳужжатли кўрсатувлар тайёрлади.

— Мустақил давлатлар ҳамкорлигига аъзо бўлган республикалар раҳбарларининг учрашувлари тўғрисида тайёрлаган туркум кўрсатувларим ижодий фаолиятимда муҳим ўрин тутади, — деди фахр билан Қобилбек. — Айниқса, 1994 йилнинг 14 апрелида бўлган воқеа ҳеч қачон ёдимдан чиқмаса керак. МДҲга аъзо мамлакатлар учрашувига кетаётган эдик. Аэропортда сафар олдидан раҳматли Ислом Абдуғаниевич билан энг яқин учрашувим ҳамда самимий суҳбат қурган кунларимдан бири бўлган. Дастлаб интервью олган бўлсам, сафардан қайтишда самолётнинг ўзидаёқ учрашув натижалари ҳақидаги мамнун фикрларини ёзиб олишга муваффақ бўлдим. Суҳбат сўнгида у киши каминанинг кўрсатувларига юқори баҳо бериб: “Янада дадилроқ бўлинг, жўшқинликдан тушманг”, — деган сўзлари қалбимни қувонтирди.

Дарҳақиқат, Қобилбекка  1996 йилдан 1997 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида бош консультант бўлиб ишлаш насиб этди. Бу катта идорада ишлаб, бой тажриба тўплади, сиёсий тафаккур ва тушунчаси янада кенгайди. Бой тажриба билан Миллий телерадиокомпанияда Республика Маънавият ва маърифат кенгаши қошидаги “Маънавият тарғиботчиси” ўқув марказида, Абдулла Авлоний номидаги Республика халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институтида масъул лавозимларда фаолият олиб борди. Шу билан бир қаторда, айни кунларда ҳам Мудофаа вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигининг бўлинмаларида, маҳаллаларда “Маърифат дарслари”ни олиб бормоқда.

Жасоратли шарҳловчининг салкам ярим асрлик меҳнат фаолияти давомида турли газеталарда 300 дан зиёд, журналларда 50 дан ортиқ, илмий тўпламларда 70 га яқин мақолалари, 30 га яқин илмий тақризлари, Россия, Германия, Қозоғистон ва бошқа қатор хорижий давлатларнинг журналларида мақолалари чоп этилди.

Қобилбек серфарзанд, файзли оилада ўсиб-улғайди. Унинг падари бузруквори раҳматли Тўхтабек ака асли боғбон — Зангиота туманидаги Катта Қанғли даҳасида истиқомат қилиб, рафиқалари Бибижон ая билан 10 нафар фарзандни вояга етказишди. Отахон Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида қатнашиб, Тошкентга ногирон бўлиб қайтади. Фарзандлар тарбияси, уларни боқиш, кийинтириш юмушлари билан қийин аҳволда турмуш кечираётган Бибижон аяга ёрдам бера бошлайди, маҳаллада ўзи ўтқазган дов-дарахтларни парваришлайди. Ота 7 фарзанддан сўнг дунёга келган Қобилбекнинг зийраклигидан, болаликдан бошлаб китоб шайдоси эканлигидан завқланиб: “Келажакда бундан катта одам чиқади, Аллоҳ паноҳида асрасин”, дея олқишлаб қўярди. Мактабдаги ўқишларидан доимо хабардор бўлиб, ўғлининг дастлабки ўқитувчилари — Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Мавлонбек Пўлатбеков, тарих ва география фани ўқитувчилари Тўра ака Тўлаганов, Эргаш ака Камолов билан мулоқотда бўлиб турар, уларнинг Қобилбек ҳақидаги илиқ гапларидан кўнгли қувончга тўларди.

— Мурғак қалбимга чўғ солган бундай муаллимлардан тоабад миннатдорман, уларнинг ўгитлари туфайли тарих фанини ўрганишга бўлган ҳавасим ошган, — деди Қобилбек фахр билан. — Мактабдаги қизиқишим каминани Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг тарих факультети халқаро муносабатлар бўлимида ўқишга етаклади. Университетни имтиёзли диплом билан битириб, шу ерда ўқитувчи бўлиб қолдим. Бу орада радионинг “Сўнгги ахборот” таҳририяти тизимида “Халқаро ҳаёт” бўлими ташкил этилди. Бу бўлим шарҳловчиликда баланд парвоз қилишимга катта имкон берди. Радионинг сир-асрорларини шу ерда ўргандим. Радионинг меҳр-оқибатли журналистлари, моҳир дикторлари, режиссёрлари ва ҳатто оператор қизларимиздан чексиз миннатдорман. Гардуни осмон остида ғаддорлар бўлишини, бундайларга самарали ижодий ишларим билан қарши туришни ҳам шу даргоҳдаги мўътабар устозлардан ўргандим. Чала-чулпа шарҳ, мақолалар ёзганларни ҳам кўрдим. Улардан ҳам тегишли хулоса чиқаришни билдим, Аллоҳга шукр.

…Қобилбек Каримбековнинг радиога илк қадам қўйганига ҳам 45 йилдан ошди. Шу йиллар давомида қанча сувлар оқиб ўтди. Сиёсат ҳам, тузум ҳам ўзгарди. Бахтимизга улуғ неъмат — Мустақиллик насиб этди. Шу йиллар алғов-далғовлари Қобилбекни ҳам обдан чархлади. Севган касби туфайли ер юзининг деярли учдан бир қисмини кўриш насиб этди.

Аллоҳ яратган ёруғ дунёда қадр топиш, эл олдида обрў-эътибор қозониш, ўзидан яхши ном олиш осон иш эмас. Бунинг учун одам ўзининг роҳатидан бироз кечиши, атрофдагиларнинг корига яраши, савобли ва хайрли ишларга бош-қош бўлиши, меҳнатдан қочмаслиги зарур. Қаҳрамонимиз шунга яраша ибратомуз ишларни ҳануз давом эттирмоқда.

Падари бузруквори Тўхтабек ота боғ-роғлар яратиб, ширин-шарбат мевалари билан маҳалладошларини баҳраманд қилган бўлса, Қобилбек минглаб талабаларга сабоқ берди. Муносиб шогирдлар етиштирди. У доимо омма орасида бўлиб, маънавият ва маърифат улашишга ҳисса қўшаётир. Турли ташкилотлар ҳамда маҳаллаларда ўтказилаётган тадбирларда мустақиллик йилларида янги Ўзбекистонимизда содир бўлаётган бунёдкорлик ишлари, жаннатмакон юртимизнинг аввалги ва ҳозирги ютуқлари ҳақида маърузалар билан қатнашишни канда қилмайди, доимо фаол.

— Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак, деган ақидага амал қиладиган бўлсак, ижодкорлиги, билимдонлиги, ақл-фаросатлилиги-ю юксак дид ва маданияти билан устозим Қобилбек домламни намуна қилиб айтган бўлардим, — деди Халқ депутатлари Олмазор туман кенгашининг депутати, филология фанлари номзоди Тўлқин Эшбек. — Камина ўтган асрнинг 80-йилларида анчагина мураккаб тарих фанидан сабоқ олишимизда Қобилбек домламиз устозлик қилган. Домла ўша даврдаги мураккаб вазият, қизил империянинг сиёсатига унча таъзим қилмаган. Бўлган ва бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кўриб келганидай, завқ-шавқ билан дадил сўйлайверар, бизни ўзига ром қилиб оларди. Устознинг радио ва телевидениеда олиб борган суҳбатларида ҳам ўша жўшқинлик, камтарлик, ҳазил-мутойиба жилоланиб турарди.

— YUNESKO академиги, сўзамол журналист меҳнат фаолияти давомида ахборот воситаларида кўплаб шарҳловчилар камол топишига муносиб ҳисса қўшди. Қуддус Аъзамов, Тўлқин Пўлатов, Фарҳод Ҳожиев, Мадамин Сафаров, Хайрулла Нуриддинов, Икром Чориев, Ғофир Жамолов, Собир Турдиев сингари журналистлар Қобилбек Каримбековдан ўрнак олиб, унинг номини ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олишади. Улар ҳам телевидениеда обдан чиниқиб, эндиликда устозлик мақомига эришганлар.

Улар: “Ҳаммада ҳам учрамайдиган ноёб зукколик ва закийликка йўғрилган камтарлик учун сизга доим таъзимдамиз. Шижоат, дадиллик, жасорат, қувноқлик сизни ҳеч қачон тарк этмасин!” — деган илиқ ва самимий дил изҳорларини қайта-қайта такрорлашади.

Беозор ва беғубор инсон Қобилбек Каримбековнинг журналистлик ҳамда воизлик хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб келинмоқда, кўплаб мукофотларга сазовор бўлмоқда.

1996 йилда “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиби, 2001 йили “Шуҳрат” медали, 2022 йили “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, 2016 йилда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист фахрий унвони билан тақдирланган.

Қобилбек ота-онаси сингари оилапарвар, болажон инсон. У турмуш ўртоғи Гуландонхон билан умргузаронлик қилиб, беш фарзандни тарбиялаб, вояга етказишди.

Ўз касбига эътиқод қўйиб, халқимиз ва давлатимиз эътирофига сазовор бўлган ижодкор ҳамкасб дўстимизга мустаҳкам соғлиқ ва баркамоллик тилаймиз.

Абдусамад ИСОҚОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × two =